1446 йил 20 жумадис сони | 2024 йил 22 декабрь, якшанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Бахтиёр оила

Хотиннинг бурчлари (иккинчи мақола)

15:10 / 29.05.2019 6299 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Аёл киши эри хоҳлаган вақтда, шаръий узр бўлмаса, унинг жинсий эҳтиёжини қондириши керак.

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:

«Қачон эр ўз хотинини тўшагига чақирса-ю, у келишдан бош тортса, фаришталар тонг отгунча уни лаънатлаб чиқурлар», – дедилар».

Учовлари ривоят қилганлар.

«Шаръий узр» дейилганда, фарз рўза тутган, ҳайз ёки нифос кўрган ҳолатга ўхшаш, динда жинсий алоқа ман қилинган ҳолатлар кўзда тутилади. Эрдир, аёлдир, хоҳлаган вақтида ўз жуфти ҳалоли билан, оила доирасида, шаръий никоҳда, ҳалол-пок йўл билан жинсий эҳтиёжларини қондириш имкониятига эга бўлиши лозим. Зотан, эр-хотин бўлиб, оила қуриб яшашнинг имтиёзларидан бири ҳам шудир.

Аёл киши эри уни тўшакка чақирган пайтда бош тортса, ана ўша асосий мақсадлардан бирини бажаришдан бош тортган бўлади. Бу эса, аста-секин соғлик, меҳр-муҳаббат, ижтимоий ва бошқа тарафлардан зарарлар етишига, бора-бора оилада келишмовчилик келтириб чиқариши, ҳатто унинг бузилишига олиб бориши ҳам мумкин.

Шунинг учун ҳам бу иш Ислом шариатида ўта муҳим аҳамиятга эга бўлган иш сифатида баҳоланган. Бу маънони ҳозирги замонда тибшунос, руҳшунос ва жамиятшунос мутахассислар ҳам тасдиқламоқда.

Аёл киши эри ёмон кўрадиган кишиларни уйга киритмаслиги ва унинг тўшагига ўтиргизмаслиги керак.

Амр ибн Аҳвас розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:

«Огоҳ бўлинглар! Албатта, сизнинг хотинларингизда ҳаққингиз бордир ва хотинларингизнинг сизда ҳақлари бордир. Тўшагингизни сиз ёқтирмаган кишиларга бостирмасликлари ва сиз ёқтирмайдиган кишиларнинг уйингизга киришига изн бермасликлари хотинингиздаги ҳаққларингиздандир.

Огоҳ бўлинглар! Уларнинг сиздаги ҳақлари: уларнинг кийимларини ва таомларини яхшилаб қўйишингиздир», дедилар».

Термизий ривоят қилган ва саҳиҳ, деган.

Бу ишларнинг алоҳида таъкидланишининг боиси, кўпчилик наздида арзимас бўлиб кўринган мазкур нар салар оилада уруш-жанжаллар келиб чиқишига, оиланинг бузилиб кетишига сабаб бўлиб келганлигидир.

Бировни ёмон кўриб қолиш – кўнгил иши. Эркак одам жуфти ҳалоли, ёстиқдоши томонидан ўзи ёмон кўрган одамга илтифот кўрсатилишидан ранжиши, буни кўнглидан чиқара олмаслиги турган гап. Шунинг учун ҳам Ислом шариати аёлларга бу масалани алоҳида таъкидлаб уқтиради. Бу нарсани эрнинг энг муҳим ҳақларидан бири, деб тушунтиради.

Эрга нисбатан барча ишларда яхши муомалада бўлмоқ.

Муъоз ибн Жабал розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:

«Қай бир хотин бу дунёда эрига озор берса, албатта, унинг «ҳури ийн»дан бўлган хотини «Унга озор берма! Аллоҳ сени ҳалок қилсин! У сенинг олдингда қўноқ бўлиб турибди, холос. Яқинда сени тарк этиб, биз томон жўнайди», дейдилар», деганлар».

Термизий ривоят қилган ва ҳасан, деган.

Ушбу ҳадиси шариф ҳам аёл киши ўз эри билан доимо яхши муомалада бўлиши кераклигига, эри ундан озор тортмаслик ҳаққига эга эканига далилдир. Ушбу ҳақни яхшилаб тушуниб олиш ва уни поймол қилмасликка ҳаракат қилиш жуда ҳам зарурдир.

Эри учун ўзини сақлаши.

Бунда аёл кишининг эрига итоатда бўлиш ва унинг ғазабини чиқармаслик учун ўзини турли нарсалардан сақлаб туриши кўзда тутилади.

Аллоҳ таоло «Аҳзоб» сурасида марҳамат қилади:

«Уйингизда қарор топинг. Илгариги жоҳилиятнинг очиқ-сочиқлиги каби очиқ-сочиқ юрманг» (33-оят).

Албатта, ҳар бир муслима ўз уйида қарор топмоғи лозим. Шунинг учун уларга виқорларини сақлаб, уйларида ўтириш амр қилинмоқда. Бундан «Аёллар уйдан чиқишлари мумкин эмас экан» деган фикр тушунилмайди. Ушбу ояти карималар нозил бўлганидан кейин ҳам муслима аёллар уйларидан чиққанлар. Нафақат уйдан чиққанлар, балки узоқ-узоқ сафарларга ҳам борганлар. Бу оятда аёл кишининг асосий жойи унинг уйи бўлиши ке-раклигига ишора қилинмоқда.

«Илгариги жоҳилиятнинг очиқ-сочиқлиги каби очиқ-сочиқ юрманг».

Жоҳилият вақтида аёллар очилиб-сочилиб, ясан-тусан қилиб, эркакларнинг эътиборини ўзига тортишга интилар эдилар. Ўзларини бозорга солиб, таналари ва зебу зийнатларини кўз-кўз қилар эдилар. Бундай очилиб-сочилиб юриш «табарруж» дейилади. Аллоҳ таоло муслима аёлларни жоҳилият тузумининг аёллари каби очиқ-сочиқ юрмасликка амр этмоқда. Бу амр ҳар бир муслима аёлга тегишлидир.

Шофеъий ва Моликий мазҳабларида ҳайз, нифос ва жунубликдан кейин ғусл қилиш хотиннинг бурчларидандир.

Хотин ҳайз ва нифосдан кейин ғусл қилмаса, эр унга яқинлашиши мумкин эмас. Шунинг учун у хотинини ғусл қилишга мажбурлашга ҳаққи бор. Жунуб аёл эса тезроқ ғусл қилиб, намоз ўқиши лозим.

Эр маҳри муъажжални адо қилган бўлса, хотинини ўзи билан сафар қилишга таклиф қилса, у билан сафар қилиш хотиннинг бурчидир.

Яъни, аввал беришга келишилган маҳрни хотинга бериш билан эрнинг уни ўзи билан сафарга олиб кетиш ҳаққи ҳам собит бўлади.

Хотин ҳар бир нарсани эридан сўраб қилиши зарур.

Ҳар жойда ҳам раҳбардан изн сўраш керак бўлгани каби, шариатда аёл учун эрнинг ҳаққи улуғлигидан, у ҳар бир нарсани эридан изн олиб қилиши лозимдир. Эр оиланинг раҳбаридир, шунинг учун аёл бир иш қилмоқчи бўлса, аввал эрга изҳор қилиб, сўнг ишга қўл уриши икки тарафга ҳам яхшилик келтиради. Зотан, эр-хотин учун энг ҳаққи улуғ инсон ҳисобланади.

Оиша розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади:

«Набий соллаллоҳу алайҳи васалламдан:

«Одамларнинг аёл кишида ҳаққи энг улуғи қайси?» – деб сўрадим.

«Эрининг», – дедилар».

Насоий ривоят қилган.

Аввал ўтган баъзи ҳадисларда аёлнинг эридан изн сўрайдиган нарсалари ичида нафл рўза тутиш ҳам борлигини кўрдик. Аллоҳга ибодат қилишда ҳам, баъзи ҳолатларда, эрдан изн сўраш кераклиги шундан кўриниб турибди.

Аллоҳ таоло эркак ва аёл бандаларидан имкон топганларига умрида бир марта ҳаж қилишни фарз қилган, нафл ҳаж қиладиган аёлга эса эрининг рухсати ҳам шарт қилинган. Шунингдек, аёл киши садақа қилишда, уйдан чиқишда ва шунга ўхшаш нарсаларда эридан рухсат сўраши лозим.

Фақат соғ-саломатлик ҳолатида ота-онанинг зиёратига бир ҳафтада бир марта эр рухсат бермаса ҳам боришга, агар улар бемор бўлсалар, керагича боришга аёлнинг шаръий ҳаққи бор.

Эрга ёрдам бериш ва унинг риоясини қилиш.

Солиҳа аёл оила ишларининг барчасида эрига ёрдамчи бўлиши, унинг хизматини қилиши, унинг молини, обрўсини ва болаларини муҳофаза қилиши лозим. Ҳаётнинг иссиқ-совуқларида эрига ҳамдард ва ёрдамчи бўлиши матлубдир.

(давоми бор)

Муаллиф
Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф
Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
islom.uz middot 68 ndash Фарзанд доимо отаонага ширин сўзларни айтиши вожибдир 5Илло, қози қарз олишга изн берса, соқит бўлмайди.Нафақа берувчи ғойиб бўлгани учун қози унинг давоми...

1953 11:04 / 01.09.2020
Эрхотин орасидаги хилофни бартараф қилишда қуйидагиларга эътибор бериш тавсия қилинади1. Аввало муаммо ҳақиқатда ҳам хилоф даражасига бориб етганми ёки давоми...

3653 19:00 / 31.05.2021
Никоҳ ва тўй ҳақида хабар топган ҳар бир кишининг ўша никоҳ ва тўйга сабабчи бўлган келинкуёвларнинг қураётган оилалари ва ўзларига бахтсаодат тилаб дуо қилиши давоми...

14280 15:00 / 07.03.2019
. .Оиша розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади.Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам .Албатта, аёллар эркакларнинг туғишганларидир,, дедилар.Термизий ривоят давоми...

5851 11:05 / 21.12.2019