1446 йил 21 жумадис сони | 2024 йил 23 декабрь, душанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Савдо, тижорат

Телевизион ва телефон мусобақалари

05:00 / 17.02.2017 3539 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Бугунги кунимизда телефон ва телевизион мусобақалар тўфон каби кўпайди. Бу янги кийим кийиб олган лотореядир. Ушбу мусобақага қатнашмоқчи бўлган киши студия билан боғланиш учун алоҳида телефон картасини сотиб олади.

Мусобақани ташкил қилганлар билан телефон компаниялари тушган маблағни бўлишиб олишади. Баъзида телефон картаси бўлмай, муайян рақамга боғланиш орқали маблағ тўпаниши ҳам мумкин. Иштирок қилмоқчи бўлганлар боғланиш учун катта қийинчиликка учрайди. Қайта-қайта маълум рақамга қўнғироқ қилишади. Ҳар қандай иштирокчи ҳам боғлана олмайди. Боғланганлар ҳам маълум муддат кутиб туришга мажбур бўлади. Агар бошқа одам тўғри жавобни айтиб қўйса, боғланганлар ҳам иштирокчи бўла олмайди.  Лекин ким боғланган бўлса, ўз ҳисобидан маълум маблағни ютқазади. Ўша маблағлардан тўпланган фойдани телефон компаниялари мусобақа ташкилотчилари билан бўлишиб олишади. 


Иштирокчиларнинг танланмаслиги:

Бу каби мусобақаларда бутун дунёдан барча инсонлар, олий шаҳодати борлар, дорулфунунда, ўрта махсус ёки бошланғич таълим муассасаларида таҳсил олувчилар, табиблар, муҳандислар, ўқитувчилар, давлат ходимлари, тижоратчилар, меҳнаткашлар ва бошқа ҳар қандай эркак аёл иштирок этиши мумкин. Уларнинг дунё қарашлари ҳам турли хил бўлиши мумкин. Баъзида моддапарастлар бўлса, баъзида диндорлар мусобақа иштирокчиси бўлади. Баъзан ўта билимдон одам қатнашса, баъзида ўқиш-ёзишни билмайдиган оми иштирок этади. 

Мусобақада иштирок этувчиларнинг барчаси телефон боғланишлари орқали тўпланадиган асосий сарф харажатларнинг қурбонларидир. Шубҳасиз фазовий каналларнинг пайдо бўлиши ва боғланиш воситаларининг кўпайиши, бу каби мусобақаларни ортишига ва ташкилотчиларининг кўп фойда топиши учун катта эшикларни очиб юборди. Боғланувчиларнинг сони кўпайган сари, боғланиш нархи ортиб, фойда кўрувчиларнинг сони камайиб боради. Мусобақадан тушадиган маблағ эса, кўпайиб кетади. 

Мусобақа сарф харажатлари ва ундан тушадиган фойдалар:
Фойдалар:

Телефон сўзлашувидан тушадиган маблағлар, мусобақа давомида рекламалардан тушадиган ёки мусобақа мобайнида нархлари оширилган реклама фойдалари кабилар.

Харажатлар:

Мусобақа сенарийсини ёзган ва ташкил қилган асосий ташкилотнинг ҳиссаси, савол тайёрлаш учун кетадиган сарф харажатлар, мусобақа ишчиларининг ойликлари, студия ижара ҳақи, мусобақа асносида қарсак чалиб турадиганлар учун қилинадиган харажатлар, иштирокчи ёрдам сўраганда унга бериладиган нарсалар, унинг ва у билан келадиган кишиларнинг сафар харажатлари, бир ёки икки кечалик меҳмонхона харажатлари, мукофотлар учун сарфланадиган маблағлар, кўрсатувни олиб борувчи, унинг ёрдамчилари, техник ходимлар ва идора ходимларининг ҳиссалари, техник жиҳозларнинг харажатлари, иштирокчи дўстига қўнғироқ қилмоқчи бўлса, (кўпинча бунда чет мамлакатга қўнғироқ қилинади) уни улаб бериш учун кетадиган харажат ва ҳоказолар. 

Ютувчи ва ютқазувчи:

Мусобақани ташкил қилувчи томон доим ютади. Чунки, улар йиғилаётган маблағ ва сарф харажатларга ўз ҳукмини ўтказа олади. Бунга фазовий телеканаллар тарқалиши натижасида боғланувчилар сонининг ортиб кетиши ёрдам беради. Яна мусобақага қатнашмоқчи бўлганлар ичидан ниҳоятда оз сонли иштирокчилар ҳам ютиши мумкин. Бу денгиздан томчи мисолида бўлади. Ушбу оз сонли фойда топувчилар минг риёлдан юз минг риёлгача, баъзи нодир ҳолатларда бундан ҳам кўпроқ ютиши мумкин. 

Ютқазувчилар телефонда қийинчилик билан боғланиб мусобақада иштирок этолмаган  катта ададдаги кишилар. Бу ерда иккита қуръа мавжуддир. Биринчи қуръа студияга келиб ойнаижаҳон экранида кўринишдан олдин бўлади. Иккинчи қуръа эса, студияга келгандан сўнг бўлади. Ташкилотчиларда хоҳлаган иштирокчини танлаб олиш   имконияти бор бўлиб, агар берилган саволга бир киши, тезлик билан жавоб бериб қўйса қолган ҳамма ютқазади. 

Мусобақани чиройли қилиб кўрсатиш:

Йиғилган маблағни хайрия ишларига аташ. Мулоҳаза қилинадики, мусобақага кўпинча обрўли одамларни меҳмон қилиб чақирилади. Улар очиқ суратда ёки ишора билан ютган фойдасини хайрия ишлари учун сарфлашни айтади. Баъзан кўпчилик олдида айнан қайси жиҳатга сарфлашини кўрсатса, баъзида кўрсатмайди. Кўпинча юз минг ёки икки юз эллик минг каби маблағга етишиш учун ҳаракат қилади. Буни томоша қилиб турган одамлар обрўли кишиларнинг мусобақадаги иштирокларини оқлай бошлашади. Чунки, улар инсонпарварлик ишини қилаётган бўлиб кўринади.

Хайрия ишлари учун бундай кечаларни ўтказиш фикри қадимда ҳам мавжуд бўлган. Жоҳилият кишилари бир эркак ёки урғочи туяни насияга сотиб олишиб, махсус қассобга уни ўн бўлакка бўлиб беришни талаб қилишган. Сўнгра мажлис қуришиб қимор ўйнашни йўлга қўйишган. Бу ерга ўйинчилар, бой ва камбағаллар ҳам тўпланишган. Хусусан, бу каби мажлислар қишнинг совуқ кунларида, камбағалларнинг қийналган пайтларида ташкил этилган. Қадимда бундай мажлисларга фақир фуқаролар ташриф буюрган. Лекин бугунги кундаги хайрия мусобақаларида улар кўринмайди. Аталган маблағнинг уларга етиб борган ёки бормаганлиги ҳам маълум эмас. 



Ютуқ:

Мусобақада ҳамма нарсани ютуқ ҳал қилади. 

Сиз телефонда боғланганингиздан кейин ўйинда иштирок этасизми ёки йўқми? 

Биринчи қуръадан ўтгач, иккинчи қуръада сизнинг иштирок этиш имкониятингиз борми ёки йўқми?

Бериладиган саволлар сизнинг соҳангизга тегишлими ёки йўқми?

Бошловчи сизга ёрдам бериши мумкинми ёки йўқми?

Дўстингиз сизга ёрдам беришга қодирми ёки йўқми?

Дўстингиз холис турадими ёки йўқми?

Томашабинлар сизга ёрдам беришга қодирми ёки йўқми?

Сизга ёрдам бермоқчи бўлганлар тўғри йўлни кўрсатадими ёки адаштирадими?

Мусобақа асносида ҳаяжонланиб кетишингиз мумкинми ёки йўқми?

Сиз фақат оддий мусобақа иштирокчиси бўласизми ёки ютуқли иштирокчи бўласизми, миллионга эришасизми, ярим миллионга эришасизми ёки юз минг ютасизми? Буларнинг барчаси номаълумдир.



Хулоса:

Бу каби мусобақаларда маҳоратдан кўра ютуқ асосий аҳамиятни касб этади. Баъзан оддий одам ютиб, илмли одам ютқазиб қўяди. Чунки, саволлар доираси ниҳоятда кенг. Иштирокчилар ҳам сон-саноқсиз. Булар маълум мутахасислик бўйича ўтказиладиган мусобақалар эмас. Буларда маълум бир илмий йўналиш ҳам йўқ. Бу каби мусобақаларнинг асосий мақсади катта ададдаги кишиларни жалб қилиш ва имкон қадар катта фойдани қўлга киритишдир. 



Яхши ва ёмон томонлари:
Яхши томонлари:

Мусобақа ташкилотчиларининг телефон алоқалари орқали ва рекламалардан оладиган катта миқдордаги фойдалари. Хусусан, бу мусобақалар фазовий каналлар орқали бутун дунёга тарқаса фойданинг ҳам ҳажми ниҳоятда катталашиб кетади;

Оз миқдордаги ютган одамларнинг қўлга киритадиган маблағлари; 

Телетомошабинларни эътиборини жалб қилиш, уларни вақтларини қизиқарли ўтказиш, бор имкониятни ишга солиб мусобақани томоша қилишга ундаш ва шу орқали тижорий рекламаларни эълон қилиш;

Ёмон томонлари:

Ютқазганлар кўпчилик бўлиб, ютганларнинг оз бўлиши. Ютқазганлар мусобақада иштирок этиш учун телефон орқали боғланишда қийналишади ва асосий маблағ шулар эвазига тўланади;

Кишилар ишлаб чиқариш йўлидаги машаққатни ва ҳаракатни тарк қилиб ютуқ ҳисобидан кун кўришга одатланиб қолади. Деҳқончилик, саноат, тижорат ва хизматлар тарк қилинади. Мусобақа ишлаб чиқариш омили эмас. Унда кишиларнинг вақти, жидди-жаҳдлар ва молу-мулклари зое бўлади. Мусобақада инсонларнинг ҳузурланиб тасалли топишлари беҳуда нарсадир;

Мусобақаларда бериладиган ютуқлар уламолар учун бериладиган мукофотлардан кўп бўлади. Мисол учун оддий бир мусобақадаги ютуқ бир миллион риёл бўлиши мумкин. Бутун дунё уламолари учун Малик Файсал томонидан ташкил қилинган мукофот етти юз эллик минг бўлиб, уни ҳам кўпинча икки ёки ундан ортиқ кишилар бўлишиб олишади;

Маданият ва ривожланиш илмий мутахасисларни мукофотлар билан рағбатлантириш орқали вужудга келади. Аммо мусобақалар олди-қочди нарсаларга суянган бўлади. Улар на семиртирмайди ва на очни тўйдирмайди. Инсонлар нисбатан ҳеч нарсага арзимайдиган ишлар билан машғал бўлиб фойдали ихтисосликларни тарк қилишади;

Мусобақаларда молни тарқатиш тўғри йўлга қўйилмайди. Чунки, буларда мукофотни тақсимлаш ишлаб чиқариш ёки эҳтиёжга кўра эмас, балки ютуққа кўра бўлади;

Даромад ва бойликни тақсимлашда ёмонлик янада ортади. Фақирларнинг ҳисобидан бойлар кун кўра бошлайди. 

Мусобақаларда хоҳлаган киши рухсат топа олмайди, балки бу имконият асосан имтиёз эгаларида бўлади;

Хуллас, фараз қилиб кўрайлик. Мусобақа ташкилотчилари кишилардан ўн миллион йиғиб олиб ундан тўққиз миллионини ўзига олса ва бир миллионини ютуқ эгасига топширса, кишиларнинг молини бундай маккор ўйинлар орқали йиғиб олишга кимнинг ҳаққи бор? Ҳар бир иштирокчи ўзига савол бериб кўрсин. Мусобақа ташкилотчилари асосий маблағни ўзларига олса, оз миқдордаги маблағларни эса тахминий ютуқ эгасига берса. Мен ёки ҳар бир мусобақа иштирокчиси ўз молини шундай хиёнатга сарфлашлиги тўғрими?



Ахлоқий томонлари:

Диний маданиятнинг орқага кетиши билан бирга сотсиалиситик тузум ҳам ўзини оқламагач капиталистик тузум ривожланиб кетди ва ўзининг асл қабиҳ башарасини кўрсатди. Бугунги кунда ҳеч ким уларга тенг кела олмайди. Капиталистик тузум дин ва ахлоқни илм, одоб, фан, ва санъатдан ажратиш асосига суянади. Тузумнинг дин ва ахлоқ борасидаги ўзини тутиши ёки бетарафлик ва ёки фасод ҳамда алдамчиликни диёнатга қарши шижоатлантиришдир. Инсонлар капиталистик тузум қонунлари ва тақлидларига кўра озоддирлар. Бу тузумда мулоҳаза қилиб қаралса, диний ва ахлоқий нормалар доим қаршиликка учрайди. Бунинг акси бўлган разиллик, нонкўрлик ва қабиҳлик каби ишлар, мафия томонидан ҳам ва босим ўтказишга иқтидори бор ташкилотлар томонидан ҳам қўллаб қувватланади. Уларни мукофотлар билан тақдирлаб янада жонлантириш ҳаракатида бўлинади. 

Шунинг учун, капиталистик тузумни айбланганда, бутун дунёни кенг қиморхонага айлантириб қўйди, дейилади. Капиталистик тузум казенолар ва каборийлар тузумидир. Лекин бу тузум шуларнинг ўзи билан чегараланмай, балки барча манзил маконларни ўз фойдаси йўлида, ўзи хоҳлаган оламга айлантирмоқчи бўлган тузумдир. Бунда касб қилиб пул топиш учун умуман тўсиқ йўқ. Рибо, қимор, алдамчилик, фаҳш ва бошқа ҳар қандай йўллар билан бўлса ҳам бойлик ортириш  ва атрофига бойларни тўплаш асос қилиб олинган. Кишилар бузғунчилик йўлида нимани талаб қилсалар хурсандчилик билан, ҳуррият давосида уни амалга ошириб берадилар. Капитализм ахлоқсиз маданият ёки ахлоққа зид бўлган маданиятдир. 

Агар сиз капиталистик тузумда оз миқдордаги ахлоқни кўриб турган бўлсангиз, бу чиройли кўрсатиш ҳаром йўл билан ёки қора бозордан топилган бойликни оқлаш, кўпчилик олдидаги қадимги халқ оғзаки ижодини кўрсатиш каби кўзбўямачиликдан бошқа нарса эмасдир. Бу ерда бутун дунёни бузиб бўлса ҳам, бойлигини ортириш, салтанати кенгайтириш иштаҳасида бўлган мафиялар ҳам мавжуд. Бугунги кунда ахлоқ масхараланиб, устидан куладиган нарсага айланиб қолди. Унга парда ва тўсиқ маъносида қаралади. Бузғунчилик эса, фахр ва мукофотга лойиқ иш сифатида баҳоланади. Капиталистик тузумни ёқловчилар наздида ахлоқ инсонни касб қилиш ва кашфиётлардан тўсади. Бузғунчилик эса, бу нарсаларга мутлақ йўлни очадиган омилдир. Гарчи ахлоқий ҳазорада муомалалардаги асл қоида мубоҳлик бўлсада, бугунги кун маданиятига кўра муомалалардаги асл қоида ҳаром ёки мубоҳлиги исбот бўлгунга қадар тўхтаб туриш десак шояд тўғри бўлар. 

Ушбу мусобақалардан олинган ютуқ ёки мукофотларни хайрия ишлари учун сарфлаш жоизми?

Агар мусобақалар ва шунга ўхшаш амалиётлар ютуқ, енгил-елпилик ва қимор асосида бўлса, иштирокчилар телефон сўзлашувлари орқали маблағларини сарфлаган, ютиш ва ютмаслиги ҳам ноаниқ, бу ерда маҳорат рол ўйнамайди. Асосан ҳамма нарсани ютуқнинг тасодиф чиқиши ҳал қилади. Иштирокчиларнинг асосий қисми ютқазади. Энди шундай бўлгандан кейин тасодифан бир кишига ютуқ чиқса, у ушбу ютуқ пулини фақирларга эҳсон қилишлиги ёки фақир шундай ютуқни қабул қилиши жоизми?

Баъзан шундай дейилади: Фақир ўз эҳтиёжини қондириш фурсатини қўлдан чиқармагани маъқул. Ахир у қимор ўйнамаган бўлса. Нима учун уни бу имкониятдан маҳрум қилишимиз керак?! Хусусан, ҳаром мол уни топган кишидан муҳтожнинг зиммасига ўтса унинг ҳаромлиги ўтмайди деган сўзни айтганлар борку! Бу ҳаром молни тозалашга ўхшайди. Агар бир ишчи бойнинг қўлида ишласа, у бойнинг топиши ҳаром бўлса, биз ишчига иш ҳаққингни олмагин, бу бойнинг ишини қилмагин деб айтамизми?

Бошқа баъзилар эса шундай дейишади: Бу зино қилиб, пулини садақа қилди деган сўзга ўхшайди. Пулга зино қилувчи зинодан топган маблағини баъзисини ёки ҳаммасини садақа қилса жоиз бўладими? Бунга жавоб шуки, жоиз бўлмайди. Чунки, зино ҳаром ишдир. Ҳаром ишдан топилган пул ҳам ҳаром ҳисобланади. Муҳтож киши ҳам ўз ҳожати учун ҳаром пулни олмасдан иффатини сақлагани маъқул. “Аллоҳ таоло покдир”, фақат покни қабул қилади. 

Садақа қилиш баҳонаси зинога йўл очмайди. Лекин зино қилган киши топган маблағини бериб юбориши  ҳаром молдан қутилиш маъносида бўлади. Унинг қилган садақасида ҳеч қандай савоб бўлмайди. 

Шоир шундай деган эди:


Аллоҳ учун ҳаром пулдан масжид қурмоқнинг,

Ҳамдлар бўлсин барча билди тўғримаслигин.

Зино қилиб, очларга таом бергандан,

Яхшироқдир очдан хориб, ўлиб кетганинг.



Муаллиф
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Шу ўринда рибо ҳақида батафсилроқ тўхталиб ўтсак. .Рибо, луғатда .зиёда, деган маънони англатади. Шариатда эса қарз берувчи қарздордан маълум вақт муқобилига асл давоми...

66320 05:00 / 07.03.2017
Билинг, ҳалолни талаб этиш ҳар бир мусулмонга фарз. Аксари жоҳиллар ҳалол йўқ, деб даъво этадилар. Улар ҳалолдан фақат Фрот дарёсининг суви ва ўтўланлар қолди, давоми...

6018 05:00 / 17.02.2017
Топиб олинган нарса, агар уни топиб олган одам эгасига қайтариб бериш учун олганига гувоҳ келтирган бўлса, омонатдир.Исҳоқ ибн Роҳавайҳ ўзининг .Муснад, номли давоми...

9212 05:00 / 17.02.2017
ШУФЪА.Шуфъа, луғатда, қўшиш маъносини англатади. Шариатда эса эски шерикка шериклик нарсани сотиб олиш имтиёзи мажбуран берилишини, англатади. Яхшироқ тушуниб давоми...

4244 05:00 / 17.02.2017