1446 йил 21 жумадис сони | 2024 йил 23 декабрь, душанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Савдо, тижорат

Пул алмаштириш

05:00 / 17.02.2017 4866 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Сарф нақдни бошқасига сотишдир. Сарф деб номлашига нақд пулни бошқасига айлантирилгани сабаб бўлган бўлса ажабмас. Сарф айлантириш маъносидадир. Нақд пуллар турли тасарруф қилинади. Гоҳида тиллони бошқа бир тиллога, кумушни бошқа бир кумушга, баъзан тиллони кумушга, тангани тангага ёки қоғоз пулни қоғоз пулларга алмаштирилади.

Саррофлик савдодаги рибо ҳукмларининг татбиқ бўлишида муҳим ўрин тутади. Чунки, бу амалиёт банклар ёки саррофлар наздида қарз олди-бердиси билан аралашиб кетади. Нақд пуллар билан судхўрлик қилиш арпа, буғдой каби савдо моллари билан судхўрлик қилишдан осонроқдир. Чунки, саррофга ўз ишини амалга ошириш учун битта ғаладон ёки сумка ва ёки битта сандиқ кифоя қилади. Лекин савдо моллари билан судхўрликни амалга оширмоқчи бўлган кишига катта-катта омборлар, жойлар керак бўлади. Шу билан бирга, уларни сақлаш учун ҳам харажатлар сарфланади.

Баъзи уламолар савдо молини айирбошлашдан кўра, саррофлик ишига қаттиқроқ турганлар. Савдо молини айирбошлашдаги баъзи насияларга рухсат берган бўлсаларда, саррофлик ишидаги насияга умуман рухсат беришмаган. Ҳатто саррофлик бошқа муомалалардан кўра торроқ деб ҳам айтишган. Уларнинг фикрича саррофларнинг рибодан қутилишлари ниҳоятда қийиндир. 

Имом Ҳасан: “Агар сув сўрасанг, сенга саррофнинг уйидан сув беришса, уни ичмагин”, дейдилар. 

Асбағ саррофга тегишли бўлган сояда туришни ҳам макруҳ деб биларди.  

Имом Моликдан: “Саррофлик қилувчи кишини хуш кўрмайсизми?”, деб сўрашганда, у киши: 

“Ҳа, магар у Аллоҳдан бу ишда тақво қилса”, деб жавоб берганлар. 

Агар тиллони тиллога ёки кумушни кумушга алмаштирилса уларни ўзаро тенг ва қўлма-қўл бўлиши лозимдир. Агар тиллони кумушга алмаштирилса, бирини ортиқ бирини кам бериш жоиз бўлади. Лекин насия қилиш дуруст бўлмайди. Пул алмаштиришнинг ҳар қандай турида ҳам нақд бўлиши шартдир. 


Тенглик вазнлар баробар бўлганда рўёбга чиқади. Агар вазн баробар бўлиб, сони ҳар хил бўлса, зарари йўқ. Чунки, бири майда иккинчиси йирик бўлиши мумкин. Бунда оғирлиги ва тилло қўшиш меъёри, бир хил бўлишининг ўзи кифоя. Агар тилло ва кумушларга ҳеч нарса аралашмаган бўлса, ушбу айтиб ўтган муомаламиз қилинади. Аммо уларга бошқа аралашган бўлса, ушбу аралашган нарсанинг миқдорини аниқлаб, ўзаро тенгликни рўёбга чиқариш имконияти бўлади. 

Лекин тангалар ҳам аралашмалардан ясалган бўлиб, уларни миқдорини билиш имконияти йўқ. Шунинг учун тангани ўз жинсидан бўлмаган бошқа тангага вазнини вазнига ва сонини сонига алмаштириш мумкин бўлмайди. Балки буларни бозордаги қиймати асосида алмаштириш имконияти бўлади. 

Шунингдек, қоғоз пулларнинг ҳам ўзининг қиймати йўқдир, балки бошқа нарса асосида унга исмий қиймат қўйилган. Қоғоз пулларни ҳам оғирлик ва саноғини тенг қилиб алмаштириб бўлмайди. Бир сўмга бир доллар, беш сўмга беш доллар, юз сўмга юз доллар, минг сўмга минг доллар қилиб алмаштириш уларнинг қуввати ҳар хил бўлганлиги учун дуруст эмас. Шунга кўра қоғоз пулларни ҳам тангалар каби қийматига қараб, бирини кўп бирини кам бериш жоиз бўлади. Бунда ҳам олди-бердини қўлма-қўл қилиш шарти йўқолмайди. Бирини кўп, бирини кам беришнинг жоизлиги нақд пулларнинг турли хил бўлганлиги сабаблидир. Олти синфнинг рибоси тўғрисидаги ҳадисда тиллони кумушга алмаштирганда бирини кўп, бирини кам қилиш жоизлиги айтилган эди. Қоғоз пулларнинг турли хил бўлиши улар табиатининг турли хил бўлиши эмасдир. Балки бу пулларни қайси давлат ишлаб чиқарган ва унинг қиймати қанчалигига қараб алмаштирилади. 

Сарроф ёки банк пул алмаштириш ишларини тезда бажариб бергани учун шу ўринда фойда кўришга ҳақли бўлади. Чунки, турли хил пулларни алмаштиришда бирини кўп, бирини кам қилиш жоизлиги фойда олишга имкон яратади. Шунинг учун, саррофлар пулларни олиш ва сотиш нархини ҳар хил айтиши мумкиндир. 

Аммо алмаштирилаётган нарсалар тилло пулга, тилло пул бўлса ёки кумуш пулга, кумуш пул бўлса, бу орада фойда олишга имконият туғилмайди. Балки уларнинг вазнини вазнига баробар ҳолда алмаштириш лозим бўлади. 


ЗИММАДАГИ ҚАРЗНИ АЛМАШТИРИШ



Бир кишининг зиммасида қарз ёки савдо ва бошқа муомала туфайли менинг ҳаққим бор. Ўша ҳаққим динорда бўлса, мен ундан олаётган пайтимдаги пул алмаштириш нархи билан дирҳам олишим, унинг ёки менинг зиммамда ҳақ қолмаслик шарти билан жоиздир.


Абдуллоҳ Ибн Умар розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинади, у киши шундай дейдилар:

“Мен Бақеъда туя сотар эдим. Динорга сотиб дирҳам олар эдим, дирҳамга сотиб динор олар эдим. Дирҳам олсам динор, динор олсам дирҳам қайтарар эдим. Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳузурларига бориб: 

“Ё Аллоҳнинг Расули шошмай туринг, саволим бор”, дедим. (...) Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам: 

“Агар ўша куннинг нархида олсанг зарари йўқ, фақат шарт шуки, ораларингда ҳеч нарса қолмай ажралишларинг керак”, дедилар. 

(Сунани Термизий 3/335, Насоий 7/282, Абу Довуд 3/340, Ибн Можа 2/760, ал-Мустадрок лил-Ҳаким 2/44, бу ҳадисни саҳиҳ дедилар).

Агар зиммадаги қарзни алмаштириб, икки тарафнинг бирида ҳақ қолиб кетса, жоиз бўлмайди. Чунки, бу пул алмаштириш ва қарз бўлиб қолади. Яъни, қарз сабабидан пул алмаштиришга хушомад қилинган бўлиб қолади. Ҳадиси шарифда савдо ва қарздан қайтарилгани ворид бўлган. (Имом Моликнинг муваттоларида 2/657, имом Термизийнинг сунанларида 3/527, имом Насаийнинг сунанларида 7/288, Ҳокимнинг мустадрокларида 2/17, Ҳоким бу ҳадисни саҳиҳ деганар).

 Яна икки тараф бир-бирининг зиммасидаги қарзини ҳам алмаштириши жоиздир. Буни муқоссо (яъни кесиб қолиш) ёки икки қарзни бир-бирига едириш дейилади. (Субкийнинг Такмилатул мажмуъ китоби 10/107).

Ушбу едириш кичкина бадал чегарасида бўлади. Қолган қисм ўша куннинг нархида пул билан қопланади. Бунда икки тарафнинг ҳам зиммасида ҳеч нарса қолмаслиги лозим.

Фуқаҳолар олди-бердиларни алмаштиришда бир тараф ёки икки тарафни насия қилмаслик лозимлигини айтишади. Агар шартнома вақтида бир тараф нақд бериб, иккинчи тарф насия қилса ва унинг келишиб тарқалса ва топганда бериш деса, жоиз эмас. Бу каби алмаштиришларда ўша вақтнинг нархини ёки насия вақтининг нархини белгиласа ҳам, жоиз бўлмайди. Чунки Исломда саррофлик икки тараф бадални қўлма-қўл бериш асосига жорий бўлади. Саррофликда насия аралашса, ғарар ҳам содир бўлади. Агар пул алмаштириш шартнома вақтида нарх асосида келишиб, бадаллар насия қилинса, вақт ўзгаргач, нархлар ҳам ўзгариб кетади. Бу жоиз эмас. Агар пул алмаштиришда келажак нарх асос қилиб олинса, номаълум нарх асосида шартнома тузилган бўлади. Бу ҳам жоиз эмас. 


ПУЛ АЛМАШТИРИШДАГИ ВАЪДАЛАШУВ



Агар икки киши саррофлик амалиётини амалга оширишга ваъдалашса ва ушбу ваъдамиз мажбурийдир дейишса, жоиз бўлмайди. Чунки, бунда ваъдани саррофлик билан алмаштирилади ва алмаштириш ҳам насия бўлиб қолади. Саррофликда насия жоиз гэмаслигини юқорида кўриб ўтдик. 

Шу ва шунга ўхшаш келишувларда ваъдани мажбурий қилиб қўйиш, манъ этилган нарсаларни амалга ошириш учун ҳийлага йўл очади.


Муаллиф
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Аллоҳнинг охирги ва мукаммал дини Ислом зоҳир бўлган пайтда инсоният жаҳолат ботқоғига ботган ҳолда эди. Деярли инсон ҳаётининг ҳамма соҳалари йўлдан чиққан эди. давоми...

6767 05:00 / 17.02.2017
Ашраф Алий Таҳонавий раҳимаҳуллоҳ айтдилар .Баъзи одамлар зарурийят сабабидан, яъни ўзининг зарурий ҳожатларини битириш учун пул топишга ҳаракат қилади. давоми...

4280 18:35 / 02.04.2018
Таъриф Солиқлар, бошқача қилиб айтганда, молиявий вазифалар, закотдан бошқа молиявий таклифларни ўз ичига олади. Баъзи уламолар, молда закотдан бошқа олинадиган давоми...

5055 05:00 / 17.02.2017
Уста қиладиган ишининг сифатига, иш берувчи эса керакли ашёлар, иш шароити ва иш ҳақи учун жавоб бериши лозим. Қайси бир томон ғирромлик қилса ҳам, иш бузилади, ҳар давоми...

3895 05:00 / 17.02.2017