1446 йил 20 жумадис сони | 2024 йил 22 декабрь, якшанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Мақолалар

Энг манфаатли мол эгаси

12:03 / 18.07.2019 1977 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Энг яхши аср Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг аср­лари – «асри саодат» эканига ҳеч қандай шубҳа йўқ. Бинобарин, ўша даврда яшаб ўтган саҳобаи киромлар нафақат мусулмонлар, балки барча умматнинг энг яхшисидир. Саҳобаи киромлар ана шундай шарафга сазовор бўлган саодатманд инсонлардир.

Саҳобаи киромларни Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам тенги йўқ авлод қилиб тарбияладилар. Уларнинг ҳар бири «тирик Қуръон» ва йўлчи юлдуз эди. Мусулмонларнинг биринчиси бўлмиш бу авлод чиндан ҳам инсоният тарихидаги ўхшаши йўқ авлод эди.

Мусулмонларнинг бу авлоди Аллоҳ таолонинг Каломида ва Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳадисларида мадҳ этилган, мусулмонлар жумҳури томонидан қувватланиб, ҳозиргача улуғлаб келинаётган саодатманд авлод эди.

Мусулмонларнинг бу авлоди охири замон Пайғамбарига иймон келтириб, у зотнинг раҳбарликлари остида Аллоҳ таолонинг охирги ва абадий илоҳий дастури – Қуръони Карим ҳукмларини ҳаётларида татбиқ қилиб, ҳаммага ўрнак бўлган авлод эди.

Мусулмонларнинг бу авлоди ер юзида иймоннинг барқарорлиги, Аллоҳ таоло тавҳидининг ширк ва куфрдан устун келиши учун молларию жонларини фидо қилган, шу мақсад йўлида дуч келган барча тўсиқларни сабот ила енгиб ўтган мардонавор авлод эди.

Бу авлод Аллоҳ таолонинг ёрдами ва Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг раҳбарлигида иймон ва ихлосининг кучи ила жоҳилият ботқоғидан чиқиб, Ислом саодатига эришган бир авлоддир. Бу авлод нубувват дорилфунунида толиблик қилиб, унда сабоқ олиш ила жаҳолат зулматидан иймон нурига чиққан бир авлоддир.

Саҳобаи киромлар жоҳилиятнинг барча ахлоқсизликларини Исломнинг олиймақом ва гўзал ахлоқларига тўла-тўкис алмаштириш бахтига сазовор бўлган ажойиб инсонлар жамоасидир.

Саҳобаи киромларнинг баъзилари фаришталарни кўрган, фаришталарнинг ёрдамидан фойдаланган ва ҳаттоки баъзи ҳолларда фаришталарнинг ҳавасини келтириб яшаган ажойиб инсонлар жамоасидир.

Саҳобаи киромлар шу билан бирга, жуда оддий ва содда, ҳеч қандай қалбакилиги ёки сохталиги йўқ, лекин арзимас инсоний камчиликлардан холи бўлмаган ажойиб инсонлар жамоасидир.

Саҳобаи киромлар иймону Ислом, шариату тариқат, ахлоқу одоб ва шунга ўхшаш барча керакли нарсаларда ҳар бирлари биз учун муқтадо бўлган ажойиб инсонлар жамоасидир.

Ана шу жамоа энг бошида эса Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг чорёрларининг биринчиси ҳазрати Абу Бакр розияллоҳу анҳу туради.

Абу Бакр Сиддиқ розияллоҳу анҳу Ислом дини йўлида биринчилардан бор будини сарфлаган киши, десак, муболаға қилмаган бўламиз. У киши бой бўлишлари билан бирга, ўта сахий ҳам эдилар. Айниқса, дину диёнат йўлида ҳеч нарсани аямас эдилар.

Барча уламоларимиз Вал-лайл сурасидаги 17–20 оятлар Абу Бакр Сиддиқ розияллоҳу анҳу ва у кишининг Аллоҳ таоло йўлида мол сарфлашлари ҳақида тушганига иттифоқ қилишган.

Иймон-ихлосли тақводор банда дунё ҳаётида мол-дунёсини Аллоҳ таолонинг йўлида сарфлайди. Куфр, ширк, нифоқ, гуноҳ ва ёмонликлардан ўзини поклайди. Шунинг учун ҳам охиратда дўзахдан четда қолади. Яъни ўша тақводор инсон яхшиликларни бировнинг яхшилигига яхшилик қайтариш учун эмас, холис Аллоҳ учун амалга оширади. Охиратда эса бу қилган амалларига Аллоҳ берган мукофотлардан рози бўлади.

Аввал айтиб ўтганимиздек, барча тафсирчиларимиз Вал-лайл сурасидаги «атқо», яъни «тақводор»дан мурод, ҳазрати Абу Бакр Сиддиқдир, дейишади. Яъни «Бу оятлар у киши ҳақида нозил бўлган», деб қуйидаги қиссани ривоят қилишади:

«Умайя ибн Халаф Билол ибн Рабоҳ исмли қулини мусулмон бўлгани учун қаттиқ азоблай бошлайди. Кун қаттиқ қизиган пайтда иссиққа олиб чиқиб, кўкрагига харсангтош бостириб қўяр, «Муҳаммадга куфр келтирасан, акс ҳолда, ўлгунинг­ча шундай турасан», дер экан.

Бир куни уларнинг олдидан Абу Бакр Сиддиқ ўтиб қолдилар ва Умайяга:

«Худодан қўрқмайсанми? Бу бечорани қачонгача азоблайсан?», дедилар. Умайя бўлса:

«Уни сен буздинг, раҳминг келса, азобдан қутқариб ол!» деди.

Шунда Абу Бакр Сиддиқ ҳазрати Билолни сотиб олиб, озод қилдилар. Юқоридаги оятлар шу воқеадан кейин нозил бўлган экан».

Абу Саъид ибн ал-Аъробий Ибн Умар розияллоҳу анҳудан қуйидагиларни ривоят қилади:

«Абу Бакр Сиддиқ розияллоҳу анҳу Исломга кирган куни уйида қирқ минг дирҳами бор эди. Мадинага ҳижратга чиқаётганида эса беш минг дирҳамдан бошқа ҳеч нарсаси қолмаганди. У бор-будини қулларни озод қилиш ва Исломга ёрдам бериш учун сарфлади».

Абу Бакр Сиддиқ розияллоҳу анҳу юқоридаги ривоятда зикри келган сарфланмай қолган беш минг дирҳамни ўзининг ёки оиласи, яқинлари эҳтиёжига сарфлаганлар, деб ўйлайсизми? Агар шундай ўйласангиз, хато қиласиз. Ана шундай ўта оғир пайтда Абу Бакр Сиддиқ розияллоҳу анҳуга ўхшаш бутун вужудини Ислом-иймон йўлига бағишлаган инсон умуман бошқача иш тутади. Келинг, ана шу воқеани у кишининг катта қизлари Асмо бинти Абу Бакр розияллоҳу анҳодан эшитайлик:

Ибн Исҳоқ Асмо розияллоҳу анҳодан ривоят қилади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ва у зот билан бирга Абу Бакр розияллоҳу анҳу (ҳижратга) чиққанларида Абу Бакр ўзининг бор мол-давлати – беш ёки олти минг дирҳамини ўзи билан олиб кетди. Кейин олдимизга бобом Абу Қуҳофа розияллоҳу анҳу кирди. Унинг кўзи кўрмайдиган бўлиб қолган эди. У киши:

«Аллоҳга қасамки, менимча, у ўзи билан бирга молида сизни ҳам фожиага учратган бўлса керак», деди.

«Йўқ, бобожон! У бизга жуда кўп нарса қолдириб кетди», дедим ва отам молларини қўядиган туйнукка тошларни қўйиб, устига ёпинчиқ ёпдим-да, у кишининг қўлларидан тутиб олиб бориб:

«Бобожон! Манави молни ушлаб кўринг-а!» дедим.

У киши ушлаб кўрди-да:

«Ҳа, яхши! У сизларга шуни қолдириб кетган бўлса, яхши қилибди. Бу сизга етади», деди.

Йўқ! Аллоҳга қасамки, у бизга ҳеч вақо қолдирмаган эди. Лекин мен чолни тинчлантирмоқчи бўлдим, холос».

Абу Бакр Сиддиқ розияллоҳу анҳунинг Ислом йўлида ҳам жонларини, ҳам молларини бирданига тикканларини кўриб қўйинг. Ўз жонларини фидо қилиб, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам билан ҳаёт-мамот сафари – ҳижратга чиқмоқдалар. Шу билан бирга, бор-будларини, қолган-қутган мол-мулкларини ҳам Ислом йўлида сарф қилиш учун олиб чиқмоқдалар.

Ибн Асокир Оиша онамиз розияллоҳу анҳодан қилган ривоятда:

«Абу Бакр азобланаётган саккиз кишини Аллоҳ учун озод қилди», дейилган.

Ҳа, Абу Бакр Сиддиқ розияллоҳу анҳу ўзларининг ҳад-ҳисобсиз молларини энг керакли вақтда, ҳеч ким бирор нарса сарф қила олмайдиган вақтда Ислом йўлида сарфладилар.

Ислом йўлида мол сарфлаганлар кўп бўлган. Ислом йўлида сарфланган моллар ҳам кўп бўлган. Аммо молни Абу Бакр Сиддиқ розияллоҳу анҳудек сарфлаганлар бўлмаган. Абу Бакр Сиддиқ розияллоҳу анҳунинг моллари каби серманфаат мол ҳам бўлмаган. Шунинг учун ҳам Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам у кишининг бу хусусиятини алоҳида васф қилганлар.

 Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Бизга (хайр қилган) биронтанинг қўли йўқ-ки, албатта мукофотини бермаган бўлсак. Фақат Абу Бакр бундан мустасно. Унинг бизга қилган хайр­лари бор. Унинг мукофотини қиёмат куни Аллоҳнинг Ўзи беради. Ҳеч кимнинг моли менга Абу Бакрнинг моли манфаат берганидек манфаат берган эмас», дедилар».

Шунга ўхшаш ривоятлар ниҳоятда кўп. Уларнинг ҳаммасида Абу Бакр Сиддиқ розияллоҳу анҳунинг улуғ фазли ва Ислом йўлида ҳам жони, ҳам молини фидо қилишга тайёр турганлари ўз аксини топган.

«Ҳадис ва ҳаёт» китоби асосида тайёрланди

Муаллиф
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Аллоҳ таоло Қуръони каримда шундай марҳамат қилади.... Ким Аллоҳга таваккал қилса, бас, унга У зотнинг Ўзи кифоядир. Албатта, Аллоҳ Ўз ишини етказувчидир. Ҳақиқатан, давоми...

2260 15:30 / 08.06.2019
Бомдод намози савоби кўп ва аҳамияти катта намоздир. Баъзиларда Нега Аллоҳ таоло бандалари бомдод намозини адо этиши учун бу пайтни, яъни уйқу пайтини ихтиёр давоми...

4913 17:10 / 24.05.2019
Йа Ҳалийму йа Алийм, йа Алиййу йа Азиймrdquo дуосининг фазилатиМуторриф ибн Мусъаб айтадилар Мен халифа Мансурнинг ҳузурига кирсам, у ғамгин ва хафа ҳолатда экан. давоми...

13478 10:10 / 25.01.2019
Одамлар кучли ва ожиз тушунчаларини турлича талқин қиладилар. Кўпчилик бунга фақат моддий тарафдангина қарайди. Билаги кучга тўлган, жисмонан бақувват кишиларни давоми...

3325 21:00 / 21.03.2019