1446 йил 20 жумадис сони | 2024 йил 22 декабрь, якшанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Муслималар саҳифаси

Шаҳватга таслим бўлма

15:10 / 12.05.2019 4092 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Жисм шаҳвати ҳаётнинг ва наслнинг узлуксиз давомийлигини таъминлаш учун Аллоҳ таоло томонидан жорий этилган табиий инстинктдир. Шу билан бирга, Ислом нуқтаи назари билан қараганда, у фақатгина ҳайвоний шаҳватдан иборат эмас, балки одоб-ахлоқ ва завқу шавқ билан ўралган юксак инонсий ҳузур ҳамдир. Шу эътибордан, унинг ўзини ҳам мақсад қилиш мумкин бўлади.

Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам жинсий яқинликни садақа ва ажр мақомига, Аллоҳ таолонинг исми зикр қилинадиган алоқа даражасига кўтарганлар. У зот соллаллоҳу алайҳи васаллам ўз ҳадисларида: «Бирингизнинг жинсий алоқа қилиши ҳам садақадир», деганлар (Муслим ривояти) ва яна: «Бирортангиз ўз аҳлига яқинлик қиладиган бўлса. «Аллоҳим! Бизни шайтондан йироқ ва қил ва шайтонни бизга ризқ қилиб берадиганингдан йироқ қил», десин», деганлар (Бухорий ва Муслим ривояти). 

Жисм шаҳватини ҳалол йўл билан қондириш анбиё алайҳимуссаломнинг йўлларидан ҳисобланади, зотан, Аллоҳ азза ва жалла уларга жуфт ва зурриётлар ато этган.

«Батаҳқиқ, сендан олдин ҳам расуллар юборганмиз ва уларга жуфти ҳалоллар ва зурриётлар ато қилганмиз» (Раъд сураси, 38-оят).

Инсонни шаҳват тарафига қўзғайдиган асосий омиллар қуйидагилардир:

1. Томоша ва назар солиш.

Ўзга жинсга кўп қараш ва бунга одатланиб қолиш, шубҳасиз, унга нисбатан рағбат ва шаҳватни кучайтиради. Шунинг учун ҳам Аллоҳ субҳанаҳу ва таоло Нур сурасида айтади:

«Сен мўминларга айт, кўзларини тийсинлар ва фаржларини сақласинлар. Ана шу улар учун покликдир» (30-оят).

Кейинги оятда эса: «Сен мўминаларга айт: «Кўзларини тийсинлар, фаржларини сақласинлар ва зийнатларини кўрсатмасинлар, зоҳир бўлгани мустасно. Рўмолларини кўксларига тўсиб юрсинлар», дейди.

Демак, кўзни ҳаромдан тийиш нафсни поклашнинг шартларидан бири экан.

Ҳамма нарса назар солишдан, қарашдан бошланади. Ҳозирги пайтда телеканаллар, сайтлар, рекламалар, журналлар ва бошқа турли алоқа воситалари одамлар нафас оладиган ҳаводек бўлиб қолди. Бироқ бу «ҳаво» турли чанг, тупроқ, зарарли микроблар ва юқумли касалликларни тарқатувчи инфекцияларга тўла. Кийим ва мода каналлари ахлоқсизлик, очиқ-сочиқлик ва яланғоч таналарни намойиш қилишни касб қилиб олишган. Улар бу билан қадимги ўрмон ҳаётига замонавий услубда чақиришмоқда.

2. Одат.

Бошқа жинсдаги бегона кишилар билан сўзлашиш ёки беҳаё нарсаларни томоша қилиш, ёхуд онанизм (кафтаки, яъни жинсий майлни нотабиий йўл билан қондириш) деган нарсага ўрганиб қолиш инсонни шаҳватни жиловлай олмаслик ва шаҳватпарастлик касалига мубтало қилади. Аввалига арзимас кўринган бу ишлар кутилмаган ёмон оқибатларга, жисмоний ва руҳий ҳасталикларга олиб келади. Жумладан, ўзига ишончсизлик, ўзини тубан деб билиш, руҳий зўриқиш, виждон азоби каби туйғулар қуршовида қолади. Қизиғи шундаки, ушбу ҳис-туйғулар ёлғон гапирганда, ғийбат, чақимчилик ёки ўғирлик қилганда, ота-онага оқ бўлганда зоҳир бўлмайди. Бу эса мазкур ҳаром ишнинг инсон руҳиятига қанчалар ёмон таъсир кўрсатишига, унинг ҳаётида ўчмас из қолдиришига далолат қилади.

3. Ношаръий алоқа.

Ҳис-ҳаяжонли алоқалар ва хотиралар ҳамда уларнинг оқибатлари.

Cўнгги пайтларда баъзи ёшлар техника тараққиётидан турли жирканч мақсадлари йўлида фойдаланаётгани ниҳоятда ачинарли ҳолдир. Улар қизларни осонгина қармоққа илинтириш, уларни ўзига яна ҳам бўйсундириш учун турли ҳолатларини суратга олиб, видеотасмаларга ёзиб, ўзларининг ғаразли ниятларини амалга оширишмоқда.

Интернет сайтлари йигит-қизларнинг ғойибона танишуви учун қулай восита бўлиб қолди. Дуч келган жойда – интернет ёки уяли телефон орқалими, кўча-кўйдами, бозор ёки иш жойларидами, учрашиб олиб, бирпасда ошиқ-мошиққа айланадилар.

Эркак-аёлнинг бир жойда ёлғиз қолиши шариатимизда қатъий қораланган. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳадиси шарифларида «Бирорта эркак бирорта (номаҳрам) аёл билан холи қолса, учинчиси шайтон бўлади», дейилади (Термизий ва Аҳмад ривояти). Шайтон бундай қулай фурсатдан усталик билан фойдаланади, натижада бу каби учрашувлар кўпайиб бориб, тарк қилиниши қийин бўлган одатга айланади. Ўз мақсади йўлида ҳеч нарсадан тоймайдиган йигитнинг асл ниятидан бехабар қиз ўзини бир афсонавий ошиғ­у, анави йигитчани ўзи орзу қилган мард йигит деб ўйлайди. Кейин эса фожиадан дод солиб ҳайқира бошлайди. Интернетда суратлари чиқиб кетгани ҳақида оиласига қўнғироқ қилинганда, мажлисларда унинг масаласи муҳокама қилинганда дунё кўзига қоронғи бўлиб кетади. Бир қизни бадном қилган йигит эса ўзини кутаётган шармандаликлардан бехабар, бегуноҳ бошқа бир қизни тўрга илинтириш учун жўнаб қолади.

Йигитлардан шикоят қилган қизларга ушбу тангликни кечиб ўтишда руҳий кўмак бўлар, деган мақсадда қуйидагиларни маслаҳат бераман:

Бўлиб ўтган ҳодисаларда, бу қадар аянчли аҳволга тушиб қолишингда сенинг ҳам айбинг бор. Чунки воқеа қаҳрамонларидан бири сенсан. Шундай экан, муаммонинг ечимида ҳам асосий ролни сен ўйнашинг керак бўлади. Қиз бола бу каби алоқаларнинг ҳаромлигини, уларнинг оқибати оғир эканлигини яхши билиши, ҳаётининг оқ варақ каби покиза дамларини қора ёзувлар билан булғашдан эҳтиёт бўлиши, ўзини бундай шармандаликлардан асраши лозим. Қулоғингга чалинган ишқ, муҳаббат, севги ҳақидаги шивирлашлар сени алдаб, хору зор қилиб қўймасин. Бу висирлашлар сенинг танангдан бир муддат ҳузурланишга қаратилган, холос. Кейин эса худди бир буюмдек, тепиб юбориласан.

Жисмингдаги ушбу қувватни қўлга олиш эса Аллоҳ таоло инсоннинг яратилишидаги ва ҳар икки жинснинг бир-бирига интилишидаги илоҳий ҳикматга бўлган иймонни тақозо қилади. Шунинг учун нафсни ҳалолдан қондириш анбиёларнинг суннати саналади. Биздан эса ушбу суннатга оғишмай амал этиш, унинг сабабларини қулайлаштириш ва бу йўлда жидду жаҳд қилиш талаб этилади. Бу бизнинг ҳаққимиздир. Уни биздан юлиб олишга ҳеч кимнинг ҳаққи йўқ.

Жисмнинг қувватини турли иш-амал, ташаббус, фойдали режалар ҳамда якка ҳолдаги ва ижтимоий ҳаракатлар каби шаръий ишларга буриш лозим. Тойилиш юз берганда ҳам бир йўла таслим бўлиб, ўтириб қолмаслик керак, чунки бу энг катта хато бўлади. Аксинча, бундай пайтда қаттиқ тавба қилиб, қайтадан оёққа туриб, яхшиликда илғор бўлиш, нафсни поклаш ва руҳий юксалиш, Буюк Яратувчимиз, меҳрибон Роббимизнинг розилигига эришиш учун жидду жаҳд қилиш лозим.

«Қизларжон...» китобидан

Муаллиф
Одинахон Муҳаммад Юсуф
Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Нефть соҳасида ишловчи бир муҳандиснинг аёли вафот этиб, ундан уч нафар ўғил қолди. Болаларнинг каттаси бошланғич мактабнинг учинчи синфида ўқир, кенжаси эса икки давоми...

3108 14:16 / 14.04.2023
Оиша онамиз розияллоҳу анҳо жамоатчилик ишларида ҳам, хусусан, аёлларга оид ишларга бошқош бўлар эдилар. Бу нарсани ўша пайтдаги баъзи бир маросимлар ҳақида давоми...

4003 21:05 / 11.12.2018
IIЎша вақтларда уйланиш учун аёлни эр томон излар эди. Аввал аёл томондан гап чиқиши уят ҳисобланар эди. Аммо қизи бева қолган Умар ибн Хаттоб янгича йўл қўллашга давоми...

3743 09:50 / 11.03.2019
Фарзанд Аллоҳ берган улуғ неъматдир. Отаона бу неъматга шукр қилишлари лозим. Шукрнинг асосийси фарзандни неъмат берувчи Зот ndash Аллоҳнинг розилигини қозонадиган давоми...

1891 11:03 / 15.08.2020