1447 йил 28 шаъбон | 2026 йил 16 февраль, душанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Бахтиёр оила

Болага жисмоний тарбия бериш (биринчи мақола)

11:20 / 30.04.2020 3098 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Ҳозирги кунимизда соғлиқни сақлаш, хасталикка чалинмаслик учун бадантарбия қанчалик аҳамиятли эканини ҳамма тушуниб етган. Каттаю кичик, иложи борича, бадантарбияга эътибор беришга ҳаракат қилади. Бу нарсага, айниқса, ривожланган давлатларнинг халқлари жуда ҳам берилганлар. Ҳамманинг кучли, бақувват, эпчил, соғ-саломат ва хасталикларга чидамли бўлгиси келади. Бунинг учун эса, бадантарбия билан шуғулланиш лозим. Шунинг учун ҳам ота‑оналарга болаларини жисмоний тарбиясига алоҳида эътибор бериш вазифаси юклатилган.

Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг бу ҳақдаги баъзи ҳадиси шарифларини ўргансак, масалани тўғри тушунишимизга ёрдам бўлади.

Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам ёш авлоднинг соғлом бўлиб ўсишини таъминлаш борасида ота‑оналарни фарзандларини бадантарбия билан шуғуллантиришга тарғиб қилганлар.

Ато ибн Абу Рабоҳдан ривоят қилинади:

«Жобир ибн Абдуллоҳ ва Жобир ибн Умайр Ансорийнинг камондан ўқ отаётганларини кўрдим. Улардан бири иккинчисига:

«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг: «Аллоҳнинг зикри бўлмаган ҳар бир нарса беҳудадир, ўйиндир. Фақат тўрт нарса мустасно: эркакнинг аёли ила кўнгилхушлик қилиши, кишининг отини ўргатиши, унинг икки мўлжал орасида юриши ва кишининг сузишни ўргатиши», деганларини эшитдим», – деди».

Насаий ривоят қилган.

Ушбу ҳадиси шарифдаги «отни ўргатиш»дан мурод, чавандозлик спортидир. «Икки мўлжал орасида юриш» эса камондан ўқ отиб, мерганлик спорти билан машғул бўлишдир. Демак, чавандозлик, мерганлик ва сузишга тарғиб қилинмоқда.

Имом Аҳмад ва имом Абу Довуд Оиша розияллоҳу анҳодан келтирган ривоятда қуйидагилар айтилади:

«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам мен билан мусобақалашган эдилар, мен у зотдан ўзиб кетдим. Бир муддатдан сўнг, менинг гўштим оғирлашганда яна мен билан мусобақалашиб, мендан ўзиб кетдилар ва:

«Ҳалиги билан биру бир», – дедилар».

Қаранг, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам хотинлари Оиша онамиз розияллоҳу анҳо билан югуриш мусобақаси ўтказган эканлар. Биринчи югуриш мусобақаси ўтказилган пайтда Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ёшлари эллик учдан ўтган эди. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам Оиша онамиздан ўзиб кетган кейинги югуриш мусобақасида эса у зотнинг ёшлари ундан ҳам катта бўлган. Бу оилавий равишда бадантарбия билан шуғулланишдир.

Қадимги уламоларимиз ушбу ҳадиси шарифни шарҳ қилар эканлар, бир неча маъноларга урғу берганлар. Улар, Оишанинг ҳадисида оёқда югуриб, мусобақа қилишга, маҳрам эркак аёллар орасида мусобақа ўтказишга, бу иш виқорга, шараф, илм, фазл ва ёшнинг улуғлигига номуносиб эмаслигига далил бор, дейдилар.

Минг афсуслар бўлсинки, кўпчилик мусулмонлар, хусусан, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг суннатларига амал қилишни даъво қилувчилар мана бу маънолардан йироқдалар. Улар бадантарбия билан шуғулланиш виқор, шараф, илм, фазл ва ёшнинг улуғлигига номуносиб деб биладилар.

Имом Муслим ва имом Аҳмад келтирган ривоятда саҳобалардан Салама ибн Акваъ розияллоҳу анҳу қуйидагиларни айтадилар:

«Биз йўлда юриб борар эдик. Ансорийлардан мусобақада ҳеч енгилмаган бир киши:

«Мадинагача мусобақалашувчи борми? Қани, ким мусобақа қила олади?» – дея бошлади.

«Ҳурматли кишини ҳурматини, шарафлининг шарафини риоя қилмайсанми?» – дедим.

«Фақатгина Расулуллоҳ соллалоҳу алайҳи васалламни» – деди.

«Ё Расулаллоҳ, ота‑онам сизга фидо бўлсин! Қўйиб беринг, шу одам билан мусобақалашай», – дедим.

«Хоҳишинг бўлса, майли», – дедилар у зот. Мадинага ундан ўзиб етиб бордим».

Ушбу ривоятдан Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг саҳобалари ичида доимий равишда спорт мусобақалари бўлиб турганини билиб оламиз. Салама ибн Акваъ розияллоҳу анҳунинг «ансорийлардан мусобақада ҳеч енгилмаган бир киши», дейишлари шу маънога далолат қилади. Яъни саҳобалар ичида мусобақаларда доимий равишда биринчи бўлганлари ҳам бор экан. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам эса, худди Салама ибн Акваъ розияллоҳу анҳуни спорт мусобақасига рағбатлантирганларидек, ҳаммани рағбатлантириб турганлар.

«Бахтиёр оила» китобидан

Муаллиф
Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф
Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
.Хулуъ, сўзи луғатда .кийим ечиш, маъносида кўпроқ ишлатилади. Шариатда эса, хотин кишининг арз қилиб, бир нарса бериб, эри билан ажрашиши .хулуъ, дейилади. Чунки давоми...

3751 06:00 / 22.06.2023
Эр зиммасидаги хотин учун вожиб нафақалар қуйидагиларТаом.Бунга озиқовқат, ичимлик ва таомга қўшиб ейиладиган сирка, ёғ ва шунга ўхшаш нарсалар ҳамда таом давоми...

9618 12:00 / 24.06.2019
Авваллари бу савол ўртага ташланмаган, чунки никоҳ тўйи кимнинг зиммасида эканини ҳамма яхши билган ва унга амал қилган. Ҳозир ҳам кўпчилик жамиятларда, ҳатто давоми...

5192 14:00 / 23.02.2019
Бизнинг динимизда туғилган фарзанд қиз бўлса, қувончни бўрттириброқ қилиш тавсия этилади. Одатда, ўғил туғилганда хурсандчилик каттароқ бўлади. Аммо, шариатда давоми...

5291 12:14 / 14.12.2019