1446 йил 20 жумадис сони | 2024 йил 22 декабрь, якшанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Муслималар саҳифаси

Исломнинг асираларга бўладиган муомаласи София бинти Ҳуяй розияллоҳу анҳо мисолида (иккинчи мақола)

09:30 / 23.10.2019 2424 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Хайбар уруши
Хайбар Мадинаи Мунавварадан етмиш милча узоқликдаги жой бўлиб, у жойни яҳудийлар босиб олишган эди. Ислом зоҳир бўлганидан кейин мусулмонларга хиёнат қилган яҳудийлар ҳам қочиб келиб, шу ерга жойлашишган эди.

Хайбар Ислом давлатига яҳудийлар томонидан доимий таҳдид солиб туриладиган ҳарбий истеҳкомга айлантирилган эди. Мадинаи Мунавварадан сургун қилинган Бани Назир яҳудийлари ҳам Хайбарга жойлашишган эди. Улар атрофдаги қабилаларни, хусусан, Fатафон қабиласини ўзлари билан бирга Мадинаи Мунавварага қарши ҳужум қилиб, мусулмонларни йўқ қилиб ташлашга чорлаётган эдилар.

Бу режалардан хабар топганларидан кейин Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳижрий еттинчи сананинг Муҳаррам ойи охирида Хайбарни фатҳ қилишга қарор қилдилар.

У зот бу жангга фақат Ҳудайбия иштирокчилари чиқишини қаттиқ таъкидладилар. Ҳудайбияга чиқмай қолганларга Хайбарга чиқишга изн бермадилар. Хайбарга бир минг тўрт юз саҳобий чиқди. Беморларни даволаш, ярадорларга қараш, таом таёрлаш учун саҳобия аёллардан ҳам йигирма киши чиқди.

Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам ўз лашкарларини Мадина билан Fатафон орасида жойлашган Рожийъ номли ерга туширдилар. Ана шунда ғатафонликларнинг яҳудийларга ёрдамга келиш йўллари тўсилди. Ғатафонликлар урушга аралашмадилар. Улар ўз жойларидан чиқмай, томошабин бўлиб туришди.

Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам таомларни жамлашга амр қилдилар. Фақат толқондан иборат таом жамланди. Ундан сарийд номли таом тайёрланиб, одамларга тарқатилди.

Хайбарга етиб келинганда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Аллоҳ таолога илтижо ила дуо қилдилар. У зот Аллоҳ таолодан Хайбарнинг фатҳини сўрадилар, Хайбарнинг ва унинг аҳлининг ёмонлигидан паноҳ тиладилар.

Бир неча кунлаб давом этган кучли қамал ва шиддатли урушлардан кейин мусулмонлар Хайбар қўрғонларини бирин-кетин фатҳ қилдилар. Охири келиб, яҳудийлар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан сулҳ талаб қилишди. Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам уларни кўчириб юборишни ирода қилдилар. Улар бўлса:

«Эй Муҳаммад! Бизни шу ерда қолдир. Биз бу ерларни тузатиб, экин экайлик. Бу ишни сизлардан кўра биз яхши адо этамиз», дейишди.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ва саҳобаларнинг деҳқончилик ёки боғдорчилик қилишга вақтлари ҳам, ўринларига ишлайдиган хизматчилари ҳам йўқ эди. Шунинг учун чиққан ҳосилни тенг бўлиб олиш шарти ила яҳудийларнинг Хайбарда қолишларига келишилди.

Хайбар фатҳидан сўнг

Хайбарда асирга тушган аёллар ичида яҳудийлар бошлиғининг қизи София бинти Ҳуяй ҳам бор эдилар.

Ўша вақтдаги таомилга кўра, урушда асир тушган эркак-аёллар уруш қатнашчиларига мулк сифатида тақсимлаб берилар эди. Асирларни мулк қилиб олган одам хоҳласа, уларни сотар, хоҳласа, қул ёки чўри қилар эди. Асира аёлларни хотин ўрнида ишлатиш ёки озод қилиб, ўзига никоҳлаб олиш ҳам мумкин эди.

Ислом қулчиликнинг ҳамма эшикларини беркитган. Лекин воқеъликни ҳисобга олиб, фақат урушдан асир тушганларгина бундан мустасно бўлган. Ўша вақтдаги вазият шуни талаб қиларди. Аммо бу масалага воқеълик нуқтаи назаридан қаралгандагина унинг моҳиятини тўла тушуниш мумкин.

Ўша даврларда тез-тез урушлар бўлиб турарди. Табиийки, уруш бор жойда ўлим бор, асир тушиш бор. Душман томон мусулмонлардан асирга тушган эркакларни қул, аёлларни чўри қилар эди. Ўз-ўзидан мусулмонлар ҳам шунга яраша муомала қилишга мажбур эдилар.

Аммо мусулмонларнинг қул ва чўриларга бўладиган муносабатлари тамоман бошқача эди.

Аввало, имкони борича асирларга яхши муомалада бўлишга, уларни озод қилишга тарғиб қилинарди.

Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг сийратларига бағишланган китобларни ўқиганимизда бунга кўплаб мисолларни топамиз. Қул ёки чўри тутишга тўғри келиб қолганда эса ўзига яраша ҳукмларга амал қилиш лозим бўлар эди.

Асирга тушган муслима аёлларга нисбатан кофир ва мушриклар ваҳшиёна муносабатда бўлишларига қарамай, мусулмонлар ўз қўлларига тушган асира аёлларга шариат кўрсатмалари асосида гўзал муносабатда бўлар эдилар. Уларни озод қилиб юборишга тарғиб қилинар эди.

Энди мободо тутиб қолишга қарор қилинса, нима бўлишини ўрганайлик.

Дейлик, бир аёл асирга тушди. Бир уйда яшамоқда. Ой ўтади, йил ўтади. Лекин у ҳам аёл, у ҳам инсон, унинг ҳам жони бор, нафси бор. Ёмон йўлга кириб, Ислом жамиятидаги эркакларни йўлдан уриб яшасинми? Ёки ўзига эга бўлган одам билан шаръий алоқада бўлсинми?

Бу эса ўша аёлнинг келажакда ҳур бўлишига йўл очади. Агар хожаси унга уйланса, унинг инсонийлик ҳурматини қайта тиклаган бўлади. Бундай ҳолатларда кўпроқ ҳур эркак ўзининг чўри хотинини озод қилади. Аммо озод қилмай, чўри ҳолида олиб юрса ҳам, туғиши билан аёл умму валад ҳисобланади. Шариат бўйича, уни сотиш мумкин бўлмай қолади. Хожаси вафот этган куни у аёл озод ҳисобланади.

Мана шу ҳолатни ғайримуслимларнинг қўлига тушиб қолган аёлларнинг ҳоли билан солиштириб кўринг-а, нима фарқ борлигини кўрасиз.

Исломнинг илк давридаги ҳолни қўя туринг, бугунги кунимиздаги тараққиёт, маданият ва инсон ҳуқуқлари даъвосини қилаётган йигирманчи асрнинг сўнгги йилларидаги ҳолатга солиштиринг. Асира аёлларни нималар қилишмаяпти. Гуруҳ-гуруҳ бўлиб, тинимсиз зўрлашдан тортиб, улар ҳақида фаҳш фильмлар қилиб, бозорда сотишгача боришмоқда. Инсонлик маъноларини оёқости қилишмоқда. Бу даҳшатли ишлар чўри тутишга рухсат бергани учун Исломга туҳмат тошини отаётган Оврупанинг қоқ марказида содир бўляпти.

Исломнинг асираларга бўладиган муомаласини София бинти Ҳуяй розияллоҳу анҳонинг мисолларида яққол кўришимиз мумкин.

(Давоми бор)

«Ҳадис ва ҳаёт» китобидан

Муаллиф
Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф
Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Исо алайҳиссаломнинг оналари Марям Имрон қизини ёшликларида Аллоҳ таолонинг Ўзи поклади, тарбиялади, бўйга етганларида Жаброил алайҳиссалом .Албатта Аллоҳ таоло давоми...

2760 11:30 / 21.08.2021
Маймуна бинти Ҳорис онамизнинг ва у кишининг опасингилларининг иймонлари бақувват эканига Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ўзлари гувоҳлик давоми...

3244 11:06 / 11.03.2020
Ҳафса онамиз розияллоҳу анҳо ҳижрий қирқ бешинчи сананинг Шаъбон ойида вафот этдилар. Ўша пайтда у кишининг ёшлари олтмишда эди.Имом Абу Довуд ва Термизий Икрима давоми...

2449 21:00 / 02.06.2019
Ўртангиздаги муҳаббат ҳасталикка учраб, ўлим томон юз тутаётганини сезган заҳотинг уни ҳимоя қилишга, соғомон сақлаб қолишга ҳаракат қил.1. Эзгу дуо ёки мақтов давоми...

9627 14:40 / 09.04.2019