1446 йил 20 жумадис сони | 2024 йил 22 декабрь, якшанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Савдо, тижорат

Қўл остидагиларга яхшилик қилиш

05:00 / 17.02.2017 3611 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Қўл остидагилар деганда хизматчи, мардикор ва шунга ўхшаган кишига қарам бўлган шахслар кўзда тутилади.

Убода ибн Валид ибн Убода ибн Сомит розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Мен ва отам илм талаб қилиш учун ансорларнинг ушбу маҳалласига улар ҳалок бўлишидан олдин бордик. Биринчи учратган одамимиз Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг саҳобалари Абу Ясор бўлди. У билан бирга унинг ғуломи бор эди. Ўша ғуломда бир тўп ёзилган варақлар бор эди. Абу Ясорнинг устида бир чопон ва маъофири  бор эди. Ғуломнинг устида ҳам бир чопон ва маъофирий бор эди. Бас, мен унга:

«Эй амаки! Агар сен ғуломингнинг чопонини олиб, унга маъофирийингни берсанг ва унинг маъофирийини олиб, унга чопонингни берсанг, сенга ҳам сарпо, унга ҳам сарпо бўлар эди», дедим.

У менинг бошимни силаб туриб:

«Эй Аллоҳим! Буни баракали қилгин! Эй биродаримнинг ўғли! Менинг ушбу икки кўзларим кўрди, ушбу икки қулоғим эшитди ва ушбу қалбим англадики, деб қалбига ишора қилди, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам:

«Уларни ўзларингиз ейдиган нарсадан таомлантиринг ва уларга ўзингиз кийган нарсадан кийгазинг», дедилар.

Менинг унга бу дунёнинг матоҳидан бермоғим, мен учун қиёмат куни унинг менинг савобимдан олмоғидан кўра енгилроқдир», деди».

Муслим ривоят қилган.

Шарҳ: Маъофирий дегани Ямандаги Маъофир номли ерда тикилган кийим. Абу Ясор розияллоҳу анҳу ва у кишининг қуллари бир хил кийим кийиб олган эканлар. Арабларда иккита кийимнинг бир-бирига қўшилишидан бош-оёқ сарпо ташкил бўлади. Абу Ясор розияллоҳу анҳу ва у кишининг қуллари эса икки хил сарпони яримтадан қилиб кийиб олишган экан.

Убода розияллоҳу анҳу ўзларича, агар булар биттадан кийимини алмаштириб олсалар, иккилари ҳам бош-оёқ сарпо кийган бўлар эди. Бу иккиси учун ҳам обрў бўларди, деган фикрни қилганлар. Аммо Абу Ясор розияллоҳу анҳу бу ишни кийиниш маданиятини тушунмаганлари сабабли эмас, Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг қулларга яхши муомалада бўлиш ҳақидаги ҳадиси шарифларига амал қилганлари туфайли қилган эканлар.

Ҳа, Ислом мусулмон кишини ўз қулидан ўзини устун қўймасликка, у билан бир хил кийим кийиб, бир хил таом тановул қилишга амр қилган.

Демак, хожа қулига ўзи еган таомидан едирмаса, ўз кийган кийимдан кийдирмаса, қиёмат кунида хожанинг савобидан қулга олиб берилар экан. Бунга иймон келтирган мўмин-мусулмон, албатта, бундай қилмайди.

Кейинги авлод вакили бўлган ровий бунинг ҳаётдаги намунасини саҳобаи киромнинг аввалги авлодида кўриб, ибрат олганлигини ушбу ҳадисдан билиб олдик. Қулга, ходимга шу қадар муносабатда бўлинар экан.

Демак вақтинча ёрдам бериб юрган, ишга ёлланган, мардикорлик қилаётганларга нисбатан ҳам ёмон муносабатда, ёмон муомалада бўлмаслик кераклиги ўз-ўзидан кўриниб турибди.

Бугунги кунда мардикорларни ишлатиб, пулини бермаслик, ҳатто уларнинг пулини зўрлик қилиб тортиб олиш ҳоллари содир бўлаётир. Бу Исломда бир минг тўрт юз йил муқаддам қатъий ман қилиб қўйилган экан.

Ушбу ҳадисдан олинадиган фойдалар:

1.    Оила аъзолари биргаликда илм талаб қилишлари.

2.    Илмли кишиларнинг ҳаётлик пайтларида улардаги илмни олиб қолиш учун ҳаракат қилиш кераклиги.

3.    Ёшлар баъзи мулоҳазаларини катталарга айтишлари мумкинлиги.

4.    Катта кишиларнинг ёшларга меҳрибон бўлишлари кераклиги. Абу Ясор розияллоҳу анҳу ровийнинг бошини бекорга силамадилар.

Катталар ёшларнинг ҳақига дуо қилишлари. Ходимларга яхши муомалада бўлишни тавсия қилиб туриш кераклиги.

6.    Хўжайин ўзи еган нарсадан ходимига ҳам егизиши кераклиги.

7.    Хўжайин ўзи кийган нарсадан ходимига ҳам кийгизиши кераклиги.

8.    Хўжайин ходимининг ҳаққини поймол қилса, қиёматда унинг савоби ходимга олиб берилиши.


Абу Масъуд розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Бир ғуломимни ураётган эдим. Ортимдан «Эй Абу Масъуд, билгинки, албатта, Аллоҳ сенинг устингдан сен бу ғуломнинг устидан бўлганингдан кўра қодирдир», деган овоз эшитдим. Қарасам, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам эканлар.
«Эй Аллоҳнинг Расули, у Аллоҳнинг розилиги учун ҳурдир», дедим.
«Агар шундоқ қилмаганингда дўзах сени тутган бўлар эди ёки ютган бўлар эди», дедилар
».

Шарҳ: Бундан ўз қарамоғидаги кишиларни ким бўлишидан қатъи назар зинҳор уриб бўлмаслиги чиқади. Ким ўз қўл остидаги кишини урса, қиёмат куни Аллоҳ таолонинг ҳузурида жавоб беради.

Ҳа, инсонларни азоблаганлар мабодо бу дунёда жазодан қутулиб қолсалар ҳам у дунёда ҳеч қачон қутула олмайдилар.

Ислом ҳукми бўйича инсонни ноҳакдан урган, озор берган кишининг гуноҳи фақат мазлумнинг қасос олиши ёки кечириб юбориши билангина ювилиши мумкин, холос.

Халифа Умар ибн Хаттоб одамларни урган ёки урдирган волийларни ўзларини урдирар эдилар.

Ушбу ҳадиси шарифдан олинадиган фойдалар:

1.    Раҳбар ва илмли кишилар ходимларнинг ҳаққи поймол бўлганида уларни ҳимоя қилишлари кераклиги.

2.    Аллоҳ бу дунёда қўл остидагиларни азоблаганларга Ўз қудратини кўрсатиб қўйиши ҳақ экани.

3.    Ходимига азоб берган одам хатосини билганидан кейин унга яхшилик қилиши кераклиги.

4.    Ходимларига бу дунёда жабр қилганлар, тавба қилмасалар ва ходимни рози қилмасалар, дўзах уни ютиши.


Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Ким ўзининг беайб мамлукини зинода айбласа, қиёмат куни жазо учун унга дарра урилади», дедилар».

Шарҳ: Демак, қўл остидаги кишига маънавий ҳақорат қилишга ҳам бировнинг ҳаққи йўқ. Бу қулим-ку, бу хизматчи-ку деб, оғзига келган гапни айтавериш тўғри келмайди. Агар хўжайин бу дунёнинг азобидан қочиб қутулса ҳам, охиратнинг азобидан қочиб қутула олмайди.


Ибн Умар розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Бир киши Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларига келиб:
«Эй Аллоҳнинг Расули! Ходимни қанча авф қиламиз?» деди.
У зот индамадилар. У ўз каломини қайтарди. У зот индамадилар. Учинчиси бўлганида: «Ҳар куни етмиш марта», дедилар
».

Учовини Абу Довуд ва Термизий ривоят қилишган.

Шарҳ: Бунда кўп кечириш кўзда тутилган, маълум адад эмас. Мусулмон инсон ўз қўл остидаги кишиларга нисбатан ўта кечиримли бўлмоғи лозим.


Абу Зарр розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Сизга мамлукларингиздан қай бири маъқул келса, унга ўзингиз еган нарсадан егизинг ва ўзингиз кийган нарсадан кийгазинг.
Улардан қай бири сизга маъқул келмаса, уни сотиб юборинг, Аллоҳ таолонинг халқини азобламанг», дедилар
».

Шарҳ: Демак, қўл остидаги кишига азоб бериш мумкин эмас. Агар у ёқса, уни худди ўзи билан тенг кўриб, олиб юриш керак. Агар ёқмаса, унга жавоб бермоқ даркор.


Рофеъ ибн Макийс розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Гўзал моликлик баракадир. Бадхулқлик шумликдир», дедилар
».

Иккисини Абу Довуд ривоят қилган.

Шарҳ: Инсон ўз қўл остидагиларга яхши хўжайинлик қилса, барака бўлиши турган гап. Аммо бадхулқ бўлса, қўполлик қилса, албатта, ёмонликка олиб бориши мумкин.

Дунёдаги барча халқларда қўл остидагиларга бўладиган муомаланинг ўзига яраша маданияти бор. Улар турлича эканини ҳам яхши биламиз. Бугунги кунимизда ҳам худди шу мавзуда ҳар хил муносабат ва амалларнинг гувоҳи бўлиб келмоқдамиз.

Бу ҳақиқатни раҳбар, ишбоши ва хўжайинлар яхши билишлари ва қўл остидаги одамларга муомалаларини гўзал тарзда бўлиши учун ҳаракат қилишлари лозим.


Жобир розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Уч нарса бор. Кимда ўшалар бўлсағ Аллоҳ уни паноҳига олади ва жаннатига киритади; заифга меҳр қилиш, ота-онага мушфиқлик қилиш ва мамлукка яхшилик қилиш», дедилар
».

Шарҳ: Қаранг! Ўз қўл остидаги одамга яхшилик қилиш Аллоҳ таолонинг паноҳида бўлиш ва охиратда жаннатга киришга сабаб бўладиган иш экан.

Ушбу ҳадиси шарифдан олинадиган фойдалар:

1.    Заифга меҳр қилган бандани Аллоҳ паноҳига олади ва жаннатига киритади.

2.    Ота-онага мушфикдик қилган бандани Аллоҳ паноҳига олади ва жаннатига киритади.

3.    Қўл остидаги одамга яхшилик қилган бандани Аллоҳ паноҳига олади ва жаннатига киритади.


Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Улардан бирларига Роббисига итоат қилмоғи ва хожасининг ҳаққини адо қилмоғи қандоқ ҳам яхши», дедилар
».

Шарҳ: Исломда хожага ходимига яхшилик қилиш ҳақида амр қилиш билан бирга, ходимга ҳам ўз хўжайинининг ҳаққини адо қилиш топширилади. Ҳурмат ва яхшилик қилиш ўзаро ҳамкорлик асосида бўлиши лозим.


Яна ўша кишидан ривоят қилинади:

«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Қачон сиздан бирингиз ўз ходимини урганда у Аллоҳни зикр қилса, улардан қўлингизни кўтаринг», дедилар».

Шарҳ: Калтак остида қолган ходим ўзини ураётган хожага Аллоҳни эслатса, хожа дарҳол уришдан тўхташи лозим.

Бу ҳам бировнинг қўл остидаги кишиларнинг ўзига хос ҳимояси.


Ибн Умар розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Уч киши қиёмат куни мушк тепаликларида бўлурлар; Аллоҳнинг ҳаққини ва ўз хожалари ҳаққини адо қилган қул. Бир қавмга имомлик қилган ва улар ундан рози бўлган киши ва ҳар кеча-кундузи беш вақт намозга азон айтган одам», дедилар
».

Тўртовини Термизий ривоят қилган.

Шарҳ: қиёмат куни мушку анбардан бўлган тепаликка чиқиб туриш, аввалгилару охиргиларнинг ҳавасини келтирадиган даражага эришиш улуғ бахтдир.

Ажабо, улкан бахтга кимлар муяссар бўлар экан?

Маҳбуб Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг айтишларича, бу улкан бахтга уч тоифа мусулмонлар эришар эканлар:

1. «Аллоҳнинг ҳаққини ва ўз хожалари ҳаққини адо қилган қул».

Бу қадим вақтнинг таомили экани маълум. Ислом қул озод қилишни, қулдорликни йўқотишни ҳар тарафлама қўллаган. Керакли барча чораларни кўрган.

Лекин ҳаммаси ўз йўлида, қонун-қоидаси билан бўлиши керак. Шу билан бирга, қулга ҳам ўз вазифасини сидқидилдан адо этиб туриш тарғиб қилинган.

2. «Бир қавмга имомлик қилган ва улар ундан рози бўлган киши ».

Юқорида зикр этилган улкан мақомга эришадиган кишиларнинг иккинчи тоифаси имомлар экан. Бу ўта нозик ишдаги одамларнинг аҳамиятли эканлиги эътиборидан, уларга ҳам қиёмат куни олий мақомга эришиш имкони очилган экан.

Имом бунинг учун ўз қавмини рози қилиши керак. Албатта, Аллоҳ рози бўладиган ишларда. Қавмни Аллоҳнинг розилигига қарши ишларда рози қилган имом эса, жаннатдаги мушку анбар тепалигига эришиш у ёкда турсин, жаннатнинг ҳидини ҳам ҳидлай олмаслиги турган гап.

3. «Ҳар кеча-кундузи беш вақт намозга азон айтган одам».

Бу муаззинлар учун улкан башоратдир. Уларни шарафловчи ва айни вақтда уларга улкан масъулият юкловчи хабардир. Ҳар бир муаззин ана ўша башоратга муносиб бўлишга, тақво ва ихлос ила яшашга, ўз ишини қойиллатиб адо этишга ҳаракат қилмоғи лозим.


Муаллиф
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Турли сабабларга кўра ночор ҳолатга тушиб, қарздор бўлиб қолган одамга ёрдам бериш шариат таълимотларида турлича йўллар билан жорий қилинган. Жумладан, давоми...

6332 17:15 / 16.10.2018
Ибн Умар розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади .Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам .Ҳомиланинг ҳомиласини сотишни ман қилдилар. Бу савдо жоҳилиятда бор эди. Бир давоми...

3480 05:00 / 17.02.2017
Киши молиявий фаолиятида бошқаларнинг қилганига қараб эмас, ўзининг билимига ва имконига қараб иш тутиши лозим. .Фалончи пистон ишни қилиб, бунча пул топган эмиш, давоми...

3881 05:00 / 17.02.2017
Эҳтикорнинг маъноси халқнинг ҳаёти учун зарур бўлган нарсаларни сотиб олиб, ўз вақтида сотмай, сақлаб қўйиб, қимматбаҳога сотишдир. Эҳтикорни дин нуқтаи давоми...

5056 05:00 / 17.02.2017