1446 йил 20 жумадис сони | 2024 йил 22 декабрь, якшанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Мақолалар

Кисва — Каъба ёпинчиғи ҳақида нима биламиз?

21:00 / 17.02.2019 10331 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Муқаддас Каъба устига ёпиладиган ёпинчиқ – кисва (ёки каъбапўш) Байтуллоҳга кўрсатиладиган эътиборнинг алоҳида кўринишларидан саналади.

Каъбани  ёпинчиқ билан ўрашга сабаб бўлган воқеа

Қадимги манбаларга кўра, Каъбани илк бор кисва билан ёпган инсон Исмоил алайҳиссалом ҳисобланади. Бошқа манбаларда эса Ҳижрий йил ҳисоби бошланишидан 220 йил аввал Мадинани истило қилган Яман шоҳи Тубба ал-Хуморий Маккага келиб, Каъбани пальма шохларидан тўқилган бўйра билан ўраб чиқишга буйруқ берган. Яна бир бошқа манбада келтирилишича, Каъбани илк бор пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам нинг катта бобоси Аднан ўраган экан. Бу анъанага ҳукумат тепасига Ҳусайн ибн Хилабу келгунга қадар, бир неча аср амал қилинган. У қабила бошлиқларига ҳар йили Каъба ёпинчиғини янгилашга буйруқ берган. Қайси асрдан бошлаб Каъба матоли ёпинчиқ билан ўрай бошланганини ҳеч ким аниқ айта олмайди. Тахминларга кўра, Маккани эгаллаб олишга қарор қилган бир адолатсиз ҳукмдор Маккани матоли ёпинчиқ билан ўрашга буйруқ берган экан. Манбаларга ишонадиган бўлсак, ўша пайтдаги араб қабилаларининг баъзи бошлиқлари унга: “Агар Каъбани қўлга киритадиган бўлсанг, унинг ичидаги беҳисоб хазинага эга бўласан”, деб айтишган. Бунга ишонган у ҳукмдор Макка ва Мадинага ҳужум қилишга қарор қилади. Шунда одамлар Аллоҳга нола қилиб, бу ҳукмдорнинг бошига Абраҳа ал-Ашрамнинг кунини солишни сўраганлар. Сўнгра, у ҳукмдорнинг қўшинлари Макка яқинига келиб, уни ишғол қилишга шайланишганда, атрофни бирдан зулмат қоплаган, қўшинлар минган от ва туялар Макка тарафга юришни хоҳламай, ерга ётиб олганлар. Шунда ўша ҳукмдор бу бўлаётган ишларнинг сабабини билолмай, илмли одамларга мурожаат қилган.  Шунда олимлар: “Балки сиз Маккани босиб олиб, Каъбага зиён етказишни мақсад қилгандирсиз?” деб сўрашган. Ҳукмдор: “Ҳа, шунақа ниятим бор” деб жавоб берган. Шунда уламолар унга: “Агар сен шу ниятингдан воз кечсанг, Аллоҳ сени кечиради” деб маслаҳат беришган. У адолатсиз ҳукмдор Маккага боргандан сўнг қурбонлик қилиб, Каъбани чиройли ёпинчиқ билан ўрашга ваъда берган ва бу ваъдасининг устидан чиққан. Ўша пайтда Яман матолари жуда қадрланган. У ҳукмдор қимматбаҳо Яман матоларига буюртма бериб, ундан Каъба учун ёпинчиқ тайёрлашларига буйруқ берган. Шу воқеа сабаб, Каъбани ёпинчиқ билан ўраш анъана тусига кирган.

Ёпинчиқ сотилганми?

Ислом дини кириб келиши билан қурайшийлар Каъбани ўраш анъанасини янгиладилар. Қурайшийларнинг йўлбошчиси Абу Робия Каъбани ўз маблағлари ҳисобидан бир йил ўрашга қарор қилади, кейинги йили эса буни қурайшийларнинг бошқа вакили қилиши керак бўлади.

Каъбани ўраш нафақат эркаклар, балки аёлларнинг ҳам вазифаси бўлган. Ишончли манбаларда келтирилишича, Аббоснинг онаси Набил бинт Ҳубоб ҳам Каъбани ўраш жараёнида иштирок этган. Шунингдек, Ойша розияллоҳу анҳу онамиз Каъбани янги ёпинчиқ билан ўраш якунига етганидан сўнг, эски ёпинчиқни сотишга буюрган. Ойша розияллоҳу анҳу саҳобалар давридаги энг ақлли аёллардан бири эканини ва бошқа саҳобаларнинг ҳам розилигини ҳисобга олиб, Ойша розияллоҳу эски кисвани сотиш ва ундан тушган маблағларни Масжид ул-Ҳарамнинг эҳтиёжлари учун ишлатишга буйруқ берган. Унинг бу қарорини барча саҳобалар қўллаб-қувватлаганлар. Ойша розияллоҳу анҳуга қадар ҳеч ким кисвани сотиш таклифи билан чиқмаган. Шу воқеадан сўнг эски кисва сотилиши йўлга қўйилган ва уни сотишдан олинган маблағлар Масжид–ул–Харамнинг эҳтиёжлари учун сарфланадиган бўлган. Бироқ агар тарихга назар ташлайдиган бўлсак, халифа Умар ибн Абдулазиз даврида мусулмонлар ўзига тўқ бўлишган, давлат ғазнаси ҳам нисбатан бойиган. Давлат Масжид-ул-Ҳарамнинг барча харажатларини ўз зиммасига олган. Шундан кейин эски кисва одамларга муқаддас ҳадя сифатида бепул тарқатиладиган бўлган.

Ранги нега қора?

Каъба ёпинчиғи ранглари турли даврларда турлича бўлган. Аббосийлар халифаси Ан-Наср ҳукмронлиги даврида, Каъбани фақат сариқ иплар билан кашта солинган қора рангдаги ёпинчиқ билан ўраш керак бўлган. Қадимда Каъба ёпинчиғи асосан оқ рангли бўлган. Кейинроқ у қора кисва билан ўраладиган бўлган. Тарихда кисва турли рангда бўлган ҳолатлар ҳам учрайди. Ҳозир у фақат қора мато билан ўралади. Бу анъана аббосийлар ҳукмдорлари пайтидан урфга кирган, чунки аббосийларнинг байроғи қора рангда бўлган.

Ёпинчиқ ҳақида

Каъба ёпинчиғининг баландлиги 14 метрга етади. Унинг юқори қисмида эни 95 см, узунлиги 47 м. бўлган матода Қуръон оятлари ёзилган. Мато 16 қисмга ажратилган. Уларнинг ҳар бири турли исломий нақшлари билан безатилган. У матонинг қуйи қисми эса Қуръон оятлари билан тўлдирилган. Оятлар орасидаги бўш жойларга эса “Йа Ҳайй” (Эй тирик зот!), “Йа Қайюм” (Эй барча жойда мавжуд зот), “Йа Раҳим” (Эй Меҳрибон зот), “Йа Раҳмон” (Эй раҳмли зот), “Ал-ҳамдулиллаҳ ул-Раббийл Оламийн” (Бутун оламларнинг Эгаси Аллоҳга ҳамд-санолар бўлсин) калималари туширилган.

Тилла ва кумуш иплар билан Қуръон оятлари моҳирлик билан кашта қилиб туширилаётган бу мато билан Каъба тўлиқ ўралади. Шунингдек, Каъба эшиклари ёпинчиғи ҳам ипакнинг алоҳида навидан тўқилади. Унинг баландлиги 6,5 метрни, эни 3,5 метрни ташкил қилади. Ёпинчиқнинг бу қисмида Қуръон оятлари билан бир қаторда алоҳида исломий нақшларни кўриш мумкин. Барчаси тилла ва кумуш ипли кашта билан бажарилган.

Каъба ёпинчиғи беш асосий қисмдан иборат: тўртта деворга тўртта ёпинчиқ ва Каъба эшигининг ёпинчиғи.

Кисва дастлаб Замзам сувида ювилади, мушки анбарлар билан чайилади ва қуритилади. Каъбага ўралишидан аввал унга энг қимматбаҳо муаттар мушклар сепиб чиқилади. Ҳар йили Зулҳижжа ойининг 9-куни бомдод намозидан сўнг Каъба ўзининг янги либосига бурканади. Муқаддас Каъбага янги кисва қопланмагунча, эскиси олиб ташланмайди.

Маълумот учун

Макка шаҳрида Каъба ёпинчиғи – кисванинг кўргазмасини ташкил қилиш анъанага айланган. Унда кисвани тайёрлашда ишлатиладиган ускуналар, мато ва ипак маҳсулотлари намойиш этилади. Каъба ёпинчиғини тайёрлаш учун Саудия Арабистони ҳукумати 1927 йилда алоҳида устахона ташкил қилган. Устахонада 240 ҳунарманд ва техник мутахассислар меҳнат қилади. Ҳозирги кунга келиб кисва тайёрлашга 17 миллион саудия риёли (4,5 миллион доллар) сарфланади. Кисванинг олтин иплар билан нақшлар солиб тикиладиган матосининг ўзига 450 кг.дан зиёд ипак ишлатилади. Ҳар йили иккита кисва тайёрланади. Бири Каъбанинг устига ёпилса, иккинчиси, ҳар эҳтимолга қарши сақлаб қўйилади.

Кубро Буюк

Манба
Azon.uz
Мавзуга оид мақолалар
Бу ҳақда одоб китобларимизда жуда кўп тавсиямаслаҳатлар келган.Ҳамма ишларингизда тўғри бўлинг, одамларга муомалада хулқингиз чиройли бўлсин Кичикни ҳурмат давоми...

2908 19:20 / 27.10.2018
Суфён ибн Уяйнадан ривоят қилинади .Ибн Айёш Умар ибн Зарр ҳақида гапирса, ноўрин гапларни айтиб, уни ҳақорат қиларди. Бундан хабар топган Умар ибн Зарр бир куни давоми...

1372 08:09 / 30.01.2020
Абу Зарр розияллоҳу анҳунинг олдига бир одам келиб, .Мен илм ўрганишни хоҳлайман, лекин олган илмимга амал қилмай, уни зое қилиб қўйишдан қўрқаман,, деди. Абу Зарр давоми...

1900 07:00 / 22.06.2019
Бани Исроилда бир обид киши бор эди. Унинг жундан тўқилган жуббаси билан одамларга сув ташийдиган мешидан бошқа нарсаси йўқ эди. Ўлими яқинлашгач, у шогирдларига давоми...

3008 08:00 / 23.03.2019