1446 йил 20 жумадис сони | 2024 йил 22 декабрь, якшанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Мақолалар

Тарбия

09:00 / 09.07.2019 2648 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Халқимизда «Бола азиз, одоби ундан азиз», деган нақл бор. Дарақиқат, ҳозирги ахборот хуружлари, турли қараш ва тушунчалар авж олган замонда фарзандларимизга қандай тарбия бериш бизни ўйлантириши табиий ҳол. Хўш, келажагимиз давомчилари бўлмиш насллларимизга динимиз кўрсатмаларида баён этилган тўғри тарбияни қандай беришимиз мумкин?

 

БОЛАЛАРДА АЛЛОҲГА МУҲАББАТ

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам болалар билан Яратганнинг уларга бўлган муҳаббати ҳақида кўп суҳбатлашганлари борасида у зотнинг сийратларида кўплаб мисолларни кўришимиз мумкин.

Кичик ёшдаги болалар одатда қўрқув ва нафрат тушунчаларини буткул бошқача қабул қилишади. Уларнинг ўзларига хос бўлган ажойиб ўй-хаёллари ҳамма нарсани бўрттириб юборади. Шунинг учун Пайғамбаримиз алайҳиссалом кичкина болалар билан фақат Аллоҳнинг муҳаббати ва раҳмати ҳақида гаплашардилар.

Кейинчалик болалар улғайиб, қабул қилаётган маълумот ва ҳаракатларини танқидий баҳолашни ўрганишганидан сўнг Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам уларга насиҳатда бошқача йўл тутардилар. Бундан кўриниб турибдики, фарзандларимиз катта бўлишгач, Аллоҳга мақбул бўлмаган амаллар, Унинг қаҳрига дучор бўлмаслик учун нималарни четлаб ўтиш кераклиги ҳақида суҳбатлашишимиз мумкин экан.

Ҳадиси шарифда ҳар бир боланинг соф фитратда туғилиши, унинг келажакда ким бўлиши эса ота-онанинг тарбиясига боғлиқлиги таъкидланган.

Мазкур ҳадисдан кўриниб турибдики, ҳар бир бола қалбига Аллоҳга нисбатан муҳаббат жойланган ва у ёлғиз Яратганнинг Ўзигагина суянишга ўрганган. Ота-оналарнинг вазифаси – болалардаги бу ҳолатни сақлаш, мазкур хислатни «тарбиялаб, катта қилиш» ва мустаҳкамлашдир. Буни қандай амалга ошириш мумкин?

Биринчи навбатда, бизда мавжуд барча яхши нарсаларни Аллоҳ билан боғлашимиз лозим. Фарзандингизга совға ёки ширинлик улашаётганда доим: «Аллоҳ сени бунчалар яхши кўрмаса! У ўта сахий Зот!», деганга ўхшаш сўзларни айтишингиз керак.

Аммо бундай сўзларни нафақат янги нарса олганда, балки кундалик ҳаётда тез-тез такрорлаб туриш унутманг. «Аллоҳ бизни жуда яхши кўради, У бизга сайр учун ўта ёқимли об-ҳаво берди!», «Аллоҳ севувчи, У барчамизни бир жойга йиғди», «Аллоҳ сени яхши кўради, қара, сенда қанча кийимлар (ўйинчоқлар, китоблар, билим, ўртоқлар) бор, ахир бу ҳаммага ҳам насиб этмаган-ку!», «Аллоҳ сени жуда яхши кўради-да, У сенга бугун кўплаб қизиқарли машғулотларни ато этди!» ва ҳоказо.

Кун давомида сиз ўзингиз кўравериб ўрганиб кетган, унчалик эътибор бермайдиган неъматларга имкон қадар кўпроқ аҳамият беришга ҳаракат қилинг! Доим эга бўлган нарсаларимизга шукр қилишимиз болага нима учун Аллоҳ бизни бой ва камбағал ҳолатимизда ҳам яхши кўришини тушунтиришимизга ёрдам беради.

Аммо бола фақатгина яхши нарсаларни Аллоҳ билан боғлашга ўрганиб қолмаслиги учун Парвардигор бизга синов учун юборган ҳолатларни ҳам таҳлил қилишимиз керак: «Аллоҳ сени бугун хафа ҳолатга туширишининг сабаби сени яхши кўришидадир. Ҳа, У сени яхши кўради, ғазабингни жиловлашни ўрганишингни хоҳлайди. Жаҳлини тия олганларга қандай мукофотлар берилишини биласанми?!»; «Сен бугун оғриқни ҳис қилдинг, бу Аллоҳнинг хоҳиши, албатта. Сабабини биласанми?! Чунки У сени жуда яхши кўради, ахир кимда-ким ҳатто зирапча киришига сабр қилса, бу иши эвазига Аллоҳ унинг гуноҳларини ўчиради»; «Аллоҳ бизга дард берса, бизни яхши кўрганидан беради, ахир у туфайли жаннатдаги мақомимиз кўтарилади!».

Фарзандларингиз билан беморлик, ғам-ташвиш мавзулари баён этилган ҳадиси шарифларни биргаликда ўқиб, муҳокама қилинг. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам марҳамат қиладилар: «Мўминнинг ҳолати ажиб! Унинг ҳар бир ҳолатида яхшилик бор ва бу неъмат фақатгина мўминларгагина берилган. Агар унга яхшилик етса ва у шукр қилса, бу унга савоб келтиради. Агар унга ғам-ташвиш етса-ю, унга сабр қилса, бу амали ҳам савоб келтиради».

Аллоҳга муҳаббат ҳосил қилишнинг яна бир муҳим омили – Қуръони Карим тиловатидир. Қуръони Каримни ўқиш боланинг қалбини ёриштиради. Бундай болаларга Аллоҳнинг назари тушади. Бу ҳақиқат Қуръони Карим оятларида тасдиғини топган:

«…Ва сенга Ўзимдан муҳаббат солдим. Буни кўз олдимда етиштирилишинг учун (қилдим)» (Тоҳа сураси, 39-оят).

Пайғамбарлар қиссаси, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам, саҳобаи киромларнинг тарихлари ҳақида кўпроқ ўқинг. Уларга келган синовлар тўғрисида суҳбатлашинг, фарзандингизга Аллоҳ уларни яхши кўргани учунгина синовлар юборганини тушунтиринг. Набий алайҳиссаломнинг сафдошлари ҳаётлари яхши пайтида кўпроқ ташвишланиб: «Аллоҳ бизларга синов юбормай қўйди, У Зот бизни унутди», дея ҳавотирга тушиб қайғуришарди. Чунки улар ғам-ташвиш берилган пайтда сабр қилишнинг мукофотини яхши билишар эди-да!

Шукр қилувчи банда сифатида ўзингиз фарзандингизга намуна бўлинг. Унинг ризқи ҳалол бўлишига алоҳида аҳамият беринг. Бунда нафақат таомнинг таркиби, балки уни сотиб олишга сарфланган маблағ ҳам ҳалол йўл билан қўлга киритилиши керак. Бу мусулмонлар учун жуда муҳим, чунки ҳаром луқма бутун тана аъзолари, юрак ва ақлий фаолиятга ҳам таъсир ўтказади.

«Аллоҳ, фарзандларимиз қалбини Ўзингга, Каломингга, Расулинг Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламга ва у зотнинг суннатларига бўлган муҳаббат билан тўлдир», дея Аллоҳга кўп дуо қилинг.

 Саодат остонаси

 

Мукаммал динимиз ижтимоий ҳаётимизга тегишли ҳар бир ҳолат, шарт-шароитга кўра маълум бир кўрсатмаларни берган. Айниқса, инсон наслининг дебочаси бўлмиш оила масаласида ҳам тўлақонли йўл-йўриқларни баён этган. Ўйлаймизки, жамият ҳаётининг саодатини белгилаб берувчи оилавий ҳаётни бошлаш арафасида турганлар учун«Hilol» журналининг ушбу рукнда берилган мақола фойдадан холи бўлмайди.

Муаллиф
Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф
Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Робиъ ибн Сулаймон айтади .Муҳаммад ибн Идрис Сулаймон Шофиъий Рамазон ойида Қуръонни олтмиш марта хатм қилар эди. Барча хатмни намозда қилар эди,.Имом Шофеъий давоми...

1517 08:30 / 10.05.2020
Муовиянинг олдига ироқликларнинг вакиллари келишди. Уларнинг орасида Аҳнаф ҳам бор эди. Бир киши туриб, .Мўминларнинг амири сизларга ҳеч ким ўзидан бошқа одам давоми...

2087 08:00 / 08.07.2020
Солиҳ ибн Абу Ахзор айтади .Айюбга .Менга насиҳат қилинг,, десам, .Кам гапир, деди.Айюб Сухтиёнийнинг тақвосиСалом айтади .Айюб Сухтиёний туни билан бедор бўлар, давоми...

2314 08:00 / 15.02.2021
Аллоҳ таоло мангу ёш болалар жаннат аҳлига қандай хизмат кўрсатишларини қуйидагча баён қилади.Яна ўзлари танлаб оладиган мева билан, иштаҳалари тортадиган қуш давоми...

1693 15:07 / 24.09.2020