1446 йил 26 шаввол | 2025 йил 24 апрель, пайшанба
Минтақа:
Тошкент
ЎЗ UZ RU EN
Бахтиёр оила

Болага валийлик қилиш (иккинчи мақола)

19:40 / 14.02.2020 2611 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Валийлик уч хил бўлади:

1. Жонга валийлик.

Бунга моли йўқ ёш бола мисол бўлади. Бунда валий унга таълим беради, одоб беради ва вояга етганда никоҳлаб, оилали қилиб қўяди.

Ота‑она ва бошқа валийларнинг балоғатга етганларни, агар уларнинг ўзлари истамаса, никоҳга, талоққа мажбурлашга ва молини олишга ҳақлари йўқ.

2. Молга валийлик.

Бунда молни тасарруф қилишни билмайдиганларнинг молига қараб туриш учун валий бўлади.

Аллоҳ таоло «Нисо» сурасида шундай деб марҳамат қилади:

ﯔ ﯕ ﯖ ﯗ ﯘ ﯙ ﯚ ﯛ ﯜ ﯝ ﯞ ﯟ ﯠ ﯡ ﯢ ﯣ ﯤ

«Аллоҳ сизларга (ҳаёт) тиргаги қилиб қўйган молларингизни эси пастларга берманг. Уларни ўшандан ризқлантиринг, кийинтиринг ва уларга маъруф сўз айтинг» (5‑оят).

«Эси пастлар» мол-мулкни яхши тасарруф қила олмайдиган кишилар ва етимлардир.

Биз «эси паст» деб таржима қилаётган ибора арабчада «сафиҳ» дейилади. Кўплиги «суфаҳаау» бўлади. Бу сўз аслида енгиллик маъносини англатади. Шундан келиб чиқиб, эси пастларни «мол-мулк тасарруфига енгилтакларча муносабатда бўлувчилар» дейишимиз мумкин. Оятда зикр қилинаётган мол, аслида, ўша эси пастларнинг мулки, отасидан етим қолганларнинг ҳаққи. Аммо, улар мол тасарруфида эси паст бўлганлари, ундан оқилона фойдалана олмаганлари боисидан, етимларга валий бўлган шахсларга молни уларга бермаслик амр қилинмокда.

«Аллоҳ сизларга (ҳаёт) тиргаги қилиб қўйган молларингизни эси пастларга берманг».

Бу амрнинг баёнида «молларини» демасдан, «молларингизни» деб хитоб қилинишида ҳам катта ҳикмат бор. Қуръони Карим эси пастларнинг шахсий– хусусий молларига ҳам жамоатнинг моли деб қарамоқда. Демак, мусулмонлар қўлидаги мол-мулк айни вақтда мусулмон жамоасининг ҳам мол-мулки ҳисобланади. Ўша мол бекордан-бекорга совурилмаслигига жамоат ҳам жавобгардир. Чунки мол-мулк якка шахсларнинг ҳам, жамоаларнинг ҳам ҳаётида улкан қийматга эга. Шунинг учун ҳам уни Аллоҳ таоло ояти каримада «Аллоҳ сизларга (ҳаёт) тиргаги қилиб қўйган», деб таърифлаяпти.

Ҳа, бу дунёда мол-мулкка Ислом шундай назар билан қарайди. Ҳар бир мусулмон қўлидаги молнинг муҳофазасини таъминлайди. Агар эси пастларга топшириб қўйса, ўзимнинг молимни сарф қиляпманку, деб жамоатчиликни ҳам кўпгина яхшиликлардан маҳрум қилиши мумкин.

Ушбу ояти каримага амал қилиб, уламоларимиз «ҳажр» деб аталган қоидани ишлаб чиққанлар. Бу сўз луғавий жиҳатдан «қотириш» маъносини англатади. Амалда эса, эси пастларга, яъни молни яхши тасарруф қилишни билмайдиганларга ўз ҳолича молу мулк ишлатишни ман этишдир.

Ҳажр турли ҳолларда жорий қилинади. Мисол учун, етимнинг ёши кичик бўлса, унга ҳажр жорий қилинади. Чунки кичкина болалар ўзига мерос сифатида қолган молларни мустақил тасарруф қила олмайдилар, ҳаётни билмаслик оқибатида молни нотўғри сарф қилиб, ундан ажралиб қолишлари мумкин. Шунинг учун унинг моли уни оталиққа олган шахсга топширилади. Оталиққа олган киши эса, бу молни омонат билан сақлаб, етим вояга етганда – «эси пастлик»дан чиққанда ўзига қайтариб беради.

Шунингдек, мажнунлик туфайли ҳам ҳажр қилинади. Ўз-ўзидан маълумки, мажнун одам мол-мулкини зое қилади. Унинг моли ҳам омонат сифатида унга яқин кишилардан бирига топширилади. Аллоҳ шифо бериб, тузалиб қолса, яна ўзига қайтарилади.

Молни ҳажр қилишнинг сабабларидан яна бири уни ноўрин сарфлашдир. Ақлида ва динида нуқсони бор кишилар молни ноўрин сарфлайдиган бўлсалар, уларнинг моли ҳам ҳажр қилинади. Чунки улар ўзларининг «эси паст»ликлари билан нафақат ўз шахсларига, балки мусулмон жамоасига ҳам катта зарар келтирадилар.

Шариатимизда касодга учраганларнинг молини ҳажр қилиш ҳам бор. Бир одам бир қанча шахслардан қарз олган, уни қайтариб бермаяпти. Иложи йўқ. Қарз берувчилар қозига арз қилсалар, қози қарздорнинг молини ҳажр қилади, яъни молини ўзича сарфлашни унга ман қилиб қўяди. Унинг ҳисобига тушган молни қарз берганларга бўлиб бериб туришни жорий қилади.

Табиийки, ҳажр туфайли молларини олиб қўйиш мол эгаларига қаттиқ ботади. Бу ҳолни эътиборга олиб, оятнинг иккинчи ярмида:

«Уларни ўшандан ризқлантиринг, кийинтиринг ва уларга маъруф сўз айтинг», дейилмокда.

Шунга биноан, «эси пастлар»га уларнинг ҳажр қилинган молларидан еби-ичиш ва кийинишга, яъни кундалик ҳаётига сарфлаб турилади. Уларга яхши сўзлар айтилади, яъни тушунтириш олиб борилади. Ҳажр унга зулм эмас, кони фойда эканлиги баён қилинади.

3. Жонга ва молга валийлик.

Бунга етим ва бой болага валий бўлиш мисол бўлади. Бунда валий етимни тарбиялаб, ўстириш билан бирга, унинг молини муҳофаза қилишга ҳам масъул бўлади.

(Тамом)

«Бахтиёр оила» китобидан

Муаллиф
Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф
Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Бир йигит уйланиш ёшига етди. Онаси унга келин қидира бошлади. У ўғлига жуда кўп қизларни кўрсатди. Аммо ўғилга ҳеч бир қиз ёқмасди. Чунки, у очиқсочиқ кийинадиган давоми...

6563 13:30 / 20.07.2021
.Мискинга ва йўқсил йўлчи,нинг ҳаққини ҳам адо эт..Мискин, ndash ҳаёт ўтказишда моддий жиҳатдан қийналиб қолган камбағал одам..Йўқсил йўлчи, ndash ўз юртида бойбадавлат давоми...

1834 17:00 / 16.02.2021
Талоқнинг энг яхшиси жинсий алоқа бўлмаган покликда фақат бир талоқ қўймоқдир. Аслида талоқнинг яхшиси бўлмайди. Бу ердаги .яхши, сўзи талоқнинг турлари давоми...

1762 14:00 / 07.11.2022
Жума, икки ийд намози, эҳром ва Арафа учун ғусл суннатдир.Поклик дини бўлган Ислом мусулмонларни фақат вожиб ғусллар билан кифояланиб қолмасдан ғусл вожиб давоми...

4531 20:00 / 09.04.2019