1446 йил 23 жумадул аввал | 2024 йил 25 ноябрь, душанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Мақолалар

Халқнинг хилоф илмига берилиши сабаби (иккинчи мақола)

14:30 / 19.05.2019 1561 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Билгилки, фақат тортишув, мунозара ва жадал билан машғул бўлувчилар қилмишларини оқлаш учун: «Бу мунозара – баҳсдан мақсадимиз ҳақиқатни одамларга билдириш. Албатта, ҳақ изланади, илм йўлида қарашлар ва фикрлар билан ёрдамлашиш фойдали ва таъсирлидир. Саҳобаларнинг одатлари шундай бўлган. Улар ҳам бобо ва ака-укалар (мероси) масаласида, хамр ичувчининг жазоси, имом хато қилганида, жарима тўлашнинг вожиблиги, Ҳазрати Умар розияллоҳу анҳудан қўрқиб, бир аёл бола ташлаб қўйганида унга хун тўлаш ва фароиз каби масалаларда машварат қилишган. Шофеъий, Аҳмад, Муҳаммад ибн Ҳасан, Молик, Абу Юсуф ва бошқа уламоларнинг (Аллоҳ улардан рози бўлсин) машваратлари ҳам бизники каби машварат эди-ку», деб айтишади. Энди мен сенга уларнинг баҳоналари фақатгина салафнинг одатига ўхшашдан ўзга эмас эканини тушунтириб бераман.

Ҳақни излаш учун ўзаро ёрдамлашиш диндан эканлиги, тўғри даъво. Лекин унинг шартлари бор, уларни билиш лозим. Бас, мужодала ва мунозара қилишнинг саккизта шарти бор:

1. Мунозара билан шуғулланувчи кимса фарзи кифояларга бош қотиришдан аввал фарзи айнларни ўрнига қўйган бўлмоғи керак. Агар ким ҳали фарзи айнларни тўла бажармай туриб, фарзи кифоя билан машғул бўлса ва, мақсадим ҳақ, деб даъво қилса, сўзсиз у каззобдир. Масалан, ўзи намозни тарк қилади-да, авратини ёпиш учун кийим тополмаган кишини кийинтириш мақсадим, дея либос тўқиш ва кийим тайёрлаш ила машғул бўлади. Гоҳида чиндан ҳам шундай бўлиши мумкин.

Борди-ю бирортаси унга омонатни қайтариш ҳақида сўз очса, у дарҳол ўрнидан туриб, Аллоҳга энг маҳбуб ибодат – намозга такбир айтади ва Роббига осий бўлади. Чунки шахснинг вақт, шарт ва тартибларига риоя этмасдан қилган итоати унинг ҳақиқий итоаткор эканига далил бўлмайди.

2. Фарзи кифояни мунозарадан муҳим билмаслик керак. Мабодо, фарзи кифоядан муҳимроқ нарсани кўра туриб, ўша муҳимроқдан бошқаси билан машғул бўлса, у ҳолда ўша феъли ила осий бўлади. Ушбу сўзимизга мисол сифатида қуйидаги ҳолатни келтириш мумкин. Бир тўп одамлар чанқоқликдан ўлим ёқасида турган пайтда, бир киши уларга сув бериш имконияти бўла туриб, ҳижомат – қон олиш таълими билан машғул бўлмоқда. Ўзи учун ҳижоматни ўрганиш фарзи кифоя, шаҳарда уни биладиганлар бўлмаса, одамларнинг барчаси ҳалок бўлади, деб даъво қилади. Унга қарата: «Ахир шаҳарда ҳижомат қилувчилар тўлиб ётибди. Сенга одамларнинг эҳтиёжи йўқ», десанг, у: «Ҳижоматчиларнинг кўп бўлиши бу феълни фарзи кифояликдан чиқармайди», деб ҳозиржавоблик қилади. Чанқоқликдан аянчли аҳволга тушиб қолган мусулмонлар дарди билан шуғулланиш бир ёқда қолиб, ҳижомат билан овора бўлиб юрганларни қанчадан-қанча фарзи кифоялар бепарволик туфайли барбод бўлгани ҳолда мунозара билан машғул бўлаётганларга ўхшатиш мумкин. Фатво билан кўплаб одамлар шуғулланмоқда. Ваҳоланки, адо этилмаётган фарзи кифоялар бир талай. Фуқаҳолар унга эътибор ҳам қаратмайди. Масалан, табобат. Ҳақиқатдан ҳам, кўплаб шаҳарларда шаҳодатига ишонса бўладиган мусулмон табиблар топилмайди, фақиҳлар табобат билан шуғулланишга ҳеч кимни тарғиб қилишмайди. Амри маъруф ва наҳий мункар ҳам унутилган фарзи кифоялардандир. Баъзида мунозара қилувчи мажлисда ипакдан қилинган кўрпа-ёстиқлар устида, ипак эркаклар учун ман қилинганини била туриб, воқеликдан узоқ масалалар ҳақида мунозара қилаверади. Ўша мунозара қилинаётган воқеа содир бўлса, айрим фақиҳлар томонидан ечимини топиши аниқ. Лекин мунозара қилувчи ўша фарзи кифоялар билан Аллоҳга қурбат ҳосил қилишни баҳона этади.

Анас розияллоҳу анҳу қилган ривоятда айтилишича, Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламдан: «Қачон амри маъруф ва наҳий мункар тарк бўлади, эй Аллоҳнинг Расули?» деб сўрашганда, Сарвари коинот: «Қачон яхшиларингиз орасида тилёғламачилик, ёмонларингиз орасида фоҳишалик, ёшларингиз орасида мулк, разилларингиз орасида фиқҳ пайдо бўлиб қолса», деб жавоб берганлар. (Ибн Можа ҳасан иснод билан ривоят қилган.)

3. Мунозара қилувчи ўз райи билан фатво берувчи мужтаҳид бўлмоғи лозим.Шофеъий ва Абу Ҳанифанинг ёки бирор мазҳабнинг фикри билан чегараланиб қолмаслиги керак. Борди-ю ҳақ Абу Ҳанифа мазҳабида топилса, у ҳолда Шофеъийнинг сўзини тарк этмоғи, умуман олганда, саҳобалар ва мужтаҳид имомлар каби ўз райи билан ижтиҳод қилмоғи лозим. Аммо ким ижтиҳод қилиш даражасига етишмаган бўлса, ўзидан сўралган масала ҳақида соҳиби мазҳабдан нақл қилиб, фатво бераверади. Борди-ю ўша мазҳабнинг заифлиги маълум бўлса ҳам, уни тарк этиши жоиз эмас. Бас, шундай экан, у нима учун мунозара қилади? Ваҳоланки, мазҳаби маълум, бошқа мазҳаб ила фатво бериш мумкин бўлмаса, мунозарадан на фойда?! Аниқ бир фикрга келолмай турган вақтида ҳам «Соҳиби мазҳабимизнинг ушбу масалага жавоби бўлиши мумкин ва мен шариат асосларида мустақил ижтиҳод қилолмайман», дейиши лозим. Агар мазҳаб соҳибининг икки хил важҳ ёки икки хил фикрига сабаб бўладиган масалалардан баҳс бўлаётган бўлса, у ҳолда ўша икки хилдан бирига ўхшаб жавоб бериши мумкин. Мунозара қилувчи соҳиби мазҳабнинг икки хил фикридан бирини, кўпинча ҳеч бир мунозарасиз танлайверади ёки икки хил важҳга эга масалаларда мунозарани тўхтатиб, сўзсиз хилоф, жадал бўлиши аниқ бўлган масалаларга киришмайди.

4. Мунозара ҳаётда содир бўлган ёки кўпинча содир бўлиши мумкин бўлган масалалар устида қилиниши керак. Саҳобалар ҳам кундалик содир бўладиган ёки кўпинча воқеъ бўлиши мумкин бўлган фароизга ўхшаш масалалардагина машварат қилар ва уни баён этар эдилар. Ҳозир эса, мунозарачилар халқнинг эҳтиёжи бўлган жиҳатларда ва умумий муаммо бўлган масалаларда фатво беришга аҳамият беришмаяпти. Балки улар довруғли масалаларни талаб қилишади. Натижада жадал майдони кенгаяди.

5. Мунозара имкон қадар хилватда, мунозарачи учун маҳбуб ҳолатда бўлиши керак. Обрўли инсонлар ва амалдорлар олдида мунозара қилишдан завқланмаслиги лозим. Зеҳн ва фикрнинг мусаффо бўлиши, ҳақиқатнинг топилиши ва фаҳм-хотирани жамлаш учун хилват энг муносиб ўрин ҳисобланади. Кўпчилик орасида мунозара қилиш эса, риёнинг дамларини жунбушга келтиради ва ўзи ҳақ ёки ноҳақ бўлса ҳам, иккала томон бир-бири устидан ғолиб келишга интилади. Сенга маълумки, кўпчилик олдида мунозара қилишга бўлган иштиёқ ҳеч қачон Аллоҳ учун бўлмайди. Ваҳоланки, мунозарачилардан бирортаси ўша мунозара қилинган саволни танҳо чоғида сўралса, унга жавоб ҳам бермайди. Шунингдек, улар хилватда бўлишса, асло бир-бири билан мунозара қилишмайди. Қачон кўпчилик йиғилиб қолса, ҳийла камонларидан бир-бирларига тинмай ўқ ёғдиришади. Бундан мақсад ўзларини каломда устамон эканини кўпчиликка билдириб қўйишдир.

6. Мунозара қилувчи тортишувни фақатгина хақни билмоқ, топмоқ учун қилиши керак. Худди йўқолган молини қидираётган инсон каби. Яъни, йўқотган молини ўзи топадими, ёки биродарининг воситаси билан топадими фарқи йўқ. Қаршисидаги инсонни тортишувчи рақиб эмас, балки ёрдамчи дея қабул қилмоғи лозим. Қачонки унга хатосини билдириб, ҳақиқатни ошкор қилса, гўё йўқолган молини қидириб йўлга чиққан вақтида биродари йўл кўрсатса, уни мазаммат қилмасдан, балки унга хурсанд ҳолда ташаккур айтгани каби, унга ҳам ташаккур айтмоғи керак.

Ҳа, саҳобаи киромларнинг машваратлари, мунозаралари худди шундай эди. Бир хотин Ҳазрати Умарга розияллоҳу анҳуга эътироз билдирганида, у зот жамоат ҳузурида: «Бу аёл тўғри сўзлади, Умар эса хато кетди», дея эълон қилганлар. Бир киши Ҳазрати Али розияллоҳу анҳунинг олдиларига келиб, у зотга савол берди. Ҳазрати Али берилган саволга жавоб берганларидан сўнг, бояги киши: «Эй Амирул мўминийн! Берилган саволнинг жавобини янглиш айтдингиз, менимча жавоб бундай бўлади», деб фикрини изҳор қилди. Шунда Ҳазрати Али унга: «Сен тўғри айтдинг, мен хато қилдим. Ҳар бир илм соҳибидан буюкроқ илм соҳиби чиқаверади», дедилар.

Абдуллоҳ ибн Масъуд розияллоҳу анҳу Абу Мусо Ашъарий розияллоҳу анҳуга хато кетган ўринларини изоҳлаб берганларида, Абу Мусо жамоатга қараб: «Сизларнинг орангизда шундай олим бўла туриб, мендан савол сўраманглар», дея хитоб қилганлар. Юқоридаги воқеанинг содир бўлишига сабаб, Абу Мусодан бир киши Аллоҳ йўлида жанг қилиб ўлдирилса, унинг ҳолати қандай бўлиши ҳақида сўраб қолди. Бунга жавобан ўша пайтда Куфа амири бўлиб турган Абу Мусо: «У жаннатдадир», деб айтдилар. Бу савол-жавобнинг шоҳиди бўлиб турган Ибн Масъуд: «Саволингни қайтадан бер, балки амир тушунмагандир?» дедилар. Савол ва жавоб айни юқоридаги каби такрор бўлди. Шунда Ибн Масъуд: «Менимча, ўша одам Аллоҳ йўлида, ҳақни топган ҳолда ўлдирилса, ўша ҳолдагина жаннатдадир», дея ўз фикрларини айтадилар. Абу Мусо розияллоҳу анҳу Ибн Масъуд розияллоҳу анҳунинг ижтиҳодини юксак баҳолаб: «Ҳақиқат Ибн Масъуд айтганидек», дедилар. Ҳақ толибининг инсофи шундай бўлади. Агар юқоридаги каби савол даражаси жуда паст бўлган фақиҳга айтилса ҳам, у буни инкор қилади ва: «Ҳақни топган ҳолда, деб изоҳ бериш шартми? Бу нарса барчага маълум-ку?» дея эътироз билдириши табиий.

Энди бугунги мунозара соҳибларининг ҳолатига боқ! Агар рақиб томонидан ҳақиқат юзага чиқса борми, унинг юзлари хижолатдан қизариб, бор кучини рақибга қарши ишга солади. Ва умрининг охиригача уни ёмонлаш билан машғул бўлади. Ажабланарли томони шундаки, ўзларининг юқоридаги каби ўринсиз тортишувларини ҳеч уялмасдан, ҳақ устида бир-бирига ҳамкор бўлган саҳобалар мунозарасига ўхшатиб юборишади.

7. Қаршисидаги мунозарачи ҳамкорини бир далилдан бошқа далилга, бир мушкулдан бошқа мушкулга ўтишига монелик қилмаслиги лозим. Салафларнинг мунозара услублари шундай эди. Ўз фойдаси ёки зарарига бўлса ҳам, тортишувчи бидъат бўлган тортишув услубининг барча томонларидан воз кечиши матлубдир. Сенинг бу сўзинг қабули қилинмайди, чунки олдинги сўзинга зид, дея эътироз этилмайди. Ҳақни қабул қилиш, унга қайтиш ботилни йўқотувчи бўлгани боис вожибдир. Ҳолбуки, тортишувчиларнинг барча мажлислари мудофаа ва мужодала билан тўла бўлади. Ҳатто далил келтирган бир киши ўзининг гумони ила иллат деб, унга асосланган ҳолда аслга қиёсини зикр қилганида, ҳукм айнан мана шу иллат билан муаллал (иллатли) эканига далилинг нима? дея дарров эътироз билдирилади. Далил келтирувчи, менимча иллат мана шу, агар бундан ҳам тўғрироқ, равшанроқ бирор фикринг, райинг бўлса, айта қол, биргаликда тадқиқ қиламиз, дейди. Шунда унинг рақиби, сен зикр қилган маънолардан бошқа кўплаб маънолар бор, мен ўша маъноларни яхши биламан, фақат уларни айтиш менинг мажбуриятим эмас, деб жавоб қилади. Далил келтирувчи, бундан бошқа бирор даъвойинг бўлса, келтир, деган каби таклиф билан мужодалани давом эттиради. Рақиби, бу менинг вазифам эмас, деб ўзини халос қилади ва ҳоказо. Мунозара мажлислари шундай савол-жавоблар билан давом этаверади. Бу мискин рақибининг, мен биламан, фақат айтмайман, чунки бу менинг вазифам эмас, деган сўзлари шариатга нисбатан туҳмат эканини қаердан билсин. Агар менинг вазифам эмас, деб даъво қилувчи маъноларни билмаса, фақат хасимини ожиз қолдириш учун шундай даъво қилаётган бўлса, у фосиқ, каззобдир. Ўзида бўлмаган нарсани даъво қилгани учун Аллоҳга осий ва Унинг ғазабига дучор бўлади. Мабодо, ўзи айтгани каби била туриб, бурчим эмас, дея айтмаса, унда шаръий амрни яширгани учун фосиқдир. Ахир ундан мусулмон биродари тушуниб олиш ва билиш учун сўраган эди. Агар у кучли далил келтирса, уни олиши, мабодо у далил заиф бўлса, у ҳолда заиф жиҳатларини тушунтириб бериб, уни жаҳолат қоронғулигидан илм нури сари элтиши керак. Диний илмлар ҳақида сўралган киши, агар билса билимини яширмай, жавоб бериши вожиб эканига ҳеч қандай ихтилоф йўқ.

Асҳоби киромнинг машварати ва салафи солиҳларнинг бирор масала ҳақидаги музокараларини яхшилаб ўрганиб чиқ. Ажабо, улар орасида юқоридаги каби мунозаранинг бўлиб ўтганини ҳеч эшитганмисан?

Улардан бири-бирини бир далилдан иккинчи далилга, қиёсдан асарга ёки хабардан оятга ўтишдан ман қилганми? Уларнинг барча мунозаралари бошқача эди. Улар ақлига келган фикр ва тушунча қандай бўлса, шундайлигича ўртага ташлар ва унга кўра музокара қилар эдилар.

8. Мунозара фойдали илмлар ила машғул бўлган кишилар билан қилиниши лозим. Аммо тортишувчиларнинг кўплари етук ва забардаст олимлар билан мунозара қилишдан ўзларини четга олишади. Чунки ҳақиқат ўшаларнинг тилида изҳор бўлиб қолишидан қўрқишади. Шунинг учун тортишувчилар фақат илм даражаси юқори бўлмаган кишилар билан мунозара қилишга ўч бўлишади. Зеро, улар ботил фикрларини ўзидан паст даражадаги кишилар орасигагина тарқатишлари мумкин.

Бу саккизта шартдан ташқари мунозара қилишнинг яна кўплаб дақиқ талаблари, шартлари мавжуд. Аммо шу шартлар билан ҳам ким Аллоҳ учун, ким бошқа нарсалар учун мунозара қилаётганини билиб оласан.

Хулоса қилиб айтганда, мужтаҳид мунозарачининг қалбига ўрнашиб олган ва ҳалокат сари етаклайдиган шайтон билан баҳсни тўхтатиб, савоб олиш ёки ажрда насибадор бўлиш учун ҳаракат этиши лозим. Бундай мунозаралар шайтон учун кулгу, мухлис бандалар учун ибратдир. Шайтон банданинг устига бало-офат зулматларини солиб қўйиб мазах қилади.

Шайтоннинг бу найранглари келаси бўлимларда баён этилади. Аллоҳдан гўзал ёрдам ва тавфиқ сўраб қоламиз!

(давоми бор)

 

«Иҳёу улумуд-дин» асаридан

Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Абу Саъийд Жуъфий айтади .Мансур Ироқ аҳлининг воизининг бундай деганини эшитдим.Куфада эдим. Бир куни кечаси тонг отди деб ўйлаб ташқарига чиққандим, қарасам, давоми...

3216 21:01 / 12.01.2019
Қуръонда пайғамбарлар дуоларидавомиҚуръоннинг уч сурасида Закариё алайҳиссалом тилидан қилинган дуо баён этилган. Кекса Закариё алайҳиссалом бефарзанд эдилар. давоми...

7308 11:45 / 14.04.2019
Ҳайвонларга зулмдан қайтариқларАбдуллоҳ розияллоҳу анҳу бундай дейдилар.Бир маҳал мен бир илонни ўлдирмоқчи бўлиб таъқиб этаётган эдим. Абу Лубоба менга .Уни давоми...

1738 11:00 / 11.11.2020
Баъзи араб луғати олимлари дуч келган уламолар билан сабабли .Музокара, деб лақабланганлар. Ҳофиз Ибн Ҳажар .Нузҳатул албаб фил алқоб, да айтади .Музокара деб давоми...

1987 15:50 / 01.02.2020
Аудиолар

135338 11:58 / 10.10.2018
«Ҳилол» журнали
Китоблар

55591 14:35 / 11.08.2021