1446 йил 2 рабиъус сони | 2024 йил 05 октябрь, шанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Бахтиёр оила

Аллоҳнинг хоҳиши бўлсагина, фарзанд яралади

19:35 / 01.10.2019 3727 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Аллоҳ таоло биринчи инсон Одам отани лойдан яратди. Бу ҳақда У Зотнинг Ўзи «Муъминун» сурасида шундай деб марҳамат қилади:

ﮕ ﮖ ﮗ ﮘ ﮙ ﮚ ﮛ ﮜ

«Қасамки, батаҳқиқ, инсонни лой зубдасидан яратдик» (12‑оят).

У кишидан жуфти – момо Ҳаввони яратди. Сўнгра икковларидан кўплаб эркак ва аёлларни тарқатди.

Аллоҳ таоло «Нисо» сурасида бундай дейди:

ﭑ ﭒ ﭓ ﭔ ﭕ ﭖ ﭗ ﭘ ﭙ ﭚ ﭛ ﭜ ﭝ ﭞ ﭟ ﭠ ﭡ

«Эй одамлар! Сизларни бир жондан яратган ва ундан унинг жуфтини яратиб, икковларидан кўплаб эркагу аёллар таратган Роббингиздан қўрқинглар!» (1‑оят).

Ушбу оятдаги улкан ҳақиқатлардан бири «...ва ундан унинг жуфтини яратиб» жумласида ўз аксини топгандир. Яъни бундан «Ўша жондан унинг жуфтини – хотинини яратган», деган маъно келиб чиқади.

«...ва икковларидан», яъни ўша «бир жон» бўлмиш Одам ва унинг жуфти – Ҳавводан

«кўплаб эркагу аёлларни таратган»и ҳам муҳим бир ҳақиқатдир. Аллоҳ таоло агар хоҳласа, бирданига хилма-хил, сон-саноқсиз эркагу аёлларни яратишга ҳам қодир эди. Аммо У Зот бундай қилишни хоҳламади. Ер юзидаги турли инсонларнинг қариндошлик алоқалари, оила ришталари ила ўзаро боғлиқ бўлишларини ирода қилди. Исломда оилани мустаҳкамлашга катта эътибор берилишининг сири ҳам шунда.

Шунинг учун ҳам янги оила қурган ҳар бир эр‑хотин қўшилишлари билан орада фарзанд бўлиши масаласи ҳам юзага чиқади. Зотан, оила қуришдан соф табиатли инсон кўзлайдиган бош мақсадлардан бири ҳам фарзанд кўришдир.

Аллоҳ таоло дунёдаги ҳамма жонзотларни, нарсаларни, ҳайвонларни бир-бирига боғлиқ, бир-бирига мос, бир-биридан манфаат оладиган қилиб яратган. Шу жумладан, инсонларда жинсий алоқа масаласини эркак ва аёлга боғлаб қўйган. Ҳақиқий жинсий алоқа, лаззат, ундан келадиган самара – фарзанд ана ўша табиий алоқа орқали вужудга келади. Аллоҳ таолонинг инсон зотини жуфт қилиб яратишидаги ҳикмат ҳам ана шунда.

Аллоҳ таоло «Набаъ» сурасида бундай деб марҳамат қилади:

ﭬ ﭭ ﭮ

«Ва сизларни жуфт қилиб яратдик» (8‑оят).

Яъни, эркак ва аёл қилиб.

Ҳа, Аллоҳ таоло одам зотини жуфт қилиб, эркак-аёл қилиб яратишининг ўзи улкан мўъжизадир. Аввало, эркак ва аёлнинг тузилиши ва эркаклигу аёллик хусусиятлари улкан мўъжизалардир. Бу ишни Аллоҳ таолодан бошқа ҳеч ким қила олмайди. Бу ишга фақатгина Аллоҳ таолонинг ёлғиз Ўзи қодирдир.

Қолаверса, ҳар бир жуфтнинг ҳар икки томонига ўзидан насл қолдиришга чексиз муҳаббат бериб қўйилгандир. Ҳаттоки, улар ўзидан насл қолдириш йўлида жон беришга ҳам тайёр даражага етадилар. Кўп аёллар ўлимни бўйнига олиб, фарзанд кўришга қарор қиладилар. Умуман олганда эса, ҳар бир ҳомиладор аёлда бу журъат бордир. Туғилган фарзандни тарбиялаб, ўстириш машаққат, оғир ва тинимсиз меҳнатдан иборат. Хўш, ушбу омилни ҳар бир инсон табиатига ким солиб қўйган? Нима учун бу нарса миллионлаб йиллардан буён давом этиб, инсон наслининг ер юзида бардавом қолиши воситаси бўлиб келмоқда? Албатта, буларни фақатгина Аллоҳ таолонинг ёлғиз Ўзигина қилиши мумкин.

Одамлар Аллоҳ жорий этган табиий қоидаларга одатланиб қолганлар. Шу боис, бу ҳодисаларнинг ҳар лаҳзада содир бўлиб туришини қонуний ёки мажбурий нарсалар, деб биладилар. Бу қоидалар уларнинг кўз ўнгида кўп такрорланаверганидан, шу қарорга келганлар. Бироқ, ушбу қоидаларни жорий этган Аллоҳ учун айрим ҳолларни истисно этиш ҳам ҳеч гап эмас.

Эркак ва аёлнинг жинсий унсиятидан фарзанд пайдо бўлишини Аллоҳ таоло умумий қоида қилиб қўйган. Аслида, эркак ва аёл қўшилган тақдирда ҳам, Аллоҳнинг хоҳиши бўлсагина, фарзанд яралади. Бу ҳақиқатни кўпчилик унутиб қўяди. Унутиладиган ҳақиқатларни бандаларнинг ёдига солиб туриш учун, Аллоҳ таоло ҳар-ҳар замонда мазкур умумий қоидаларга хилоф ҳолларни ҳам юзага келтиради. Баъзи бир эр ва аёлларга фарзанд бермайди. Агар бола яралишининг асосий омили эркак ва аёлнинг қўшилишигина бўлса, нима сабабдан ҳамма ҳам фарзандли бўлавермайди? Шунингдек, қартайиб қолган кишилардан фарзанд бўлмаслиги ҳам одамлар учун табиий қоида, аммо Аллоҳ хоҳласа, Закариё алайҳиссаломга берганидек, кекса жуфтларга ҳам фарзанд ато қилаверади. Аллоҳ ҳар бир нарсага қодир, чунончи, хотини бўлмаса ҳам Одам Атодан Момо Ҳавони яратганидек, эркакнинг ўзидан аёл пайдо қилади. Аксинча, Биби Марямдан Ийсо алайҳиссаломни яратгани каби, эркак бўлмаса ҳам аёлнинг бир ўзидан фарзанд яратиши мумкин. Шунингдек, Одам Атони йўқдан бор қилганидек, на эр ва на аёлсиз ҳам турфа махлуқларни ҳаёт саҳнига келтира олади.

Мулоҳаза қилсак, мазкур ҳодисаларнинг барчасида ҳам Аллоҳ таоло Ўзи яратган сабабчи омилларни ишга солади. Чунки У Зот бу дунёни шу асосда яратган. Аслида, биргина «Бўл!» деса, Одам Ато бино бўларди. Аммо бундай қилмади. Даставвал уни Ўз қўли билан лойдан одам шаклида ясади, бир муддатдан кейин унинг ичига жонни киритди.

Шунга ўхшаб, Закариё алайҳиссаломга ҳам тайёр ўғилни шундай тутқазиб қўймади. Пуштсиз кампири билан қўшилганидан кейин аёл ҳомиладор бўлди. Ҳомила пайдо бўлганининг белгиси сифатида Аллоҳ таоло Закариё алайҳиссаломни уч кун тилсиз қилиб қўйди. Ниҳоят, фарзанд одатдагидек, табиий йўсинда дунёга келди.

Шунингдек, Одам Атодан Момо Ҳавони яратишда ҳам ўзига хос бир қанча тадбирлар амалга оширилган.

Бокира Марямдан эркак иштирокисиз бола пайдо қилиш жараёни қандай кечганига келсак, биз ўрганаётган оятларда айтилганидек, фаришта Жаброил алайҳиссалом Марямнинг олдига келиб, унинг кўйлаги ёқасидан пуфлаган ва Марям онамиз Исо алайҳиссаломга ҳомиладор бўлганлар.

Худди шунингдек, Аллоҳ таоло эркак ва аёл, агар фарзанд истасалар, бунинг учун, бирга никоҳланиб яшашларини ва жинсий қўшилишларини шарт қилиб қўйди. Аллоҳ таоло дунёда жорий қилган сабабият қонуни асосида ўша қўшилиш бўлсагина, фарзанд бўлишини ирода қилди.

Ҳа, Аллоҳ таоло инсонни эркак ва аёл жинсида яратди. Ҳар бирига ўзига хос аъзолар ва хусусиятлар берди. Жумладан, инсон наслини бардавом этиш учун ҳар бирини ўзига хос таносил аъзолари билан яратди. Инсон наслини эркак ва аёлнинг қўшилиши натижасида пайдо бўладиган қилди. Бу қўшилишдан икковлари ҳам табиий лаззат оладиган бўлдилар. Бунинг учун уларда зарур аъзолар – ҳис-туйғу, ҳужайралар ва шу каби анвойи моддаларни халқ қилди. Ушбу қўшилишдан ҳосил бўладиган лаззат ва рағбатга нисбатан бўлган қизиқишни фарзанднинг ғоят қаттиқ азоб билан туғилиши, унинг тарбияси каби машаққатларни ҳам унутадиган даражада қудратли айлади. Аллоҳ таоло инсон зотининг жинсий яқинлик йўли билан, яъни никоҳланган эркак ва аёлнинг қўшилиши орқали покиза йўл билан кўпайиб туришини ирода қилди ва буни ҳаётий заруратга айлантирди.

Шу нуқтаи назардан айтиш мумкинки, айрим оилаларда, барча шарт-шароитлар мужассам бўлишига қарамай, фарзанд бўлмаслиги Холиқ Аллоҳ таолонинг Ўзи экани, оила қуриш, жинсий муносабат ва бошқа фарзанд кўриш учун керак бўладиган омиллар фақатгина оддий сабаблар экани, ҳамма нарса Аллоҳ таолонинг қудрати билангина юзага келишини намоён қилади.

Оила қуриб яшаётган кишилар ушбу ҳақиқатларни англаб етишлари лозим. Улар фарзандни Аллоҳ таолонинг Ўзигина ато қилиши мумкинлигини, эр‑хотин бу борада сабабдан бошқа нарса эмасликларини бир лаҳза ҳам унутмасликлари керак. Шу билан бирга, ўзларининг бўлажак фарзандлари олдидаги бурчларини англаб етиб, ўша шарафли бурчларни адо этиш пайидан бўлишлари лозим.

«Бахтиёр оила» китобидан

Муаллиф
Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф
Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Агар эр муттасил бахиллик қилса, хотин унинг рухсатисиз ўзига керагини олса бўлади. Бир мисолҲинд исмли аёл Пайғамбар алайҳиссаломга эри Абу Суфёндан шикоят давоми...

2786 14:40 / 04.08.2019
Болани қарамоғига олиш ҳам отаона ёки яқин қариндошларнинг иши, болаларнинг ҳаққидир.Бу иш араб тилида .ҳизона, дейилиб, .қучоғига олиш, маъносини билдиради. давоми...

2430 16:18 / 23.01.2020
Валийлик уч хил бўлади1. Жонга валийлик.Бунга моли йўқ ёш бола мисол бўлади. Бунда валий унга таълим беради, одоб беради ва вояга етганда никоҳлаб, оилали қилиб давоми...

2309 19:40 / 14.02.2020
.Ражъат, бир ёки икки талоқ қилинган хотинни эр ўз ихтиёрига қайтариб олишидир. Ражъат идда ичида, аёл бош тортса ҳам, агар у енгил ёки оғир боин талоқ бўлмаган давоми...

2087 09:00 / 20.07.2023
Аудиолар

131057 11:58 / 10.10.2018
«Ҳилол» журнали
Китоблар

51581 14:35 / 11.08.2021