1446 йил 20 жумадис сони | 2024 йил 22 декабрь, якшанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Муслималар саҳифаси

Эр-хотин алоқасининг юксак савияли тилдаги ифода шакллари

17:40 / 09.06.2019 3639 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Аллоҳ азза ва жалла Қуръони каримнинг ўнлаб оятида жимоъни зикр қилган. Суннатда ҳам худди шундай келган. Лекин бу илоҳий манбаларда у ўзига хос юксак савиядаги тилда, энг олий ва маданиятли услубда ифода этилган. Улардан баъзиларини эслаб ўтамиз:

1. «Массун» – ушламоқ, тегмоқ.

«Агар уларга тегмай талоқ қилсангиз» (Бақара сураси, 237-оят).

Бу ерда жимоъ «массун», яъни «тегмоқ», «қўл теккизиш» феъли билан ифода этилган.

2. «Ламсун» ёки «мулаамасатун» – тегинмоқ.

Аллоҳ субҳанаҳу ва таоло айтади: «Агар бемор ёки сафарда бўлсаларингиз ёхуд бирорталарингиз таҳоратхонадан келса ёки аёлларга тегинса-ю…» (Моида сураси, 6-оят).

Бу ердаги «тегинмоқ»дан мурод жимоъдир. Бу сўз ояти каримада мутавотир қироатлар бўйича икки хил ўқилади: «Лаамаса» («мулаамасатун»дан), «ламаса» («ламсун»дан). Иккаласи ҳам бир ўзакдан олинган бўлиб, деярли бир маънони англатади. Фақат биринчиси феълнинг икки тарафдан, иккинчиси бир киши тарафидан бажарилганини билдиради.

3. «Ат­тамаасу» – бир-бировга тегмоқ.

«Бир-бировларига тегмай туриб» (Мужодала сураси, 3-оят).

Бу сўз юқоридаги «массун» феълининг ўзакдоши бўлиб, феълнинг икки тарафдан бажарилишига ишлатилади. Бу эса эркак ва аёл ўртасидаги алоқа тенг бўлишини англатади. Яъни жинсий алоқа фақат эркак учун жорий қилинган, аёл эса шунчаки бир қабул қилувчи, тортиқ қилувчи ўлароқ иштирок этадиган иш эмас. Балки жинсий алоқа икки томон ҳам баробар иштирок этадиган ва ўзаро амалга ошириладиган ишдир. У инсоний фитратни ифода этади, вақтида, ўз шартларига кўра ва шаръий доирада бажарилиши лозим.

4. «Ал­ифдооун» – етишмоқ, қовушмоқ.

«Ва уни қандай ҳам олурсиз?! Ахир бир-бирингизга қовушдингиз ва улар сиздан мустаҳкам аҳду паймон олганлар-ку?!» (Нисо сураси, 21-оят).

5. «Мубаашаротун» – бир­бировининг танасига тегмоқ, териларнинг тўқнашуви; мубошарат.

«Энди уларга мубошарат қилаверинг ва Аллоҳ сизга битган нарсани талаб қилинг» (Бақара сураси, 187-оят).

6. «Ад­духуулу» – кирмоқ, ҳузурига кирмоқ.

«Ўзингиз ҳузурига кирган хотинларингизнинг» (Нисо сураси, 23-оят).

7. «Ал­ғашйаану» – ўрамоқ, буркамоқ.

«Вақтики у (жуфтини) буркаганида енгил ҳомиладор бўлди» (Аъроф сураси, 189-оят).

8. «Ар­рофасу» – уят сўз айтмоқ, беҳаё иш қилмоқ.

«Сизларга рўза кечасида аёлларингизга уят сўз айлаш ҳалол қилинди» (Бақара сураси, 187-оят)

Бу сўз аслида эр­хотин кундузи, оддий муомала пайтларида бир­бирига айтишга уяладиган, фақатгина жинсий яқинлик асно-сида айтадиган гап-­сўзларни англатган. Кейинроқ у киноя сифатида ишлатиладиган бўлиб кетган.

9. «Ал­қурбаану» – яқинлик.

«Уларга пок бўлмагунларича яқинлашманглар» (Бақара сураси, 222-оят).

Яъни аёлларга то ҳайздан пок бўлмагунларича жинсий яқинлик қилманглар.

10. «Ал­итйаану» – келмоқ, бормоқ.

«Агар пок бўлсалар, уларга Аллоҳ амр қилган жойдан келинг» (Бақара сураси, 222-оят).

11. «Ат­томсу» – қонамоқ, қон оқизмоқ.

«Булардан олдин на бир инс, на бир жин уларнинг (ҳурларнинг) қонини оқизган» (Раҳмон сураси, 56-оят).

Бу феъл аслида қон чиқармоқ, қонатмоқ маъносида ишлатилиб, асосан бокираликни кетказишга ишлатилган. Кейинроқ умуман жимоъ маъносида ҳам қўлланган.

12. «Ан­никааҳу» – бирлашмоқ, қовушмоқ.

Бу сўз Қуръони каримда айрим ўринларда жимоъни, кўпинча эса эр-хотин орасидаги ақди никоҳни англатиб келади.

Булардан ташқари, набавий суннатда ҳам шунга ўхшаш маданиятли сўзларни топамиз. Мисол учун:

13. «Ал­ватъу» – босмоқ ва «ат­товаафу» – айланиб чиқмоқ.

«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Сулаймон алайҳиссаломнинг қиссаларини баён қилар эканлар: «Сулаймон: «Мен бу кеча тўқсонта хотинни айланиб чиқаман…» деди», деганлар» (Бухорий ривояти).

14. «Ал­ъусайлату» – асалча.

Бу сўзни Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам Рифоъа Қуразий розияллоҳу анҳунинг аёли кейинги турмушидан ажраб, яна Рифоъа билан ярашмоқчи бўлиб келганда айтган гапларида ишлатганлар: «Сен Рифоъага қайтмоқчимисан? Йўқ! Токи сен унинг «асалча»сидан, у сенинг «асалча»нгдан татимагунча (бўлмайди)».

Яъни «то иккинчи эринг билан яқинлик қилмагунингча, биринчи эрингга қайта олмайсан. Ақди никоҳнинг ўзи етмайди».

Бундан аён бўладики, эркак ва аёл орасидаги жисмоний висолнинг зикри Қуръон ва Суннатда кўп учрайди. Аммо кўпинча парда билан, ниҳоятда назокатли тилда, турли ўхшатишлар билан, соғлом завққа муносиб юксак услубда зикр қилинган. Бу эса эр-хотин орасидаги қовушув лаҳзаларини мақбуллик, розилик ва яхшилик талаб қилинадиган гўзал ҳолатга айлантиради. Ҳаттоки ушбу ишни ибодат, солиҳ амал мақомига, садақа даражасига кўтаради.

Қуръони карим ва ҳадиси шарифларда ушбу мавзуда мазкур юксак услубда сўз юритилгани бу борадаги суҳбат ўзига яраша одоб­ахлоқ меъёрлари асосида бўлиши кераклигини англатиш билан бирга, бу мавзуни уят санамасдан, таълим-тарбия борасида дарс сифатида ўрганиш мумкинлигига ҳам далолат қилади. Зеро, бу хусусдаги билимсизлик адашиш, фасод ва тўғри йўлдан оғиб кетишга сабаб бўлиши мумкин.

Агар ўспирин ёшдаги йигит-қизлар ушбу мавзу ҳақида тўғри маълумотларга эга бўлишмаса, янглиш маълумотларни савдога қўядиган, ёки йўлдан урадиган, ёки хато маълумотларни ёядиган сайтларга киришлари, ёки бўлмағур китобларни ўқиб, йўлдан оғишлари мумкин.

Баъзан ҳаддан ташқари қимтиниш ҳам ёшлар учун руҳий номутаносибликни, бадан тузилишларига мослаша олмасликни келтириб чиқаради. Булар эса ҳалол ҳузурланишдан ожиз бўлишга олиб боради. Азизам, Аллоҳ таоло инсон суратини, жисмини, унинг яратилишини қандай васф қилганига эътибор бер. У Зот шундай марҳамат қилади:

«Батаҳқиқ, Биз инсонни энг яхши тузулишда яратдик» (Тийн сураси, 4-оят).

«У сени тўла-тўкис ва мўътадил қилиб яратган эди» (Инфитор сураси, 7-оят)

«У сизлрга шакл-шамойил берди ва қиёфангизни гўзал қилди» (Тағобун сураси, 3-оят).

Зоҳирий гўзалликка ишқибозлик ҳам бир касаллик бўлиб, одатда қабоҳат ва разолатни туйишга бўлган, яъни маънавий гўзалликка бўлган ишқибозлик билан қарама-қарши туради. Руҳий гўзаллик ва ўзига ярашиқли бўлиш оддийгина кўринишга эга бўлган жисмга шундай бир маъно бахш этадики, уни кўзлар дарҳол ўқиб олади.

«Қизларжон...» китобидан

Муаллиф
Одинахон Муҳаммад Юсуф
Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам пайғамбаримиздир. У зот бизга ҳаёт сирларини ўргатдилар. Биз ҳақиқий ўлчовларни у зотдан билиб олдик. Ўзимиз яшаётган дунё давоми...

2437 10:54 / 03.02.2022
Ўрта мактабда ўқийдиган бир қиз ўз хотираларини шундай ҳикоя қилади.Эндигина мактабга борган кезларимhellip Бир куни ўқитувчимнинг қовоғи кўкарганини кўриб, ачиниб давоми...

4399 18:05 / 15.02.2019
Оиша онамиз розияллоҳу анҳонинг сабабларидан Аллоҳ таоло мусулмон умматига қўпгина яхшиликлар, жумладан, енгилликлар берган вақтлар кўп бўлган.Имом Бухорий Оиша давоми...

3013 12:02 / 02.12.2018
Агар аёлингизни урсангиз, сабаби нимаНамоз ўқимайдимиГап қайтарадимиАйтган ишингизни қилмайдимиСўроқсиз кўчага чиқадимиБолаларга яхши қарамайдимиТелефонда давоми...

2572 15:00 / 14.07.2021