1447 йил 8 Рамазон | 2026 йил 26 февраль, пайшанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Мақолалар

Исломий одоб аломатлари

07:00 / 29.06.2019 2596 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Илоҳий манбалардан олинган исломий одобнинг ғояси илоҳий таълимот, мақсад ва ғоялар билан чамбарчасдир. Одобнинг асосий ғояси инсон зотининг икки дунё саодатига эришишини таъминлашдир. Мусулмон инсон ўзининг одоби ила бу дунёда барча мавжудотлар билан ҳамкорликда  яхши муносабат ҳолатида ҳаёт кечиради. Охират дунёсида эса амал қилган одоблари савобидан баҳраманд бўлади. Бу ҳақиқатни англаб етиш учун Аллоҳ таоло инсонни нима учун яратгани, мазмунини тушунишнинг ўзи кифоя.

Аллоҳ таоло марҳамат қилади:

ﭑ ﭒ ﭓ ﭔ ﭕ ﭖ ﭗ ﭘ ﭙﭚ

«Эсла, вақтики Роббинг фаришталарга: «Албатта, мен ер юзида халифа қилувчиман», деди» (Бақара сураси 30-оят).

Ушбу оятдан Аллоҳ таоло Одамнинг Ўзининг ер юзидаги ўринбосари – халифаси бўлишини ирода этгани маълум бўляпти. Демак, инсонга улкан ишонч билдирилган, у улуғ Аллоҳнинг халифаси бўлишдек олий мақомга лойиқ кўрилган. Ислом таълимоти бўйича, дунё ва охират саодатига эришишни хоҳлаган одам Аллоҳнинг ер юзидаги халифаси бўлишдек улуғ мақомга муносиб бўлиши лозим. Ер юзидаги халифалик эса уни обод қилишни талаб этади. Бу иш ҳалоллик-поклик, адолат, ҳақиқат, тўлақонли ҳамда мукаммал одоб ва яхшилик ила амалга оширилади.

Аллоҳ таоло шундай марҳамат қилади:

ﮏ ﮐ ﮑ ﮒ ﮓ ﮔ ﮕ ﮖ ﮗ ﮘ ﮙ ﮚ ﮛ ﮜ ﮝ ﮞ ﮟ ﮠ

«Батаҳқиқ, Бану Одамни азизу мукаррам қилиб қўйдик ва уларни қуруқлигу денгизда (улов-ла) кўтардик ҳамда уларни пок нарсалар ила ризқлантирдик ва уни Ўзимиз яратган кўп нарсалардан мутлақо афзал қилиб қўйдик» (Исро сураси 70-оят).

Аллоҳ таоло борлиқдаги турли-туман мавжудотларни бир-биридан афзал қилиб яратган. Мана шундай яратувчи Зот ушбу ояти каримада одам боласини борлиқдаги ҳамма нарсадан азизу мукаррам қилиб яратганининг хабарини бермоқда.

Саъид ибн Осс розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам:

«(Ҳеч бир) ота-она ўз боласига гўзал одобдан афзал ато бера олмайди», дедилар».

Термизий ривоят қилган.

Ҳар қандай ота-она фарзанди учун барча нарсага ҳамиша тайёр туради. Дунёда ўзидан ўзганинг афзал бўлишини фақат ота ва онагина истайди. Ҳар бир ота-она фарзандининг ўзидан ҳам иқтидорли, салоҳиятли ва олий мартабали бўлишини хоҳлайди. Шунинг учун ота-она ўз фарзандига дунёнинг бор бойлигинию, яхшиликларини ҳадя қилишга доимо тайёр туради.

Аммо ушбу ҳадисда ота-она фарзандига одобдан афзалроқ, одобдан қимматлироқ бошқа бирор нарсани ҳадя қила олмаслиги таъкидланмоқда. Бундан одоб фарзанд учун дунёнинг барча мол-мулкидан ҳам афзалдир, деган хулоса чиқариш мумкин. Чунки ота-она боласига дунёнинг бор мол-мулкини бериб қўйса-ю, боланинг одоби бўлмаса, у ўша мулкни ўзи ва ота-онасининг бошига катта ташвиш, тузалмас балога айлантириши ҳеч гап эмас. Агар ота-она боласига чиройли одоб ҳадя қилса, фарзанди мазкур одоб ила ота-онасига ва ўзига керакли обрўни ҳам, бойлик ва мол-мулкни ҳам топиб келтиради.

Баъзи уламолар исломий хулқ аломатлари ҳақида шундай дейишган:

Ҳаёси кўп, озори кам, салоҳияти бисёр, тили ростгўй, гапи оз, амали кўп, тойилиши кам, бекорчи вақти кам, яхшилик қилувчи, алоқани боғловчи, виқорли, сабрли, шукр қилиб рози бўлувчи, ҳалим, улфат, иффатли, шафқатли, лаънатламайдиган, сўкмайдиган, чақимчилик қилмайдиган, ғийбат қилмайдиган, шошқалоқлик қилмайдиган, гина сақламайдиган, бахиллик қилмайдиган, ҳасад қилмайдиган, хушмуомала, юмшоқ, Аллоҳ учун яхши кўрувчи, Аллоҳ учун ёмон кўрувчи, Аллоҳ учун рози бўлувчи, Аллоҳ учун ғазаб қилувчилар яъни мана шулар гўзал хулқдир.

«Иҳёу улумид Дин» ва «Ижтимоий одоблар» китобидан

Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Аллоҳ таоло Қуръони Каримда .Бу шундай китобки, Биз уни сенга оятларини тадаббур қилсинлар ва ақл эгалари эслатма олсинлар учун нозил қилганмиз, дейди. Сод сураси, давоми...

11791 14:30 / 07.09.2019
Дуо ибодат турларидан бири бўлиб, инсон билан Аллоҳнинг орасини боғлайди. Дуо инсонда қўшиб яратилган нарса бўлиб, қийинчилик вақтида ўзўзидан, биров ўргатмаса давоми...

2748 13:06 / 01.08.2020
Нафсни поклаш ва ахлоқни сайқаллаш воситалардан бири таҳоратдир.Араб тилидаги .таҳорат, сўзини ўз тилимизга таржима қиладиган бўлсак, .поклик, деган маъно келиб давоми...

2530 04:14 / 13.08.2019
Бир қария бор эди. Ўзи камбағал бўлса ҳам, саховатли эди, бирон нарса сўраб келган тиланчини қайтармас эди. Эгнига бир чопон ташлаб юрарди. Бир куни қари совқотиб давоми...

4083 07:00 / 21.12.2018
Аудиолар

232037 06:58 / 10.10.2018
«Ҳилол» журнали
Китоблар

150550 09:35 / 11.08.2021