1447 йил 15 жумадис сони | 2025 йил 06 декабрь, шанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Алданиб қолманг

Динни барпо қилинглар, унда тафриқага тушманглар (иккинчи мақола)

17:05 / 26.08.2019 2035 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Ислом давлати соясида яшаётган ғайридин киши учун бундан ҳам ортиқ кафолат бўлиши мумкинми?

Бу маънода Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг:

«Ким аҳли зиммадан бир кишини ўлдирса, Жаннатнинг ҳидини ҳам ҳидламайди. Албатта, унинг ҳиди етмиш йиллик масофадан келиб турар», деган (Насаий ривоят қилган) ва: «Ким бир аҳдлашган (ғайридийн) кишига зулм қилса ёки унинг ҳаққини поймол этса ёхуд уни тоқати етмайдиган нарсага мажбур қилса ёки ундан ўз розилигисиз бир нарса олса, Қиёмат куни мен ўша одамнинг хусуматчиси бўламан», деган (Абу Довуд ривоят қилган) ҳадисларининг ўзи кифоя қилади.

Айтилаётган маънолар қуруқ гап эмаслигининг исботи тарзида воқеъликдаги ҳужжат-далил ва мисолларга назар солайлик.

Набий алайҳиссалом Мадийнага ҳижрат қилганларидан сўнг у ердаги яҳудийлар билан аҳднома тузиб, тинч-тотув ва жамият манфаати учун ҳамкорликда яшаш асосларини белгилаб, унга амал қилиб яшадилар. Муҳаммад алайҳиссалом бошқа дин вакиллари билан шахсан яхши алоқада бўлар, уларга гўзал муомала қилар эдилар. Жумладан, уларга ҳадялар бериб, улар томонидан қилинган ҳадяларни қабул қилиб ҳам олар эдилар.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг бошқа дин вакиллари томонидан ҳадя қилинган кийимларни кийиб юрганликлари маълум ва машҳур. Бу кенгбағирлик баъзи ўзини билмаган кишилар томонидан суиистеъмол қилинганлиги ҳам маълум. Ул зот соллаллоҳу алайҳи васалламнинг бир яҳудий аёл заҳар солиб берган қўй гўштини еб, заҳарланганликлари ҳеч ким учун сир эмас.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Ҳабашистондан келган насроний меҳмонларни ўз масжидларига туширганлар ва «Улар бизнинг соҳибларимизни ҳурмат қилган эдилар. Мен уларни ўзим икром қилишни хуш кўраман», деб шахсан ўзлари уларга хизмат қилганлар.

Шунингдек, у зот соллаллоҳу алайҳи васаллам Нажрон насоролари гуруҳини ҳам ўз масжидларига туширганлар ва у ерда ибодатларини қилишга рухсат берганлар.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан кейин Ислом давлатига бошлиқ бўлган шахслар ҳам бошқа динлар вакилларига нисбатан бағрикенглик сиёсатини давом эттирганлар. Ҳазрати Умар Байтул Мақдисга келганларида у ердаги масийҳий динидаги аҳолининг шартларини қабул қилган ҳолда аҳднома тузганлар.

Ғайридинларга берилган кенглик, омонлик ва ҳуррият борасида зарбулмасал бўлган мазкур аҳдноманинг матни қуйидагича:

«Бисмиллаҳир Роҳманир роҳийм. Ушбу (аҳднома) Аллоҳнинг бандаси, амирул мўминин Умар томонидан Илиё аҳлига берилган омондир. Уларнинг жонларига ва молларига, канисалари ва бутларига, шаҳарнинг бемору соғ – барча миллатига омонлик берур. Уларнинг канисаларида биров истиқомат қилмас ва улар бузилмас. Уларга ва уларга тегишли жойларга, шунингдек, уларнинг бутларига ва молу мулкларидан ҳеч бир нарсага нуқсон етказилмас. Уларнинг бирортасига ҳеч ким қасдан зарар етказмас. Илиёда улар билан бирорта ҳам яҳудий бирга яшамас. Аҳли Илиё ҳам Аҳли Мадоин каби жизя ўтарлар. Улар у ердан румликлар ва ўғриларни чиқаришлари керак. Улардан ким бошқа томон чиқса, тинч жойига етиб олгунча жони ҳам, моли ҳам омонда бўлур. Ким туриб қолса, омонликдадир. У ҳам Аҳли Илиё мислича жизя ўтайди. Илиё аҳлидан жонини ва молини олиб, ибодатхонаси ва бутларини қолдириб, румликлар билан кетмоқчи бўлганларнинг ўзларига, ибодатхоналари ва бутларига тинч жойларига етиб олгунларича омонлик берилур. Фалончининг ўлдирилишигача ер эгаси бўлганлардан ким ўтириб қолишни хоҳласа, қолиб, аҳли Илиё каби жизя ўтасин. Хоҳлаганлар румликлар билан кетсин. Ким хоҳлаб, ўз аҳлига қайтиб келса, ҳосилни йиғиб олгунларича, улардан ҳеч нарса олинмайди. Ушбу ёзилганларга Аллоҳнинг аҳди, Унинг Расулининг, халифаларининг ва мўъминларнинг зиммаси бўлур. Агар аҳли Илиё ўзларига белгиланган жизяни ўтасалар.

Ушбуга Холид ибн Валид, Амр ибн Осс, Абдурроҳман ибн Авф, Муовия ибн Абу Суфён гувоҳ бўлдилар. Ўн бешинчи санада ёзиб, таҳрир қилинди».

Ҳазрати Умарга насороларнинг Патриархи ўша ернинг бош канисасида Аср намозини ўқиб олиш мумкинлигини айтган. Аммо ҳазрати Умар розияллоҳу анҳу: «Мен бу ерда намоз ўқисам, кейин бошқа мусулмонлар ҳам, «Умар намоз ўқиган жойда намоз ўқиймиз» дея, сизларни безовта қиладилар», деб у ерда намоз ўқимаганлар.

Мисрлик бир масийҳий аёл Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳуга Миср волийи Амр ибн Осс унинг ҳовлисини масжидга қўшиб олганлиги ҳақида шикоят қилади. Суриштирилганда, аёлнинг ҳовлисининг пули ортиқча нархи ила Байтул-молда тургани маълум бўлади. Шундай бўлса ҳам, ҳазрати Умар янги масжидни бузиб, масийҳий аёлга ҳовли-жойини тиклаб беришга амр қиладилар.

Бошқа томонларга кишиларни Исломга даъват қилиш учун борган фотиҳлар ҳам мазкур қоидаларга оғишмай амал қилар эдилар.

Миср, Сурия, Иордания, Эрон каби давлат-ларда Ислом 14 асрдан кўп муддат ҳукм сураётган бўлса ҳам туб аҳолининг Исломни қабул қилишни хоҳламаган қисми ҳозиргача ўз динида турганлиги Ислом динининг бошқа динларга нисбатан бағри кенглигидандир.

Ҳиндистон ва Ливан каби юртларда мусулмонлар узоқ вақт ҳукм юритганларига қарамай, озчиликни ташкил қилишлари эса фикримизни яна ҳам қувватлайди.

Шариатни яхши тушунган Ислом давлатларида турли вазифалар кишининг динига ёки мазҳабига қараб эмас, шахсий қобилиятига, вазифани бажариш савиясига қараб берилар эди.

(Давоми бор)

Муаллиф
Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф
Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Хулоса қилиб шуни айтиш мумкинки, ғарбликлар яхшилик қилиш ва эзгуликка бўлган рағбатларини йўқотган, соғлом тамойиллар ва асосларни зое қилган, қалблари тўғри давоми...

1405 11:27 / 20.08.2024
Христианлар учун муқаддас саналган Тавротда Одам Атога ейиши ман қилинган дарахт илм ва маърифат дарахти эди. Аллоҳ инсонга илму маърифатни раво кўрмагани учун давоми...

2853 11:02 / 06.09.2020
Эслатма Бу мақоладаги фикрлар мусулмон олимлари тарафидан эмас, балки ўзлари насроний бўлган инжилшунос олимлар тарафидан билдирилгандир. Китобни ўз қўли билан давоми...

3824 17:10 / 25.04.2019
Қадимдан беморларга қарайдиган, уларни даволашга уринадиган шахсларнинг масъулияти ҳақида тортишиб келинган.Кўпчилик ҳолатларда табибларнинг масъулиятига давоми...

2760 14:00 / 25.04.2021
Аудиолар

211095 11:58 / 10.10.2018
«Ҳилол» журнали
Китоблар

130353 14:35 / 11.08.2021