1446 йил 20 жумадис сони | 2024 йил 22 декабрь, якшанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Мақолалар

«Қуръон сабаб мусулмон бўлдим!»

21:30 / 27.12.2018 2922 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

1977 йил... Канадалик миссионер Торанто университети математика ва мантиқ устози доктор Ҳарри Миллер Қуръондаги тарихий ва илмий “хато”ларни масиҳийлар учун тақдим этишга қарор қилди. У шу мақсад асосида Қуръонни ўқий бошлади... Оятларга мантиқий ёндашар экан, қалб кўзи очилиб мусулмон бўлди. Бунга қадар у масиҳийликнинг кучли даъватчиларидан эди. Машҳур олим шайх Аҳмад Дийдот билан бўлган мунозарасида мусулмонлар унинг мантиқий ёндашуви ва нотиқлигини кўриб, шу инсон Исломни қабул қилса яхши бўларди, дейишган эди. Бу орзу ҳақиқатга айланиб, Ҳарри Миллер мусулмон бўлди. Қуръон уни том маънода ҳайратга солган эди. У “Лол қолдирувчи Қуръон” номли китоб ёзди.

Миллер насронийликка катта ғайрат ила даъват қилувчи миссионерлардан эди. У математика ва мантиқни ёқтирарди. Кунларнинг бирида у мусулмонларни насроний динига даъват қилишда фойдаланиш учун Қуръони каримдаги “хато”ларни топиш учун уни ўқий бошлади. У ўқимоқчи бўлган Китоб ўн тўрт асрдан бери ўқиб келинаётган, саҳродан туриб сўзлаётган Қуръони карим эди... Лекин, топган маълумотлари уни ҳайратга солди... Нафақат ҳайрат, балки унинг бу Китобдан топган нарсалари дунёдаги бошқа бирор китобда учрамаслигини кашф этди...

Уни ҳайратга солган Қуръондаги “Марям” сураси бўлиб, бу сурада Марям шундай улуғ шараф ила тилга олинган эдики, насронийларнинг бирорта китобида ва Инжилда бунинг мисолини топиб бўлмас эди! Бу ҳолат Миллерни чуқур ўйга солди. Нима учун Муҳаммад алайҳиссалом бирорта сурани аёлларидан бирининг исми ёки қизи Фотиманинг номи билан атамаган?! Шунингдек, Ийсо алайҳиссаломнинг исми Қуръони каримда йигирма беш марта зикр қилиниши, шу билан бирга Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламнинг исмлари эса фақат беш бора эсланиши докторнинг ҳайратини оширди...

У Қуръонга чуқурроқ назар сола бошлади. Шояд бирор нарса топса... Лекин улуғ ва ажойиб оят уни ҳушидан айираёзди. Бу “Нисо” сурасидаги 82-оят эди: “Қуръонни тадаббур этиб кўрмайдиларми?! Агар у Аллоҳдан бошқанинг ҳузуридан бўлганда, ундан кўп ихтилофлар топар эдилар”.

Доктор Миллер ушбу оят хусусида шундай дейди: “Ҳозирги вақтда илмий асос деб, хатонинг мавжудлигини ёки хатонинг чегарасини назариётда белгилаб, унинг тўғрисини исбот қилишга айтилади. Буни инглиз тилида Falsification test дейилади. Ажабланарлиси шундаки, Қуръони карим мусулмон ва мусулмон бўлмаганларни ўзидаги хатони топишга чақиради. Ваҳоланки, уни ҳаргиз топа олмайдилар... Дунёда бирорта муаллиф китоб ёзиб, сўнг: “Бу китоб хатодан холидир”, дейишга журъат қила оладими? Лекин Қуръон бунинг тамоман акси ўлароқ сенга ўзида хато йўқлигини, балки, ундан хато топишга ҳаракат қилсанг-да, хато топа олмаслигингни айтади!”

Доктор Миллернинг узоқ вақт фикр юритишига сабаб бўлган оятлардан яна бири “Анбиё” сурасидаги 30-оятдир: “Куфр келтирганлар осмонлару ер битишган бўлган эканини, бас, Биз уларни очганимизни ва сувдан ҳар бир тирик нарсани қилганимизни билмайдиларми? Иймон келтирмайдиларми?” Бу киши шундай дейди: “Бу оят 1973 йилда Нобел мукофотига сазовор бўлган илмий баҳснинг асосий мавзусини зикр қилмоқда. Бу мавзу “Катта портлаш” назариясидир. Унда: “Мавжуд борлиқ катта портлаш натижасида бўлиниб, ундан коинотдаги осмонлар ва юлдузлар вужудга келган”, дейилади. Тафсирдаги “битишган” калимаси араб тилида “ротқун” бўлиб, маъноси нарсанинг ўзаро бир-бирига ёпишиб туришидир. “Очганимизни” деган калиманинг араб тилидаги ифодаси “фатақна” бўлиб, бунинг асл маъноси парчаланиш, яъни портлашдир. Субҳаналлоҳ!”

Доктор Миллерни лол қолдирган ва эътиборини тортган  Абу Лаҳаб ҳақидаги ҳикоядир...

Доктор Миллер айтади:

“Абу Лаҳаб деган кимса Исломни ниҳоятда ёмон кўрарди. У Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламга эргашиб юрар, у зот қаерга борсалар, ортларидан бориб, у зот айтаётган сўзларнинг қадр‑қийматини туширишга ҳаракат қиларди. Қачон Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламни одамларга гапираётганларини кўрса, кутиб турар, у зот сўздан тўхтасалар, ўша жамоатга бориб: “Муҳаммад сизларга нима деди? Агар у сизларга оқ деган бўлса, ўша нарса қорадир. Агар кеча деган бўлса, у кундуздир” дер эди. Унинг мақсади Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳар қандай гапларига мухолиф бўлиш ва инсонларни бу хусусда шубҳага солиш эди.

Абу Лаҳабнинг вафотидан ўн йил олдин Қуръони каримда “Масад” номи билан сура нозил бўлди. Бу сурада Абу Лаҳабнинг тез кунда жаҳаннамга тушиши ҳақиқат эканлиги очиқ‑ойдин айтилди. Яъни бошқача қилиб айтганда, Абу Лаҳаб ҳаргиз Исломни қабул қилмаслиги эълон қилинди. Абу Лаҳаб ўн йил мобайнида одамлар олдига келар: “Муҳаммаднинг айтишича, мен ҳаргиз мусулмон бўла олмас эмишман ва тез кунда дўзахга кирармишман. Лекин мен ҳозир Исломга киришни хоҳлаётганимни эълон қиламан ва мусулмон бўламан! Нима дейсизлар, шундай қилсам, Муҳаммаднинг айтаётган гаплари тўғри бўладими ёки йўқми? Унга келаётган нарса ҳақиқатдан ҳам илоҳий ваҳийми?” деб бақирарди. Лекин Абу Лаҳаб айтганини тўлиқ қила олмади. Барча ишда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга мухолиф бўлса-да, бу борада у зотнинг башоратларини кофир ҳолда ўлиш билан исботлади.

Абу Лаҳабнинг Исломни бир лаҳзада вайрон қила олиши учун ўн йиллик фурсати бор эди! У ушбу фурсатни бой берди! Бой бериши аниқ ҳам эди‑да! Зеро бу хабарни бераётган Калом Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламнинг каломи эмас, балки ғайбни билувчи, Абу Лаҳабнинг мусулмон бўлмаслигини билувчи Зотнинг каломи эди!

Агар бу хабар Аллоҳ таолодан келган ваҳий бўлмаса, Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламга ашаддий душманлик қилган Абу Лаҳаб ўн йиллик фурсат ичида у зотга қарши ҳийла қила олмаслигини қаердан ҳам била олардилар!?”

Қуръони карим мусулмонларнинг яҳудий ва насоролар билан бўлган алоқаси борасида нима дейди? Қуръон яҳудийларнинг бошқаларга қараганда мусулмонларга адовати кучлироқ эканлигини айтади. Бу адоват бугунги кунимизгача давом этиб келмоқда. Мусулмонлар учун энг адоватли инсонлар яҳудийлардир...

Бу улуғ чақириқдир. Яҳудийларнинг ҳузурида Исломни осонлик билан парчалаб ташлаш фурсати ётибди. Улар мусулмонларга нисбатан бир неча йил гўзал муомалада бўлиб: “Мана, биз мусулмонлар билан гўзал муомалада бўлмоқдамиз. Ваҳоланки, Қуръон бизни мусулмонлар учун ашаддий душман деб эълон қилган. Демак, Қуръон шу мантиққа кўра хато экан-да?!” дейишлари мумкин эди. Лекин 1400 йил мобайнида бундай ҳолат бўлмади! Ҳаргиз бўлмайди ҳам! Чунки бу Калом инсоннинг сўзи эмас, балки ғайбларни билувчи Зот – Аллоҳ таолодан нозил бўлган Каломдир!

Ояти каримада яҳудийлар мусулмонларнинг душман эканлиги эслатилар экан, ақллар бу жасоратдан ибрат олмайдими!?

“Яҳудий ва ширк келтирганларнинг иймон келтирганларга нисбатан одамларнинг ашаддий адоватлиси эканини топасан. Улардан иймон келтирганларга дўстликка яқинроғи, “биз насоролармиз”, деганлар эканини топасан. Бу уларнинг ичида диний олимлар ва роҳиблар бўлганидан ва уларнинг такаббурлик қилмасликларидандир”. Уларни Пайғамбарга нозил қилинган нарсани тинглаганларида, ҳақни билганликларидан, кўзлари ёш тўкканини кўрасан. Улар: «Эй Роббимиз, биз иймон келтирдик, бас, бизни шоҳидлар қаторига ёзгин. Нима учун Аллоҳга ва бизга келган ҳаққа иймон келтирмас эканмиз ва Роббимиз бизни ҳам солиҳ қавмлар қаторига киритишини тамаъ қилмас эканмиз?!» дерлар (Моида сураси, 82, 83, 84-оятлар).

Умуман олганда, доктор Миллер ушбу ояти каримани ўз ҳаётига татбиқ қилди. У насронийларнинг чуқур илмли роҳибларидан эди. Ўзи ҳақни билгач, иймон келтирди ва Исломга кириб, унинг даъватчисига айланди... Аллоҳ таоло уни ана шундай буюк неъматга муваффақ қилди.

islom.uz портали таҳририяти

Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
.Сиз кимсиз Сиз чизиб берсангиз, домлалар ўшанга қараб юриши керакми Йўқ, домлалар чизиб беради, сиз ўшанга қараб юрасиз. Аҳли илмлар сиздан яхши билади нима давоми...

1947 11:05 / 25.10.2019
Аллоҳ таоло Қуръон каримнинг Нуҳ сурасида шундай марҳамат қилади.Роббингиздан мағфират сўранг, албатта, У кўплаб мағфират қилувчидир, дедим. Шунда устингизга давоми...

7482 13:30 / 01.03.2019
Ҳижрий тўқсон еттинчи йил. Зулҳижжа ойининг охирги ўн куни. Каъбатуллоҳ пойи пиёда, отуловда келган одамлар билан тўла. Улар орасида ёшу қари, эркагу аёл, оқу қора, давоми...

2476 12:49 / 04.05.2020
Назр ибн Зурора ишончли ровийдан ривоят қилади .Умар ибн Абдулазизнинг Солим деган бир қул дўсти бўлиб, у билан Аллоҳ учун дўст тутинган эдилар. Умар ибн Абдулазиз давоми...

2063 08:07 / 16.12.2019