1446 йил 20 жумадис сони | 2024 йил 22 декабрь, якшанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Муслималар саҳифаси

Ўзлигингизга қайтинг, ўзбегойимлар (биринчи мақола)

17:30 / 18.05.2019 2834 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Баҳор келиб, табиат келинчак мисол сепини ёйган, атроф муаттар бўй ва қушларнинг шодиёна куйларига тўлган гўзал кунларнинг бири. Болалар боғчасидан хиёбон оралаб қайтаяпман-у, хаёлим эрталаб ойнаи жаҳонда кўрганим бир манзара билан банд. Унда миллий либос ва тақинчоқларда, соф ўзбекона пардоз ила ороланган, ҳуснда Абдулла Қодирий таърифлаган Кумушбибидан асло кам бўлмаган бир гўзал намойиш этилди. Термилиб қолдим...

Гўзаллигидан завқланганим учун эмас, балки бу санамнинг ташқи қиёфасидан асл чиройни топа олмаганим сабабли термилиб қолдим...

Янада қунт билан тикиламан, аммо зийнатларига маҳлиё бўлиб эмас, балки шунча тақинчоқ ҳам бера олмаган жозибани қидириб...

Либосларига разм солиб боқаман, бироқ ҳавас билан эмас, аслиятдан нимаси йироқ эканига тушуна олмай...

Унда қандай камчилик бор? Нега у менга завқ бера олмаяпти? Ўсма инган қошлари, сурма тортилган чарос кўзлари, қайрилган киприклари, дур мисоли товланган тишлари... Буларнинг барчаси негадир кишида аллақандай ётсираш ҳиссини пайдо қилади, холос.

Нега шундай? Нима етишмаяпти бу ерда? 

Ўйлай-ўйлай, охири ечим топгандек бўлдим: соф ўзбекона кўринишда намоён бўлган бу гўзалнинг шаҳло кўзларида чин ўзбек аёлининг ҳаёси, туришида ҳақиқий ўзбек ойимнинг хокисорлиги, ҳаракатларида асл ўзбек хонимининг ибоси, табассумида соф ўзбек аёлининг қимтиниши йўқ экан. Мана, муаммо қаерда!

Шу қисқагина намойиш анчадан буён қалбимда тўпланиб ётган фикрларни изҳор этишимга, ўзлиги, ғурури, ҳаё ва иффатини йўқотаёзган аёл-қизларимизга ушбу мурожаатни баён қилишимга сабаб бўлди. Бу мурожаатларим балки кимларгадир оғир ботар, кимларгадир ёқмас, аммо ишончим комилки, ўзини билган, ўзлиги-ни қадрлаган ўзбек ойимларимизга албатта асқотади. Хуллас, суҳбат мавзуси – ҳаё ҳақида.

Гапни сиз азизаларимга мурожаат қилишдан бошлайман: Ҳаё деганда нимани тушунасиз? Ҳаёнинг инсонга қандай зарурати бор? Ҳаё қандай ҳолатларда намоён бўлади, нималарда кўринади? Унинг қандайдир мезонлари борми?

Келинг, аввало ҳаё аслида нима эканини, унинг ҳақиқатини билиб олайлик.

Ҳаё кенг қамровли тушунча бўлиб, уни биргина таъриф билан ифода этиб бўлмайди. Ҳаё авваламбор Аллоҳ азза ва жаллага нисбатан бўлади. Банданинг Аллоҳдан ҳаё қилиши У Зотнинг неъматларига шукр этиш, ибодатларини адо қилиш, У Зотнинг қайтариқларидан қайтиш каби кўплаб ишларда намоён бўлади. Аллоҳ таоло бандасининг дуога кўтарилган қўлини бўш қайтаришга ҳаё қилар экан, банда ҳам Робби буюрган ишни қилмасликка, Робби қайтарган ишни қилишга ҳаё қилиши лозим. Асл ҳаё ана шудир.

Келинг, сиз азизалар билан ҳаёнинг зоҳирий кўринишлари ҳақида суҳбатлашайлик.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳаё ҳақида: «Ҳар бир диннинг хулқи бор, Исломнинг хулқи эса ҳаёдир», деб марҳамат қилганлар.

Умар розияллоҳу анҳу: «Кимнинг ҳаёси кам бўлса, тақвоси камаяди. Кимнинг тақвоси камайса, қалби ўлади», деганлар ва қалб тириклигини бошқа ҳусни хулқларга эмас, айнан ҳаёга боғлаганлар.

Оиша розияллоҳу анҳо ҳам кўпинча: «Яхши хулқларнинг боши ҳаёдир», деб айтар эдилар.

Юқоридаги таърифлардан маълум бўлмоқдики, ҳаё мусулмон инсон ҳаётининг зийнати, ажралмас қисми, энг керакли хислатларидан бири, дини ва қалбининг тириклик манбаи экан.

Хўш, камолотимиз учун сув ва ҳаводек зарур бўлган, усиз ҳар қандай гўзаллик ҳам қадрини йўқотадиган, у билан хулқланмаган аёл ҳидсиз гулга ўхшаб қоладиган бу фазилат нималарда намоён бўлади?

Азалдан ўзгармай келаётган қоида шуки, ҳар замон ва ҳар маконда инсоннинг иффати аввало унинг либосига қараб белгиланади. Қалбимиз қанчалар пок бўлмасин, иймон либосда эмас, қалбда бўлади, дея бутун дунёга ҳар қанча жар солмайлик, очиқ-сочиқ кийинган, ярим-яланғоч аёл-қизларни кўрганда, истаймизми-йўқми, шууримизга «Бунча ҳам иффатли, ҳаёли экан-а, бу хоним», деган фикр келмайди, уни мажбурлаб ҳам келтира олмаймиз. Аксинча, ўзимиз ҳам сезмаган ҳолда ундан хафа бўламиз, кайфиятимиз бузилади.

Ҳеч эътибор берганмисиз, кино ва клипларда яхши аёлни, айниқса, меҳрибон ва муштипар оналар ролини ижро этаётган актрисаларнинг бошида бир парча рўмоли, эгнида кенг-мўл қилиб тикилган миллий либоси бўлади. Ҳеч бир фильмда елка ва қорни очиқ, турли рангларга бўялган сочларини ёйиб олган, қалин макияждан юзининг асл ранги билинмай кетган аёлни бешик тебратиб ўтирган она ролида кўрсатишмайди.

Ҳаё ва иймон бир-бирини тўлдириб турувчи нарса бўлиб, бири кўтарилса, иккинчиси ҳам албатта йўқолади. Бувим кўп ҳолларда: «Ҳаё кетди – ҳаёт кетди», дегувчи эдилар. Бу сўзнинг асл маъносини англамасак-да, ибо-ҳаёнинг ниҳоятда муҳим бир хислат эканини ҳис этиб улғайдик. Энди ёшим улғайиб, чуқурроқ ўйлаб кўрсам, ҳаёнинг кетиши тирикликнинг йўқолиши эмас, асл инсоний туйғуларнинг поймол бўлишига, қадриятлар, анъаналарнинг ўлишига, барча юксак фазилатларнинг барбод бўлишига олиб келар экан. Чунки уятсиз, андишасиз одам ҳар қандай ёмон ишдан тап тортмайдиган бўлиб қолади.

Бунга биргина мисол келтириш кифоя қилади, менимча. Яқин муддат ичида ижтимоий тармоқларда қайноталар, қайноға ва бошқа эр тараф қариндошларнинг ёш келинчакларга ёмон назар билан қарагани ҳақида аянчли мақолалар босилди, ҳатто бу шармандалик телевидение орқали намойиш ҳам этилди. Бу разолат ҳақида ўқиган, кўрган-билган ҳар бир мўмин-мусулмоннинг юрагида қаттиқ санчиқ туриб, ҳафталаб ухлай олмай, инграб чиққан бўлиши тайин. Ўша ишни қилган беномусларни қарғаб, маломат тошларини отганлар қанча, эҳ-ҳее... Аммо шу билан муаммо ҳал бўлиб қоладими? Бунга фақатгина эркаклар айбдорми? Бунинг асл сабаби беҳаёлик, келинчакларнинг ҳам ўз «рамкаси»дан чиқиб кетгани, ўзлигини унутиб, бебошлик ва беандишаликка юз тутгани эмасми?

Донишмандлардан бири: «Ҳаё – бу виқордир», деган экан. Виқор эса инсон забт этиши мумкин бўлган баланд чўққилардан бўлиб, комиллик сифатларидан ҳисобланади.

Ўзбек аёлларининг миллий қаҳрамони, қизларнинг идеали бўлмиш Кумушбибини бир эсга олинг! Ҳаёси қанчалар олий, хулқи қанчалар гўзал эди! Юсуфбек ҳожини эсланг, ҳайбати ва ҳурмати қанчалар юксак эди! Уларнинг илк бор кўришиш саҳнаси ёритилган саҳифалар ёдингиздами? «Кумуш уялиб, зўрғағина салом берди ва Юсуфбек ҳожининг яқиниға келиб, бўйин эгди. Ҳожи қўли билан Кумушнинг елкасига қоқиб суйди ва Кумушнинг манглайиға тегизиб олған ўз қўлини ўпди…»

Мана сизга ўзбекнинг қайнота-келинлари муносабати! Мана сизга ҳаёнинг юксак намунаси!

Қайнота-келин муносабатларига доир иккинчи саҳна – Кумушнинг жон бериш олдидаги ҳаракатларини эсланг. «Ҳожи Кумушнинг бошиға келиб ўлтурди. Отабек ва онаси оёғ устида эдилар, Кумушнинг кўзи юмиқ, сочлари юзи устида паришон эди. Ҳожи ўз қўли билан сочларни тузатиб, Кумушнинг кўкимтил товланған юзини кўрди ва манглайини босди...»

– Ойим... Ойим!.. – деди ҳожи. Кумуш кўзини очиб, бесаранжом унга назар ташлади ва таниб... қўзғалмоқчи бўлди.

– Қўзғалманг, ойим... қўзғалманг! Кумушнинг кўз ёшиси чаккасидан оқиб тушди... Ҳожи ҳам ўзини тўхтатолмай, Кумушнинг ёшини артиб, бошини силади».

Кўрдингизми, биз ўзбеклар аслида ким эдик! Кўрдингизми, бизнинг асл хулқимиз қанчалар гўзал эди?

Эй ҳомиладорлиги сабабли кўнгли тусаган нарсасини оиласидагиларга ошкора айтишга уялмаган келинчаклар, ой-куни яқин бўлгани ҳолда қўлини белига қўйиб, қайнота-қайноғаларининг олдида ғоз юрувчи келинчаклар, фарзанди туғилиш онлари яқинлашганда, маҳаллани бошига кўтариб дод-вой солишга уялмаган келинчаклар, Кумуш опангиздан ўрнак олинг, деймиз. Унинг ҳатто жон талвасасида ҳам йўқолмаган ҳаёси, одобидан ўрнак олинг, деймиз.

«Ўткан кунлар» романини ўқиган қиз борки, ўзини Кумушнинг ўрнида кўрмоқ истайди: у каби гўзал, у каби суюкли бўлишни орзулайди. Аммо афсуски, улар Кумушдаги асл фазилат, уни Олтинбиби қилган сифатлар фақат гўзаллик эмас, балки юксак одоб-ахлоқ, ибо ва иффат эканига эътибор қилмайдилар.

Бир тасаввур қилинг: Кумуш йиртиқ, калта ва беўхшов латта-путталарни устига ташлаб олган. Эгнида қора атлас кўйлак, бошида қашқарча рўмол эмас, бир енги бор, биттаси йўқ кофта, оёқларида латиф ковуш эмас, бигиз пошнали туфли...

Бундай «кумуш»ни Отабек ҳам аср намозига таҳорат олиб турганда эмас, балки тунги клубда, шайтоний нағмаларга берилиб рақс тушаётган ҳолатида учратиб қолади... Хўш, бу қиз парилардек гўзал бўлса-да, уни Кумуш дейиш мумкинми? Ўзини ўзи хор қилган, ҳаё пардалари эгнидаги кийимлари каби йиртилиб адо бўлган, истаган кас унинг чиройидан баҳра олиб, истаган маст-аласт қўлини ушлашдан тап тортмайдиган бу «гўзал» Кумуш бўла оладими?

(давоми бор)

«Қизларжон...» китобидан

Муаллиф
Одинахон Муҳаммад Юсуф
Манба
Muslimaat.uz
Мавзуга оид мақолалар
Аллоҳ таоло яратиб қўйган мўъжизаларни санайдиган бўлсак, охирига етиб боролмаслигимиз аниқ. Она сути ҳам ана шундай мўъжизалардан биридир. Агар оналар кўкрак давоми...

6606 21:00 / 07.11.2022
Самура розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади.Қайси бир аёлни икки валий бировга никоҳлаб берса, у ҳақ биринчи валийники бўлади. Қайси бир одам икки кишига нарса давоми...

1815 11:00 / 03.06.2020
VРамазони муборакда Бадрда эришилган ғалаба мусулмонлар учун тарихий аҳамиятга эга эди. Ўша шонли ғалабадан кейин мусулмонлар жамияти тарих саҳнасига катта куч давоми...

2460 17:00 / 09.02.2019
. Умму Салама розияллоҳу анҳодан сўралди .Аёл киши қандай кийимда намоз ўқийди, .У химорда ва бутун жисмини тўсиб, икки қадамининг устини бекитиб давоми...

1919 16:33 / 18 сентябрь