1447 йил 8 Рамазон | 2026 йил 26 февраль, пайшанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Бахтиёр оила

Оила фиқҳидан

09:00 / 15.02.2024 6321 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Унаштирилган кишилар муносабатлари тўғрисидаги саволлар жуда кўп сўраладиган саволлардан. Масалан:

- Унаштирилган йигит билан қиз телефонда гаплашиб юрса бўладими?
- Унаштирилган йигит - қиз ёлғиз қолсалар бўладими? 
- Унаштирилган йигит - қиз учрашиб юрса бўладими? 
- Унаштирилганлар бир-бирларига расмлар юборса бўладими? Ва ҳоказолар. 

Унутмангки, шариатда никоҳланган ва никоҳланмаган деган мақомлар бор. 

Унаштирилган деган мақом йўқ. Бинобарин, ўзаро муносабатларда унаштирилган билан унаштирилмаганнинг динда асло фарқи йўқ. Унаштирилиш йигит ва қизнинг ўзаро муносабатларида ҳеч қандай янги нарса пайдо қилмайди. Ундан олдин ҳаром бўлган нарсалар ундан кейин ҳам ҳаром бўлади. 

Унаштиришнинг ягона фойдаси томонлар бир-бирига ваъда бериши холос. Бу ваъда ҳам кўп уламолар наздида суннат бўлади, баъзилар вожиб деган. 

Бироқ унаштириш деган нарсанинг салбий томонлари талайгина:

1. У томонларни бир-бирига яқиндек қилиб қўяди. Оқибатда, ношаръий - ҳаром ишларга журъат пайдо қилиши мумкин. Ҳаётда бу тез-тез учраб туради. Унаштирилганлар ўзаро гаплашиб, учрашиб юришлари, баъзида зинога олиб бориши ҳам мумкин. 

2. Йигит - қиз унаштирилган ҳолда гаплашиб юриш билан ўзаро жанжаллашиб, бир - бирларидан совиб қолишлари мумкин. Ҳали бир-бирини яхши билмаганидан ўртада турли одобсизликлар, дилхира гап-сўзлар бўлиши мумкин. Никоҳдан олдин шайтон кўп фитналар қилади. Никоҳнинг баракаси билан бу фитналар, одатда, анча камаяди. Айниқса, тўй шаръий қоидалар асосида эҳсон-садақа шаклида чиройли ўтган бўлса. 
Бироқ никоҳдан олдин арзимаган хато ришталарни мутлақо узиб юбориши мумкин. Шу сабаб ҳам, унаштирилгандан кейин то никоҳ бўлиб, бирга яшагунча гаплашиб юриш яхши оқибатларга олиб бормайди. 

3. Унаштирилгандан кейин кўпинча унаштирув бекор қилинса, бу қизнинг кейинги ҳаётига салбий таъсир қилиши, унинг совчилари камайиб, бошқа муносиб жуфт топиши қийинлашиши мумкин. 

4. Унаштириш билан боғлиқ ва унинг ортидан келадиган тўйгача бўлган беҳуда маросимлар ва сертакаллуф борди-келдилар томонларни чарчатади, ортиқча чиқим, исроф ва оворагарчиликларга, бемаъни одатлар ва тамаъгирликларга олиб келади.

Арабларда никоҳдан кейин эркак ва аёл хилватда қолгунча ўзаро гаплашиб юриш одати бор. 
Кўп араблар никоҳ ўқитиб, бироқ тўй қилмай ва бирга ёлғиз қолмаган ҳолда ойлаб гаплашиб юришади. Мабодо, муносабатлари ижобий бўлмаса, бир талоқ билан никоҳ бекор бўлади. Маҳрнинг ярми берилади. 

Бироқ бу одат шаръан жоиз бўлса-да, бизнинг диёр аҳли урфида бўлмагани ва ортидан турли фитналар урчиши мумкинлиги сабабидан, бизнинг диёрларда бундай қилишдан сақланишга буюрилади. 

Шундай экан, унаштириш деган нарсани камайтириб, никоҳни  тезлаштириш ва тўйларни  осонлаштириш керак. Валлоҳу аълам.

Маҳмуд Усмон

Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Бу сабабни билиш учун имом Бухорий Оиша онамиз розияллоҳу анҳодан қилган ривоятни ўрганиш керак.Ўша хабар одамларга тарқалди. Улар, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи давоми...

2667 06:05 / 24.09.2019
Оиланинг бузилишига сабаб бўладиган омиллардан бири бу бефарзандликдир. Бефарзандлик доимо оилаларда кўнгилсизликнинг сабаби бўлиб келган. Чунки бу нарса оила давоми...

2522 09:00 / 23.06.2022
Оилада аёлларнинг ўз эрлари олдида бир неча бурчлари борлиги шариатда Қуръони rарим ва Суннат асосида баён қилинган. Аёлларнинг бу бурчларини эркаклар эмас, балки давоми...

4750 12:40 / 22.05.2019
Болаларнинг нафақаси, уларни озиқовқат, кийим кечак, тураржой билан таъмин этиш отанинг бурчидир. Бу нарсалар ҳалолпок бўлиши матлубдир. Ҳаром касб билан топилган давоми...

3533 06:07 / 21.02.2020
Аудиолар

232049 06:58 / 10.10.2018
«Ҳилол» журнали
Китоблар

150562 09:35 / 11.08.2021