1446 йил 20 жумадис сони | 2024 йил 22 декабрь, якшанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Мақолалар

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Ийдул Азҳо кунида

20:51 / 30.07.2020 2893 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Араблар Қурбон ҳайитини «Ийдул Азҳо», Рамазон ҳайитини эса «Ийдул Фитр» деб аташади.

Аслида «ийд» сўзи луғатда «қайтиш» деган маънони англатади. Ушбу икки байрам йил давомида қайтиб келиб такорланавергани учун ҳам шундай аталган.

Аллоҳ таоло мусулмонлар учун шавволнинг биринчи ва зулҳижжанинг ўнинчи кунини хос байрам қилиб берди.

Анас розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

“Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам Мадинага келганларида уларнинг ўйин-кулги қиладиган икки кунлари бор эди. «Бу икки кун қандай кун?» деб сўрадилар. «Жоҳилиятда ўйнайдиган кунимиз эди», дейишди. Шунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Албатта, Аллоҳ сизларга у иккиси ўрнига улардан кўра яхши Азҳо ва Фитр кунларини берди», дедилар”.

«Сунан» эгалари ривоят қилишган.

Қурбон ҳайитига байрам сифатида ундан кейинги «ташриқ кунлари» деб аталувчи уч кун ҳам қўшилади.

Уқба ибн Омир розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

“Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Арафа куни, қурбонлик куни ва ташриқ кунлари биз аҳли Исломнинг байрамимиздир. У кунлар еб-ичиш кунларидир», дедилар”.

«Сунан» эгалари ривоят қилишган.

Кўпчиликда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ушбу байрам кунларини қандай ўтказганлар, деган савол туғилиши мумкин.

Қуйида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг Ийдул Азҳо - Қурбон ҳайити куни қилган 10 та амалларини эътиборингизга ҳавола қиламиз:

1. Қурбон ҳайити куни Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ғусл қилар эдилар.

Ибн Аббос розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинади:

«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Рамазон ҳайити куни ва Қурбон ҳайити куни (албатта) ғусл қилар эдилар».

(Ибн Можа ривоят қилган).

2. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Қурбон ҳайитида қурбонлик қилишдан олдин ҳеч нарса емасдилар.

Бурайда розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам Фитр куни таомлангунларича (фитр намозига) чиқмас эдилар ва Қурбонлик куни намоз ўқигунларича таомланмас эдилар».

(Термизий ривояти).

3. Масжидга пиёда чиқар эдилар.

Абу Рофеъ розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам икки ҳайит намозига пиёда чиқар эдилар».

(Ибн Можа ривоят қилган).

4. Ҳайит намозига ёш болалар билан бирга ҳам чиқар эдилар.

Абдуллоҳ ибн Аббос розияллоҳу анҳумодан: «Мен Фитр ёки Қурбонлик куни Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам билан бирга (намозга) чиқдим», деган ҳадис ривоят қилинган. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам вафот этган пайтда Ибн Аббос розияллоҳу анҳумо ҳали ёш бола эдилар.

5. Масжидга кетишда таҳлил ва такбирни овоз чиқариб айтиб борар эдилар.

Ибн Умар розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинади:

«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам икки ҳайитда масжиддан чиқар эдилар ва то намозгоҳга боргунларича такбир айтар эдилар».

(Ҳоким «Мустадрак»да ривоят қилган).

6. Иккала ийд намозидан олдин ҳам бирорта нафл намоз ўқимас эдилар.

Абу Саъид Худрий розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳайит намозидан олдин ҳеч нарса ўқимас эдилар, манзилларига қайтганларида икки ракъат намоз ўқир эдилар».

(Ибн Можа ривоят қилган).

7. Хутбани жумадан фарқли равишда намоздан кейин қилар эдилар.

Ибн Аббос розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинади:

«Мен Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам билан ҳам, Абу Бакр, Умар ва Усмон розияллоҳу анҳулар билан ҳам ҳайит намози ўқиганман, барчалари ҳайит намозини хутбадан олдин ўқир эдилар».

(Бухорий ривоят қилган).

8. Хутбалар пайтида одамларга ваъз-насиҳат қилиш билан бирга уларни вазифаларга тайинлар, баъзи масалаларни ҳал этардилар.

Абу Саъид Худрий розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

“Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Фитр ва Қурбонлик кунлари намозгоҳга чиқар эдилар. Аввал бошлайдиган ишлари намоз ўқиш бўларди. Сўнгра бурилар ва одамлар билан юзма-юз турар эдилар. Кишилар саф-саф бўлиб ўтиришарди. Уларга ваъз-насиҳат қилиб, (туғри йулга) буюрар эдилар.

Агар бирор жойга юбориладиган кишиларни ажратмоқчи бўлсалар, ажратар эдилар ёки бирор нарсага буюрмоқчи бўлсалар, буюрар эдилар. Сўнгра ортга қайтар эдилар”.
(Бухорий ривоят қилган).

9. Намозгоҳга бир йўлдан бориб, бошқа йўлдан қайтар эдилар.

Жобир розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳайит куни (бориш ва қайтиш) йўлларини бошқа-бошқа қилар эдилар».
(Бухорий ривоят қилган).

10. Қурбонликни ҳайит намозидан сўнг қилар ва бошқаларни ҳам шундай қилишга буюрар эдилар.

Баро ибн Озиб розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
“Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Ким намоздан олдин курбонлик қилса, у ўзига қўй сўйибди. Ким намоздан кейин сўйса, курбонлигини мукаммал қилибди ва мусулмонларнинг суннатини топибди», дедилар”.
(Бухорий ва Муслим ривоят қилишган).

Бу Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг Қурбон ҳайитига оид суннатларидан қисқача намуна эди.

Аллоҳ таоло ҳар биримизни барча ишда ул зот соллаллоҳу алайҳи васалламга эгашувчи инсонлардан қилсин!


Шамсиддин Садриддин

Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Милодий 778 йилда Қуртубада Толун ибн Абдулжаббор Муъофирий роҳимаҳуллоҳ дунёга келди. Ўз замонида у Моликий мазҳабининг имоми, олим, обид эди. У Ҳакам ибн Ҳишомни давоми...

1859 10:34 / 19.05.2020
Иброҳим ибн Адҳам бир ғамгин кишини кўриб, .Биродар, мен сиздан учта савол сўрайман, жавоб берасиз,, деди. У рози бўлди. Иброҳим ибн Адҳам сўради ndash Бу дунёда давоми...

1371 08:00 / 10.12.2020
Бугунги кунга келиб таълим олиш жойи бўлмиш университетларга ўқиш учун ҳар қачонгиданда кўра талаб юқорилаб бораётганини бутун дунё бўйлаб кўриш қийин эмас. давоми...

2125 14:00 / 01.07.2022
Франция ва бутун Оврўпанинг тарих чархпалагини остинустун қилиб юборган император Наполеон Бонапарт ҳақида бугунгача юзлаб китоблар ёзилган. Уларда давоми...

6792 20:03 / 16.12.2018