1446 йил 20 жумадис сони | 2024 йил 22 декабрь, якшанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
islom.uz-1441

Авратларини очиб юрганлар Аллоҳнинг азобини билганида эди...

19:40 / 15.10.2019 4169 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Роббимиз Аллоҳ таоло фақатгина яхшиликни раво кўрувчидир. Ислом динини – Аллоҳ таоло инсонларни икки дунё саодатига етишсин, деб тақдим қилган яхшилигидир. Кимдир уни қабул қилди, кимдир қабул қилмади. Қабул қилганлар Аллоҳнинг бандасиман, дедилар. Қабул қилмаганлар эса ўзларини маймуннинг авлодлари, деб юрибдилар, Аллоҳга банда бўлолмадилар. Исломни қабул қилиб, Аллоҳнинг бандасиман, деб юрганимиз билан, банда қилиши керак бўлган ишларни қилмай қўйганимиз ҳам рост. Исломдаман, деймиз, лекин Исломни яқиндан танимаганмиз, ҳали ичига кириб кўрмадик. У билан яшамаяпмиз. Шунинг учун ҳам гуноҳни гуноҳ, савобни савоб деб билмай қўйишдан ҳам нарига ўтиб кетдик, гуноҳни савоб, савобни эса ҳеч нарса деб биладиган томонга. Аслида амалларни савоб-гуноҳга ажратиш Аллоҳ таолонинг иши, шариатида белгилаб қўйгани. Исломдамиз, дедик, шариатни ўрганмадик, гуноҳ-савобга, яхши-ёмонга ажратиш ўзимизга, ҳавойи нафсимизга қолиб кетди.

Инсон ўзига нима яхши, нима ёмон эканлигини қаердан ҳам билар эди.

Билганида, бева аёл билан зино қилишни савобли иш санаб, қилар ишни қилиб қўйиб, камига бу билан мақтаниб юрармиди. Уйланишдек Аллоҳга қурбат ҳосил қилишда ёрдам берувчи ишга зино қилиб тайёрланармиди.

Агар билса, пора олиб ишини битириб берувчиларни ҳожатбарорлар деб атаб, қиморда ютса, ўзини бахтлилардан ҳисоблаб, рибохўрни эса ўзига кенгчилик қилиб берган тараф деб билармиди.

Билганида, ростгўйни лапашанг билиб, ёлғон билан иш битирувчини уддабурон деб, ҳаромдан қочиб иш тополмай юрганни ношуд билиб, нима қилиб бўлса ҳам пул топса бўлдига ишлайверадиган кишини ишбилармон санаб кўкларга кўтарармиди.

Агар билса, авратларини очиб олиб мода деб, Аллоҳнинг амри ила ёпиб юрганларни ёввойилар дермиди. Жаннатга кирса, ҳурлардан афзал бўлишини билганида, розилиги жаннатга етаклайдиган – ўзи Аллоҳнинг розилигини кўзлаб юрувчи, шунинг сабабидан Аллоҳнинг ҳузурида розилиги эътиборга олинадиган – эрининг олдида бир аҳволда юриб, кўчага чиқса “ҳурлиқо” бўлиб олармиди. “Эр” деган зот ярим-яланғоч – ёки яримдан-да яланғоч – аёли билан дўстларига мақтаниб, хотини шариат бўйича ўраниб юрса, дўстларидан уялармиди.

Билганида, ўзини мусулмонман, дейдиган ота-она фарзандларини намоздан тўсармиди, иймон тамини тотиб қолган фарзанди ота-онам пешонаси сажда кўрмай ўтиб кетмасин, деб уларни намозга, ўзини ҳам, ота-онасини ҳам, бутун оламларни ҳам улардан беҳожат бўлган ҳолида йўқдан бор қилган Зот – Яратувчимизнинг ибодатига чорлаганида сўкиб-жеркиб берармиди. Ота фарзандининг намозини – ҳа, айнан намозини, ўзини эмас – ҳақорат қилишга тили бориб турармиди (Мана шу ҳолатни ўз кўзим билан кўриб, ўз қулоғим билан эшитганман ва унинг айтган гапи нима эди, шуни кимгадир билдиришим учун менга дунё ундаги жамики нарсалари билан берилса ҳам айтмас эдим).

Агар билса, ўзи гуноҳни гуноҳ деб билмай қилгани етмагандай қолганларни ҳам унга чорлаб, кўнмаса “мардлик” қилиб, гуноҳи менга, сен қилавер, дермиди. Ука, бир яхшилик қилинг, ана у ердан сигарет олиб келиб беринг, деган кишини ва хўп, деб “яхшилик”ка шайланган кишини кўрганмисиз.

Билганида, ҳа, Аллоҳнинг амри фақат ва фақат ўзининг фойдасига эканини, Аллоҳ нафақат ундан, бутун оламлардан – уларни Ўзи яратиб қўйиб – беҳожат эканлигини ҳақиқий илм ила билганида эди, динни мураккаб деб юрмас, Аллоҳ уни бандаларини тангликка солиш учун жорий қилмаганини, Ислом – Роббимизнинг бизларни икки дунё саодатига элтувчи, Яратувчимизнинг розилигига етиштирувчи дини эканлигини англаб етган бўлар эди. Бир парча гўштни ейман деб, тасмия айтишни шарт қилган Аллоҳдан малолланиб юрмаган бўлар эди.

Буларнинг ҳаммаси аслида нима яхши, нима ёмон эканлигини билмаганимиздан. Яхши-ёмон, савоб-гуноҳни белгилашда шариат тарозисини бир четга қўйиб, ҳавофи нафсимиз ўлчовига кўра иш тутганимиздан. Мусулмонман деб юриб, динимизни тузукроқ ўрганмаганимиздан, иймонимизнинг заифлигидан. Нима бўлганда ҳам бир кун жаннатга кираманку, деб юриб, олий мақсад жаннат эмас, Аллоҳнинг розилиги эканлигини, Аллоҳ шукр келтирувчи бандаларидан рози бўлишини, ҳақиқий шукр эса неъматларни неъмат берувчи Зотнинг розилиги йўлида ишлатиш эканлигини унутиб қўйганимиздан.

Агар шукр келтирсангиз сиздан рози бўлур(Зумар сураси, 7-оят).

Аллоҳ бизларни Ўзининг беҳисоб неъматларига кўмиб қўйган. Ҳаётда эътибор бериб юрсангиз, кимларнингдир Аллоҳ берган неъматлардан – Ундан ўзга неъматлантирувчи ҳам йўқ – Аллоҳнинг шариатига терс равишда фойдаланиб туриб, тили билан шукр айтаётганини кўрасиз. Бу ҳақиқий шукр эмас. Яна сиз кўрасизки, кимдир кимгадир гуноҳ ишда ёрдам берса, бунинг учун раҳмат эшитаётган бўлади.

Ва агар уларга, ер юзида фасод қилманг, дейилса, биз фақат ислоҳ қилувчилармиз, дерлар(Бақара сураси, 11-оят). Яъни қилаётган фасодларини ислоҳ – яхшилик деб даъво қиладилар.

Мана шу ва бунданда аянчли ҳолатларга тушиб қолганимиз, афсуски, айни ҳақиқат. Булар бизнинг ўзимизни мусулмон санаб, яхшилик билиб қилаётган ишларимиз. Динимизни ўрганишимиз, яхши-ёмон, савоб-гуноҳнинг ҳақиқатини, яхшиликнинг мукофотини, ёмонликнинг жазосини илм ила билишимиз, савобдан умидвор бўлиб, гуноҳнинг зараридан хавфда бўлиб турмоғимиз керак. Агар биз Аллоҳ яхши деган амалларни қилганимизда эди...

Нима яхшилик қилсангиз, Аллоҳ уни биладир(Бақара сураси, 197-оят).

Ва ислоҳ қилингандан кейин ер юзида фасод қилманг ва Ундан қўрқиб тамаъ ила дуо қилинг. Албатта, Аллоҳнинг раҳмати яхшилик қилувчиларга яқиндир(Аъроф сураси, 56-оят).

Биз учун жидду жаҳд қилганларни Ўз йўлларимизга ҳидоят этурмиз. Албатта, Аллоҳ яхшилик қилувчилар биландир(Анкабут сураси, 69-оят).

Аллоҳ яхшилик қилувчиларни ёқтирадир(Оли Имрон сураси, 134-оят).

Албатта, Аллоҳ яхшилик қилувчиларни севар” (Моида сураси, 13-оят).

Албатта, Аллоҳ яхшилик қилувчиларнинг ажрини зое қилмас(Тавба сураси, 120-оят).

Роббимиз, бизларни Ўзинг ислоҳ қилиб қўйгин!

Охунжон Охунов

Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
.Коронавирус, бу Аллоҳдан келган балодир, лекин дуо қилиб бирлашсак, орқасида гўзал ҳикматни кўрамиз.Мен бунинг орқасида қандай ҳикматлар бор экан деб роса ўйлаб давоми...

4163 13:30 / 30.03.2020
У мажлисдан чиқиб, шошапиша югурганича уйига қараб кетаётган эди. Ҳамкасблари ортидан .Ҳа, тинчликми, бунча шошиб қаерга кетяпсан, учрашувинг борми, деб гап давоми...

2912 09:10 / 27.09.2019
Аллоҳ таоло ҳеч бир инсоннинг бойлигига ёки уларнинг суратига қарамайди. Балки қалбдаги ният ва истакларига боқиб турувчидир. Қалбнинг сурати ҳам бойлиги ҳам давоми...

6530 12:00 / 02.07.2019
Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф роҳимаҳуллоҳ асарларининг ҳар биридан беҳисоб фойдалар олганимни эътироф этаман. Ул зотнинг ўқимай ўтиб кетса бўладиган давоми...

2306 11:07 / 21.05.2020