1446 йил 20 жумадис сони | 2024 йил 22 декабрь, якшанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Уламолар

Яҳёхон қори Исмоилов

20:00 / 16.02.2018 7413 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

“Зиёрат” рукнидаги туркум суҳбатларнинг навбатдаги сонида ўзбек қориларидан бири бўлмиш Яҳёхон қори Исмоиловнинг уйларига ташриф буюрдик.

Яҳёхон қори Исмоилов

ТАҚДИМ

Яҳёхон қори Исмоилов 1939 йили туғилган. У Бухородаги Мир Араб мадрасасига ўқишга кириб, 1968 йили уни муваффақиятли битирди. Ўша йилдан бошлаб уч йил давомида Жалолобод вилоятида имом-хатиб бўли хизмат қилди. 1970-1974 йилларда Тошкент Ислом институтида таҳсилни давом эттирди. Сўнгра муфтий Зиёуддинхон қори Эшон Бобохон тавсияси билан Тошкентдаги Имом Термизий жомеъ масжидига имом-хатиб қилиб тайинланди ва чорак аср шу ерда ишлади. 2002 йилдан умри охиригича Тошкентдаги Искандархўжа жомеъ масжидида имом-хатиб бўлди. 2006 йили Тошкентда вафот этди.  

 


Яҳёхон қорининг отаси эътиқодли, илмли киши бўлгани учун фарзандини ёшлигидан Қуръони каримни ҳифз қилишга рағбатлантирди ва ўзи ўғлига илк диний билимлардан сабоқ берди. Сафдошларидан бирининг ҳикоя қилишича, Яҳёхоннинг отаси Исмоил қори уста Усмон ўғли Қуръон ҳофизи бўлган. Шунинг учун оилада Аллоҳнинг Каломига муҳаббат ҳақида кўп сўзлар, фарзандларини илоҳий Каломни ўқиш-ўрганишга руҳлантирарди.

Яҳё қори ана шундай муҳитда улғайгани учун диний билимларни ўрганишга астойдил киришди. Бу интилиш уни Бухородаги минтақада ягона Мир Араб мадрасасига етаклаб келди. Бу ерда қунт билан ўқиди, кечалари кўп мутолаа қилди, Қуръонни қўлдан қўймади. Тез орада ёш олим йигит гўзал ҳилми, чуқур илми билан устозлар назарига тушди. Натижада Яҳёхон қорини ўша пайтдаги Ўрта Осиё ва Қозоғистон мусулмонлари диний бошқармаси раиси муфтий Зиёуддинхон қори ибн Эшон Бобохоннинг ўзлари Тахтапулдаги Имом Термизий жомеъ масжидига имом-хатибликка тавсия этди ва ёш қори умрининг чорак асрини ана шу муборак вазифага бахшида қилди. Айниқса, худосизлик авж олган, дин ходимлари ҳамма томондан тазйиқ ва таъқибларга учраб турган бир даврда битта масжидда имомлик қилиш кишидан катта сабр, юксак матонат, улуғ ихлом талаб қиларди. Яҳёхон қорида ана шу сифатлар мужассам бўлгани учун мажид қавмининг ҳам, шаҳардаги катта-кичик уламоларнинг ҳам ҳурмат-этиборини қозона олди. Умр охирида у киши тўрт йил Тошкентдаги Искандархўжа жомеъ масжидида имомлик қилди.  

Яҳёхон қори умр бўйи одамларни яхшиликка чақирди, ёмонликдан қайтарди. У киши суҳбатларнинг бирида шундай деган эди: “Гапнинг рости, мени орамиздаги баъзи кишиларнинг нафс қулига айланиб, ота-онасидан кам хабар олиши ёки умуман йўқламаслиги қаттиқ ранжитади. Ахир, ўзларини вояга етказган энг яқин инсонларнинг ҳолидан воқиф бўлиб турмасликдан ҳам ортиқ одобсизлик бўлиши мумкинми? Яна мени одамларнинг улкан гуноҳлардан саналган ахлоқсизлик, бузуқликка мубтало бўлганлари ҳам ўйлантиради. Ҳозир алдов, адолатсизлик билан бойийдиганлар кўп. Бундай ишлар банданинг ҳаққига тажовуз эмасми? Қаерда бўлмасин, Аллоҳ розилигини истар экансиз, ота-онангизни рози қилиб, дуоларини олинг. Пок бўлиб, зинога яқинлашманг. Бошга қилич келса ҳам рост сўзланг, ёлғондан қочинг. Айниқса тожирлар савдоларининг ҳалол бўлиши учун ҳаракат қилишсин, чунки барака фақат ҳалолдадир. Қоплаб пул топишлари мумкин, аммо улар юқмайди, сувга оққандай тез қўлдан кетади...”.

Уламоларимиз имомда уч хислат – зебои жома, нутқи томма, мақбули омма бўлиши керак, деб айтишади. Шубҳасиз, Яҳёхон қорида ана шу сифатлар барча имомларга ибрат бўларли даражада уйғунлашган эди. Қавм билан имом ўртасида муҳаббат ришталари маҳкам боғланмас экан, икки томоннинг ўзаро тил топишиши жуда қийин кечади. Қори акамиз йигирма беш йил бир масжидда узлуксиз имомлик қилган эканлар, демак, қавмнинг бирор аъзоси у кишидан ранжимаган экан. Савол ва муаммо билан мурожаат қилган ҳар бир намозхонни вазминлик билан тинглардилар, яхши муомала қилиб, кўнглини олардилар, қийнаётган муаммосини биргаликда ҳал этишга уринардилар.

Яҳёхон қори ака билан бирга ишлаган, у кишидан кейин Имом Термизий масжидида имомлик қилган шогирдлари Иброҳимжон Узоқов устози ҳақида шундай хотирлайди: “Устозим Яҳё қорининг жуда кўп синов ва мусибатларни бошдан кечирганларига гувоҳман. Барча мусибатларга сабот билан сабр қилдилар. 1990 йили ҳаж сафари пайтида ҳақиқий итоаткор солиҳа аёллари, 2003 йили қизлари, орадан бир йил ўтиб ўғиллари оламдан ўтишди. Яна бир йил кечиб-кечмай ўн тўққиз ёшли набира қизларидан жудо бўлдилар. Лекин домламиз бу йўқотишларни чиройли сабр билан енгиб ўтдилар”.

Яҳёхон қори чинакамига Қуръоннинг муҳиби, омили ва ошиғи эди. У киши фарзандлари ва шогирдларини Қуръони каримни астойдил ўрганишга чорларди, улар орасидан Қуръон ҳофизлари, мураттаб қорилар етишиб чиқиши энг олий орзуси эди. Ана шу орзулар рўёбга чиқди, фарзандлардан ҳам, ҳисобсиз шогирдлардан ҳам кўплаб қорилар етишиб чиқди.

Қори аканинг ҳаёт хотимаси ҳам бутун умри давомида кечганидек, ибодат ва Қуръон тиловати билан якун топди. Шомдан кейин фарзандларининг сабоқларини текшириб чиқдилар, янги дарсни бердилар. Кейин хуфтон намозини адо этдилар. Сўнг тунги соат иккиларгача Қуръон тиловати билан машғул бўлиб, кўп ўтмай омонатларини топширдилар. Ибодат қарзини адо этиб, Аллоҳнинг Каломи қироати билан жон бериш унча-мунча одамга насиб этмайдиган улкан саодат эди. Аллоҳ таоло бундай даражани Ўзини севадиган, Ўзи ҳам севадиган солиҳ бандаларигагина ато этади.

Ёзувчи Вафо Файзуллоҳ шундай ҳикоя қилади: “2005 йил қишининг охирлари эди. Долзарб бир мавзуда журнал учун суҳбат қилиш мақсадида Яҳё қори аканинг масжидларига ўтдим. “Бандалик ҳақларини адо этиш ҳақида гаплашсак, яхши бўларди” дедилар. Мен у кишини уринтирмаслик учун “Қачон ёзиб олишга келай?” десам, “Саволларни етказсангиз бўлди, жавобларни ўзим ёзиб бераман”, дедилар камтарлик билан. Кўп ўтмай кутганимдан муфассалроқ жавоблар олинди. Юрак қўри билан ёзилган жавобларда турмушимизда илдиз отиб кетган баъзи кўзга кўринмас иллатлар далиллик билан очилган, улардан халос бўлиш йўлларида донишмандларча очиб берилган эди. У киши билан бир учрашувдаёқ кўнглимда ёруғ из солган фитрий виқор, камтарона ва самимий лутф, нуроний чеҳра, мурувватли қалб хотиримда бир умрга нақшланиб қолди”.

Аллоҳ таоло Ўз Каломида: “Аллоҳга даъват қилган ва ўзи ҳам яхши амал қилиб, “Шубҳасиз мен мусулмонларданман!” дейдиган кишидан ҳам чиройлироқ сўзловчи борми?” деган. Устоз Яҳёхон қори ака ана шу илоҳий Каломга мувофиқ ҳаёт кечирдилар ва Аллоҳнинг динига даъват қилиш, унга фидойиларча хизмат қилиш ва солиҳ амаллар билан яшаб ўтдилар ва бошқаларни ҳам шунга чақирдилар.

Яҳёхон қори Исмоилов 2006 йил 22 январь куни фоний дунёни тарк этиб, Роббиларига қовушдилар. У кишининг жанозасини фазилатли шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф ўқидилар. Қори ака Тошкентнинг “Тешикқопқа” қабристонига дафн этилган.

Аҳмад МУҲАММАД.

Муаллиф
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Мулла Қирғиз Машраббой ўғли 1850 йили Ўш вилояти Аравон туманида оддий савдогар хонадонида туғилди.Кейинги авлодлари Мулла Қирғиз ҳазратларини Ўшдан давоми...

3256 13:30 / 19.01.2022
Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф хазратлари биз каби ўша пайтда эндигина исломни ҳис қилиб, илмсизлиги билан ҳар кўчага кириб кетиши мумкин бўлган ёшлар учун давоми...

1650 13:20 / 02.04.2023
Шайх Саъид ибн Абдуллатиф Фуда ndash ақоид калом, мантиқ ва усулулфиқҳ илмлари соҳасидаги етук олимдир. Шайх Саъид 1967 йили Фаластиннинг Ҳайфа шаҳрида туғилган, давоми...

3284 10:47 / 29.02.2020
Замонавий дунёда дин билан бирбирига қарши, динга эътиқод қилувчилар илмфан соҳасида катта ютуққа эриша олмайди деган тушунча кенг тарқалган. Бу тарихга давоми...

2185 14:00 / 02.02.2023
Аудиолар

137652 11:58 / 10.10.2018
Фотолар

7544 09:50 / 18.04.2018
«Ҳилол» журнали
Китоблар

57720 14:35 / 11.08.2021