1447 йил 22 жумадис сони | 2025 йил 13 декабрь, шанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Силаи раҳм

Ҳиммат қилайлик!

17:00 / 19.06.2022 3801 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Сиз пулингиз озлигидан, машинангиз оддийлигидан, уйингиз торлигидан шикоят қилаётган бўлсангиз, баъзиларда озгина пул, машина, уй бўлмаслиги мумкин.

Қўлингизда оз бўлса ҳам молу давлат бўла туриб, ношукрлик қилманг! "Йўқ, йўқ" деб шикоят қилманг! Фаришталар "омин" дейишса, ростдан ҳам йўқ бўлиб қолади. "Менда 100 минг сўм бўлса ҳам бор, 50 минг сўми борлар қанча. Ўшалар жим юрибди-ку, дод-вой қилмаяпти-ку" денг.

Аллоҳ таоло Қуръони Каримда шундай деб мараҳамат қилган:

وَإِذْ تَأَذَّنَ رَبُّكُمْ لَئِن شَكَرْتُمْ لَأَزِيدَنَّكُمْ ۖ وَلَئِن كَفَرْتُمْ إِنَّ عَذَابِي لَشَدِيدٌ

Ва Роббингизнинг «Қасамки, агар шукр қилсангиз, албатта, сизга зиёда қилурман. Агар куфр келтирсангиз, албатта, азобим шиддатлидир», – деб эълон қилганини ҳам эсланг» (Иброҳим сураси, 7-оят)

Инсон борига шукр қилса, ўша борига яна қўшилиб, зиёда бўлади. Агар ношукрлик қилса, боридан ҳам айрилади ва азобга гирифтор бўлади.

Унутманг! Фақирлар фақат Рамазонда эмас, кейин ҳам топилади. Садақа қилингани учун савоб Рамазондан кейин ҳам берилади. Динимиздаги инфоқ, эҳсон, садақага бўлган тарғиб Рамазон ойидан кейин ҳам амалдадир.

Фақирга ёрдам қўлини чўзсак, фақирнинг ҳам, бизнинг ҳам Роббимиз бўлган Раззоқ бизга ёрдамини ато этади.

Садақа сўзи "тасдиқловчи" деганидир. Нимани тасдиқлайди? Сизнинг охиратга бўлган иймонингизни тасдиқлайди. Сизнинг "Мен бу фақирга 10 минг сўм беряпман. Аллоҳ насиб этса, бунинг савобини 10 баробардан 700 баробаргача кўпайтирилган ҳолда охиратда оламан" деган ишончингиз, иймонингизни тасдиқлайди!

Азизлар, атрофимизга бир назар солайлик! Ён қўшнимиз нонушта, тушлик ва кечки овқатда нима еяпти? Биз каби таом еяптими ёки бир бурда нон, гўштсиз шўрва билан кун кечиряптими? Унинг ҳам дастурхони бизникига ўхшаб тўлиб турибдими ёки фақирона дастурхон атрофида ўтирибдими?

Қариндошларимиз орасида қийналганлар йўқмикин? Бундан хабаримиз борми ёки ишимиздан ортмай, кимнинг қандай шароитда яшаётганидан бехабармизми?

Савоблар кўпайтириб бериладиган ойдамиз. Келинг, озгина ҳиммат қилайлик! Ишонинг, ҳамёнингиздан кетган пул сизнинг бойлигингизни ҳеч қачон озайтирмайди. Аслида бойлигингизга бойлик қўшилишига сабаб бўладигани айнан ўша пулдир!

Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам "Садақа бериш туфайли банданинг моли асло камайиб қолмайди!" деганлар. Бу гапни ҳавои нафсидан сўзламайдиган, ҳар бир гапи Аллоҳнинг ваҳийси, кўрсатмаси билан бўладиган зот айтганлар.

Аллоҳ таоло гуноҳларимизни кечирсин! Садақаларимизни қабул айласин! Ҳимматимизга ҳиммат қўшсин! Қўшниларимиз ва қариндошларимиз, умуман, барча диндошларимиз бизнинг мурувватимиздан, саховатимиздан хурсанд бўлишсин! Ўзимиз эса охиратда улкан савоблардан шод бўлайлик!

Нозимжон Ҳошимжон

Муаллиф
Нозимжон Ҳошимжон
Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
. Отанинг вафотидан кейин унинг яқинларига силаи раҳм қилиш Собитдан ривоят қилинади .Умар ибн Хаттоб .Ким отасига унинг ўлимидан кейин силаи раҳм давоми...

1570 15:58 / 23 январь
. . . . . Ато ибн Зуҳайр ибн Асбағ Омирий отасидан ривоят қилади .Абдуллоҳ ибн Амрга .Менга раҳмнинг хабарини бер,, дедим. .Аллоҳ давоми...

1170 13:44 / 08 октябрь
Отангизнинг сирларини асло бировларга айтманг. Ҳар бир оиланинг ўзига яраша сири бўлади. У ташқаридан бировга билдирилмайди. Ҳар қандай вазиятда ҳам оилангиздаги давоми...

1643 12:15 / 19 июль
Ҳозирги кунда кўпчилик ёшлар ўзи ёқтирган машҳурларнинг ҳаётини қизиқиб ўрганади. Масалан, спортчи ёки машҳур қўшиқчиларни қачон, қаерда туғилгани, нима овқатни давоми...

1252 14:19 / 28 октябрь
Аудиолар

213124 11:58 / 10.10.2018
«Ҳилол» журнали
Китоблар

132346 14:35 / 11.08.2021