1446 йил 22 жумадул аввал | 2024 йил 24 ноябрь, якшанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Муслималар саҳифаси

Умму Салама розияллоҳу анҳонинг фазллари

10:40 / 18.07.2019 3445 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

(Биринчи мақола)

Маккада Суҳайл ибн Муғийра (ибн Абдуллоҳ ибн Умар ибн Махзум ибн Яқаза ибн Мурра) деган аслзода одам бор эди. Унинг куняси Абу Умома эди. У Отика бинти Омир (ибн Робийъа ибн Молик ибн Жузайма ибн Алқама ибн Фирос ибн Fанам ибн Кинона) исмли ўзига ўхшаган аслзода аёлга уйланди. Икковларидан бир қиз фарзанд дунёга келди. Уни Ҳинд деб номладилар.

Ҳинд яхши, бой-бадавлат шароитда ақл-заковатли, эсли-ҳушли ва фаросату назокатда тенги йўқ қизлардан бўлиб ўсди. У вояга етганда Абдуллоҳ ибн Абдул Асад исмли ўзига тўқ, ҳеч кимдан ками йўқ йигитга турмушга чиқди.

Ҳинд ўз оиласидаги каби, турмушга чиққан жойида ҳам фаровон ҳаёт кечирар эди. Эри унга ҳамма нарсани муҳайё қилиб берган эди. Ҳинд бинти Абу Умома ўз юртида жамоли, назокати ва нозик табиати ила шуҳрат қозонди.

Исломга киришлари

Ҳинднинг эри Абдуллоҳ ибн Абдул Асаднинг онаси Барра бинти Абдулмуттолиб ўша вақтдаги кўзга кўринган оиладан эди. Ўша Ҳинднинг қайнонаси Барра бинти Абдулмуттолибнинг жияни Муҳаммад ибн Абдуллоҳнинг пайғамбар бўлгани ҳақидаги хабарни эшитиб, Ҳинд бинти Абу Умоманинг эри Абдуллоҳ ибн Абдул Асаднинг тинчи бузилди. У тоғасининг ўғли тарғиб қилаётган янги динга жуда ҳам қизиқиб қолган эди. Бунинг устига, Абдуллоҳ ибн Абдул Асад Муҳаммад ибн Абдуллоҳ билан бирга бир аёлни эмиб катта бўлган эмикдош ака-ука ҳам эдилар. У ҳаракат қилиб, ўн кишидан кейин ўн биринчи мусулмон бўлди. Севикли эрини кўрган Ҳинд бинти Абу Умома қараб турармиди?! У ҳам Исломни қабул қилган саодатли аёлларнинг аввалги сафларидан жой олиш бахтига эришди.

Аммо Абдуллоҳ ибн Абдул Асаднинг қабиласи Бани Махзумнинг барча аъзолари ўша пайтда Исломнинг энг ашаддий душманлари бўлиб туришган эди. Ҳинд бинти Абу Умоманинг амакиси Валид ибн Муғийра бўлса Ислом душманларининг раҳбари эди. Ана шу сабабдан янги мусулмон бўлган оила азоб-уқубат, турли қийинчиликлар остида қолди. Бу оиланинг аъзолари ҳам бошқа оз сонли мусулмонлар каби турли машаққатларни бошларидан ўтказишарди.

Биринчи ҳижратлари

Мушрик ва кофирларнинг мусулмонларга тазйиқлари кундан-кунга ортиб борар эди. Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам бошлиқ мусулмонларнинг сабрдан бошқа чоралари йўқ эди. Аллоҳ таоло ўша вақтда уларга ўзларини ҳимоя қилиш учун ҳам куч ишлатишга изн бермаган эди. Бора-бора ҳимоячиси бўлмаган, заифҳол мусулмонларнинг дину диёнатлари, ҳаётлари таҳдид остида қолгач, Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам саҳобаларига:

«Ҳабашистон ерига чиқсангиз яхши бўларди. У ерда бир подшоҳ бор, унинг олдида ҳеч кимга зулм қилинмайди. У ер садоқат еридир. Аллоҳ ҳозирги ҳолатни енгиллаштириб қолса, ажаб эмас», дедилар.

Шунда бир гуруҳ мусулмонлар Ҳабашистон ерига ҳижратга отланишди. Бу Исломдаги биринчи ҳижрат эди. Биринчи муҳожирлар ўн тўрт киши бўлиб, уларнинг ўнтаси эркаклар, тўрттаси аёл эди. Уларнинг ичида Абдуллоҳ ибн Абдул Асад ва унинг хотини Ҳинд бинти Абу Умома ҳам бор эдилар.

Ҳинд бинти Абу Умома Аллоҳнинг йўлида биринчи ҳижрат қилган тўрт аёл сафига қўшилишга муяссар бўлди.

Мазкур ўн тўрт муҳожир яширин ҳолда йўлга чиқишди. Улар соҳилга етиб борганларида Аллоҳ таолонинг инояти ила у ерда иккита тижорат кемаси турар эди. Уларнинг ҳижратлари пайғамбарликнинг бешинчи йили, Ражаб ойига тўғри келган эди. Улар кўп қийинчиликларни бошларидан кечириб, Ҳабашистонга етиб бордилар.

Мусулмон муҳожирлар ўзлари ҳижрат қилиб борган юртда тинчлик-омонлик топишди. Улар динларига эмин бўлишди, Аллоҳга ибодатни бемалол қиладиган бўлдилар. Қурайшликлар ўз элчиларини юбориб, Ҳабашистон подшоҳи Нажошийдан муҳожирларни қайтариб беришни талаб қилишди. Аммо икки тарафнинг ҳужжат-далилларини эшитиб кўрган Нажоший мусулмонларни ўз ҳимоясига олди.

Ўша ерда Ҳинд бинти Абу Умома аввал бир қиз кўрди. Муҳожир ота-она тўнғич фарзандига Зайнаб деб исм қўйишди. Кейин ўғил кўриб, унга Салама исмини қўйдилар. Ана ўшандан кейин Ҳинд бинти Абу Умома розияллоҳу анҳо Умму Салама деб, у кишининг эрлари Абдуллоҳ ибн Абдул Асад Абу Салама деб аталадиган бўлдилар. Бу икки муҳожир эр-хотиннинг кунялари исмларидан кўра машҳур бўлиб кетди.

Улар бошқа муҳожирлар билан бирга Ҳабашистонда муҳожирлик ҳаётининг аччиқ-чучукларини татиб, бир муддат яшаганларидан сўнг Макка томондан кўнгилни тинчлантирувчи хабарлар кела бошлади. Жумладан, улар орасида «Макка аҳлидан кўплари Исломни қабул қилибди», деган гаплар ҳам бор эди. Бу гап ва хабарлар она юрт соғинчи ила нафас олаётган муҳожирларнинг синиқ қалбларига катта қувонч солди. Баъзи бирлар қайтишга отландилар. Уларнинг ичида Абу Салама, Умму Салама розияллоҳу анҳумо ва уларнинг болалари ҳам бор эди.

(Давоми бор)

«Ҳадис ва ҳаёт» китобидан

Муаллиф
Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф
Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
IIЎша вақтларда уйланиш учун аёлни эр томон излар эди. Аввал аёл томондан гап чиқиши уят ҳисобланар эди. Аммо қизи бева қолган Умар ибн Хаттоб янгича йўл қўллашга давоми...

3723 09:50 / 11.03.2019
Ҳарамда энг аввал яшаган аёл mdash ҲожардирРасулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга энг аввал иймон келтирган аёл ndash Хадича розияллоҳу анҳодир.Ислом йўлида энг давоми...

2679 14:30 / 25.04.2022
VIРасулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам оила қурганларига ўн беш йил тўлиб, 40 ёшга етганларида кўнгиллари ёлғизликни тусай бошлади. У зот Макка атрофидаги давоми...

3272 14:58 / 18.10.2018
Оиша онамиз розияллоҳу анҳо ўта сахий зот эдилар. У кишининг сахийликлари Аллоҳ таолонинг розилиги учун ўзларида бор молу дунёни чин дилдан, савоб умидида давоми...

3008 18:33 / 02.01.2019
Аудиолар

135255 11:58 / 10.10.2018
«Ҳилол» журнали
Китоблар

55512 14:35 / 11.08.2021