1446 йил 23 жумадул аввал | 2024 йил 25 ноябрь, душанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Мақолалар

Мусулмон эътиқод қилиш лозим бўлган нарсалар

11:00 / 09.07.2019 2332 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

«Ақийда» сўзи арабча «ақада» феълидан олинган бўлиб, «бир нарсани иккинчисига маҳкам боғлаш» деган маънони англатади. Бу сўзнинг жами (кўплик шакли) «ақоид» бўлади. Ислом ақийдаси мусулмон инсонни маҳкам боғлаб турадиган эътиқодлар мажмуасидир.

Қачонки маълум бир илм бизнинг фикримизга айланиб, ҳис-туйғуларимизни йўллайдиган ва ҳаракатларимизни бошқарадиган ҳолга етганда, ақийдага айланган бўлади. Демак, ақийда илмга асосланган бўлиши лозим.

Али Қорийнинг «Ал-Фиқҳул Акбар»га ёзган шарҳи такмиласининг 146-саҳифасида ақийда илмига:

«У бир илмки, унда эътиқод қилиш лозим бўлган нарсалар ҳақида баҳс қилинади», деб таъриф берилган.

Исломнинг ақийда қисмидаги сўзни ушбу иймоннинг рукнлари ҳақидаги маънолардан бошлаймиз. Иймон-эътиқоднинг инсон ҳаётидаги аҳамияти чексиз эканини инсоният иймонсизлик жафосини тортиб кўрганидан кейингина тушуниб-етиб турибди. Қадимдан иймонсизликнинг турли кўринишлари зоҳир бўлиб келган бўлса ҳам, у бор ҳақиқат сифатида ўртага чиққан эмас эди. Ҳамма иймонга у ёки бу тарзда юзланар эди. Кўпчиликнинг хатоси Аллоҳ баён қилган тарздаги иймонга юзланмасликда эди. Ҳеч ким Аллоҳ таолони йўқ демас, аммо кўплари Унга ширк келтирар, исмлари, сифатлари ва амалларининг баъзиларини инкор қилар ёки нотўғри тушунар эдилар. Шунинг учун ҳам қадимги ақийда китобларимизда Аллоҳнинг борлиги ҳақида эмас, У Зот таолонинг тавҳиди, сифатлари, исмлари ва амаллари ҳақида сўз юритилган. Озгина эътиборсизлардан бошқа ҳамма Аллоҳнинг борлигини эътироф қилгани учун ақоид уламолари бу масалада баҳс юритиб ўтирмаганлар.

Исломда иймон Аллоҳ таоло тарафидан бандаларга берилган неъматларнинг энг улуғи сифатида қадрланади. Ислом инсоннинг қадрини иймон билан ўлчайди. Иймонсиз одам икки дунёда ҳам ҳеч бир нарсага эриша олмаслигини қаттиқ таъкидлайди. Ислом ҳамма нарса иймон асосида олиб борилишига алоҳида аҳамият беради.

– Аллоҳга иймон.

Аллоҳга бўлган иймон бу масалада бош рукн ҳисобланади. Аллоҳга иймон бўлмаса, бошқа нарсага иймон бўлиши мумкин эмас. Шундай экан, иймон масаласининг бош рукни бўлмиш Аллоҳга иймон келтириш нима ўзи?

Ислом нуқтаи назарида Аллоҳга бўлган иймон Аллоҳ таолонинг борлигига, ягоналигига, холиқлигига, мудаббирлигига, яъни барча ишнинг тадбирини қилиб турувчи, бошқарувчилигига, розиқлигига ҳамда бошқа исму сифатлари ва ишларига тил билан иймон келтириш, уларни дил билан тасдиқлаш ҳамда шу иймон асосида аъзолар билан амал қилишдир. Бу иймон Аллоҳ таолонинг Ўзи ва Аллоҳнинг Расули соллаллоҳу алайҳи васаллам баён қилганларидек бўлиши зарур.

Аллоҳга бўлган иймон ўз эгасини ҳар бир ҳолда Аллоҳнинг амри билан яшашга чорлайди. Аллоҳга иймони бор одам «Ҳар бир ишим-қилмишимни Аллоҳ кўриб турибди» деган ишонч ила ҳаёт кечиради. Шунинг учун у фақат Аллоҳга хуш келадиган ишларни қилиб яшайди. Бу эса инсоннинг саодатли ҳаёт соҳиби бўлиши учун энг муҳим омиллардан биридир.

Аллоҳга иймони бор одам «Ҳар бир гапимни Аллоҳ эшитиб турибди» деган ишонч билан яшайди. Шунинг учун доимо ўзидан яхши овоз, гап, сўз ва маънолар чиқишига ҳаракат қилади. Бу эса инсоннинг саодатли ҳаёт соҳиби бўлиши учун энг муҳим омиллардан биридир.

Аллоҳга иймони бор одам «Ҳар бир амалимни Аллоҳ ҳисоблаб турибди, қиёмат куни сўроқ-савол қилади» деган ишонч билан яшайди. Шунинг учун доимо яхшилик қилиб, ёмонликдан қочади. Бу эса инсоннинг саодатли ҳаёт соҳиби бўлиши учун энг муҳим омиллардан биридир.

Аллоҳга иймони бор одам «Тавбани фақат Аллоҳ қабул қилади» деган ишонч билан яшайди. Шунинг учун ҳам ўзидан хато ўтса, дарҳол тавба қилишга, чин қалбдан афсус чекишга, ўша хатони такрор қилмасликка шошилади. Бу эса инсоннинг саодатли ҳаёт соҳиби бўлиши учун энг муҳим омиллардан биридир.

Аллоҳга иймони бор одам ўзида барча яхши фазилатларни жамлашга, барча разолатлардан четда бўлишга ҳаракат қилади. Иймон ҳар бир инсон учун, ҳар бир оила учун, ҳар бир жамият ва бутун инсоният учун ўта муҳим ҳамда зарур сифат эканини одамлар кўриб-билиб турибдилар.

Бошқа масалалар қатори, иймон масаласида ҳам ҳамма нарса Аллоҳнинг Ўзи кўрсатганидек бўлиши керак. Инсоннинг ўзича «Унга иймон келтираман-у, бунга иймон келтирмайман», дейиши кулгили. Бунда иймон-эътиқод, дину диёнат масаласини Аллоҳ эмас, банда жорий қилган бўлади.

Аллоҳга иймон қандай бўлиши кераклигини Аллоҳнинг Ўзи баён қилиб бериши фақат Исломдагина собитдир. Шунингдек, Аллоҳдан бошқа иймон келтириш лозим бўлган нарсаларни Аллоҳ таолонинг Ўзи баён қилиб бериши ҳам фақат Исломда собитдир. Бу эса инсоннинг саодатли ҳаёт соҳиби бўлиши учун энг муҳим омиллардан биридир.

– Фаришталарга иймон.

Аллоҳнинг фаришталарига бўлган иймон ҳам катта ҳикматларга эга. Фаришталарга бўлган иймон ҳар бир шахс, жамият ва барча инсоният учун кони фойдадир. Аллоҳнинг инсон кўзига кўринмайдиган, чарчамайдиган, ғафлатда қолмайдиган, гуноҳ қилмайдиган, ўзларига берилган амрни сўзсиз бажарадиган ва яна бир қанча олий сифатларга эга бўлган ҳамда «фаришталар» деб номланган аскарлари борлигига иймон келтириш қачон кимга зарар келтирибди?

Мўмин-мусулмон инсон ўзига икки фаришта бириктирилганига ишонади. Агар ўзи тўғри юриб, тўғри турса, ўша икки фаришта Аллоҳнинг изни ила уни муҳофаза қилишига иймон келтиради. Мўмин-мусулмон инсон ўша фаришталарнинг бири яхши амалларни, иккинчиси ёмон амалларни, заррача бўлса ҳам қолдирмай, номаи аъмолига ёзиб бораётганига, қиёмат куни шу битиклар асосида ҳисоб-китоб бўлишига иймон келтиради. Бу эса ҳар бир инсонни доимо яхшилик қилиб, ёмонликдан қочишга ундовчи жуда кучли омилдир. Ушбу омил ҳар
бир инсон, жамият ва барча инсоният учун ўта зарурдир.

Фаришталарга иймон бўлмаган жамиятда эса одамлар хоҳлаган ёмонлигини хоҳлаган вақтда, хоҳлаган жойда қиладиган бўлади. Иймонсиз жамият мафкурачилари тўқиб чиқарган «виждон азоби» каби қуруқ ҳиссиётлар фойда бермади. Негаки, иймонсизда виждон бўлиши умуман мумкин эмас.

Иймонсизлик натижасида инсон табиати ҳам бузилади: баъзи инсонлар ўзларига бўлган ишончни йўқотиб, қўрқоқ, шахсиятсиз бўлиб қоладилар, бошқалари эса ҳар қандай ёмонликдан тап тортмайдиган нобакор махлуққа айланадилар.

Шунингдек, фаришталарга иймони бузуқ бўлган юрт-лар ва халқларда ҳам турли муаммолар келиб чиқади. Уларнинг баъзилари фаришталарни Аллоҳга ширк келтирсалар, бошқалари дев, пари ва ўзга хурофий нарса-ларга аралаштириб юборадилар. Оқибатда турли зарар-ли урф-одатлар ва тасарруфотлар келиб чиқади. Демак, биз мусулмонлар бошқа нарсалардаги каби фаришталар ҳақида ҳам энг тўғри иймонга эга эканимиз билан фахрланишимиз ва ундан фойдаланишимиз лозим.

– Илоҳий китобларга иймон.

Аллоҳнинг Китобларига иймон келтириш ҳам улкан ҳикматларга молик ишдир. Бу Аллоҳ таоло вақти-вақти билан бандаларига Ўз Китоблари, яъни кўрсатмалари тўпламини тушириб, уларни икки дунё саодатига эриштирадиган йўлга ҳидоят қилиб турганига иймон келтиришдир. Бу Аллоҳ ҳар замонни ўзига яраша китоб билан таъминлаб, аста-секин инсониятни тайёрлаб боргани ва вояга етказганига иймон келтиришдир. Бу инсоният ўз камолига етганида Аллоҳ унга баркамол Китобни – қиёматгача мўъжиза бўлиб қолувчи Қуръони Каримни нозил қилганига иймон келтиришдир. Бу инсоният бундан буён фақат Қуръонга амал қилгандагина мақсадига эришиши мумкинлигига иймон келтиришдир. Бу эса инсоннинг саодатли ҳаёт соҳиби бўлиши учун энг муҳим омиллардан биридир.

Аллоҳнинг Китобларига иймон келтирмайдиганлар эса ушбу эзгуликларнинг барчасига, инсоннинг асли бир эканига куфр келтирувчилардир. Улар Аллоҳ инсонни улуғлаб, унга Ўз таълимотларини берганига, бошқа махлуқотлардан устун эканини исбот қилганига куфр келтирувчилардир. Шунинг учун ҳам Аллоҳнинг Китобларига ёки уларнинг баъзисига иймон келтирмаганлардан фақат ёмонлик чиқади, холос.

– Пайғамбарларга иймон.

Аллоҳнинг пайғамбарларига иймон келтириш ҳам ғоятда пурҳикмат ишдир. Аллоҳ таоло инсонлар ичидан Ўзига пайғамбар танлаб олишининг ўзи инсоният учун улкан шарафдир. Одам Атодан бошлаб Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламгача бўлган пайғамбарлар силсиласи эса инсониятнинг шараф силсиласидир. Пайғамбар алайҳиссаломлар инсоният учун шону шараф, фахр бўлган шахслардир. Улар Роббул оламиннинг кўрсатмаларини одамларга етказиб берган шахслардир. Уларнинг ҳаммалари ягона Аллоҳнинг бандалари, ягона Аллоҳнинг пайғамбарларидир. Улар бир-бирлари билан биродардирлар. Улар бир-бирларини тўлдириб, бир-бирларини тасдиқлаб келганлар. Улар орқали инсониятнинг асли бир экани, ягона Аллоҳга сиғингани, бир динга амал қилгани тушунилади. Шунинг учун ҳам Исломда уларнинг орасини фарқламай, ҳаммаларига бирдек иймон келтириш фарздир. Пайғамбар алайҳиссаломлардан бирорталарини инкор қилган кимса гўёки, ҳамма пайғамбарларни инкор қилган каби кофир бўлади.

Пайғамбар алайҳиссаломларнинг ҳар бирлари яхшилик, фазилат бобида инсоният учун ўрнак ва намунадирлар. Уларнинг ҳар бири ҳидоят маёғидир. Уларнинг охиргиси бўлмиш Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам қиёматгача ҳаммага ўрнакдирлар. Инсоният бугунги кунда пайғамбарлардан ўрнак олишга ўта муҳтож бир ҳолга келгандир. Бунинг учун уларнинг эҳтиромини ўрнига қўйиш, уларга Ислом кўрсатганидек иймон келтириш лозим. Чунки Исломдан бошқа дин ва мафкураларда бу хусусият йўқ.

Иймонсизлар инсоният тарихининг гултожи бўлмиш пайғамбар алайҳиссаломларни ҳийлагар, ёлғончи, бузуқ, каззоблар деб эълон қилдилар ва бу билан инсоният қадрини яна бир бор ерга урдилар. Иймонсизлар инсониятни пайғамбарлардан эмас, ўзларининг нафси бузуқ, ароқхўр, маймунсифат бошлиқларидан ўрнак олишга чақирдилар. Улар мазкур нобакорларни пайғамбарлардан устун қўйиб, афзал кўрсатишга уриндилар. Аммо вақти-соати келиб, улар сиғиниб юрган шахслар шайтондан баттар, тубан махлуқлар экани маълум бўлди.

Исломдан бошқа айрим динларда пайғамбар алайҳиссаломларнинг баъзиларини ўз қизи билан зино қилганликда айблаб, баъзиларини умуман тан олишмайди. Бошқа бир динда эса ғулувга кетиб, улар илоҳийлаштириб юборилади – пайғамбар алайҳиссаломларни худонинг ўғли ёки худо, деб эътиқод қилинади. Бунга ўхшаган хатолар тўлиб ётибди. Демак, бу масалада ҳамма нарса ўз ўрнига тушиши учун ҳам Ислом керак.

– Охират кунига иймон.

Ислом охират кунига иймон келтиришни ҳам иймондаги рукн масалаларидан қилган. Иймон келтириш лозим бўлган нарсалар ичида бу масалага алоҳида эътибор берилади. Нима учун бундай қилинганини бугунги кунда яхши тушуниб турибмиз.

Охират кунига иймон бўлмаса ёки мазкур кунга иймон заиф бўлса, инсониятнинг таназзулга юз тутишини тажриба кўрсатди. Охират кунида ҳамма одамлар қайта тирилишига, бу дунёда қилган амалларининг зарра-заррасигача мукофот ёки жазо олишига иймони йўқ одамдан яхшилик чиқиши амри маҳол. Агар охират кунига иймон-ишонч бўлмаса, ер юзида эзгулик ва адолатга эришиб бўлмайди. Охират кунига иймон йўқолиб, «Одам ўлганидан кейин чириб, йўқ бўлади, қайта тирилмайди» деган фикр ҳоким бўлса, ер юзида кучли кучсизни еб битирадиган «ўрмон қонунлари» жорий бўлади. Ҳа, агар золим бу дунёда қилган зулми учун жавоб бермаса, ёлғончи-фирибгар ўз ёлғони, фириби билан давр суриб қолиш пайида бўлаверса, хуллас, ҳамма бу фоний дунё матоҳи учун ҳар қандай ёмонликдан, қабиҳликдан қайтмаса, бу дунё қандай дунё бўлади? Кучсизларнинг, мазлумларнинг, бечораларнинг ҳоли нима кечади? Ҳаёт кечириш ўз-ўзидан чексиз азобга айланиб, жамиятда ноумидлик, лоқайдлик ва ўзини ўзи ўлдиришлар кўпаймайдими?

Мазкур бало-офатлардан қутулиш учун кишилар инсофли, диёнатли, тўғрисўз бўлишлари, барча ёмонликлардан қайтишлари лозим. Ёмонликдан қайтиш учун эса, албатта, охират кунига иймон келтириш даркор.

– Яхши-ёмон қадарга иймон.

«Қадар» сўзи «ўлчов» маъносини англатади. Ислом ақийдасида эса Аллоҳ таоло азалда Ўз илми ва иродаси ила ҳар бир нарсани ўлчовли қилиб қўйганига эътиқод қилишни билдиради. Уламолар қазо ва қадарни қуйидагича таърифлайдилар:

«Қазо Аллоҳ таолонинг ҳамма нарсаларнинг келажакда қандай бўлишини азалдан билишидир».

«Қадар ўша нарсаларнинг Аллоҳнинг азалий илмига мувофиқ равишда вужудга келишидир».

Аҳли сунна вал жамоа мазҳабига биноан, балоғатга етган мусулмон Аллоҳ таоло бандаларнинг ҳамма ишини, махлуқотларга боғлиқ нарсаларнинг барчасини аввалдан билишига иймон келтириши вожиб бўлади.

Қазо ва қадар ақийдаси Аллоҳга иймон келтириш асосидаги Ислом ақийдаларидан бири ҳисобланади. Бу ақийда тўғри маърифат асосида Аллоҳ таолони камол сифатлари билан сифатлашга асослангандир.

Ана ўша сифатларнинг бири – Аллоҳнинг илми, у илмнинг чексизлиги, Аллоҳ иродасининг шомиллиги ва қудратининг комиллигидир.

Қазо ва қадар ақийдаси Аллоҳ таолонинг ана шу сифатларига асосланган ақийдадир. Шунинг учун ҳам қазои қадарга иймон бўлмаса, Аллоҳга бўлган иймон тугал бўлмайди.

Дарҳақиқат, Аллоҳ таоло ҳамма нарсани билади. Уяси ичида ғимирлаётган чумолининг ҳаракатини-ю, ўз фалакида ҳаракат қилаётган сайёраларни ҳам билади. У Зотнинг илмидан ҳеч нарса ғойиб бўлмайди. Аллоҳ таоло дунёдаги ҳар бир заррани ҳам ва унинг ҳаракатини ҳам билиб туради.

Шунингдек, Аллоҳ таоло қиёматгача нима бўлишини ҳам билади. Агар уларни билмаса, У Зотнинг баркамоллик сифатига нуқсон етган бўлади.

Қадарга бўлган ишонч ўз эгасини доимо ҳаракатда бўлишга чорлайди. У ўз фойдасини ҳаракатдан топади. Бу ишим самарали бўлмаса, кейингиси самара берар, деб доимо яхши умид билан иш олиб боради. Чунки унга нима тақдир қилингани маълум эмас, белгилари ҳам йўқ. Қадарга бўлган ишончнинг ҳикматларидан яна бири, инсон бошига мусибат етганида қайғуни енгиллаштиришидир. Шунингдек, қазо ва қадарга иймон келтирган инсон ўз ҳаётида муваффақиятларга эришган чоғида ҳам ўзини йўқотиб қўймайди, балки барча нарсани Аллоҳдан деб билиб, мусибат етганда сабр қилади, яхшиликка эришганда шукр қилади.

Албатта, иймоннинг бошқа рукнлари каби, қадарга иймон ҳам инсон бахт-саодати учун хизмат қиладиган муҳим омиллардан биридир.

Исломда инсоннинг ақийдаси борасидаги барча масалалар аллақачон ҳал бўлган. Бу борада мусулмонлар бошқаларга ўхшаб, ҳардамхаёл бўлмайдилар. Дунёдаги энг тўғри эътиқодда, Аллоҳ таолонинг Ўзи баён қилиб берган ақийдада эканликларига тўлиқ ишонч билан саодатли ҳаёт кечириб бораверадилар. Ўзларининг ташвишга, хавотирга ва иккиланишга қолмасликларини яхши биладилар.

Ушбу ҳақиқатни англаб етиш учун ақийда китобларимиздан бирида тақдим қилинган мавзуларнинг мухтасарига назар солишнинг ўзи кифоя қилади.

«Мукаммал саодат йўли» китоби асосида тайёрланди.

Муаллиф
Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф
Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Али ибн Абдуллоҳдан ривоят қилинади .Яҳё ибн Саиднинг ҳузурида эдик. У бир кишига .Қуръондан ўқи,, деди. У Духон сурасини ўқиди. У қироатни бошлаганда Яҳё ибн Саидга давоми...

1939 08:00 / 01.08.2020
Саъид ибн Ос розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади.Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам.Ҳеч бир ота ўз фарзандига яхши одоб ўргатишдан ортиқ ҳадя қила олмайди,, давоми...

2424 11:30 / 25.12.2018
Анас розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади .Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг завжалари яшайдиган хонадонга бир гуруҳ мусулмонлар келиб, Расулуллоҳ давоми...

2746 08:00 / 07.01.2021
Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳу замонида тақводор, намозини доимо масжидда жамоат билан ўқийдиган бир йигит бор эди. Ҳазрати Умар розияллоҳу анҳу уни ниҳоятда давоми...

6019 08:06 / 07.11.2018
Аудиолар

135330 11:58 / 10.10.2018
«Ҳилол» журнали
Китоблар

55580 14:35 / 11.08.2021