1446 йил 20 жумадис сони | 2024 йил 22 декабрь, якшанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Силаи раҳм

Инсон табиати яхшилик ва ёмонликни ўзлаштиради

11:00 / 11.02.2023 1720 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Абу Ҳурайрадан ривоят қилинади:
«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Аллоҳнинг йўлида юрилганда чиққан чанг билан жаҳанамнинг тутуни банданинг ичида зинҳор жам бўлмайди.
Бир банданинг қалбида иймон билан ўта бахиллик абадул-абад жам бўлмайди», дедилар».
Бу гап «Ким Аллоҳнинг йўлида азият чеккан бўлса, унга жаҳаннамнинг тутуни тегмайди», деган маънонинг ўзига хос чиройли услубда айтилган шаклидир.
Аллоҳ таолонинг розилиги йўлида чангда қолган, яъни азият чеккан банда жаҳаннамга кирмайди.
Худди шунингдек, ҳақиқий мўмин одам ўта бахил бўлиши мумкин эмас. Иймон бунга йўл қўймас экан. Битта қалбда ҳам иймон, ҳам ҳаддан ташқари бахиллик тўпланиб туриши мумкин эмас экан.
Бу ҳадиси шариф бахилликнинг нақадар ёмон хислат эканини, мўмин одам, иймондан умиди бор одам бу нарсадан жуда узоқда бўлиши кераклигини билдиради.
Абу Саъид Худрийдан ривоят қилинади:
«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Икки хислат мўмин кишида жам бўлмайди. Биринчиси – бахиллик, иккинчиси – бадхулқлик», дедилар».
Бу икки нарса жуда ёмон иллатлардан бўлиб, мўмин кишида уларнинг биттаси бўлиши мумкин экан, бироқ икковиям жам бўлиши мутлақо мумкин эмас экан. Аллоҳ сақласин!
Демак, мўмин киши бахилликдан узоқлашиб, сахий бўлишга, бадхулқликдан узоқлашиб, ҳусни хулқ билан сифатланишга қаттиқ ҳаракат қилмоғи керак.
Бу ҳадиси шариф ўзи қисқа, сўзлари оз бўлса ҳам, ўзида олам-олам маънони мужассам қилган ҳадисдир.
Абдуллоҳ ибн Робийъадан ривоят қилинади:
«Абдуллоҳ ибн Масъуднинг олдида ўтирган эдик. Бир кишини, унинг хулқини эслашди. Шунда Абдуллоҳ:
«Айтинглар-чи, унинг бошини кесиб олсангиз, уни ўрнига қайтариб қўя оласизларми?» деди.
«Йўқ», дейишди.
«Қўлини-чи?» дедилар.
«Йўқ», дейишди.
«Оёғини-чи?» дедилар.
«Йўқ», дейишди.
«Албатта, унинг халқини ўзгартирмагунча хулқини ўзгартира олмайсизлар. Чунки нутфа онанинг раҳмига тушганда қирқ кун туради. Сўнг қонга айланади. Сўнг зулуксимон лахта қонга, сўнг парча гўштга айланади. Кейин Аллоҳ бир фариштани юборади. У унинг риз¬қини, хулқини, бадбахт ёки некбахтлигини ёзади», дедилар».
Абдуллоҳ ибн Масъуд розияллоҳу анҳу ўзларининг бу суҳбатларида кишиларга хулқ тўғрисидаги тушунчаларини баён қилиб бермоқдалар. У кишининг айтишларича, одамнинг яратилишини ўзгартириб бўлмаганидек, ахлоқини ҳам ўзгартириш қийин.
«Одамнинг халқини, яъни яратилишини ўзгартирмагунча хулқини ўзгартириб бўлмайди. Шунинг учун бировнинг орқасидан унинг хулқини мазаммат қилмай қўяверинглар. Чунки нутфа онанинг раҳмига тушганда ҳомила бўладиган бўлса, қирқ кун туради. Сўнг қонга айланади. Сўнг зулуксимон лахта қонга, сўнг парча гўштга айланади. Шунда Аллоҳ таоло бир фариштани юбориб, унинг ризқини, хулқини, бадбахт ёки некбахтлигини ёздириб қўяди», дебдилар Абдуллоҳ ибн Масъуд розияллоҳу анҳу.
Демак, хулқ ҳам азалдан ёзиб қўйиладиган нарсадир, уни панд-насиҳат билан тўғрилашнинг имконияти камроқ, деган маънони айтган эканлар.
Ахлоқ илми уламолари «Одамнинг хулқи нима ўзи?» деган саволга шундай жавоб беришади:
Хулқ бор, одоб бор. Бу икки нарсани яхши ажрата билиш керак. Шунда масалани тушуниш осон бўлади.
Одоб муомалада бўладиган нарса. Масалан, сиз билан муомала қилганда маълум бир одобларга риоя қиламан. Жилмайиб боқаман, ўзига хос сўзлашув услубим бўлади.
Одамлар бирга таом еганда ўзига хос ҳолатлар бўлади. Таомланиш одобига риоя қилишга ҳаракат қиламан.
Хуллас, сизни хурсанд қиладиган маънода, умумий қабул қилинган қоидалар асосида ҳаракат қилсам, бу одоб бўлади.
Хулқ эса инсоннинг ўзига мужассам бўлиб, жойлашиб, ўрнашиб қолган нарсадир. Уни сунъий равишда пайдо қилиш мумкин эмас. Унга шу қадар ўрганиб кетиладики, ўйламай туриб қилинаверади. Хулқ ўз соҳибининг одатига, сифатига айланиб қолган бўлади.
Ана шу нарсанинг маълум бир фоизи Аллоҳ таоло яратгандаёқ бандада мавжуд бўлади. Энди ҳаёт давомида тарбияланиб, Қуръондан, ҳадисдан, устозлардан одоб-ахлоқ ўрганиб, тавфиққа кириб ҳаракат қилинса, хулқ ана шу фоиздан кўра кўпроқ бўлиб боради. Гўё бир нарсага ишлов берилса, унинг қиймати ошгандек бўлади. Тарбияланмаса ёки тескари томонга буриб юборилса, салбий оқибатларга олиб келади.
Демак, ушбу ривоятда Абдуллоҳ ибн Масъуд розияллоҳу анҳу хулқнинг инсон она қорнида турган чоғидаёқ белгилаб қўйилганини айтиб ўтмоқдалар.
Имом Ғаззолийнинг «Яхши хулқ фазилати ва ёмон хулқ мазаммати ҳақида» сарлавҳаси остида ёзганларидан қисқартиш ила қуйидагиларни келтиришга ижозат бергайсиз:
«Кўпинча хулқнинг яхшилиги халқ билан бирга зикр қилинади. «Фалончининг хулқи ҳам, халқи ҳам гўзал», дейилади. Бу унинг ичи ҳам, сирти ҳам яхши деганидир. «Хулқ»дан мурод ички сурат, «халқ»дан мурод ташқи суратдир. Зотан, инсон жасад ва нафсдан иборатдир.
Жасад тан кўзи билан, нафс қалб кўзи билан идрок қилинади. Уларнинг ҳар бирининг ўзига яраша шаклу шамойили, чиройли ёки хунук сурати бор. Қалб кўзи ила идрок қилинадиган нафс тан кўзи билан идрок қилинадиган жасаддан улуғдир. Шунинг учун ҳам Аллоҳ таоло уни улуғлаган ва:
«Албатта, Мен қуруқ лойдан, ўзгартирилган қора балчиқдан башар яратувчидирман. Бас, қачонки уни тўғрилаб бўлганимда ва ичига Ўз руҳимдан пуфлаганимда, унга сажда қилган ҳолингизда йиқилинг», деган (Ҳижр сураси, 28-29-оятлар).
Бу оятда Аллоҳ таоло жасад лойга мансуб экани ва руҳ Ўзига мансуб эканининг хабарини берди.
Хулқ нафсдаги мустаҳкам ҳайъатдан иборат бўлиб, ундан амаллар фикр ва ўйлашсиз енгиллик ва осонлик ила содир бўлади. Агар амаллар яхши бўлса, «яхши хулқ» деб, ёмон бўлса, «ёмон хулқ» деб аталади.
Дангасалик танасига сингиб кетган ва риёзатни ёқтирмайдиган баъзи бир кишилар: «Худди ташқи суратни ўзгартириб бўлмаганидек, ахлоқларни ҳам ўзгартиришни тасаввур қилиб бўлмайди», дейдилар.
Бу мутлақо нотўғри гап. Агар ахлоқни ўзгартириб бўлмайдиган бўлса, ваъзу насиҳатларнинг маъноси бўлмас эди. Ўзимиз овлаб келинган ваҳший ҳайвоннинг уй ҳайвонига айланаётганини кўриб туриб, қандай қилиб ахлоқнинг ўзгаришини инкор қиламиз?! Ит таомни емай тарк қилишни, от чиройли юришни ўрганади. Фақат баъзилари осонлик билан, бошқалари қийинчилик билан ўрганади, холос.
Баъзилар асл яратилганда бор нарсани ўзгартириб бўлмайди, деган хаёлда бўладилар. Билиш керакки, мақсад мазкур сифатларни бутунлай йўқ қилиб ташлаш эмас, балки риёзат чекиб уринишдан мақсад, шаҳватларни ифрот ва тафрийтнинг ўртаси бўлган мўътадилликка қайтаришдир. Уларни тамоман йўқ қилиб юбориш мумкин эмас.
Зотан, аслида шаҳват фойда учун зарур бўлгани учун яратилган. Мисол учун, таом шаҳвати кесилса, инсон ҳалок бўлиши, жинсий шаҳват қирқилса, насл кесилиши турган гап. Агар ғазаб бутунлай йўқ бўлса, одам ўзини ҳалок қиладиган нарсадан ҳам ҳимояланмай қўяди.
Аллоҳ таоло Оли Имрон сурасида:
«Ва ғазабни ютадиганлар», деган (134-оят).
«Ғазабни йўқотадиганлар» деган эмас.
Шунингдек, таом шаҳватида ҳам баднафслик билан ўта чимхўрлик орасидаги мўътадиллик матлубдир.
Аллоҳ таоло Аъроф сурасида:
«Еб-ичинг ва исроф қилманг», деган (31-оят).
Фақат билиб қўйиш керакки, муршид шайх ўз муридида ғазаб ёки шаҳватга мойилликни кўрса, уни мўътадилликка қайтариш учун мазкур икки нарсани мутлақо ёмонлаб ташлаши керак.
Нафс риёзатидан мурод мўътадиллик эканига далиллардан бири шуки, сахийлик шариатда талаб қилинган хулқ бўлиб, у ҳаддан ташқари мумсиклик билан исрофгарликнинг ўртасидаги бир ҳолдир.
Аллоҳ таоло уни мадҳ этиб, Фурқон сурасида:
«Улар инфоқ қилганларида исроф ҳам, хасислик ҳам қилмаслар. У иккиси ўртасида мўътадил бўлурлар», деган (67-оят).
Ушбу мўътадиллик гоҳида Аллоҳ таоло берган комил табиат ила ҳосил бўлади. Кўп болаларнинг биров ўргатмаса ҳам ростгўй, сахий ва ҳалим бўлиши шундан. Гоҳида мазкур мўътадилликни касб қилиб топиш, бунда нафсни кўзланган хулқни жалб этувчи амалларни қилишга мажбурлаш керак бўлади.
Бас, ким олий ҳимматлилик хулқини ҳосил қилишни ирода этса, бирор нарсани сарфлашда ўзини олий ҳимматлилар қиладиган ишларга мажбурласин, токи табиати ана шу хулққа мослашсин.
Шунингдек, тавозеъли бўлишни истаганлар ўзини тавозеълиларнинг ишини қилишга мажбурласин. Бошқа гўзал ахлоқлар ҳам шунга ўхшашдир. Чунки одатланиш ва бардавомликнинг бу ишларда таъсири кучли бўлади.
Аксинча, яхшиликни тарк этиш бардавом бўлса, у ҳам салбий таъсир қилиши турган гап.
Фазилатларга сабаб бўладиган нарсаларни қилиш ҳам инсон нафсига таъсир этиб, унинг табиатини яхшилик томон буришга омил бўлиши мумкин.
Гоҳида аҳли фазл кишиларнинг суҳбатида бўлиш ила яхши хулқлар касб қилинади. Чунки инсон табиати яхшиликни ҳам, ёмонликни ҳам ўғирлайди».


«Одоблар хазинаси» китоби асосида тайёрланди

Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Энди қўл остидагилар билан муомала одоби ҳақидаги таълимотлар билан танишамиз. Бу ерда бир нарсага алоҳида эътибор беришимизга тўғри келади. Ушбу масалага оид давоми...

1528 15:09 / 05.04.2020
Амр ибн Муъоз Ашҳалий момосидан ривоят қилади.Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам менга .Эй мўмина аёллар Сизлардан ҳеч бир аёл зинҳор ва зинҳор қўшни аёлга давоми...

2186 11:20 / 23.11.2019
Убода ибн Валид ибн Убода ибн Сомитдан ривоят қилинади.Отам билан ансорий саҳобалар яшайдиган жойга улар ўлмасларидан олдин илм олиш ниятида бордик.Биринчи давоми...

1821 11:02 / 31.08.2020
Абу Ҳурайрадан ривоят қилинади.Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам .Албатта, киши ўзининг ҳусни хулқи ила кечалари бедор бўлганнинг даражасини топади,, давоми...

1022 09:00 / 16.02.2023