1446 йил 20 жумадул аввал | 2024 йил 22 ноябрь, жума
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Савдо, тижорат

Биноларга нақш қилиш

05:00 / 17.02.2017 3274 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам:

«Одамлар миржалларга ўхшатиб бинолар қилмагунча қиёмат қойим бўлмайди», - дедилар». 

Иброҳим: яъни, жимжимадор кийимларга ўхшаш», деди.


Шарҳ: Имом Бухорий ҳадисдан сўнг ундаги тушиниш қийин бўлган «миржал» сўзининг ровийлардан бири Иброҳим айтган маъносини келтириб қўйган эканлар. Бунда ҳадисни ўрганувчи учун ёрдам бор. 


Бу ҳадисдан қиёматнинг аломатларидан бири, одамлар нақш солинган уйлар қилиб, шунга берилмагунча қиёмат қойим бўлмаслиги зикр қилинмоқда. Уйларни нақшинкор қилишга берилиб кетиш ҳам қиёматнинг аломатларидан бир аломат экан. Демак, бу соҳада кимўзарга мусобақа қилишдан сақланиш керак.

Муғийранинг котиби Варроддан ривоят қилинади:

 «Муовия Муғийрага «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан эшитганларинг ҳақида ёзиб юбор», деб хат жўнатди. Бас, у:

«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳар намознинг ортида «Лаа илааҳа иллаллоҳу, ваҳдаҳу лаа шарика лаҳу, лаҳул мулку ва лаҳул ҳамду ва ҳува ъала кулли шайъин қодийр. Аллоҳумма лаа мааниъа лимаа аътойта. Ва лаа мўътия лимаа манаъта. Ва лаа янфаъу зал жадди минкал жидду» дер эдилар», деб ёзди.

Яна: «У Зот соллаллоҳу алайҳи васаллам қийлу-қолдан, кўп саволдан ва молни зое қилишдан қайтарар эдилар. У зот оналарга оқ бўлишдан, қизларни тирик кўмишдан ва қайтарар эдилар», деб ёзди».

Шарҳ: Бу ҳадис ҳазрати Али розияллоҳу анҳунинг даврларида ҳам, кейин Муовиянинг вақтларида ҳам Куфага волий бўлган Муғийра ибн Шуъба розияллоҳу анҳунинг мирзалари Варрод розияллоҳу анҳудан ривоят қилинмоқда. 

Муғийра ибн Шуъба розияллоҳу анҳу катта ва илмли саҳобий бўлганлар, кўп нарсани билганлар. Шунинг учун ҳазрати Муовия ибн Абу Суфён розияллоҳу анҳу у кишига «Сен менга Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан эшитганларинг ҳақида бир мактуб ёзиб юбор» деган мазмунда хат юборган. 

Шунда Муғийра ибн Шуъба розияллоҳу анҳу у кишига қуйидаги мазмунда мактуб ёзган эканлар: «Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳар бир намознинг ортида «Лаа илааҳа иллаллоҳу, ваҳдаҳу лаа шарика лаҳу, лаҳул мулку ва лаҳул ҳамду ва ҳува ъала кулли шайъин қодийр» деб, «Аллоҳумма лаа мааниъа лимаа аътойт…»ни охиригача ўқир эдилар». 

Сўнг мактубнинг давомида: «У Зот соллаллоҳу алайҳи васаллам қийлу-қолдан, яъни беҳуда гап-сўздан, кўп савол беришдан, яъни фитна қўзғаш учун, ихтилоф чиқариш учун, нотўғри ғаразлар учун қитмирлик қилиб, бўлар-бўлмас бемаъни саволлар бераверишдан, молни зое қилишдан, кераксиз жойларга беҳуда сарфлаш, ҳаром-ҳаришга сарфлашдан, ота-онага оқ бўлишдан, қизларни тириклай кўмишдан қайтарар эдилар», деб ёзганлар. 

Бу ҳадиси шарифда Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам сиз билан биз умматларига таъкидлаб тавсия қилган ишларидан бир нечаси зикр қилинмоқда:

1. Ҳар намознинг ортидан «Лаа илааҳа иллаллоҳу, ваҳдаҳу лаа шарика лаҳу, лаҳул мулку ва лаҳул ҳамду ва ҳува ъала кулли шайъин қодийр. Аллоҳумма лаа мааниъа лимаа аътойта. Ва лаа мўътия лимаа манаъта. Ва лаа янфаъу зал жадди минкал жадду», деган зикрни айтиш.

2. Қийлу-қолдан – деди-деди-дан четда бўлиш. 

3. Кўп савол беришдан сақланиш. 

4. Молни зое қилишдан ҳазир бўлиш. 

5. Оналарга оқ бўлишдан эҳтиёт бўлиш. 

6. Қизларни тирик кўмишдан қайтиш. 


 Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам:

«Сизлардан бирортангизга амалингиз нажот бера олмайди», дедилар. 

«Сизга ҳамми, ё Аллоҳнинг Расули?» дейишди. 

«Менга ҳам. Магар Аллоҳ Субҳанаҳу ва Таоло мени Ўз раҳмати билан қамраб олсагина. Бас, ўртача бўлинг ва унга яқин бўлинг. Эрталаб, кун ўртасида ва кечадан бир қисмида юринг (ибодат қилинг). Ўртача, тежамкор -мўътадил бўлинг. Манзилга етарсиз», дедилар».

Шарҳ: Бу ҳадисни ушбу бобда келтиришдан мақсад тежамкорлик, молни беҳуда ҳою-ҳавасга сарф қилмаслик маъноларини таъкидлаб ўтишдир. 

Ушбу ҳадиси шарифда ақийда масаласига оид баъзи тушунчалар борлигидан уни бироз шарҳлашга тўғри келади.

«Сизлардан бирортангизга амалингиз нажот бера олмайди». 

Нажот сўзи ҳалокат хавфи бор нарсадан қутилиш маъносини англатади.

Бу жумланинг маъноси, жаннатга кириш бирор кишининг амали муқобилига бўлмайди, десак тўғри бўлади.

Чунки, агар амал риёкорлик, хўжакўрсин ва манманликдан холий бўлган ҳамда шариатнинг барча кўрсатмаларига мувофиқ бажарилган чоғида ҳам Аллоҳ таолонинг неъматларидан биргина неъматнинг шукрига тенг кела олмайди. Балки, банданинг барча амалларини олганда ҳам Аллоҳ таолонинг биргина неъматига тенг кела олмайди. 

Бас, шундай бўлгандан кейин, банданинг амалининг ўзигина қандай қилиб унинг жаннатга киришига сабаб бўла олади?!

Яъни, банда жаннатга фақат амали сабабидан кирмайди. Балки, Аллоҳ таолонинг фазли ила киради. Амални қилишга ҳам банда Аллоҳ таолонинг фазли ила муяссар бўлади. Амалнинг қабул бўлиши ҳам Аллоҳ таолонинг фазли билан бўлади.

Имом Нававий: «Оятларнинг юзаки маъносига қаралса жаннатга киришга амаллар сабаб бўлади. Ҳа! Амалга йўллаш, уларни ихлос ила адо қилишга ҳидоят қилиш ва амалларни қабул қилиш ҳамма-ҳаммаси Аллоҳ таолонинг фазли ва раҳмати ила бўлади», деган.

Яхши амалнинг нажотга сабаб бўлиши, худди таомнинг тўйишга ва ичимликнинг сероб бўлишга сабаб бўлишига ўхшайди. Мўмин киши Аллоҳ таоло хоҳламаса, таом уни тўйғиза олмаслигини билиб туриб озиқ-овқатни тановул қилади. Шунингдек, сув ичаётганда, Аллоҳ таолонинг иродаси бўлмаса, сув уни сероб қила олмаслигига эътиқод қилади. Шунга ўхшаш Аллоҳ таолонинг ёлғиз ўзи ризқ берувчи эканига иймон келтиради ва шу билан бирга ризқ талабида ҳаракат қилади.

Бас, яхши амалнинг тасирига бўлган эътиқод солиҳ мўминни мўътадиллик ила амал қилишга ундайди. У суннатда собит бўлган амални қилади. Аллоҳ таолога доимо муҳтожлигини билдириб туради. Амалигагина суяниб қолмайди.

Саҳобаларда Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ажрлари кўплиги ва амаллари тўғрилиги ҳақида тушунча борлигидан. У зотга қуйидаги саволни бериб: 

«Сизга ҳамми, ё Аллоҳнинг Расули?» дейишди. 

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам қоида ҳаммага баробар эканини баён қилдилар.

«Менга ҳам. Магар Аллоҳ Субҳанаҳу ва Таоло мени Ўз раҳмати билан қамраб олсагина», дедилар.

Бу гапдан амалнинг ёлбиз ўзи нажотни вожиб қилмаслиги аён бўлганидан, уни Аллоҳ таоло нажотга сабаб қилиши, Аллоҳнинг фазлига васийла бўлишини билдириш учун яна амалга чорланди. 

«Бас, ўртача бўлинг ва унга яқин бўлинг. Эрталаб, кун ўртасида ва кечадан бир қисмида юринг (ибодат қилинг). Ўртача, мўътадил бўлинг. Манзилга етарсиз», дедилар».

Демак, Аллоҳ таолонинг Ўзи кўрсатган чегарадан чиқиб ҳам кетмаслик ёки ўша чагарага етмай ҳам қолмаслик лозим. Ана шунда кўзланган мақсадга саломат етилади ва нажотга эришилади.


Муаллиф
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Ибн Аббос розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади .Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам .Ажр оладиган нарсангизнинг энг ҳақлиси Аллоҳ таолонинг китобидир,, дедилар,. давоми...

4612 05:00 / 17.02.2017
.Қарз, луғатда қирқиш маъносини билдиради. Чунки, қарз берувчи ўз молидан маълум бўлакни қирқиб қарзга беради.Шариатда эса бошқа кишига бир нарсани унинг бадалини давоми...

2792 05:00 / 17.02.2017
Дунёда ҳеч ким, ҳеч бир таълимот молдунёнинг айнан ўзини ёмонламаган, одамларни молдунёдан қайтармаган. Фақат инсоннинг молдунёга бўлган муносабатидаги иллатлар давоми...

3202 05:00 / 17.02.2017
.Васият, луғатда етказиш маъносини англатади. Чунки, у ила васият қилгувчи бу дунёдаги яхшилигини охиратига ҳам етказади. .Васият, шариат бўйича, ўлимдан кейин давоми...

5014 05:00 / 17.02.2017
Аудиолар

135078 11:58 / 10.10.2018
«Ҳилол» журнали
Китоблар

55356 14:35 / 11.08.2021