1446 йил 20 жумадис сони | 2024 йил 22 декабрь, якшанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Мақолалар

Буюклик омили

17:30 / 20.05.2021 2135 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Саҳобаларнинг буюклигининг омилларидан бири уларнинг кўз ўнгида кетма-кет ваҳий нозил бўлиб турганидир. Ҳар куни оламларнинг Моликидан янги хабарлар келиб турар эди. Саҳобалар бу рисолалар билан ҳар куни покиза бўлишар, таъбир жоиз бўлса ғусл қилишар эди. Қайсидир кунда азон машруъ бўлар, қайсидир кунда намоз фарз бўлар, бошқа бир кунда никоҳ машруъ бўлар, аёлларни тўрттагача чекланар, бошқа кунда ароқ ҳаром бўлар, қадаҳлар ерга улоқтирилар эди. Улар бу келаётган рисолаларда ўзларига боғлиқ бўлган гоҳида мубҳам, гоҳида очиқ ишораларни илғашар эди.

Масалан қуръонда “Муҳаммад Аллоҳнинг Расулидир”(фатҳ сураси-29) ояти нозил бўлиб унинг ортидан “Ва у билан бирга бўлганлар” ояти нозил бўлганида кишиларнинг кўзлари Абу Бакр розияллоҳу анҳуга тикилган эди.

“Кофирларга қаттиққўл” ояти нозил бўлганида кўзлар Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳу томон тикилган эди.

“Ўзаро бир-бирларига раҳмли” ояти нозил бўлганида кўзлар Усмон ибн Аффон розияллоҳу анҳуга боққан эди.

“Мўъминлардан Аллоҳга берган ваъдаларига содиқ қолган кишилар бор” ояти нозил бўлганида қалбларга шаҳид Анас ибн Назр розияллоҳу анҳунинг баҳодирлиги келган эди. Анас ибн Моликнинг кўзи эса амакиси Анас ибн Назрнинг қабрига боққан эди.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам саҳобалар ичида энг буюк қори ҳисобланмиш Убай ибн Каъб розияллоҳу анҳуни чақириб ундан Аллоҳ таоло ундан Баййина сурасини ўқишини сўраганини айтганларида Убай розияллоҳу анҳунинг ҳуши бошидан учиб: “Эй Аллоҳнинг Расули! Аллоҳ менинг исмимни айтдими?!”, деб сўраган ва Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам унга “ҳа” деб жавоб берган эдилар.

Ҳа, Аллоҳ таоло уларни зикр қилар эди. Улар ҳам зеро Аллоҳни зикр қилишар эди. Улар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг воситаларида Аллоҳнинг азамати ва буюклигига мос равишда доимо Аллоҳ таоло билан алоқада эдилар. Биз эса Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламни тушимизда бир бор кўрсак бир қанча вақт осмонларга учиб юрган бўлар эдик.

Бизга суннатни нақл қилган буюкларимизнинг даражаси шундай эди. Ёлғон уларнинг ҳатто хотирига ҳам келмас эди.

Саҳобалар исломга киришганида кунлар ниҳоятда зулматли эди. Тўғри, бугун ҳам ҳақиқий динни ушлаш ниҳоятда қийин. Аммо у кунларда бениҳоя оғир бўлган. У даврда Ислом ёлғиз ва ғариб эди. Аммо саҳобалар ана шундай қоронғу ва зулматли кунларда ҳам исломнинг ёнида, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ёнларида сабот билан тура олишди.

Ибн Арабий роҳимаҳуллоҳ ўзининг “Муҳозаратул аброр” номли китобида келтиради:

“Абу Бакр розияллоҳу анҳу Абу Убайда ибн Жарроҳ розияллоҳу анҳуга бир гапни айтиб уни Али ибн Абу Толиб розияллоҳу анҳуга етказишини тайинладилар. Унда қуйидаги гаплар бор эди:

“Эй Али! Сен ақл юргизмайдиган даражада кичкина бўлган чоғингда биз кўчага чиқсак ўлим бизга кунда бир неча бор кўз тикиб турганини кўрар эдик. Ташқарига чиқсак бошимизга қилич келиб тушишидан доимо хавотирда юрар эдик. “Ла илаҳа иллаллоҳ” калимасини айтган киши танасига ханжар киришини кутибгина айтар эди”.

Саҳобаларнинг даражасини улуғ қилган нарса ана шу эди. Шунинг учун уларнинг қалб кўзлари бу олам ҳақиқатларини теран кўра олган. Анас ибн Молик розияллоҳу анҳу ривоят қилади:

“Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам масжидга кирдилар. Ҳорис ибн Молик масжидда ухлаб ётган эди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам уни оёқлари билан туртиб уйғотдилар ва дедилар:

-Бошингни кўтар.

Ҳорис бошини кўтарди ва: “Сизга ота-онам фидо бўлсин эй Аллоҳнинг Расули!”, деди.

Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам унга дедилар:

-Эй Ҳорис ибн Молик! Қандай тонг оттирдинг?

Ҳорис деди:

-Эй Аллоҳнинг Расули! Ҳақиқий мўъмин ҳолида тонг оттирдим.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам дедилар:

-Ҳар бир нарсанинг ҳақиқати бўлади. Айтган гапингни ҳақиқати нима?

Ҳорис деди:

-Дунёдан нафрат қилдим. Кундузлари чанқадим. Кечалари бедор бўлдим. Мен гўё Роббимнинг Аршини кўриб тургандекман. Гўё жаннат аҳлини бир-бирларини зиёрат қилиб турганларини кўриб тургандекман. Гўё дўзах аҳлини оҳ-воҳларини эшитиб тургандекман.

Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам дедилар:

-Сен Аллоҳ қалбини мунаввар қилган кишисан. Яхши англабсан, шуни лозим тут!

Уларнинг Аллоҳга яқинлиги шу қадар эди. Шунинг учун ҳам ҳадиси қудсийда келганидек Аллоҳ уларнинг кўрадиган кўзига, эшитадиган қулоғига, гапирадиган тилига ва тутадиган қўлига айланган эди!

Аллоҳ уларнинг барчасидан рози бўлсин!

Абдулқодир Полвонов тайёрлади

Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Аллоҳ таоло ҳаёти дунёни .Ҳадид, сурасининг йигирманчи оятида мана бундай васф этади .Билингизки, бу дунё ҳаёти фақат ўйин, беҳудалик, зийнат, ўзаро фахрланиш ва давоми...

2130 18:57 / 04.06.2020
Маълумки, инсонга берилган энг бебаҳо неъматлардан бири ndash ўз Ватанида яшашдир. Чунки Ватан унинг киндик қони тўкилган, гўдаклик чоғи ўтган, илк қадамларини давоми...

4211 08:30 / 26.01.2023
Ибн Исҳоқ айтади .Абдурраҳмон ибн Асвад Нахаъий ҳаж қилиб, қайтиб келди. Сўнг унинг бир оёғи ишламай қолди. Нахаъий тонггача бир оёқда намоз ўқиб чиқди,.Аллоҳ мени давоми...

1483 08:51 / 08.04.2020
Абу Дардо розияллоҳу анҳу гуноҳ иш қилиб қўйган бир одамнинг олдидан ўтиб қолдилар. Одамлар уни сўкишарди. У киши одамларга қараб, .Агар у қудуққа тушиб кетса, уни давоми...

1960 07:10 / 21.06.2019