1447 йил 26 ражаб | 2026 йил 15 январь, пайшанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Мақолалар

Рўзадорнинг дуоси албатта ижобат бўлади

22:00 / 09.08.2019 2740 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Абу Қатода розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:‎

‎«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: ‎«Аллоҳдан умид қиламанки, Арафа кунининг рўзаси ундан ‎олдинги йилни ва ундан кейинги йилни каффорат қилур», дедилар». ‎

Бешовларидан фақат Бухорий ривоят қилмаган.‎

Шарҳ: Бу, албатта, ҳажга бормаган кишилар учундир. Демак, ҳажга ‎бормаганлар Арафа кунининг рўзасини тутсалар, улкан фазлга эга ‎бўладилар.‎

Ибн Аббос розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинади:‎

‎«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам Арафада оғизлари очиқ ‎бўлди. Умму Фазл у зотга сут юборган эди, ичдилар». ‎

Тўртовлари ривоят қилганлар.‎

Шарҳ: Ривоятда номлари келган Умму Фазл ровий Абдуллоҳ ибн ‎Аббоснинг ўгай оналари, ҳазрати Аббос ибн Абдулмутталибнинг ‎хотинларидир.‎

Мазкур ҳодиса ҳажда бўлиб ўтган. Кишилар ичида Расулуллоҳ ‎соллаллоҳу алайҳи васаллам рўза тутган ёки тутмаганлари ҳақида ‎ихтилоф чиққан. Шунда кўпчилик қатори Арафага чиққан Умму Фазл ‎розияллоҳу анҳо у зот соллаллоҳу алайҳи васалламга бир идишда сут ‎юборадилар. Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам у сутни ичадилар. ‎Шунда у зотнинг Арафа куни Арафотда туриб, рўза тутмаганлари ‎ҳаммага аён бўлади.‎

‎«Ибн Умар розияллоҳу анҳудан Арафа куни рўзаси ҳақида ‎сўралди. Бас, у киши:‎ «Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам, Абу Бакр, Умар ва ‎Усмонлар билан бирга ҳаж қилдим. Улар арафа куни рўза ‎тутмадилар. Мен ҳам у куни рўза тутмайман, уни тутишни амр ҳам ‎қилмайман, ундан наҳий ҳам қилмайман», дедилар». ‎

Насоий ва Термизий ҳасан санад билан ривоят қилганлар.‎

Шарҳ: Ҳазрати Абдуллоҳ ибн Умар розияллоҳу анҳу ҳам ҳажда юрган ‎кишининг Арафа куни рўза тутмаслиги ҳақида гапирмоқдалар.‎

Ўрганган ҳадисларимиздан хулоса шуки, ҳаж қилмаган одам Арафа ‎куни рўза тутгани, ҳаж қилган одам эса тутмагани афзал.

Арафа куни нималарни қилмоғимиз лозим, деб ўйлайсизми? Ундай бўлса қуйидагиларни тавсия қиламиз:

1. Арафа кечаси (ёлғон арафа куни) барвақт ухланг!

2. Эртаси куни саҳарлик қилиш учун саҳарда туринг!

3. Ҳеч йўқ 4 ракат таҳажжуд намозини ўқинг! Бошингизни саждага қўйиб, дунё ва охират яхшилигини сўранг! Шундай кунларга етказганига ҳамдлар айтинг!

4. Бомдод вақти киргунча «Саҳарларда Аллоҳга истиғфор айтадиган кишилар» (Оли Имрон сураси, 18-оят) дан бўлиш учун истиғфор билан машғул бўлинг!

5. Бомдод азонидан беш дақиқа олдин сиз намозга тайёр бўлинг! Тасаввур қилинг, таҳоратингизнинг охири томчиси билан таҳорат аъзоларингизнинг барчасидан гуноҳларингиз оқиб тушиб кетяпди.

6. Таҳоратдан сўнг айтиладиган дуони айтинг!

7. Бомдодни ўқинг! Саломдан кейиноқ такбири ташриқни айтинг!

8. Сўнг жойнамозда қуёш чиққунга қадар Қуръон, тонгги дуолар, зикрлар билан машғул бўлинг! Кун чиқиб 15 дақиқа ўтгандан сўнг...

9. Ҳаж ва Умра савоби ёзилиши учун Шуруқ намозини ўқинг!

10. Сизни энди танлаш ҳуқуқингиз бор. Агар ухламасдан шу кунни ўтказа олсангиз, ухламанг! Ҳар сониянгизни ғанимат билиб зикр, дуолар қилинг. Ва ижобатига ишонинг!

11. Ёки Аллоҳга ибодат қилиш учун куч тўплаш нияти ила бир соат ухлаб дам олинг!

12. Сўнг, уйғониб таҳорат олинг! Энг ози тўрт ракат Зуҳо намозини ўқинг! Такбир, зикр, тиловатни, айниқса: «Лаа илаҳа иллаллоҳу Ваҳдаҳу лаа шарийка лаҳ, Лаҳул мулку ва лаҳул ҳамду ва Ҳува аъла кулли шайъин Қодийр» ни кўпайтиринг!

13. Пешин намозини ўқинг! Такбир айтинг! Қуръондан бироз тиловат қилинг!

14. Арафа хутбасини жон қулоғингиз билан эшитинг.

15. Асрни ўқинг. Такбир айтиб кечқурунги зикр, дуоларни қилинг.

16. Шом намозига бир соат қолганда, Қуръон ўқишни бошланг! Хушуъ ила дуолар қилинг! Дунёда заиф, ночор қолган мусулмон ака-ука, опа-сингилларингиз ҳақларига ҳам дуо қилишни унутманг!

17. «Эй, Роббим, шу куннинг қуёши ботар экан, мени жаҳаннамдан озод бўлиб, жаннатинг ёзилган бандаларинг қаторига ёзгин», деб дуо қилинг!

18. Аллоҳ сизни солиҳ амалларга муваффақ айласин! Дуоларингиз қабул бўлишини биз ҳам сўраб қоламиз!

19. Шомга азон айтилди. Ифтор қилишни бошланг! Ундан олдин кўп дуо қилинг! Ёдингизда бўлсин, рўзадорнинг дуоси албатта ижобат бўлади.

Аллоҳ таоло қилаётган ибодатларимиздан рози бўлсин!

«Ҳадис ва ҳаёт» китоби асосида тайёрланди

Муаллиф
Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф
Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Замъа ибн Солиҳ айтади .Бану Умайялик бир бой киши Абу Ҳозимдан ўз эҳтиёжларини айтишни илтимос қилиб, мактуб юборди. Унинг мақсади Абу Ҳозим бирор нарсага муҳтож давоми...

2377 07:10 / 03.05.2019
Ўлим фариштаси Азроилга тайёргарликсиз йўлиқмайлик Аллоҳ таоло шундай марҳамат қилади Парвардигорингизни ичингизда ёлвориб, қўрқиб, дилдан эртаю кеч ёд қилинг давоми...

5975 09:00 / 05.07.2022
Одоб масаласи Исломда ўта муҳим ўрин тутади. Чунки Аллоҳ таолога қурбат ҳосил қилишда одобнинг ўрни жуда муҳим. Беодоблик барча нарсани, жумладан, амални ҳам, давоми...

3890 09:05 / 19.06.2022
Ақоид илмининг машҳур намояндаларидан бўлган улуғ ватандошимиз Умар Насафий раҳматуллоҳи алайҳи ўзининг .Ақоиди Насафия, номли китобининг муқаддимасида давоми...

2108 13:00 / 23.06.2019