1446 йил 20 жумадис сони | 2024 йил 22 декабрь, якшанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Бахтиёр оила

Қудачилик алоқалари (биринчи мақола)

17:45 / 31.08.2019 2789 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

«Никоҳ» деб аталган муқаддас алоқа фақат келин ва куёвнинг икковлари ўртасидаги робитадангина иборат эмас. Балки бу робита уларнинг ортида турган ота‑оналари, оила аъзолари ва қавму қариндошларини ҳам ўз ичига олади. Никоҳнинг жамият аъзолари орасидаги алоқаларни мустаҳкамлашга қиладиган катта хизмати ҳам ана шунда. Келин ва куёв сабабидан уларнинг оила аъзолари, уруғлари ва қариндошлари ҳам қудачилик асосида яқинлашадилар. Шунинг учун ҳам Исломда қудачилик алоқаларига алоҳида эътибор берилган ва унинг аҳамияти қайта-қайта таъкидланган ҳамда бу ҳақда шариатга керакли ҳукмлар киритилган.

Аллоҳ таоло Қуръони каримда шундай марҳамат қилади:

ﯬ ﯭ ﯮ ﯯ ﯰ ﯱ ﯲ ﯳ ﯴﯵ ﯶ ﯷ ﯸ

«У, сувдан башар яратган ва уни насл-насаб, қуда-анда қилиб қўйган Зотдир. Роббинг қодирдир» (Фурқон сураси, 54‑оят).

Араб тилига хос бўлган хусусиятлар боис, тафсирчи уламоларимиз ояти каримадаги «насл-насаб»га «ўғил», «қуда-анда»га «қиз» деб маъно берганлар. Чунки бир уруғ ёки оиланинг насаби сақланишига ўғил бола сабаб бўлса, бошқалар билан қуда бўлишига қиз бола сабаб бўлади. Шунда:

«У, сувдан башар яратган ва уни насл-насаб, қуда-анда қилиб қўйган Зотдир» жумласининг маъноси «Аллоҳ нутфадан одам яратган ва ўша одамни эркак-аёл қилиб, эркакни насаб орқали ва аёлни қудачилик орқали инсон зотининг тарқалишига сабаб қилиб қўйган зотдир», бўлади.

Бундан инсоний алоқаларнинг энг яқини насаб алоқаси бўлса, бошқаси қудачилик алоқаси бўлиши англанади. Аллоҳ таоло инсон зотининг айнан шу воситалар орқали боғланиб туришларини ирода қилган. Шунинг учун ҳам Исломда насаб алоқасига қандай қаралса, қудачилик алоқасига ҳам шундай қаралади.

Ушбу ҳақиқатни Расулуллоҳ алайҳиcсаломнинг ҳадиси шарифларида ҳам мулоҳаза қиламиз.

َنْ عَبْدِ اللهِ بْنِ الزُّبَيْرِ يَقُولُ: قَالَ رَسُولُ اللهِ صلى الله عليه وسلم: كُلُّ نَسَبٍ وَصَهْرٍ مُنْقَطِعٌ يَوْمَ الْقِيَامَةِ إِلَّا نَسَبِي وَصَهْرِي. رَوَاهُ الطَّبَرَانِيُّ

Абдуллоҳ ибн Зубайр розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам дедилар:

«Қиёмат куни менинг насабим ва қудачилигимдан бошқа ҳар бир насаб ва қудачилик кесилувчидир».

Тобароний ривоят қилган.

Ушбу ҳадиси шарифда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ўз насабларидан кейин қудачиликларининг Қиёмат куни кесилмай қолишини, ўша Кунда насаб орқали у зотга боғланганларга қанчалик фойдалари тегса, қудачилик орқали боғланганларга ҳам шунчалик фойдалари тегишини таъкидламоқдалар.

Агар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг даврларидаги ривоятларга назар соладиган бўлсак, у киши билан қудачилик робитаси ила уланган кишиларга бу боғланиш фахр ва азизлик боиси бўлганини кўрамиз.

عَنِ الْمِقْدَامِ بْنِ مَعْدِي كَرِبَ قَالَ: لَمَّا أُصِيبَ عُمَرُ دَخَلَتْ إِلَيْهِ حَفْصَةُ فَقَالَتْ: يَا صَاحِبَ رَسُولِ اللهِ، وَيَا صِهْرَ رَسُولِ اللهِ صلى الله عليه وسلم، وَيَا أَمِيرَ الْمُؤْمِنِين... رَوَاهُ ابْنُ سَعْدٍ

Миқдом ибн Маъдийкариб розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Умар мусийбатга учграганда унинг олдига Ҳафса кирди ва: «Эй Расулуллоҳнинг соҳиби! Эй Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг қайнотаси! Эй мўминларнинг амири!» – деди».

Ибн Саъд ривоят қилган.

Ушбу ривоятда мўминларнинг онаси, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг жуфти ҳалоллари, ҳазрати Умар розияллоҳу анҳунинг қизлари – Ҳафса онамиз ўз оталарининг шарафли сифатлари ичида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга қайнота бўлганларини алоҳида зикр қилмоқдалар. Шунингдек, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга куёв бўлиш ҳам шараф мақомида зикр қилинган ҳолатлар жуда кўп.

عَنْ عُبَيْدِ اللهِ بْنِ عَدِيِّ بْنِ خِيَارٍ قَالَ: دَخَلْتُ عَلَى عُثْمَانَ فَتَشَهَّدَ ثُمَّ قَالَ: أَمَّا بَعْدُ، فَإِنَّ اللهَ بَعَثَ مُحَمَّدًا صلى الله عليه وسلم بِالْحَقِّ، وَكُنْتُ مِمَّنْ اسْتَجَابَ ِللهِ وَلِرَسُولِهِ، وَآمَنَ بِمَا بُعِثَ بِهِ مُحَمَّدٌ صلى الله عليه وسلم، ثُمَّ هَاجَرْتُ هِجْرَتَيْنِ، وَنِلْتُ صِهْرَ رَسُولِ اللهِ صلى الله عليه وسلم وَبَايَعْتُهُ، فَوَاللهِ مَا عَصَيْتُهُ وَلَا غَشَشْتُهُ حَتَّى تَوَفَّاهُ اللهُ. رَوَاهُ الْبُخَارِيُّ.

Убайдуллоҳ ибн Адий ибн Хиёрдан ривоят қилинади:

«Усмоннинг олдига кирдим. У шаҳодат калималарини айтди ва сўнгра деди:

«Аммо баъд: Албатта, Аллоҳ Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламни ҳақ ила юборди. Бас, мен Аллоҳга ва Унинг Расулига ижобат қилганлардан, Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам ила юборилган нарсага иймон келтирганлардан бўлдим. Сўнгра икки марта ҳижрат қилдим. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга куёв бўлиш шарафига эришдим. У зотга байъат қилдим. Аллоҳга қасамки, Аллоҳ у зотни вафот эттиргунича у зотга осий бўлмадим, у зотни алдамадим».

Бухорий ривоят қилган.

Ушбу ривоятда ҳазрати Усмон розияллоҳу анҳу ўзларининг умрлари бўйи эришган энг аҳамиятли ва шарафли мақомлари ичида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга куёв бўлганларини ҳам таъкидламоқдалар.

عَنْ عُمَرَ بْنِ بَزِيعٍ قَالَ: سَمِعْتُ عَلِيَّ بْنَ عَبْدِ اللهِ بْنِ عَبَّاسٍ وَأَنَا أُرِيدُ أَنْ أَسُبَّ مُعَاوِيَةَ فَقَالَ لِي: مَهْلًا، لَا تَسُبَّهُ؛ فَإِنَّهُ صِهْرُ رَسُولِ اللهِ صلى الله عليه وسلم. رَوَاهُ أَبُو بَكْرِ بْنُ خِلَالٍ.

Умар ибн Базийъдан ривоят қилинади:

«Мен Муовияни сўкмоқчи бўлганимда Али ибн Абдуллоҳ ибн Аббос: «Шошма! Уни сўкма! Чунки у Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг қайноғаси» – деди».

Абу Бакр ибн Хилол ривоят қилган.

Бундан қайноғаларнинг ва уларга ўхшаш қуда тараф вакилларининг ҳам ўзига яраша ҳурмати борлиги келиб чиқади.

Қудачилик алоқалари бутун бошли халқларга шараф ва ҳурмат боиси бўлишини эса, қуйидагилардан билиб оламиз.

عَنْ أَبِي ذَرٍّ رَضِيَ اللهُ عَنْهُ أَنَّ رَسُولَ اللهِ صلى الله عليه وسلم قَالَ: إِنَّكُمْ سَتَفْتَحُونَ مِصْرَ وَهِيَ أَرْضٌ يُسَمَّى فِيهَا الْقِيرَاطُ، فَإِذَا فَتَحْتُمُوهَا فَأَحْسِنُوا إِلَى أَهْلِهَا، فَإِنَّ لَهُمْ ذِمَّةً وَرَحِمًا أَوْ قَالَ ذِمَّةً وَصِهْرًا... رَوَاهُ مُسْلِمٌ.

Абу Зарр розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам:

«Сизлар, албатта, Мисрни фатҳ қилурсизлар. У қийрот зикр қилинадиган ердир. Қачон уни фатҳ қилсангиз, аҳлига яхшилик қилингиз. Уларнинг зимма ва қариндошлик ҳақлари бор ёки зимма ва қудачилик ҳақлари бор...» дедилар.

Муслим ривоят қилган.

Ушбу ҳадиси шариф Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг сон-саноқсиз мўъжизаларидан биридир. У зот унда келажакда бўладиган ҳодисалар ҳақида хабар бермоқдалар. Шу билан бирга, ўша ҳодиса юзага чиққанда қилиниши лозим бўлган иш тўғрисида кўрсатма ҳам бермоқдалар. Дарҳақиқат, бу гаплар юзага чиқди ва саҳобалар бу ҳадисдаги Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг кўрсатмаларига амал ҳам қилдилар. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг саҳобаларга берган кўрсатмалари қудачилик ҳурматидан бутун бошли бир халққа яхшилик қилиш эди.

Уламоларимиз ушбу ҳадиси шарифнинг охиридаги «Чунки уларнинг ҳурмат-ҳақлари ва қариндошликлари бор ёки ҳурмат-ҳақлари ва қудачиликлари бор» жумласига алоҳида эътибор берадилар.

Бир гуруҳ уламолар, ҳадисдаги «қариндошлик» ҳурматидан Иброҳим алайҳиссаломнинг кичик аёллари Биби Ҳожар онамизнинг ҳурматлари ирода қилинган, дейдилар. Биби Ҳожар онамизнинг қиссалари қуйидагича:

Аллоҳ таолонинг улул-азм Пайғамбарларидан бўлмиш Иброҳим алайҳиссалом жуфти ҳалоллари Сора онамиз билан узоқ ҳаёт кечирдилар. Уларнинг ҳаёти Аллоҳ таоло ва дин йўлида кураш билан ўтди. Фарзанд кўрмадилар. Қариб қолганларига қарамай, кофир қавмлар у зотни тинч қўймаганликлари сабабли, она ватанлари Фаластинни тарк этиб, аёллари билан бирга Мисрга кетишга мажбур бўлдилар. Ўша вақтдаги Миср подшоҳи у зот ҳақида турли гаплар борлигини эшитиб, ҳузурига чорлатди.

(Давоми бор)

 «Бахтиёр оила» китобидан

Муаллиф
Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф
Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Албатта, ҳар бир оилада эрхотин тинчтотув, аҳилиноқ равишда, бахт нашидасини суриб яшаши айни муддаодир. Бунинг учун ҳамма ҳаракат қилади. Аллоҳ таоло барчага ана давоми...

4022 11:00 / 13.05.2021
Анчадан бери кўрмаган таниш аёлни учратиб қолдим. Саломалик, ҳол сўрашишлар мобайнида аёл хотиржам равишда ndash Оилам бузилиб кетди... Худога шукр, эримдан давоми...

3246 15:28 / 30 август
Ҳар бир жамиятда оила бузилиши ва шунга ўхшаш муаммоларнинг келиб чиқиши бир неча омилларга боғлиқ бўлади. Ўша муаммоларни ҳал қилиш учун, аввало, мазкур сабабчи давоми...

2582 17:00 / 25.11.2021
Ҳозирги пайтда ёш йигитқизлар ўзлари топишиб олган шахс билан оила қуришни мода қилиб олишга ҳаракат қилишлари кўпайиб бораётганлиги маълум. Бу маънода давоми...

3154 14:15 / 27.12.2018