1446 йил 20 жумадис сони | 2024 йил 22 декабрь, якшанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Мақолалар

Номаҳрам аёлларга қарашнинг ҳукми

17:10 / 11.05.2019 7200 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Яқинда бир сайтда жуда долзарб мавзуда ёзилган бир мақолага кўзим тушиб қолди. Унга «Либос танани яширишгами ёки кўз-кўз қилишгами?», деб сарлавҳа қўйилган эди.

Муаллиф ҳақиқатан кўпчиликни ташвишга солаётган муаммони кўтариб, аёллар қоматини очиқ-ойдин кўз-кўз қилувчи тор либослар ва авратларни очиб, ярим яланғоч юриши хақида сўз юритган. Уни ўқиб чиққандан кейин «авратни очиб, баданни кўз-кўз қилган беҳаёларни ҳузур билан томоша қилувчиларнинг ҳукми-чи?» деган мавзуни ёритишни лозим топдик. Чунки бугунги кунда беҳаёларга суқланиб қаровчилар, айни манзара соҳибаларидан кўп бўлса кўпки, асло кам эмас. Бу «касаллик» ўспирин йигитлардан ўтиб, ёши бир жойга бориб қолган кексалар орасида ҳам учраб туриши янада ачинарли ҳол. Ҳаром қилинган нарсаларга тикилишнинг зарари, гуноҳи ва ундан тийилишнинг ажр-мукофотларидан бехабарликни «инсон қалбида бу иллатни шакллантирувчи омил» деб айтиш мумкин.

Аллоҳ кўз неъматини берар экан, у билан бирга банданинг зиммасига бир қанча масъулиятларни ҳам юклаган. Ҳар бир кўз эгаси илоҳий фармонга биноан малум нарсаларга қарашдан кўзларини тийиши лозим. Нафси хоҳлаган йўсинда амал қилар эканмиз, албатта Қиёматда бунинг ҳисобини берамиз. Қуръони каримда қуйидагича амр қилинади: «Сен мўминларга айт, кўзларини тийсинлар ва фаржларини сақласинлар. Ана шу улар учун покдир. Албатта, Аллоҳ нима ҳунар қилаётганларидан хабардордир» («Нур» сураси, 30-оят).

Ояти каримада Аллоҳ таоло қараш ҳаром қилинган нарсаларга назар қилмоқдан тийилишни вожиб деб ҳукм қилибгина қолмай, кўзни тийишнинг фойдасини ҳам баён этмоқда. Ўша фойда маънавий покликдир. Демак кўзни тийиш маънавий поклик сари чорласа, унинг акси ўлароқ кўзни тиймаслик, маънавий бузуқликка олиб боради. Ҳаром нарсаларга тикилишнинг энг ҳатарли томони шуки, бу иллат секин-секин инсонни Аллоҳни зикридан тўсиб, шайтон йўлига олиб киради. Бу эса малъун Иблис учун қулай фурсатдир. Мўмин бу ҳолатга тушганида Шайтон дарҳол уни яна ҳам шармандалироқ ҳолга тушириш пайига тушади. Қалбида васваса оловларини ёқиб уни зино тарафга чорлайди. Зино – ҳаром назар олиб борадиган «сўнгги манзилдир». Ҳаром назар эгаси ҳаёлида «мени ким кўрибди» деб овуниши мумкин. Аммо шуни унутмаслиги керакки , Аллоҳ кўзлар кўрмай қолган ва қалблар сезмай қолган сирлардан ҳам воқифдир.

Абдуллоҳ ибн Масъуд розияллоҳу анҳудан ривоят қилинди: «Аллоҳ таоло деди: (ҳаром қилинган) назар Иблиснинг заҳарли ўқларидан биридир. Кимки мендан қўрқиб уни тарк қилса уни шундай бир иймонга алмашиб қўяманки, унинг ҳаловатини қалбида ҳис қилади» (Табароний, Ҳоким).

Абу Умома розияллоҳу анҳудан ривоят қилинди: «Қайси бир муслим (бегона) аёлнинг авратига назар қилиб, сўнгра Аллоҳнинг ғазабидан қўрққан ҳолда ундан кўзини олиб қочса Аллоҳ унга шундай ибодат берадики, унинг лаззатини қалбида ҳис қилади» (Аҳмад, Байҳақий).

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинди: «Қиёмат куни (Аллоҳнинг азобидан қўрқиб) ҳар бир кўз ёш тўкади. Магар уч кишининг кўзлари мустасно.

1. Аллоҳ қарашни ҳаром қилган нарсалардан тийилган кўз.

2. Аллоҳ йўлида тунларни бедор қилган кўз (масалан, мусулмонлар хавфсизлигини таминлаш мақсадида ухламаган кўзлар).

3. Аллоҳдан қўрқиб пашшани бошича бўлса-да, ўзидан ёш чиқарган кўз» (Исфаҳоний).

Жарир розияллоҳу анҳудан ривоят қилинди: «У киши айтди: «Мен Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан беихтиёр, тўсатдан содир бўлган назар хақида сўрадим. Ул зот жавоб бердилар: «Кўзингни олиб қоч. Давом этма» (Муслим).

Бурайда розияллоҳу анҳудан ривоят қилинди: «Ҳой Али биринчи назарга иккинчисини эргаштирма. Чунки биринчиси сен учун (яъни беихтиёр бўлгани учун унга жавобгар эмассан) иккинчиси эса сени зиёнинггадир» (Абу Довуд, Термизий).

Оят ва ҳадислардан кўриниб турибдики, инсон кўз неъматидан фойдаланишида маълум чегарани билиши керак. Қачонки чегарадан чиқар экан унга шайтон камонидан заҳарли ўқ отилади. Бу ўқ унинг жасадини жароҳатламаса-да, лекин қиёматда ўз тасирини кўрсатади. Ярим-яланғоч, на шаръий ва на миллий урф-одатларни писанд қилмайдиган беҳаёлар ҳар қадамда учраши мумкин. Аммо улар орасида ўзига хос жасорат билан кўзни олиб қочишга ҳам улкан мукофотлар борлигини унутмаслигимиз лозим.

Андижон шаҳридаги “Уйғур” масжидида имомлик қилган марҳум Файз Аҳмад домланинг бир одатлари бор эди. У киши масжидга келар чоғида йўлда аёлларга дуч келса дарҳол чакмонининг этаги билан юзини тўсиб ўтиб кетар эканлар. Домланинг бу одати катта дарс бўлиб, у кишининг имомлик вақтида, кўчада ўтирувчи аёллар сезиларли даражада камайганини кексалар хотирлайди.

Қараш мумкин бўлган авратлар.

Ўзгани авратига тикилмоқ шариатимизда харом қилинган. Лекин фуқаҳолар маълум истисноларни баён қилган бўлиб, уларни авратига қарашлик мубоҳ саналади.

1) Инсоннинг ўз аврати. Киши ўз авратига кўзи тушса ва ёки ихтиёрий қараса буни гуноҳи йўқ.

2) Қаралаётган шахс, хоҳ ўғил хоҳ қиз бўлсин шаҳват ёшида бўлмаса. Бу тили чиқмаган, яъни гапира олмайдиган даражада ёш бўлиши билан белгиланган. Фақиҳ Абу Лайс Самарқандий «шаҳват ёши тўққиз ёш» деб фатво берган бўлсалар-да, Ҳошияда айтилишича, «тили чиқиб гапира оладиган ёшдаги болаларнинг авратига тикилиш ҳаром бўлади».

3) Саҳиҳ никоҳ билан уйланган аёли. Фосид никоҳ билан бўлса унга ҳам назар қилиш ҳаром. Масалан, бировнинг никоҳидаги аёлга уйланиб олган киши шу аёлнинг авратига қараши ҳаром ҳисобланади.

4) Ўз чўрисининг авратига қараш ҳаром эмас. Бироқ чўриларнинг ҳаммасида ҳам, назар ҳалол қилинган эмас. Мусоҳара (қудачилик) йўли билан маҳрам бўлган чўрилар мустасно. Масалан, она-бола чўри бўлиб уларнинг қизини хотин қилган бўлса, онасининг авратига қараши ҳаром ҳисобланади. Чунки у қайин она ҳисобидадир. Шунингдек, ўз чўрисини ўзгага никоҳлаб берган бўлса, бу чўри ҳам хожасидан маълум масофада туради. Ҳурмати ғализа яни чўрисига уйланиб, сўнгра уни икки талоқ қилган бўлса унинг ҳам авратига қараши мумкин эмас. Ёки чўри мушрика бўлса, унинг ҳам авратига қараш тақиқланади. Икки кишининг ўртасидаги шериклик чўрилар ҳам ўз ҳожаларидан авратларини олиб қочишлари лозим.

Шу тўрт тоифадан бошқаларнинг авратига узрсиз назар қилиш мутлақ ҳаром дейилган. Хоҳ у шаҳвоний назар ва ё аксинча бўлсин бари бирдек ҳаромдир. Аммо узрли бўлса жоиз.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам дедилар: «Аллоҳ (бегонанинг авратига) назар қилувчини ва (ўз авратини бошқаларга кўз-кўзлаб) томоша қилдирувчини лаънатлади» (Байҳақий). Яланғоч авратга назар ҳаром бўлганидек, юпқа ва тор кийим кийганларнинг кийими устидан назар қилиш ҳам ҳаромдир. Чунки тор ва юпқа кийим бадан ва қоматни ошкор қилиб туриши сабабли яланғоч ҳукмида бўлади.

Авратлар

1) Эркак кишининг аврати киндик остидан тизза остигачадир. Демак, эркак кишининг киндигини остидан тиззасини остигача бўлган аъзоларига қараш, эркакларга ҳам, бегона аёлларга ҳам мутлақ ҳаромдир.

2) Шунингдек, икки аёл ҳам бир-бирларининг киндиги остидан тиззасини остигача бўлган аъзоларига асло қарай олмайдилар. Чунки икки аёл орасидаги аврат, ҳудди икки эркак орасидаги аврати каби олинади.

3) Эркак ва бегона аёл орасидаги аврат.

Агар қаровчи эркак бўлиб томоша қилинувчи ҳур аёл бўлса, унинг юзи ва кафтларидан бошқа барча аъзоларидир. Юзи ва кафти аврат бўлмаса-да, унга ҳожатсиз қараш макруҳдир.

4) Агар назари тушиб қолган аёл ўз маҳрами бўлса. Масалан, опа ёки синглиси. Бу ҳолатда у билан аврат чегараси (кийимидан ташқаридаги), қорин ва бел қисми қўшимча қилинган ҳолда хдди икки эркак аврати каби олинади. Яъни, киши ўз опаси ёки синглисини боши, бўйни, кўкраги, қўлтиғи, болдири, оёқларига «шаҳвати уйғониб кетишидан омонда бўлиш шарти» билан, назар тушиб қолса.

(давоми бор)

Islom.uz портали таҳририяти

Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
ndash Яхши, қўлинг тез келишди. Болғани ўз вақтида ур Олдин ёки кейин урмагин Бир хил оҳангда ва эҳтиёт бўлиб урndash Қара, Бишр, кўряпсанми Темир ҳам юпқалашди. Ана давоми...

3415 07:45 / 19.03.2019
.Эй мўминлар Сўзларимни яхшилаб эшитингиз, яхши англангиз ва яхши муҳофаза этингиз. Раббингиз бирдир. Отангиз бирдир. Барчангиз Одамдансиз. Одам эса тупроқдандир. давоми...

4777 18:09 / 17.08.2020
Америкалик тарихчи Теодор Лотроп Стоддард 18831950 шундай дейди .Исломнинг юксалиши, эҳтимол, инсоният тарихидаги энг ажойиб воқеадир. У унчалик маълум бўлмаган ерда, давоми...

1629 11:30 / 23.03.2022
Басра имоми Фарқад раҳматуллоҳи алайҳ айтади .Суфshyён Саврий оғир дардга чалинган пайтда ҳузурига бир неча киши кирди. Улардан бири ҳадис айтган эди, Суфён қўлини давоми...

1358 08:00 / 20.03.2020