1447 йил 23 жумадис сони | 2025 йил 14 декабрь, якшанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Муслималар саҳифаси

Умму Cалама розияллоҳу анҳонинг фазллари (иккинчи мақола)

20:00 / 25.07.2019 2228 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Иккинчи ҳижратлари

Улар Маккага қайтиб борганларида ўзлари истаган ҳолатни топа олишмади. Яна хавф-хатар ва доимий таҳдид остида яшашга тўғри келди. Улар яна Ҳабашистонга қайтиб кетишни ният қилиб турганларида Мадинада одамларнинг мусулмон бўлганлари, Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламга байъат қилганлар у ерда Исломни тарқатаётганлари ҳақида хабар келиб қолди. Абу Салама розияллоҳу анҳу ўша ёққа ҳижрат қилишга қарор қилиб, оиласи билан яна биринчилар қаторида ҳижратга отланди. У иккинчи Ақоба байъатидан олдин ҳижрат ҳаракатига тушди ҳамда бошқалардан беркинмай, ошкора ҳижрат қилишни афзал кўрди.

Бу тарихий ҳодисанинг тафсилотини унинг бевосита иштирокчиси Умму Салама онамиз розияллоҳу анҳонинг ўзларидан «Усдул Fоба» китобининг муаллифи ва бошқа сийрат уламолари қуйидагича келтирадилар:

«Абу Салама Мадинага чиқишга азму қарор қилганда мен учун туясини ҳозирлади. Сўнгра мени унга миндирди. Унга ўғлим Саламани ҳам миндирди. Бола қўйнимда эди. Сўнгра туясини ҳайдаб, йўлга тушди. Муғийра ибн Абдуллоҳ ибн Умар ибн Махзумнинг одамлари уни кўриб, ўринларидан турдилар ва:

«Ўзинг-ку, бизга кўнмай, кетмоқдасан, мана бу соҳибангга нима бор? Нима учун юртда истаганингни қилиб юришингга қўйиб қўяр эканмиз?» дедилар.

Улар унинг қўлидан туянинг тизгинини тортиб олдилар ва мени ўзлари билан олиб қолдилар. Ана шунда Абу Саламанинг уруғи – Бану Асад ғазабга келди. Улар:

«Аллоҳга қасамки, агар уни бизнинг соҳибимиздан тортиб, олиб қоладиган бўлсангиз, биз ҳам қўлимизни у билан бирга қўймаймиз!» дедилар.

Бас, улар ўғлим Саламани ўзаро талашиб-тортишиб кетдилар. Охири унинг қўлини чиқариб ҳам қўйишди. Бану асадликлар уни олиб кетишди. Бану муғийраликлар мени тутиб қолишди.

Эрим Абу Салама Мадинага қараб кетворди. Мени ҳам эримдан, ҳам қўлимдан жудо қилишди. Ҳар куни эрталаб Абтоқга чиқиб ўтирар эдим. Кеч киргунча йиғлар эдим. Шу алфозда бир йил ёки бир йилга яқин вақт ўтди. Бир вақт олдимдан амакимнинг уруғидан бир киши ўтиб қолди. У Бану Муғийрадан эди. У менинг қўлимни кўрди. Менга раҳми келди. У Бану муғийраликларга:

«Манави бечорани чиқариб юбормайсизларми?! Уни боласидан жудо қилибсизлар-ку!?» деди.

«Агар хоҳласанг, бориб, эрингга қўшилиб ол», дейишди.

Шундагина Бану асадликлар менга ўғлимни қайтаришди.

Бас, мен туямни ҳозирладим. Сўнгра ўғлимни олиб, қўйнимга солдим ва Мадинадаги эрим томон равона бўлдим. Мен билан ҳеч ким йўқ эди. Эримга етиб олгунимча йўлиққан одамдан ёрдам сўрайвераман, дедим.

Танъимга етганимда Бану абдуддорлик Усмон ибн Толҳа ибн Абу Толҳани учратиб қолдим. У менга:

«Эй Абу Умоманинг қизи, қаёққа?» деди.

«Мадинадаги эримнинг олдига», дедим.

«Сен билан бирор киши йўқми?» деди.

«Йùû! Аллоҳга қасамки, фақат Аллоҳ бор ва мана бу ўғилчам бор», дедим.

«Аллоҳга қасамки, сени тарк қилиб бўлмас», деди.

У туянинг жиловидан тутди ва менинг ҳамроҳим бўлиб, етаклаб кета бошлади. Аллоҳга қасамки, араблардан ундан кўра карамлироқ кишига ҳамсафар бўлмаганман. У бир манзилга етганимизда туяни чўктириб, ўзи четга чиқиб турар эди. Мен тушиб олганимдан кейин туямдаги нарсаларни туширар ва уни олиб бориб, дарахтга боғлар эди. Ўзи эса бирор дарахтнинг соясига ёнбошлар эди. Эрталаб бўлганда туямга борар, уни тайёрлар ва юкларни ортар эди. Кейин эса ўзи четга чиқиб турар ва менга «Мин», дер эди. Мен туямга миниб, у қоматини ростлаганда келиб, жиловни ушлаб, етаклашни бошлар эди. У шундай қилиб, мени Мадинагача олиб борди. 

У Бану Амр ибн Авф қишлоғини кўрганда:

«Эринг мана шу қишлоқда, унга Аллоҳнинг баракаси ила кир», деди ва Маккага қайтиб кетди. Абу Салама ўша ерга тушган эди».

Умму Салама розияллоҳу анҳо Мадинага биринчи ҳижрат қилиб борган аёллардан эдилар. «Мадинага биринчи ҳижрат қилиб келган аёл Омир ибн Робийъа розияллоҳу анҳунинг хотини Лайло бинти Хасма. Умму Салама розияллоҳу анҳо иккинчилар», деган уламолар ҳам кўп.

(Давоми бор)

«Ҳадис ва ҳаёт» китобидан

 

Муаллиф
Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф
Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг бундай қилишларига сабаб бор эди. Бу сабабни у зотдан бошқа фақат Яратганнинг Ўзи билар эди.Бу сабабни билиш учун имом давоми...

5088 12:35 / 08.10.2019
Воҳада таваллуд топиб улғайдим. Эсимда, онам биз фарзандларига мени, акамукамни, отамонамни, ҳаттоки бобобувим, еру осмон, юлдузу ойларни, ҳамда оёғим остида дон давоми...

2186 11:09 / 18.12.2023
Дунёда турмуш ўртоғининг муҳаббатига сазовор бўлишни истамайдиган аёл бўлмаса керак. Чунки бахтнинг асосий мезони эрхотин ўртасидаги меҳрмуҳаббатдир. давоми...

11027 14:00 / 17.07.2022
Абу Ос сафардан қайтганида аёли Зайнаб унга янги дин хабарини берди .Хожам, биласиз, мен сизни жуда ҳам ҳурмат қиламан, яхши кўраман. Сиз ақлидроки ўткир одамсиз. давоми...

2309 09:00 / 11.12.2021
Аудиолар

213476 11:58 / 10.10.2018
«Ҳилол» журнали
Китоблар

132688 14:35 / 11.08.2021