1446 йил 20 жумадис сони | 2024 йил 22 декабрь, якшанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Мақолалар

«Е» моддаси ҳақида

11:08 / 27.03.2020 13035 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Савол:

Маргарин, шоколад ва бошқа баъзи бир озиқ-овқат маҳсулотларининг ёрлиқ қоғозида унинг таркибида Е-322 моддаси борлиги ёзилади. Баъзиларнинг айтишига қараганда, бу чўчқа ёғи экан. Чиндан ҳам шундайми? Шунингдек, бизга номаълум бўлган мана шундай маҳсулотларнинг ҳалол эканлигига қандай ишонч ҳосил қилиш мумкин?

Жавоб: Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм

Албатта, бу ҳозирги кунда кўп такрорланадиган саволлардан ҳисобланади. Фақат Е-322 эмас, балки шунга ўхшаган белги билан ишора қилинган кўпгина моддалар бор. Ана ўша моддалар озиқ-овқат маҳсулотларини маълум бир савияда ушлаб турадиган ёки қандайдир бир бошқа вазифаларни бажарадиган моддалар бўлади. Улар битта чўчқа ёғидан иборат эмас, балки бир неча қоришма нарсалардан ташкил топган «желатин» ё шунга ўхшаган турли моддалар ҳисобланади. Уларнинг ичига чўчқа ёғи қўшилган бўлиши мумкин ёки таркибида кўпроқ ҳайвонларнинг суяклари, жумладан, чўчқанинг суяги ҳам бўлиши мумкин.

Бу масала аввал бўлмаганлиги учун эски китобларда унинг жавобини топа олмаймиз. Лекин ҳозирги замон уламолари бу масалаларни пухта, ниҳоятда диққат билан ўрганишган. Улар мазкур озиқ-овқат маҳсулотларини тайёрлайдиган кишилар, ўша соҳа мутахассислари билан ўтириб, ушбу маҳсулотларнинг таркибларини ўрганиб чиқишган ва ўз хулосаларини айтишган.

Бу масала бизнинг диёримизда, халқимизнинг орасида энди-энди суриштириб борилаётгани, мўмин-мусулмонлар бунга қизиқиб, ҳукмини ўрганишга интилаётганлари сабабли, мазкур масалага батафсил тўхтаб ўтмоқчимиз ва бунда асосан Ислом Фиқҳи академиялари, тиббий илмлар бўйича Ислом ташкилоти уламолари ва бугунги кунимизда кўзга кўринган фақиҳларнинг чуқур таҳлил қилиб, ўрганиб чиққандан кейинги хулосаларини сизларга етказишга ҳаракат қиламиз.

Юқорида зикр этилганга ўхшаш савол бошқа уламоларга ҳам берилган. Бизга берилган саволда Е-322 дейилган бўлса, бошқаларда, мисол учун, «Мусулмон озчиликлар фиқҳи» деб номланган китобдаги саволда Е-422, Е-553 деб рамз қилинган моддалар ҳақида сўралади. Унда ҳам бизнинг саволимиздаги каби «Мана шу моддалар ичига аралаштирилган озиқ-овқат маҳсулотларини еса бўладими, бизга айтилишича, ана шу нарсаларнинг асли чўчқанинг ёғи ёки суягидан эмиш?» деган саволлар берилган.

Жавобда айтиляптики, ана шу рақамланган моддаларнинг ҳаммаси ҳам асли чўчқанинг суягидан ёки ёғидан бўлавермайди. Баъзида ўша нарсаларсиз қилинган ҳолатлар ҳам бор. Лекин ҳаром нарсадан қилинган фаразни эътиборга олсак ҳам, фуқаҳоларнинг барчалари қарор қилишганки, «Агар нажас нарса бошқа нарсаларга аралашиб, йўқ бўлиб кетса, унинг ҳукми ҳам ўзгаради».

Мисол учун, мусаллас, яъни маст қилувчи ичимлик жойида турган ҳолида маст қилувчи ичимлик ҳолидан ўтиб, сиркага айланиб қолса, ҳалол бўлади. Аммо ўша маст қилувчи ичимликни атайлаб сиркага айлантириш уни ҳалол қилмайди. Ёки нажосат нарса куйиб кул бўлса, унинг ҳам ҳукми ўзгаради – покка айланади.

Шунингдек, нажосат нарса тузнинг ичига тушиб, туз уни еб юборса, унинг ҳам ҳукми ўзгаради. Мисол учун, бир ҳайвон, хоҳ у ит бўлсин ёки чўчқа бўлсин, туз конига қулаб тушган бўлса-ю, туз уни тамоман еб юборса, унинг итлик ёки чўчқалик хусусияти бутунлай йўқолади, у умуман вужудда бўлмай, йўққа айланиб кетади. Энди ўша ерда тузнинг ўзи қолади, яъни ҳайвоннинг сифати ўзгариб, унинг исми ҳам қолмайди, ўзгаради. Шунга биноан, унинг ҳукми ҳам ўзгариб, нажосатдан покликка айланади.

Мана шу гаплардан хулоса чиқариб айтамизки, биз бундай ҳолатларда нарсаларнинг аслига қараб ҳукм чиқармаймиз, чунки маст қилувчи ичимликнинг асли ўзи узумдан ёки шунга ўхшаган ва шариатда рухсат берилган мубоҳ нарсалардан бўлади. Лекин ўша узум, ёки буғдой, ёки бошқа бир нарса ишлов бериш оқибатида узумлик, буғдойлик ҳолини ўзгартириб, маст қилувчи ичимликка айланади. Ана шу пайтда «бунинг асли узум эди, ичса бўлаверади», демаймиз. Чунки қаршимизда турган ҳолига қараб ҳукм чиқарамиз: «Бу узум эди, ҳозир хамрга – ароққа айланибди, ҳаром бўлди», деймиз. Ароққа айланиб турган ана шу нарса маълум бир муддат ўтиб, ўзгариб, сиркага айланиб қолса, «Бу асли ароқ эди, энди сирка бўлибди, ишлатмаймиз», демаймиз, балки: «Бу сирка, буни ишлатиш ҳалол, ўзи покдир» деган ҳукмни чиқарамиз.

Ҳозирги кундаги баъзи бир ғизо ёки даволарга чўчқанинг бирор нарсаси аралашган бўлса ҳам, лекин ўша аралашган нарса ўзининг асл хусусиятини йўқотган бўлади. Бошқача ибора билан айтганимизда, «кимёвий ўзгариш оқибатида бутунлай бошқа бир нарсага айланиб қолади». Энди унинг нопоклиги, нажаслиги қолмайди ва ўша нарса «чўчқанинг гўшти ҳаром» деб айтадиган ҳукмга ҳеч қандай дохил бўлмай қолади.

Мисол учун, моддалардан баъзилари ҳайвоннинг суягидан қилинади, гоҳида ўша суяк чўчқанинг суяги ҳам бўлиши мумкин. Бу ишдан хабардор бўлган, эътиқодли одамларнинг айтишича, ана ўша қўшилган модда – чўчқанинг ёғи ёки гўшти бўлган нарса кимёвий аралашув оқибатида ўзининг хусусиятини батамом йўқотган бўлади. Ана шундай нарсалардан баъзи вақтларда совун ёки тиш тозалайдиган пасталар қилиш мумкин ва булардан фойдаланиш жоиз. Чунки юқорида айтганимиздек, мазкур моддалар ўзининг асл моҳиятини йўқотган, ҳалол нарсага батамом қўшилиб кетган нарсалар бўлади.

Яна мана шу маънода сизларнинг эътиборингизга 1995 йил 22–24 май кунлари Кувайт давлатида бўлиб ўтган «Тиббий илмларнинг исломий муноззамаси» номли ташкилотнинг катта илмий анжуманида озиқ-овқат маҳсулотлари ва баъзи дори-дармонларга қўшиладиган, асли ҳаром бўлган моддалар тўғрисида тақдим этилган 1112 саҳифали ҳужжатнинг охирида чиқарилган қарорнинг қисқача маъноси билан ҳам таништириб ўтишга ижозат бергайсиз:

«Fизо ва даводаги ҳаром қилинган ва нажас бўлган моддалар ҳақидаги қарор»

1. Ҳар бир мўмин-мусулмон одам Ислом шариати ҳукмларини ўзига лозим тутмоғи вожибдир. Хусусан, озиқ-овқат ва даво соҳасида бунга алоҳида эътибор бериш керак. Чунки мўмин-мусулмон одамнинг ейдиган нарсаси пок бўлмоғи, ичадиган нарсаси пок бўлмоғи, даволаниш учун истеъмол қиладиган дорилари пок бўлмоғи лозимдир.

Аллоҳ субҳанаҳу ва таолонинг раҳмати кенг. Ўз бандаларига раҳм қиладиган бу улуғ Зот Ўзининг шариатига эргашиш йўлларини ҳам енгиллаштириб қўйган ва бу борада зарурат туғилганда баъзи бир нарсаларнинг риоясини эътиборга олишни шариатига киритган. Ана шундай қоидалардан бирида: «Зарур бўлган ҳолда ман қилинган нарсаларга рухсат берилади», дейилган.

Шунингдек, «Ҳожат тушган пайтда бу ҳожат заруратнинг ўрнига ўтади» деган қоида ҳам бор. Аслида, барча нарсалар мубоҳдир, илло, ҳаромлигига эътиборли далил бор нарсаларгина ҳаром ҳисобланади. Шунингдек, «Барча нарсалар аслида ўзи пок», деб ҳисобланади, лекин «Нажаслиги, нопоклигига ишончли далил келтирилган нарсаларгина пок эмас», деб ҳисобланади.

2. Ажнабий тиллардаги «алкоголь» сўзи араб тилида «ал-куҳл» деб аталади, лекин ажнабийлар ҳам алкогольни «ал-куҳл»дан олишганлиги маълум ва машҳур. Ана шу алкоголь нарсалар шариат нуқтаи назаридан нажас ҳисобланмайди. Бу нарса «ҳамма нарсанинг асли покдир» қоидаси асосида бўлган. Хусусан, ўша алкоголь нарсалар холис ўзи бўлса ҳам, бошқа нарса аралаштирилган бўлса ҳам, ёки сувга аралаштирилган бўлса ҳам, барибир.

Шу билан бирга, «хамр», яъни ароқ ва ичиб маст бўлиш учун тайёрлаб қўйилган барча нарсалар нажосат ҳисобланади. Шунга биноан, шариат нуқтаи назаридан алкоголь, яъни спиртли нарсалар тиббий ҳожат учун ишлатиладиган қилиб тайёрланган бўлса, улардан терини, яраларни ва тиббий асбоб-ускуналарни тозалаш учун, микробларни ўлдириш учун фойдаланиш мумкин.

3. Шунингдек, тиббий маънода ва тиббий ниятда ­тайёрлаб қўйилган спиртларни яхши ҳидли атирлар учун ишлатиш жоиз. Чунки бу ердаги баъзи бир атирга қўшиладиган моддалар фақат ўша спирт билангина эриши мумкин.

Шунингдек, баъзи бир кремларга ҳам мана шу нарса ишлатилади. Бу ҳалиги «ичиладиган, маст бўлиш учун ­тайёрлаб қўйилган» хамр – ароқ ҳукмига кирмайди. Аммо алкоголь нарса маст қилувчи модда бўлганлиги учун уни ичмоқ, тановул қилмоқ мутлақо ҳаромдир.

4. Шунингдек, мўмин-мусулмонлар қараб, ўрганиб билиб олишлари керакки, ўзлари ичадиган ўша дори-дармонларда ва унинг таркибида ароқ моддаси, маст қилувчи ичимлик моддалари бўлмаслиги керак. Хусусан, болалар учун, ҳомиладор аёллар учун бериладиган нарсаларда. Яъни бевосита кайф учун тайёрланган алкоголь нарсалар каби, у спирт бўладими, ароқми ёки мусалласми – даво мақсадида фойдаланиш мутлақо мумкин эмас.

Шунингдек, яхши билиб қўймоқ лозимки, ҳозирги кунда тайёрланаётган баъзи бир дориларнинг таркибида жуда ҳам оз миқдорда алкоголь моддаси бўлиши мумкин. Бунда ўша модда маст қилиш ниятида эмас, балки дорини ушлаб туриш ниятида ёки баъзи бир даволовчи моддаларни эритиб юмшатиш мақсадида, сув ва бошқа нарсалар билан уларни юмшатиб бўлмаслиги юзасидан бир оз қўшилган бўлади. Буларни истеъмол қилиш жоиз, рухсат берилган.

Шунингдек, баъзи бир озиқ-овқат маҳсулотларига маст қилувчи ичимлик учун тайёрланган нарсалардан жуда оз миқдорда қўшилган бўлса ҳам истеъмол қилиш мутлақо мумкин эмас. Бунга баъзи бир шоколадларнинг, музқаймоқнинг турлари ва шунга ўхшаш махсус озуқалар киради. Баъзи бир газли ичимликлар ҳам бор, ана ўша нарсаларда маст қилувчи нарсалар – ароқми, коньякми ёки бошқа нарсалар қўшилган бўлади. Буларни ичишга мутлақо рухсат йўқ. Чунки шариат қоидаси бўйича: кўпи маст қилган нарсанинг ози ҳам ҳаром бўлади.

5. Баъзи бир озиқ-овқат маҳсулотларини тайёрлаш пайтида алкоголь моддаси жуда ҳам оз миқдорда ишлатилиши бор. Бу унинг мазаси учун эмас, балки сув ёки бошқа нарсалар билан эримайдиган нарсаларни эритиш учун қилинган. Бу кўп тарқалган нарса бўлганлиги учун ва ўша озиқ-овқат маҳсулотини тайёрлаш пайтида қўшилган жуда оз миқдордаги алкоголь нарса ҳавога буғ бўлиб тарқалиб кетиши эътиборидан бундай озиқ-овқатларни истеъмол қилишга рухсат берилган.

6. Баъзи бир озиқ-овқат маҳсулотлари борки, уларнинг таркибига чўчқанинг ёғи қўшилади ва у эриб бошқа нарсага айланиб кетмаган бўлади ҳамда мазкур озиқ-овқат маҳсулотлари таркибида ўз ҳолида туради. Бунга мисол тариқасида баъзи бир пишлоқлар, мойлар, ёғлар ва шунга ўхшаган нарсаларни келтириш мумкин. Баъзи печенье, шоколад ва музқаймоқларни тайёрлашда чўчқа ёғидан фойдаланилади. Мазкур нарсаларда чўчқанинг ёғи ўз ҳолида туради. Бундай таомларнинг барчаси ҳаромдир. Уларни емоқ мутлақо мумкин эмас. Чунки аҳли илмнинг барчаси чўчқанинг ҳамма нарсаси нажас эканлигига ва уни еб бўлмаслигига иттифоқ қилишган.

Яна бир қонун шуки, чўчқадан олинган моддадан тайёрланган «инсулин» дориси қанд касаллигига гирифтор бўлган беморлар учун даво сифатида ишлатилади ва уни шаръий қоидаларга биноан, зарурат учун ишлатиш мумкин.

7. Агар ғизо ва давога қўшилган ҳаром нарса бошқа моддаларга аралашиб, ўз хусусиятини тамоман йўқотса ва бошқа бир ҳолатга айланиб қолса, уларни истеъмол қилиш мубоҳ бўлади. Мана шу қоидага биноан, ҳайвонларнинг суягидан, терисидан ёки пайларидан қилинган «желатин» моддаси ҳалол ҳисобланади.

Шунингдек, чўчқанинг ёки ўзи ўлган ҳайвоннинг ёғидан қилинган совунлар таркибидаги чўчқа ёғи ёки ўзи ўлган ҳайвоннинг ёғи бошқа моддаларга – пок нарсаларга аралашиб, ўзининг хусусиятини батамом йўқотса, шакли-шамоили умуман қолмаса, ҳеч қандай аломати бўлмай, бутунлай йўқ ҳолга айланиб кетган бўлса, ундан тайёрланган совунларни ҳам ишлатиш мумкин.

Шунингдек, баъзи бир суриладиган малҳамлар, кремлар, пардоз-андоз ашёлари таркибига чўчқа ёғидан қўшилган бўлиши мумкин, лекин бу нарсани зийнат нарса бўлганлиги учун ишлатиб бўлмайди. Фақат юқорида айтганимиздек, бу нарса жуда оз бўлиб, ўша ёғ бутунлай бошқа нарсага айланиб кетганлиги, унинг асорати умуман қолмаганлиги аниқ бўлсагина ишлатиш мумкин.

Шунингдек, кишининг ҳушини йўқотадиган, араб тилида «мухаддир» деб аталадиган, бизда тиббий маъноларда ишлатиладиган нарсалар – нашаванд, гиёҳванд моддаларнинг бирортасини тановул қилиб бўлмайди. Фақат тиббий маънода, муайян бир миқдорда, муайян бир шаклда, табиблар бошчилигида ва уларнинг тайинлаши асосидагина улардан фойдаланиш мумкин, холос».

(Арабчадан сўзма-сўз таржима тугади.)

Алоҳида таъкидлаб айтиб ўтишимиз керакки, юқорида келтирилган изнлар, рухсатлар фатво тариқасида айтилган нарсалардир. Яъни ўрганиб чиқиб, «мана шу нарса жоиз бўлади», деган хулоса чиқарилган. «Буни ҳамма истеъмол қилишга мажбур, қилмаса бўлмайди» деган маъно мутлақо йўқ. Кишиларнинг ичида тақво йўлини тутиб, «мана шу нарсаларни ўзим истеъмол қилмайман, нима бўлса ҳам ичида шубҳали нарса борлиги кўнглимни хира қиляпти» деган одамлар бўлса, улар, албатта, тақво йўлини тутганлари афзал. Кўнгиллари тортган ҳолатда энг шубҳасиз нарсаларни истеъмол қилиб юришлари ўзларининг иши – тақволари.

Лекин баъзи бир одамлар уламолар рухсат бериб қўйган тарафни олиб, «уламолар рухсат берган, мана шу нарсалардан истеъмол қилсак жоиз экан», деб истеъмол қилишса, тақво йўлини тутганлар уларни маломат қилмасликлари керак. Аксинча, фатво йўлини тутиб турганлар ҳам тақво йўлини тутганларни маломат қилмасликлари керак.

Ҳар ким муфтийларнинг фатво беришлари билан бирга, яна ўз қалбига ўзи фатво бериб, шариат ҳудудида турган икки тарафдан бирини олишга ҳаққи бор ҳисобланади.

Аллоҳим, барчаларимизнинг озиқ-овқатимиз, дори-дармонимиз ҳалол, пок бўлишини Ўзинг насиб этгин. Барчаларимизни Ўзингнинг севимли, солиҳ, тақводор бандаларингдан айлагин.

Валлоҳу аълам.

«Зикр аҳлидан сўранг» китобидан

Муаллиф
Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф
Мавзуга оид мақолалар
Каъбани тавоф қилиш ndash ҳаж ибодати доирасида мусулмонлар учун муқаддас ҳисобланган жойни айланишдир. Ушбу ибодат соат милига нисбатан тескари амалга оширилади. давоми...

10446 09:00 / 16.06.2023
Қатода ибн Диъома исмли олим ҳикоя қилади.Басра шаҳрида Утба ибн Абон исмли зоҳид, тақводор, маҳзунликда Ҳасан Басрийга ўхшаган, доим рўза тутадиган киши яшаб давоми...

5041 21:36 / 08.01.2019
Ибн Муғул айтади .Абу Миъшар Толҳа ибн Мусаррифга ўз ўғлидан шикоят қилди. Шунда у .Ушбу оят билан унинг ҳаққига дуо қил,, деди .Роббим Менга ва отаонамга инъом этган давоми...

2349 07:12 / 28.09.2019
Табарий .Адабуннуфус, номли китобида зикр қилади .Ҳаким ибн Муҳаммад Аҳмасий деди .Эшитишимча, жаннат зикр билан бино бўларкан. Бас, қачон зикрдан тўхташса, бино давоми...

3389 19:00 / 23.05.2021