1446 йил 20 жумадис сони | 2024 йил 22 декабрь, якшанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
islom.uz-1441

Фузайл ибн Иёз

11:05 / 25.09.2019 4729 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

У ёшлигининг ярмини йўлтўсарлик қилиб, одамларнинг молини талаб, қароқчилик ва зўравонлик қилиб ўтказди. Фузайл ўзи талаб олган молларни айш-ишратга, кўнгилхушликка сарфлар, лаззатларига ишлатар эди.

Абу Аммор Ҳусайн ибн Ҳурайс ровий Фазл ибн Мусодан ривоят қилган: «Фузайл ибн Иёз Абивард билан Сарахс орасида йўлтўсар қароқчи эди. Тавбасининг сабаби қуйидагича: Бир қизга ошиқ бўлиб қолган эди. Кунларнинг бирида ўша қизни кўриш учун деворга чиқаётганида, тиловат қилинаётган «Иймон келтирган зотлар учун диллари Аллоҳнинг зикрига ва нозил бўлган ҳақ (Қуръон)га мойил бўлиш (вақти) келмадими?! (Яна улар учун) илгари китоб ато этилган, сўнгра (пайғамбарларидан кейинги) муддат узайгач, диллари қотиб кетган кимсалар (яъни аҳли китоблар) каби бўлиб қолмаслик (вақти келмадими)?! Уларнинг кўплари фосиқ (итоатсиз)дирлар! (Ҳадид сураси, 16-оят) ни эшитиб: «Ҳа, эй Роббим, тавба қилиш вақти келди», – деди ва девордан тушди. Ўша кеча ташландиқ бир уйга кирди. У ерда йўловчилар ҳам бор эди. Баъзилари: «Энди турамиз, кетамиз», – дейишганда, айримлари: «Йўқ, озгина тонг ёришсин, чунки йўлда Фузайл бор. У нарсаларимизни тортиб олади», – дейишарди. Бу гапларни эшитиб Фузайл: «Мен кечқурунлари гуноҳ қилиб юраман. Бир неча мусулмонлар мендан қўрқишар экан. Аллоҳ таоло бекорга мени бу ташландиқ уйга олиб келмаган. Шулардан хулоса чиқариб олай. Парвардигоро, мен Сенга тавба қилдим. Тавбамга садоқатимдан энди Ҳарамга бориб яшайман», – деб азм қилди».

Фузайл ибн Иёз кечанинг бир лаҳзасида, битта оят таъсирида бутунлай бошқа одамга айланди. Тасаввуф, ҳадис илмида чўққиларга чиқди. Умрининг охиригача ердан нигоҳини кўтармади, ҳузун устун келди. Ким кўрса, йиғлайдиган, охиратни эслатадиган одам бўлди.

Убайдуллоҳ ибн Умар айтади: «Мен Яҳё ибн Салим билан бирга Фузайлнинг ҳузурига уни кўргани кирдик. Фузайл ўз қўли билан ўзининг бошига урар ва ўзига ўзи: «Эй Фузайл, сени Аллоҳ яратиб, ўзининг зоҳирий ва ботиний неъматлари билан сени тўлдириб ташлади. Сени ҳимоя қилиб қўриқлади. Одамларнинг юзларини ҳам сенга қаратиб қўйди. Сен эса ўзинг билан машғул бўлдинг. Сен кимсан ва нимасан ўзи?» – деди-да, кейин бир хўрсиниб йиқилди. Кейин Фузайлни кийим билан ўраб қўйдилар. У титрар ва ҳеч нарсани билмас эди».

Иброҳим ибн Ашъас айтади: «Мен Фузайл ибн Иёзнинг бир мажлисида эшитгандим. У ўзига айтарди: «Ҳеҳҳей, сен жаннатга кираман, деб ўйлаяпсанми?! Сен у ерда Набийлар, сиддиқлар ва солиҳлар билан бирга Аллоҳга қўшни бўламан, деб ўйлаяпсанми?! Ҳой аҳмоқ, сен қайси амални, қайси шаҳват ва қайси истакни Аллоҳ учун тарк қилдинг? Аллоҳ учун қайси ғазабни ичингга ютдинг? Алоқангни узиб қуйган қайси қариндошинг билан боғландинг? Қайси бир яқин душмандан Аллоҳ учун узоқлашдинг? Қайси бир узоқлашиб қолган дўстга Аллоҳ йўлида яқинлашдинг? Лекин мен гуноҳларим борлигига қарамай Унинг раҳматини ва афвини умид қиламан. Мен ўзимни яхши иш қилганман, дея олмайман. Лекин мен ёмон иш қилдим, мен қилган иш қандай ҳам ёмон, дейман, холос». У яна Фузайл ибн Иёзнинг ўзига ўзи мана бундай деганини ҳам эшитган экан: «Сен одамлар учун зийнатландинг, уларга яхши кўринишга ҳаракат қилдинг. Сени «Фалончи солиҳ одам» деб таърифламагунларича, ҳожатларингни раво қилиб бермагунларича, мажлисларда сенга жой бериб, сендан қўрқиб, улуғламагунларича риёкорлик қилавердинг. Агар шундай бўлса, аҳволинг жуда ачинарли экан. Агар танилмаслик қўлингдан келса, шундай қил. Таниқли бўлмаслигинг, сенга мақтов ўқилмаслигинг зарари йўқ. Аллоҳнинг наздида мақталган бўлсанг, одамлар наздида ёмон бўлсанг ҳам сенга зиён қилмайди». Ул зот яна айтади: «Фузайл ибн Иёзнинг «Ким ёлғизликдан қўрқиб, одамлар билан кўп боғланиб қолса, риёдан холи бўлмайди. Тилни тия билиш ҳаж ва жиҳоддан қийинроқдир. Тилни тийиб туриш – кони азоб», – деганларини эшитдим».

Кўпинча толиби илмлар унинг мажлисларида уни ўраб олардилар. Фузайл ибн Иёз муҳаддис эди. Улар у кишидан ҳадис ривоят қилар ва ёзиб олардилар. Бир куни шундай бир мажлисда толиби илмлар тўпланиб ўтиришган эди. Фузайл уларнинг орасидан туриб чиқди ва ўзига ўзини масхара қилиб: «Ана, улар сенинг атрофингда йиғилиб ўтирибдилар, сендан ҳадис ёзаяптилар, қувон, қувон, машаАллоҳ. Ҳадис айтишни қойиллатдинг», – деди. Кейин чуқур нафас олиб: «Ҳолингга вой бўлсин. Сен ҳадисни чиройли айта оласанми? Ёки сен ҳадис ҳамл қилинишга лойиқмисан? Ҳой аҳмоқ, уялгин! Агар озгина ҳаё ва юзинг бўлганида эди, ҳадис айтишга ўтирмас эдинг. Сен ўзингни ким эканингни биласанми? Илгари қандай бўлганингни эслай оласанми? Агар улар сени билганларида сенинг олдингда ўтирмас, сендан ҳеч қачон ёзмас ва эшитмас эдилар», – деди. У бу билан кифояланмай ўзига танбеҳ беришда яна давом этиб: «Ҳолингга вой бўлсин. Ўлимни эсламайсанми? Сенинг қалбингда ўлим учун ўрин борми? Қачон олинишингни ва охиратда қабрда унинг қўрқинчи дахшатида ёлғиз қолиш ҳақида айтган хабарларини билмайсанми? Қабрни кўрмадингми? Дафн қилганларида уни кўрмаганмисан? Уни устига тупроқ ва тошлар ташлаб кўмишаётганини кўрмаганмисан?» – деди».

Ийсо ибн Юнус раҳимаҳуллоҳ Маккага келди. Масжидул Ҳарамда одамлар уни ўраб олишди. Шунда Фузайл ибн Иёз ўтиб қолиб, яқин келди ва: Дўстим, қалбингга ҳушёр бўл, балки атрофингда одамлар тўпланиб кетганидан ўзгариб қолгандир?» – деди. Ийсо ибн Юнус бир муддат қалбига қулоқ солиб турди-да, атрофидаги оломонни тарк қилди.

Ҳусайн Ибн Зиёд Марвазий айтадилар: «Фузайлнинг: «Мен учун «Риёкор эмасман», деб қасам ичишдан кўра, «Риёкорман», деб қасам ичиш яхшироқ. Агар бир кишининг атрофида одамлар йиғилганини кўрсам, уни жинни деб айтаман. Чунки у шунча одам атрофида йиғилганидан фойдаланиб, устомонлигини ишга солмайдими?!» – деганларини эшитдим».

Аҳмад ибн Иброҳим Даврақий айтади: «Бизга Файз ибн Исҳоқ айтиб берди. У киши Фузайл ибн Иёзнинг: «Кошки, ўлганимдан сўнг номим эсланмасайди. Баъзида муҳаддисларнинг сўзларини эшитиб, чўчиб тушганимдан таҳоратим қистайди», – деганларини эшитган экан».

Муҳаммад ибн Али ибн Шақиқ айтади: «Бизга Абу Исҳоқ Фузайл ибн Иёзнинг: «Агар итдек яшаб, итдек ўлмоқ ва қиёмат кунининг ҳисоб-китобидан халос бўлиш ихтиёри берилганида эди, ўшани танлар эдим», – деганларини айтиб берди. Фузайл ибн Иёз раҳимаҳуллоҳ бу гапларни бежиз айтмаган. Ул зот охират куни Яратган Зот – Аллоҳ таолонинг ҳузурида бўладиган савол-жавобнинг қанчалик даҳшатли бўлишини ҳис қилганидан, у куннинг масъулияти ўта оғир бўлишини билганидан шундай деган.

Яҳё ибн Айюб айтади: «Зофир ибн Сулаймон билан Фузайл ибн Иёзнинг ҳузурига бордик. Ёнида бир шайх бор экан. Зофир ичкарига кирди. Мен эшик олдида қолдим. Фузайл Зофирга: «Муҳаддисларни санадларнинг яқинлиги мамнун қилади. Эй Зофир, сенга шубҳадан холи бир санаднинг хабарини берайми? Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам Жаброил алайҳиссаломдан, у зот Аллоҳ таолодан «Эй иймон келтирганлар! Ўзларингизни ва оила аъзоларингизни ёқилғиси одамлар ва тошлар бўлган дўзахдан сақлангизки, унда дағал ва қаттиққўл, Аллоҳ буюрган нарсага итоатсизлик қилмайдиган, фақат буюрилган ишни қиладиган фаришталар (хизмат қилурлар)» (Таҳрим сураси, 6-оят), деб хабар берган. Эй Сулаймон, мен ва сен ҳам ўшалардай одамлармиз”, – деб ҳушидан кетибди. Шайх ҳам ҳушидан кетибди. Зофир уларга қараб, қотиб қолибди. Сўнгра Фузайл чиқди. Биз ҳам қайтдик. Шайх ҳали-ҳануз беҳуш эди».

Иброҳим ибн Ашъасдан ривоят қилинади: «Фузайл билан бир жанозага бордик. У тинмай панд-насиҳат қилар, охиратни эслатаётиб эса ўзи йиғлаб юборар эди. У гўё шу онда атрофидагилар билан хайрлашиб, охиратга сафар қилаётгандек эди. Қабристонга етиб келгач, у ерга ўтириб, ўзини худди ўликлар орасида ўтиргандек ҳис қилиб, маҳзун бўлиб йиғлади. То ўрнидан тургунича йиғлашда давом этди. У худди охиратдан у ҳақида хабар берилган кишидек эди».

Фузайл ибн Иёзнинг ўлим соати яқинлашганида у ҳушидан кетди. Сўнг кўзларини очиб, «Сафарим узоқ, озуқам кам», деди.

 

Ҳоний ал-Ҳажнинг «Солиҳлар гулшани», «Машҳур даҳолар сийрати», шайх Муҳаммад Саъид Рамазон Бутийнинг видео суҳбатлари (Абдуллоҳ Ғуломов таржимаси), islom.uz сайти маълумотлари асосида Охунжон Охунов тайёрлади.

 

Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
375Ўшал замон одатлари, лақабсиз инсон бўлмаган,Кимни ҳайвон, кимни тош, кимни жоҳил деб атаган,Лақабидан кимдир рози, кимнингдир кўнгли тўлмаган,Лаънат айтиб давоми...

2197 13:45 / 16.10.2019
Қалб унга тўлган нарса билан жисмни ҳаракатга келтиради. Кўз ва қулоқларимиз қалбимизни тўлдирувчи маълумотларни қабул қилувчи тана аъзоларимиздир. Қалб нима давоми...

3136 17:15 / 16.09.2019
Бисмиллаҳдан бошладим, сизлар учун бир ҳикмат,Фақирларга башорат, оқил учун бир ибрат.Ийд Қурбон келганда, Расулуллоҳ чоғланди,Сўймоқ учун икки қўйнинг, оёқлари давоми...

2171 16:17 / 31.07.2020
Жорий йилдан бошлаб нашр этилаётган Ҳилолrdquo журнали астасекин ўз мухлисларига эга бўлиб, уларнинг доимий ҳамроҳига айланмоқда. Унинг ҳар бир сони алоҳида бир давоми...

2091 13:30 / 30.09.2019