1447 йил 20 шаъбон | 2026 йил 08 февраль, якшанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Мақолалар

Шаъбоннинг ўртасидаги рўза

17:00 / 25.03.2021 6417 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Али розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: 

«Шаъбоннинг ўртасидаги кеча келса, унинг тунини бедор ўтказинглар, кунининг рўзасини тутинглар. Чунки ўшанда Аллоҳ қуёш ботиши пайтида дунё осмонига тушади ва тонг отгунча:

«Қани, истиғфор айтувчи борми? Уни мағфират қилурман. Қани, ризқ сўровчи борми? Унга ризқ берурман. Қани, мубтало борми? Унга офият берурман. Фалончи қани? Пистончи қани?» дейди», дедилар».

Ибн Можа ривоят қилган.

Шарҳ: Ҳазрати Алидек улуғ саҳобий бунчалик аҳамиятли гапни ўзларидан чиқариб айтмайди. Албатта, бу ҳақда Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламдан бир нарса эшитганлар ва ўша эшитганларини ўз иборалари билан ифода этганлар.

Ушбу ривоятдан Шаъбон ойининг қоқ ярмининг кечаси ҳам, кундузи ҳам улуғ ва баракотли вақтлар эканлиги келиб чиқади.

Шу сабабдан ҳам ҳазрати Али розияллоҳу анҳунинг тавсияларига биноан, кундузни рўза, кечасини бедорликда, ибодат билан ўтказишга ҳаракат қилиш керак бўлади.

Оиша онамиз розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади: 

«Набий соллаллоҳу алайҳи васалламни кечалардан бирида йўқотиб қўйдим. Сўнг у кишини излаб, чиқдим. Қарасам, у зот Бақийъда бошларини кўтариб, осмон томонга қараб турган эканлар:

«Эй Оиша, Аллоҳ ва унинг Расули сенга зулм қилишидан хавф қилдингми?» дедилар.

«Сиз баъзи аёлларингизга боргансиз, деб гумон қилган эдим», дедим. 

«Албатта, Шаъбоннинг ярмидаги кечада Аллоҳ дунё осмонига тушади ва Калбнинг қўйлари жуни ададидан кўпроқни мағфират қилади», дедилар». 

Ибн Можа, Термизий ва Аҳмад ривоят қилганлар.

Шарҳ: Бақийъ – Мадинаи мунавварадаги машҳур қабристон. Мадинада вафот этган барча саҳобалар шу қабристонга дафн этилганлар. Зотан, Мадинаи мунавварада бошқа қабристон йўқ ҳам.

«Калб» – машҳур араб қабиласи бўлиб, Бани Калб қабиласи ўша вақтда энг қўйи кўп қабила бўлган. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам Шаъбон ойининг яримида Аллоҳ таоло жуда ҳам кўп гуноҳларни мағфират қилишини ифодалаб, ана шу қўйларнинг жуни ададидан ҳам кўпроқ, деб эсга олганлар.

Ўйлаб кўрадиган бўлсак, бир дона қўйнинг жун толаларини санаб, саноғига етиб бўлмайди. Араб қабилалари ичидаги энг кўп қўйли қабиланинг барча қўйларининг жун толаси қанча бўлишини тасаввур қилаверинг. Бу эса ўша кечанинг жуда ҳам фазийлатли эканлигига далолатдир.

Ушбу ҳадисдан олинадиган фойдалар:

1. Кечаси қабристонга кириш, осмонга қараб туриш мумкинлиги.

2. Оиша онамизда қизғаниш борлиги. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам бошқа хотинларининг олдига кетган бўлсалар керак, деб, ортларидан излаб чиқишлари шуни кўрсатади. Бу эса айб эмас, балки табиий бир ҳол. Балки меъёрида бўлса, аёл кишининг зийнати ҳам.

3. Пайғамбар алайҳиссаломнинг Оиша онамиз розияллоҳу анҳонинг руҳий ҳолатларини яхши тушунганликлари.

4. Шаъбон ойининг ярмидаги тун фазийлатли кеча эканлиги.

5. Мазкур кечада кўплаб гуноҳлар мағфират қилиниши.

6. Шаъбоннинг ярмидаги кечада бедор бўлиб, ибодат, истиғфор ва дуо билан машғул бўлиш кераклиги.

Абу Мусо розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: 

«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: 

«Албатта, Аллоҳ Шаъбоннинг ярмидаги кечада қараб, жамики махлуқотларини мағфират қилур. Магар мушрик ва хусуматчи бундан мустаснодир», дедилар». 

Ибн Можа ва Аҳмад ривоят қилганлар.

Ушбу ҳадисдан олинадиган фойдалар:

1. Шаъбоннинг ярмидаги кеча фазилатли эканлиги.

2. Мазкур кечада Аллоҳ махлуқотларига назар солиб, ҳаммаларининг гуноҳларини кечириши.

3. Мушриклик ва хусуматчилик ниҳоятда ёмон нарса эканлиги.

Демак, Шаъбон ойи яримлаганда ибодат қилиб, мазкур ваъда қилинган ажру савоб ҳамда мағфиратлардан баҳраманд бўлиб қолиш керак. Ана шундай фазилатли вақтда гуноҳнинг мағфират қилинишига монелик қилувчи мушриклик ва хусуматчиликдан узоқлашиш лозим.

«Ҳадис ва ҳаёт» китобидан

Муаллиф
Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф
Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Ушбу ва бу ерда айтилмаган яна бошқа омилларни эътиборга олган ҳолда фиқҳ илмини ўрганиш, ўтган буюк фақиҳларимиз қолдирган улкан илмий меросдан унумли давоми...

2160 15:07 / 22.06.2019
Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади .Бир одам Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларига келиб.Ҳалок бўлдим, эй Аллоҳнинг Расули, давоми...

2988 20:30 / 22.05.2019
Рус сайёҳатчиси Афанасий Никитин жуда ғаройиб инсон эди Тверь шаҳридан бўлган савдогар Афанасий Никитин 1466 йили Москвадан энг қисқа йўл билан Ҳиндистонга давоми...

4025 10:30 / 04.07.2019
Сўнгги вақтларда Интернет тармоқларида айрим нохушликларни ислом шиорларига боғлаш ndash .имом ундай бўлди,, .масжид бундай бўлди, дейиш ҳолатлари учраётгани ижобий давоми...

2152 11:06 / 23.05.2019
Аудиолар

228815 11:58 / 10.10.2018
«Ҳилол» журнали
Китоблар

147474 14:35 / 11.08.2021