1446 йил 16 жумадис сони | 2024 йил 18 декабрь, чоршанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Бахтиёр оила

Хотиннинг бурчлари (учинчи мақола)

20:37 / 07.06.2019 4472 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Али розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Фотима алайҳассалом Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларига келиб, қўлига қўл тегирмонидан етадиган қийинчиликдан шикоят қилди. Унга у зот ҳузурига қуллар келганлиги ҳақида хабар етган эди. Бас, унга улардан бирортаси тегмади. У буни Оишага зикр қилди. У зот келганларида Оиша бу хабарни етказди. Биз уйқуга ёнбошлаганимизда у зот олдимизга келдилар. Ўрнимиздан тура бошлаган эдик:

«Ўрнингиздан қимирламанг», дедилар-да, мен билан у(Фотима)нинг орасига ўтирдилар. Ҳаттоки қорнимда оёқларининг совуғини ҳис этдим.

Шунда у зот: «Сизларни сўраган нарсангиздан кўра яхшироқ нарсага далолат қилайми? Қачон ёнбошларингизни олсангиз, ўттиз уч марта тасбеҳ айтинг, ўттиз уч марта ҳамд айтинг ва ўттиз тўрт марта такбир айтинг. Ана ўша сизлар учун ходимдан кўра яхшироқдир», дедилар».

Тўртовлари ривоят қилдилар.

Фотимаи Заҳро розияллоҳу анҳо ким эканликлари сир эмас. У зот Набийимиз алайҳиссаломнинг жигаргўшалари, бутун оламлар аёлларининг саййидаси, Али каррамаллоҳу важҳаҳунинг жуфти ҳалоллари. У киши ўз уйларидаги хизматларни ўзлари қилар эдилар.

Бошқа ривоятларда келганидек, уй супуриб кийимлари чанг бўлган, сув ташиб бўйинларига мешкобнинг ипи ботган, қозонга ўт ёқиб вужудларини тутун босган, қўл тегирмонда ун тортиб қўллари қаварган эди. Уй ишлари машаққатидан қийналиб кетган Фотима розияллоҳу анҳо бир куни оталари Набийимиз алайҳиссаломга қуллар келгани, уларни кишиларга хизматчи қилиб бўлиб бераётганларини эшитиб қолдилар.

Бошқалар хизматчи тутганда, бизда ҳам хизматчи бўлса нима қилибди, деган фикр билан оталарининг ҳузурларига тегирмон тортавериб қўллари қавариб кетганидан шикоят қилгани бордилар. У зот уйда йўқ эканлар, шикоятларини Оиша онамизга айтаётиб, Набийимиз алайҳиссаломга қуллар келганлигини эшитганларини ҳам эслатиб қўйдилар. Сўнгра яна уй хизмати билан машғул бўлиш учун ортларига қайтдилар.

Набий алайҳиссаллам уйга қайтиб келганларида Оиша онамиз бўлиб ўтган гап у зотга етказдилар. У зот кеч бўлишига қарамай, қизларининг уйи томон йўл олдилар. Кеч бўлиб қолгани учун икковлари жойларини солиб, ётиб олишган эди.

Улар Набий алайҳиссаломнинг келганларини билиб, ўринларидан тура бошлаган эдилар, у зот қўймадилар. «Жойингизда ётаверинг», деб, ораларига келиб ўтирдилар ва бирдан мақсадга ўтдилар:

«Сизларга икковингиз сўраган ходимдан кўра яхшироқ нарсани айтайми? Ҳар кеч ўрнингизга ётганингизда ўттиз уч марта «Субҳаналлоҳ», ўттиз уч марта «Алҳамдулиллаҳ» ва ўттиз тўрт марта «Аллоҳу акбар» десангиз, ана ўша сиз учун ходимдан кўра яхшироқ», – дедилар.

Ушбу ҳадисни ҳужжат қилиб олган баъзи уламоларимиз «Аёл киши уй хизматларини қилиши вожибдир», дейдилар. Бошқа бирлари эса «Эрининг имкони бўлса, хизматчи олиб берса ҳам бўлади», дейдилар.

Имом Бухорий ва имом Муслим роҳматуллоҳи алайҳилар қилган ривоятда Абу Бакр Сиддиқнинг қизлари Асмо розияллоҳу анҳо қуйидагиларни айтадилар:

«Зубайр менга уйланганида унинг моли ҳам, қули ҳам ёки бирор нарсаси ҳам йўқ эди. Фақатгина минадиган оти ва сув тортиб чиқарадиган ҳайвони бор эди. Мен унинг отига ем берар ва унга керакли бошқа ишларни ҳам қилар эдим. Шунингдек, сув тортадиган ҳайвонига ҳам ем-сув бериб, бошқа ишларни қилар, жумладан, хамир ҳам қорар эдим. Уч фарсахлик масофадан бошимда шох-шабба кўтариб келардим. Абу Бакр менга бир чўри юборди. У отга қарашга кифоя қилди. Мен худди чўриликдан озод бўлгандек бўлдим».

Адолат юзасидан айтишимиз лозимки, бу борада ҳаддидан ошганлар ҳам йўқ эмас. Хотинни чўри ўрнида кўрадиганлар ҳам талайгина. Баъзи қайноналарнинг келинларга қарата: «Менга чўри бўлсанг юрасан, бўлмаса кетасан», деганлари ҳам сир эмас. Албатта, бу даражага етиб бориш мутлақо ножоиздир.

Баъзи ханафий уламолар «Хотин эрининг хизматини қилиши вожиб», ҳам деганлар. Демак, бу масалада аёл ҳам, эркак ҳам ўзи ташаббус кўрсатиши лозим. Бир-бирига ёрдам бериб, ўзаро ҳамкорликда рўзғор тебратишлари керак бўлади.

12. Эрнинг оила аъзоларига яхшилик қилиш.

Хотиннинг ўз эрига яхшилик қилиши сирасига унинг ота-онасига ва бошқа қариндошларига яхшилик қилиши ҳам киради. Зотан, эрнинг уларга яхшилик қилиши шариатнинг талабидир. Ота-онага яхшилик қилиш ва қариндошларга силаи раҳм қилиш қанчалик аҳамиятга эга эканини ҳар бир мусулмон яхши билади.

Юқорида зикр қилинган ишлар хотиннинг ўз эри олдидаги шаръий бурчларидир. Бу бурчларни адо этиш ҳар бир муслима аёл учун шараф ва савобдир.

Аёлнинг эрига нисбатан риоя қиладиган одоблари:

1. Муслима аёл Аллоҳ таолога маъсият бўлмаган барча нарсада эрини рози қилишга ҳаракат қилади.

Умму Салама розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади:

«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Қай бир хотин ўлсаю, эри ундан рози бўлса, жаннатга киради», дедилар».

Термизий ва Ҳоким ривоят қилганлар.

2. Ҳаётдаги энг гўзал фазийлат қаноатдир. Рисоладаги хотин ўзини бу фазийлат билан зийнатламоғи даркор. Турли ҳою ҳавас деб, зеб-зийнат талаб қилиб, эрни қийин аҳволга солиш яхши эмас.

Аввалги момоларимиз ризқ-рўз топиш учун жўнаб кетаётган эрларига: «Ҳаром касб қилманг. Аллоҳдан қўрқинг. Биз очлик-ночорликка чидаймиз, лекин дўзахнинг азобига чидай олмаймиз», дер эканлар.

3. Эрга ихлос билан хизмат қилиш ҳам аёлларнинг юксак одобларидан биридир.

Улуғ имомлардан бири Жаъфар Содиқ раҳимаҳуллоҳ: «Бир солиҳа аёл эрига етти кун хизмат қилса, Аллоҳ унинг қаршисидаги дўзахнинг етти эшигини ёпиб, жаннатнинг саккиз эшигини очади», – деганлар.

4. Хотин оилада чиройли амалларга одатланмоғи лозим. Қуръон ўқиш, китоб мутолаа қилиш, ахборотлардан хабардор бўлиш, ҳақиқатни ҳимоя қилиш шулар жумласидандир. Чунки оқила ва маърифатли аёл ҳамиша эъзозда, эътиборда бўлади.

5. Уйнинг содда, саранжом-саришта бўлиши ҳам асосан хотин кишига боғлиқ. Уйнинг зийнати нақш-нигору аёлларда эмас, балки саришталик, тотувлик ва меҳр-муҳаббатда эканини ҳеч қачон унутмаслик керак.

6. Хотин киши эрининг виждонига айланиб, уни гуноҳдан, ёмон ишлардан қайтаради, савобга, яхши ишларга ундаб туради.

Бундай аёллар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Мўмин банда Аллоҳга бўлган иймондан сўнг эришган энг яхши нарса солиҳа хотиндир, унга қараса, хурсанд қилади ва Аллоҳнинг амрини бажаришда ёрдам беради», деб мақтаган аёллар қаторига кирадилар.

7. Солиҳа хотин енгиллик пайтида ҳам, оғирчилик пайтида ҳам эри учун энг яқин киши, дардкаш, маслаҳатчи бўлади. Уни сабр-чидамга даъват қилади, тушкун кунларида кўнглини чўктирмай, доимо олдинга интилишга ундайди.

8. Солиҳа аёл эрининг яқин ёрдамчиси, ишончли кишиси бўлиб, ҳамма нарсаларни тартибга солиб туради. Унинг қилмоқчи бўлган ишларига ҳурмат билан қараб, ваъда ва учрашувларини ўз вақтида ўтказишига ёрдам бериб боради. Бу ҳолат, албатта, эрни уйга боғлайди. Чунки у бу ерда роҳат-фароғат, ҳузур-ҳаловат топади.

9. Аёл киши эри ҳузурида ширинсухан, хушмуомала бўлиш билан бирга, тоза, чиройли кийинган, зийнатланган ҳолда бўлиши керак. Чунки бу нарса эр қалбига хурсандчилик, руҳига сокинлик киритади, қалбига қувонч бағишлайди.

10. Рисоладаги хотин эрининг олдида ҳам, ортидан ҳам обрўсини, молини сақлайди, шарафини муҳофаза қилади.

(тамом)

Муаллиф
Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф
Мавзуга оид мақолалар
Абу Бакр розияллоҳу анҳу Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламни кўргани келдилар. Шунда ичкаридан қизлари Оиша розияллоҳу анҳонинг Расулуллоҳга овозларини давоми...

2577 13:24 / 17 январь
islom.uz middot 68 ndash Фарзанд доимо отаонага ширин сўзларни айтиши вожибдир24. Фарзанднинг отаонага яхшилик қилиши турларидан бири уларга тавозуъ кўрсатиб, меҳрибонлик давоми...

2125 11:14 / 11.07.2020
Бу сабабни билиш учун имом Бухорий Оиша онамиз розияллоҳу анҳодан қилган ривоятни ўрганиш керак.Ўша хабар одамларга тарқалди. Улар, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи давоми...

2233 11:05 / 24.09.2019
.Таълийқ, сўзи .илиш, ва .боғлаш, маъноларини англатади. Талоқни бирор нарсага боғлаб қўйиш .талоқни таълийқ қилиш, ёки .муаъллақ талоқ, дейилади. Бунда талоқ давоми...

2139 11:00 / 11.03.2023