1446 йил 20 жумадис сони | 2024 йил 22 декабрь, якшанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Силаи раҳм

Фарзандларимизга Исломдан таълим берайлик!

16:05 / 21.10.2019 2130 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Анас розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

عَنْ أَنَسٍ رَضِيَ اللهُ عَنْهُ قَالَ: قَالَ رَسُولُ اللهِ صلى الله عليه وسلم: «يَقُولُ اللهُ تَبَارَكَ وَتَعَالَى: إِنِّي لَأَسْتَحِي مِنْ عَبْدِي وَأَمَتِي يَشِيبَانِ فِي الْإِسْلَامِ، فَتَشِيبُ لِحْيَةُ عَبْدِي وَرَأْسُ أَمَتِي فِي الْإِسْلَامِ أَنْ أُعَذِّبَهُمَا بَعْدَ ذَلِك». رَوَاهُ أَبُو يَعْلَى.

«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам дедилар:

«Аллоҳ таборака ва таоло: «Мен соч-соқоли Исломда оқарган бандам ва чўримни – зеро, бандамнинг соқоли, чўримнинг сочи Исломда оқаради – шундан кейин азоблашдан уяламан», дейди».

Абу Яъло ривоят қилган.

Ушбу ҳадисда зикр қилинган мақом мўмин ва мўмина бандалар учун энг олий даражадаги мақомлардан бири, десак муболаға қилмаган бўламиз. Аллоҳ таоло сочи ва соқоли Исломда оқарган отахон ва онахонларни оқарган толалари сабабли азоблашдан уялиши ниҳоятда катта ишдир. Оламларнинг Робби кексаларимизнинг соч ва соқолига тушган оқни шунчалар эътиборга олиб турганидан кейин, биз, ожиз бандалар ўзимиз учун керакли хулоса чиқариб олишимиз лозим. Кекса отахон ва онахонларни қанча эъзозласак, шунча оз эканини унутмаслигимиз, бу борада фарзандларимизга ҳам Ислом таълимотларини ўргатиб боришимиз лозим.

Кексаларнинг ҳоли айнан кексалик туфайли салбий томонга ўзгариши, куч кетиб, қувватдан қолиш, кўз, қулоқ, қўл-оёқларнинг ҳам заифлашиши эътиборидан Аллоҳ таолонинг шариатида уларга кўплаб енгилликлар жорий қилинган. Шу билан бирга, ёш, бақувват мўминлар кексаларни иззат-икром қилишга, эъзозлашга буюрилганлар. Кексаларни эъзозлаш сабабли худди ибодат қилиб эришиладиган савобларга ўхшаш савобларни олишга сабаб бўлиши уқтирилган.

Доимо бандаларга енгилликни хоҳлаш, уларни тоқатлари етмайдиган даражадаги оғир ва машаққатли амалларга буюрмаслик Ислом динининг асосий ва улкан қоидасидир.

Ислом шариати осонликка бино қилинган. Пайғамбаримиз алайҳиссалом саҳобалари Муъоз ибн Жабал ва Абу Мусо Ашъарий розияллоҳу анҳумони Яманга юбораётиб, «Севинтиринглар, бездирманглар, енгиллаштиринглар, қийинлаштирманглар», деганлар.

Аввал айтиб ўтилганидек, қарилик заифлик демакдир. Заифлик баъзи ҳолатларда ибодатларни бажаришни қийинлаштириши ҳам эҳтимолдан холи эмас. Осонлик дини бўлган Исломда қарилик юзасидан ибодатларни енгиллаштириш ҳам йўлга қўйилган.

Қариларга осонлик туғдириш учун Қуръон етти ҳарфда нозил қилинган.

Убай ибн Каъб розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

عَنْ أُبَيِّ بْنِ كَعْبٍ رَضِيَ اللهُ عَنْهُ: أَنَّ النَّبِيَّ صلى الله عليه وسلم كَانَ عِنْدَ أَضَاةِ بَنِي غِفَارٍ، فَأَتَاهُ جِبْرِيلُ u فَقَالَ: إِنَّ اللهَ يَأْمُرُكَ أَنْ تَقْرَأَ أُمَّتُكَ الْقُرْآنَ عَلَى حَرْفٍ، فَقَالَ: «أَسْأَلُ اللهَ مُعَافَاتَهُ وَمَغْفِرَتَهُ، وَإِنَّ أُمَّتِي لَا تُطِيقُ ذَلِكَ»، ثُمَّ أَتَاهُ الثَّانِيَةَ فَقَالَ: إِنَّ اللهَ يَأْمُرُكَ أَنْ تَقْرَأَ أُمَّتُكَ الْقُرْآنَ عَلَى حَرْفَيْنِ، فَقَالَ: «أَسْأَلُ اللهَ مُعَافَاتَهُ وَمَغْفِرَتَهُ، وَإِنَّ أُمَّتِي لَا تُطِيقُ ذَلِكَ»، ثُمَّ جَاءَهُ الثَّالِثَةَ فَقَالَ: إِنَّ اللهَ يَأْمُرُكَ أَنْ تَقْرَأَ أُمَّتُكَ الْقُرْآنَ عَلَى ثَلَاثَةِ أَحْرُفٍ، فَقَالَ: «أَسْأَلُ اللهَ مُعَافَاتَهُ وَمَغْفِرَتَهُ، وَإِنَّ أُمَّتِي لَا تُطِيقُ ذَلِكَ»، ثُمَّ جَاءَهُ الرَّابِعَةَ فَقَالَ: إِنَّ اللهَ يَأْمُرُكَ أَنْ تَقْرَأَ أُمَّتُكَ الْقُرْآنَ عَلَى سَبْعَةِ أَحْرُفٍ، فَأَيُّمَا حَرْفٍ قَرَأُوا عَلَيْهِ فَقَدْ أَصَابُوا. رَوَاهُ مُسْلِمٌ وَأَبُو دَاوُدَ وَالتِّرْمِذِيُّ وَلَفْظُهُ: «يَا جِبْرِيلُ، إِنِّي بُعِثْتُ إِلَى أُمَّةٍ أُمِّيِّينَ، مِنْهُمُ الْعَجُوزُ، وَالشَّيْخُ الْكَبِيرُ، وَالْغُلَامُ، وَالْجَارِيَةُ، وَالرَّجُلُ الَّذِي لَمْ يَقْرَأْ كِتَابًا قَطُّ»، قَالَ: يَا مُحَمَّدُ، إِنَّ الْقُرْآنَ أُنْزِلَ عَلَى سَبْعَةِ أَحْرُفٍ.

«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам Бану Ғифорнинг ҳовузи олдида эканлар, ҳузурларига Жаброил алайҳиссалом келиб:

«Аллоҳ умматинг Қуръонни бир ҳарф­да ўқишини сенга амр қилмоқда», деди.

«Аллоҳдан Унинг офияти ва мағфиратини сўрайман. Албатта, бунга умматимнинг кучи етмайди», дедилар у зот. Сўнгра иккинчи марта келиб:

«Аллоҳ умматинг Қуръонни икки ҳарфда ўқишини сенга амр қилмоқда», деди.

«Аллоҳдан Унинг офияти ва мағфиратини сўрайман. Албатта, бунга умматимнинг кучи етмайди», дедилар у зот. Кейин учинчи марта келиб:

«Аллоҳ умматинг Қуръонни уч ҳарф­да ўқишини сенга амр қилмоқда», деди.

«Аллоҳдан Унинг офияти ва мағфиратини сўрайман. Албатта, умматимнинг бунга кучи етмайди», дедилар у зот. Кейин тўртинчи марта келиб:

«Аллоҳ умматинг Қуръонни етти ҳарфда ўқишини сенга амр қилмоқда. Қайси ҳарфда ўқисалар ҳам тўғри қилган бўладилар», деди».

Муслим, Абу Довуд ва Термизий ривоят қилганлар.

Термизийнинг лафзида:

«Эй Жаброил! Мен бир уммий умматга юборилганман. Уларнинг ичида кампирлар, қари чоллар, ёш болалар, кичик қизчалар ва мутлақо ёзув ўқимаган кишилар бор», дедилар. У: «Эй Муҳаммад! Қуръон етти ҳарфда нозил қилингандир», деди», дейилган.

Бу ҳадиси шарифда Қуръони Каримнинг етти ҳарфда нозил бўлишидан кўзланган мақсад очиқ-ойдин келмоқда.

Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам Жаброил алайҳиссаломга қайта-қайта:

«Аллоҳдан Унинг офияти ва мағфиратини сўрайман. Албатта, бунга умматнинг кучи етмайди», демоқдалар.

Буни уч марта такрорлаганларидан кейин бир ҳарф етти ҳарфга етказилди.

Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам Қуръон оятларини олиб келадиган ва бир ҳарфда ўқишга амр бўлганини етказаётган фариштага умматларининг бунга кучи етмаслигини «Эй Жаброил! Мен бир уммий умматга юборилганман. Уларнинг ичида кампирлар, қари чоллар, ёш болалар, кичик қизчалар ва мутлақо ёзув ўқимаган кишилар бор», деган хитобларида баён қилмоқдалар.

Бундан Қуръони Каримнинг етти ҳарфда нозил бўлиши аҳолининг турли табақаларига, жумладан, кекса аёллар, қари кишиларга осонлик яратиш учун, Каломуллоҳни ўқишни осонлаштириш мақсадида бўлганлиги келиб чиқади.

Қарилик туфайли рўза тутишга қийналадиган кишиларга рўза тутмасдан, фидя бериш жорий қилинган.

عَنِ ابْنِ عَبَّاسٍ رَضِيَ اللهُ عَنْهُمَا قَالَ: ﮋﮁ ﮂ ﮃ ﮄ ﮅ ﮆﮊ هِيَ رُخْصَةٌ لِلشَّيْخِ الْكَبِيرِ وَالْمَرْأَةِ الْكَبِيرَةِ، وَهُمَا يُطِيقَانِ الصَّوْمَ أَنْ يُفْطِرَا وَيُطْعِمَا مَكَانَ كُلِّ يَوْمٍ مِسْكِينًا، وَالْحُبْلَى وَالْمُرْضِعُ إِذَا خَافَتَا أَفْطَرَتَا وَأَطْعَمَتَا. رَوَاهُ أَبُو دَاوُدَ وَالْبُخَارِيُّ فِي التَّفْسِيرِ. وَلَفْظُهُ: قَالَ ابْنُ عَبَّاسٍ رَضِيَ اللهُ عَنْهُمَا: هِيَ لَيْسَتْ بِمَنْسُوخَةٍ، هِيَ لِلشَّيْخِ الْكَبِيرِ وَالْمَرْأَةِ الْكَبِيرَةِ لَا يَسْتَطِيعَانِ أَنْ يَصُومَا، فَيُطْعِمَانِ مَكَانَ كُلِّ يَوْمٍ مِسْكِينًا.

Ибн Аббос розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинади:

«У(рўза)ни қийналиб тутадиганлар зиммасида бир мискин таомича фидя бордир» ояти қари чол ва қари кампирга тегишли рухсатдир. Икковлари рўзани қийналиб тутадилар. Улар оғизларини очиб, ҳар бир кун ўрнига бир мискинга таом берадилар. Ҳомиладор ва эмизикли аёллар (боласига зарар етишидан) қўрқсалар, оғизларини очадилар ва таом берадилар».

Бухорий «Тафсир»да ва Абу Довуд ривоят қилишган.

Бухорийнинг лафзида:

«Ибн Аббос розияллоҳу анҳумо: «Бу оят мансух эмас, балки қари чол ва кампир учундир. Улар рўза тутишга қодир эмас. Шунинг учун ҳар бир кун ўрнига бир мискинни таомлантирадилар», деди», дейилган.

Маълумки, Исломда инсонни тоқатидан ташқари ишга таклиф қилиш йўқ. Жумладан, рўза масаласида ҳам. Шу маънода Аллоҳ таоло ўта кексайиб қолганлари сабабли рўза тутса қийналиб қоладиган қарияларга рўза тутмасликка рухсат берган.

Бу ҳақда Бақара сурасида оятлар келган. Биз ўрганаётган ривоятда улуғ саҳобий Абдуллоҳ ибн Аббос розияллоҳу анҳу ана шу ояти кариманинг ҳукмини тушунтириб бермоқдалар.

Мазкур оятга кўра, қартайиб қолган чол-кампирларга рўза тутмасликка рухсат бор ва рўзаси тутилмаган ҳар бир кун эвазига бир мискинга таом беришлари мумкин.

Баъзи бир кишилар ўзлари ёш бўлсалар ҳам, соғлиқлари яхши эмаслиги сабабли рўза тутишга қийналадиган бўлиб қоладилар. Ана шундай кишилар ҳам рўза тутмасликлари мумкин. Рўзанинг ўрнига фидя берадилар.

«Фидя» сўзининг луғавий маъноси «фидо қилиш» бўлиб, шариатда маълум бир нарсанинг ўрнига мол сарфлаш фидя бериш деб аталади.

Қариликлари туфайли рўза тута олмайдиганлар учун фидя беришнинг жорий қилиниши бежиз эмас. Унда мискинларнинг манфаати билан бирга, ўша рўза тута олмаган кишиларнинг ибодатни адо эта олмаганлари учун афсус-надоматларини енгиллатиш ҳам бор.

«Кексаларни эъзозлаш» китобидан

Муаллиф
Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф
Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
7. Ибн Аббосдан ривоят қилинади.Бир мўминмусулмон инсоннинг мусулмон отаонаси бўлса, уларга яхшилик қилиб, унинг савобини кутган ҳолда тонг оттирган бўлса, Аллоҳ давоми...

3480 15:01 / 13.10.2018
Мужоҳиддан ривоят қилинади.Абдуллоҳ ибн Амр розияллоҳу анҳунинг олдида эдим. Унинг хизматчиси қўйнинг терисини шилаётган эди. Шунда у киши.Эй ғулом Қўйни сўйиб давоми...

2953 13:05 / 20.12.2019
Жобир ибн Абдуллоҳдан ривоят қилинади.Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам .Ҳар бир яхшилик садақадир,, дедилар,.Шарҳ Яхшилик, у қандай бўлмасин ndash каттами, кичикми, давоми...

2277 09:00 / 03.07.2021
5 ., ., ., .,. 5. Абу Ҳурайрадан ривоят қилинади.Эй Аллоҳнинг Расули, кимга яхшилик қилай, дейишди..Онангга,, дедилар..Сўнгра кимга, деди..Онангга,, давоми...

3014 16:42 / 10.10.2018