1446 йил 21 жумадис сони | 2024 йил 23 декабрь, душанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Мақолалар

Намоз энг улуғ ибодатдир

12:40 / 19.04.2019 4266 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Ибодатларнинг энг асосийси, энг улуғи, энг аҳамиятлиси намоздир. Намоз арабчада «солат» дейилади, луғатда «яхшиликка дуо» деган маънони англатади. Шариатда эса талаб қилинган шартлар асосида такбир билан бошланиб, салом бериш билан тугайдиган ибодат «намоз» дейилади.

Намоз Исро кечасида Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳижратларидан (Ясриб, яъни Мадина шаҳрига кўчишларидан) бир ярим йил олдин фарз бўлган. Беш вақт (бомдод, пешин, аср, шом, хуфтон) намознинг фарзлиги Қуръон, суннат, ижмоъ билан собит (жорий) бўлган.

Намоз балоғатга етган ҳар бир мусулмонга фарз (мажбурий)дир. Намознинг фарзлигини инкор қилган киши кофир бўлади. Намоз – Ислом динининг иккинчи рукни, калимаи шаҳодатдан кейинги энг улуғ фарз саналади. Намозни масжидларда жамоат билан ўқишнинг алоҳида фазилати ва афзаллиги бор.

У мусулмон банда Аллоҳнинг сон-саноқсиз неъматларига шукр келтириши учун шариатга киритилган бўлиб, унинг диний, тарбиявий, шахсий, сиҳҳий, ижтимоий ва бошқа қатор фойдалари кўп. Аввало, намоз банданинг Аллоҳ билан боғланиш воситасидир. Намозда банда Аллоҳ билан ёлғиз қолиб, унга муножот қилади. Шу ибодат ёрдамида руҳий, маънавий лаззат олади. Намоз ўқиш билан банда ўзининг барча ишларини Аллоҳ таолога топширади. Шу намози ила ўзига омонлик, хотиржамлик ва нажот тилайди.

Иккинчидан, намоз ютуқ ва нажот йўлидир. Намоз хато ва гуноҳларни ювишнинг энг ишончли йўли бўлиб, у доимо ўз эгасига кўплаб шахсий фойдалар келтиради. Намоз инсонни Аллоҳга яқин қилади, унинг иродасини мустаҳкамлайди, бу дунё матоҳларидан ўзини юқори тутишга ўргатади ва ўз эгасига мислсиз нафсоний роҳат ва руҳий фароғат бахш этади.

Намоз ўқийдиган одам ғафлат уйқусидан уйғониб, ҳаётга теранроқ назар солишни ўрганади. У кишига интизомли бўлишни, ҳамма ишларни тартибли равишда йўлга қўйишни, вақтни тежаш ва тартибга солишни ўргатади. Намозхон одам ҳилм, хотиржамлик, шошилмаслик, виқорли бўлиш, сабр каби кўплаб шахсий ва юксак инсоний фазилатларга эга бўлади.

Намоз инсоннинг кундалик ҳаёти учун ҳар томонлама зарур амал экани илмий равишда ҳам исботланмоқда. Намоз ўзининг сон-саноқсиз фойдалари билан инсон ҳаётини ҳамма соҳаларда тартибга солиб турувчи восита экани тобора аён бўлмоқда. Ҳозирги кунда илмий йўл билан ҳаёт кечириш услубини излаган моддий тараққий этган юртлар аҳолисининг кўпчилиги намоз туфайли Исломга кирмоқда. Кишининг ҳар тарафлама поклигини, соғлигини таъминловчи, уни Аллоҳ билан, Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам билан, мўмин биродарлари билан доимий алоқада ушлаб турувчи намознинг аҳамиятини энди ким ҳам инкор қила олади?

Ислом динида намоздан муҳимроқ, ундан улуғроқ ва аҳамиятлироқ бошқа ибодат йўқ. Қуръони каримнинг жуда кўп ўринларида инсонлар намоз ўқишга тарғиб қилинган, намоз мусулмонликнинг асосий белгиларидан, Исломнинг муҳим рукнларидан экани зикр этилган. Қуръони каримнинг олтмиш беш оятида намоз киши иймонининг далили экани зикр этилиб, мўминлар намозни тўкис адо этишга, намозларини муҳофаза қилишга буюрилган. Қолаверса, намоз поклик рамзи. Намозхон одамнинг энг аввало, қалби пок бўлади. Унинг наинки қалби, бадани, кийим-боши ва макони ҳам пок бўлади. Намоз кишининг руҳий, маънавий ва жисмоний соғлиги учун ниҳоятда зарур нарса экани ҳозирда ҳеч кимга сир эмас.

Аллоҳ таоло шундай марҳамат этади:

«Улар ғайбга иймон келтирадиган, намозни тўкис адо этадиган ва Биз уларга ризқ қилиб берган нарсалардан нафақа қиладиганлардир» (Бақара сураси, 3-оят).

«Намозни тўкис адо қилинг, закотни беринг ва руку қилувчилар билан руку қилинг» (Бақара сураси, 43-оят).

«Сабр ва намоз ила ёрдам сўранг. Ва албатта, у чин дилдан қўрқувчилардан бошқаларга жуда катта ишдир» (Бақара сураси, 45-оят).

«Намозни қоим қилинг, закотни беринг. Ўзингиз учун нимаики яхшилик тақдим қилсангиз, уни Аллоҳнинг ҳузурида топасиз. Албатта, Аллоҳ қилаётган амалларингизни кўриб турувчидир» (Бақара сураси, 110-оят).

«Намозни тўкис адо этинглар. Албатта, намоз мўминларга вақтида фарз қилингандир» (Нисо сураси, 103-оят).

«Намозни қоим қилинг ва Аллоҳга тақво қилинг! У сизлар ҳузурига тўпланадиган Зотдир» (Анъом сураси, 72-оят).

Намоз мўминга нажот ва паноҳдир, дардига малҳамдир. Саҳиҳ ҳадисларда келтирилишича, қачон Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг бошларига бирор ташвишли иш тушса, кечада кучли шамол бўлса, қуёш ёки ой тутилса, бирор ҳодиса юз берса, бошпаналари масжид, ибодатлари намоз бўлиб қоларди.

Намоз руҳ озуқаси, қалб жароҳатининг шифоси, нафснинг жиловидир. Намоз қийналганларга ёрдам, хавфдагиларга омонлик, заифларга қувват, қуролсизларга қалқондир. Намоз иймоннинг аломати, қабрни пурнур этувчи зиё, охиратда дўзахдан паноҳ бўлувчи, бандани ёмонлик, гуноҳлардан қайтарувчи энг яхши даводир. Чунки дунё ҳаётида намоздан жиддийроқ, муҳимроқ бир иш, бирор вазифа йўқдир. Намоз Аллоҳга бандалик қилишнинг, Унга ишонишнинг эътирофидир. Аллоҳни севишнинг, Уни эҳтиром қилишнинг ифодасидир. Намоз кибр ва нафс чопонини отиб, қуллик либосини кийиш кайфиятидир. Мусулмонни ғайримуслимдан айирадиган энг катта аломатдир. Шунинг учун ҳар қандай ҳолатда ҳам унинг тарк этилишига изн берилмаган.

Абдуллоҳ ибн Умар розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинади: 

«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Ислом беш нарсага бино қилингандир: «Лаа илаҳа иллаллоҳу Муҳаммадур Расулуллоҳ», деб шаҳодат келтириш, намозни тўкис адо этиш, закот бериш, ҳаж қилиш ва Рамазон рўзасини тутиш», дедилар». 

Бухорий, Муслим, Термизий ва Насоий ривоят қилишган.

«Намоз мўминнинг меърожи» китобидан

Муаллиф
Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф
Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Шариатда .таварруқ савдоси, деган молиявий муомаланинг ҳукми ҳам баён қилинган. Бу каби савдони бизда .реализацияга мол олиш, дейишга одатланилган. Ушбу савдо икки давоми...

2201 13:30 / 27.10.2019
Ибн Аббос розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинади.Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам.Ким ўзи кўрмаган тушини .Кўрдим,, деб айтса, ундан иккита арпа донини бирбирига давоми...

2934 21:03 / 19.11.2018
Баъзи кишилар гуноҳни беркитишни риё деб ўйлайдилар. Аслида эса ундай эмас. Риё қилмайдиган содиқ банда ўзидан маъсият содир бўлганда уни беркитса, жоиз. Чунки давоми...

3039 11:00 / 20.12.2018
Рамазонда ифторлик ва саҳарлик дастурхонини таомлар билан безаш аёлу қизларимиз, опасингил ва келинларимизнинг юмушлари сирасига киради. Аслида бу ой кам таом давоми...

3232 12:00 / 25.05.2019