1446 йил 20 жумадис сони | 2024 йил 22 декабрь, якшанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Алданиб қолманг

Инжилшунос олим: Янги аҳднинг ярми сохта

17:10 / 25.04.2019 3322 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Эслатма: Бу мақоладаги фикрлар мусулмон олимлари тарафидан эмас, балки ўзлари насроний бўлган инжилшунос олимлар тарафидан билдирилгандир. “Китобни ўз қўли билан ёзиб, сўнгра уни арзон баҳога сотиш учун: «Бу Аллоҳнинг ҳузуридан», дейдиганларга ҳалокат бўлсин! Уларга қўллари билан ёзган нарсаларидан ҳалокат бўлсин! Уларга топган фойдаларидан ҳалокат бўлсин!” (Бақара сураси, 79-оят).

(CNN) – Зах ва совуқ зиндонда нимжон киши занжирбанд ҳолда ётарди. Бу маҳбус аввал бир неча бор ўлимдан қочиб қутулганди, аммо энди эса унинг қатл этилиши кундек равшан эди.

Мен ҳадемай бу дунёдан ўтиб кетаман, жоним Худога қурбон,” – дейди авлиё Павлус зиндондан туриб Тимўтийга ёзган иккинчи мактубида – “Мен улуғ курашда жанг қилдим, зиммамдаги вазифани охирига етказдим, Хушхабарга содиқ қолдим”.

Мана шу парча Янги Аҳднинг энг таассуротли саҳналаридан бири ҳисобланади. Янги Аҳднинг энг сермаҳсул муаллифларидан бири бўлган Павлус шу йўсинда ўзининг қатл этилишидан олдин Рим зиндонидан хайрлашмоқда. Унинг бу хайрлашув мактубининг аввалида ёлғизлик ҳиссиёти, сўнг итоатсизлик, ва, ниҳоят мактубнинг охирида эса қувонч ифодаланган.

Бироқ, бу ерда бир муаммо бор – мактубдаги бу сўзларни Павлуснинг ўзи ёзмаган. Ҳақиқат шуки, Янги Аҳддаги матнларнинг деярли ярми Павлус ва бошқа ҳаворийларнинг номларидан фойдаланилган ҳолда ёлғончилар тарафидан ёзилган. Бу каби қаллобликларни машҳур инжилшунос олим – Барт Д.Эрман (Bart D. Ehrman) ўзининг “Сохта” (Forged) номли китобида таъкидлаб ўтади.

Қадимги дунёда ёлғон орқали яхшиликларга эришиш мумкин деб ўйлайдиган кўплаб инсонлар учраб турган”, – дейди Эрман, қадимги Муқаддас Китоб қўлёзмалари бўйича мутахассис. Ўзининг “Сохта” номли китобида, Эрман шундай дейди:

* Янги Аҳд таркибидаги йигирма еттита китобдан камида ўн биттаси сохталаштирилган.

* Янги Аҳддаги Ийсонинг ҳаворийларига тегишли деб билинган китоблар ҳаворийлар томонидан ёзилган бўлиши мумкин эмас, чунки улар саводсиз бўлишган.

* Янги Аҳддаги бир қача сохталаштирилган асарлар дастлабки насроний раҳнамолар тарафидан ақидавий келишмовчиликларни бартараф этиш мақсадида ёзилгандир.
Ийсонинг ҳаворийлари “саводсиз деҳқонлар” эдими?

Эрманнинг бу китоби, худди унинг аввал ёзган китобларидек, турли эътирозларга сабаб бўлди. Янги Аҳд бўйича мутахассис Бен Уитерингтон (Ben Witherington) интернетда “Сохта” китобига атаб узундан-узоқ танқидлар ёзди.

Янги Аҳддаги барча китоблар, Бутруснинг иккинчи мактубидан ташқари, жуда оз сонли саводхон насронийларга бориб тақалади. Бу муаллифларнинг баъзилари Ийсо ва Павлуснинг ҳаётий шоҳидлари ҳам эди, дейди Уитерингтон.

Муаллиф ўзининг “Сохта” асарида, шуниндек, насронийликнинг илк йилларида диний ҳужжатларни тўплаб ёзишда бу каби матнларнинг муҳим ўрин эгаллаганига етарлича баҳо бермаган, дейди Уитерингтон.
Тимўтийга иккинчи мактубни Павлуснинг ўзи ёзмаган бўлса ҳам, у хаттотга айтиб турган, у эса келажак авлуд учун ёзиб қолган бўлиши мумкин, дейди у.
Агарда Павлуснинг фикрларини биладиган ишончли бир ҳамфикр ёки касбдоши бўлса, ўша одам Павлуснинг зиндондаги сўнгги васиятини эшитиб қолган бўлиши қадимги даврларда мумкин бўлган,” – дейди у. “Бу фирибгарлик эмас. Бу ўлаётган одамнинг сўнгги васияти ва гувоҳлигидир”.
Эрман Павлуснинг мактубларинигина танқид қилиш билан чекланиб қолмади. У Матфей, Марк ва Юҳанно инжилларининг ҳам ҳақиқийлигига шубҳа билдирди. У бу китобарнинг бирортаси Ийсонинг шундай исмли ҳаворийлари тарафидан ёзилмаганини айтиб, бунга иккита сабабни келтирди.
Унинг айтишича, аввалги инжилларнинг бирортаси бундай номланмаган ва ҳозирги исмлар бу китобларга вақт ўтиб хаттотлар тарафидан берилган.
Эрман, шунингдек, Ийсонинг иккита ҳақиқий ҳаворийлари, Юҳанно ва Бутрус, Янги Аҳддаги ўз номлари билан аталувчи китобларни ёзган бўлиши мумкин эмас, чунки улар саводсиз бўлганлар, дейди.

Ҳаворийлар 4:13 да битилганидек, Бутрус ва унинг ҳамроҳи балиқчи Юҳанно иккиси, agrammatoi, яъни “саводсиз” ёки “оми” бўлган”, – деб ёзади у.

Ҳақиқий Павус бирор нарса ёзганми?

Эрман тадқиқотларини, асосан Янги Аҳднинг кўп қисмини ташкил этган Павлуснинг ёзишмаларига бағишлаган бўлиб, унинг айтишича, Павлусга тегишлилиги айтилган ўн учта мактубнинг еттитасигина ҳақиқатдан у тарафидан ёзилган.

“Павлуснинг қолган асарлари сохта мактублардир”, дейди Эрман. Унинг далили: матнлардаги сўз ва услубнинг уйқашмаслиги, ҳамда уларда келтирилган таълимотдаги қўпол қарама-қаршиликлардир.

“Мисол учун, Эфесликларга битилган мактуб Павлуснинг ўзига хос юнонча ёзиш услубига мос келмайди”, – дейди Эрман. Унинг айтишича, Павлус қисқа-қисқа жумлалар билан ёзган, Эфесликларга ёзилган мактуб эса узундан-узоқ юнонча жумлалардан ташкил топган (мактубнинг бошида унинг Эфесликларга билдирган ташаккур изҳори ўн икки байтгача чўзилган узун жумладан иборат, дейди у).

Юнончада жуда узун жумла қуриш муаммо эмас; шунчаки Павлус бундай услубда ёзмаган. Бу худди Марк Твен ва Уиллиам Фолкнерга ўхшайди; ҳар иккиси ҳам чиройли ёзган, аммо уларнинг услубини ажратиб олиш қийин эмас,” – деб ёзади Эрман.

Олим Коринфликларга ёзилган биринчи мактубдаги машҳур парчани эслаб, унда Павелнинг “...черковларда аёллар сукут сақласин. Ахир, уларга гапириш учун ижозат берилмаган. Агар улар бирор нарсани билмоқчи бўлсалар, уйда ўз эрларидан сўрасинлар” – деб айтганини ёзади.
Айни китобнинг атиги уч боб тепароғида эса, Павлус черковда аёлларни бошига нарса ўраб ибодат қилиш ва Худонинг сўзини гапиришга ундамоқда. Эрман айтади: “11-бобда аёлларга гапиришга рухсат берилган бўлса, қандай қилиб 14-бобда уларга тақиқланиши мумкин?
Одамлар нимага сохта мактублар ёзган?

Сохтакашлар дастлабки жамоатлардаги келишмовчиликларни бартараф қилиш учун шундай қилишган, деб ёзади Эрман. Аввалги жамоатлар ўзаро низоларга чўмган эди – одамлар аёллар борасида, раҳнамолик, хожа ва қул ўрнасидаги муносабатлар ҳақида талашиб тортишардилар, дейди у.
Турли насроний фирқалар ўртасида нимага ишониш кераклиги борасида баҳслар бўлар, ҳар бир тараф ўз қарашларини исботлаш учун кучли далилга муҳтож эдилар,” дейди у. “Агар сиз жамоатда ном чиқариб улгурмаган бўлсангиз, рисолангизга ўз номингизни эмас, балки Бутрус ёки Юҳанно номини ёзиб қўяр эдингиз”.

Шу йўсинда, ўзининг Бутрус ва Юҳанно эканлигини ёхуд Ийсони танийман деб даъво қилаётган бошқа одамлар ҳам, ўз китобларини одамларга шундай ўтказганлар. Эрман черковнинг илк тўрт асри давомида Ийсонинг яқин кишилари номи билан аталган 100 дан ортиқ сохта асарлар ёзилганини тахмин қилади.

Танқидчи Уитерингтон ҳам сохта ва уйдирма китоблар илк насроний жамоалари орасида тарқалиб кетганини қабул қилади. Аммо, у Бутрус балиқчи эди, шунинг учун у саводсиз бўлган каби фикрларни қабул қилмайди.

“Балиқчи савдо-сотиқ қилади. Қандай қилиб? Ёзиш, келишиш ва имзолаш каби ҳаракатлар орқали”, – деди у суҳбатларнинг бирида.
Уитерингтон одамлар Эрманнинг китобига мойил бўлишини, чунки медиа шов-шувларни ёқтиришини ҳам айтиб ўтди.

Албатта, Эрманнинг эса бу борада ўз қарашлари бор.
“Сохта” асари инсонлар кўп вақт давомида ўзларини тараддудланиб юрган фиркларни қабул қилишларига ёрдам беради”, – дейди муаллиф.
Янги Аҳд худо тарафидан ёзилмаган, балки китоб бошдан оёқ одамлар тарафидан ўз қўллари билан ёзилиб, сўнг худодан деб даъво қилинган, дейди у.

Мен бу китобларни ташлаб юборишни ёки улар сариқ чақага арзимас деб даъво қилаётганим йўқ,” – дейди Эрман. “Мен ундаги шунча кўп сохта асарлар борлиги унинг одамзод тарафидан ёзилгани ҳамда муаллифларнинг баъзилари, ҳатто ўзининг кимлиги ҳақида ёлғон маълумот берганини кўрсатмоқчиман, холос”.

Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Биз мусулмонлар Аллоҳ таоло Ийсо алайҳиссаломга Инжил нозил қилганига иймон келтирамиз. Бусиз иймонимиз бутун бўлмайди. Лекин ўша илоҳий китобнинг ўзи ҳозир йўқ. давоми...

5552 13:50 / 11.12.2018
Имом Ғаззолий фалсафанинг энг катта хатоларидан бири ғайб олами ndash метафизика ҳақидаги тортишувлар эканини очиқойдин айтдилар. Бу фикрнинг тўғрилигини исботлаш давоми...

1697 18:42 / 29 февраль
Ҳар бир нарса ўзидан бошқа нарсага муҳтожлигини ҳаммамиз яхши биламиз. Ҳар бир одам ўзининг ва ўзига ўхшаган одамларнинг нимага муҳтожлигини ва нимага муҳтож давоми...

1104 14:09 / 11 июль
Аллоҳ таолога шукр қилиш кучли мўминнинг сифатларидан саналади. Банданинг шукр қилиши ndash унинг бахтлилигидан, ички хотиржамлигидан, кўнглида кири йўқлигидан, давоми...

1319 14:05 / 21 июнь