1446 йил 20 жумадис сони | 2024 йил 22 декабрь, якшанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Уламолар

Мулла Аҳмадалихон домла

17:33 / 23.02.2023 3658 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Мулла Аҳмадалихон домла 1965 йил Наманган вилояти Янгиқўрғон тумани Бешбулоқ маҳалласи (ҳозирги «Наманган» кўчаси)да уста Ҳайдарали (1934-2019) хонадонида таваллуд топди. Бобоси мулла Убайдуллоҳ (тах.1885-1958) домла, шариат аҳкомларини маҳкам тутган зиёли ва тақводор киши бўлган. 


1969 йил Аҳмадали домланинг волидаи муҳтарамаси Сарбар қори қизлари Маликахон ая тўсатдан оламдан ўтиб қолади. Натижада, барча оила ташвиши, фарзандлар тарбияси уста Ҳайдарали ота зиммасида қолади. Мушфиқ ота ёш фарзандларининг таълим-тарбияси билан шуғулланадиган меҳрибон она кераклигини тушуниб етади ва Турсунбой дада қизлари Тилобатхон (1941-2011) аяни никоҳига олади. Аллоҳ рози бўлсин Тилобатхон ая — оилам, болам-чақам дейдиган мўмина ва фозила аёл бўлганлар. Фарзандларни оқ ювиб, оқ тараб гўзал хулқли, маърифатли қилиб вояга етказдилар. Диндор оилада камол топган мулла Аҳмадали дастлабки диний таълимни ота-онасидан олади. Арабий-туркийдан хат саводни амакиси мулла Исмоилхон (1930-1983) домлада мустаҳкамлайди. 


1972 йил Аҳмадалихон домла туман марказидаги мактабнинг бошланғич синфига ўқишга чиқади. У ўзининг илмга чанқоқлиги ва ҳозир жавоблиги билан устозлари назарига тушади. Мактабдошлари: «Дўстимиз Аҳмадалихон ёшликларидан бўйлари узун, озғин ва серғайрат эдилар. Бир куни синфда ўтирсак, устозимиз кириб келди. Бизлар шоша-пиша ўрнимиздан туриб салом бердик. Устоз бизларга қарата: «Ҳамма бошидагини ечсин» — деди. Аҳмадалихон дўппиларини ечмадилар. Устозимиз: «Аҳмадали нега бош кийимингни ечмадинг?» - деди. Дўстимиз ҳозир жавоблик билан: «Устоз дўппимни ечсам бошим оғрийди. Қолаверса, шу ҳолатда сизни дарсингизни яхши ўзлаштираман» - дея жавоб қилдилар. «Ундай бўлса майли» - дея дарс ўта бошлади муаллимимиз.


Яна бир қизиқ воқеа
Мактаб вақтлари биз ўқувчиларни пахта теримига олиб чиқиларди. Ҳаммамизни ичимизда Аҳмадалихон дўстимиз кўп пахта терардилар. Ҳатто ўзлари ҳам терган пахталарини кўтара олмас эдилар. Бир куни Аҳмадалихон устоз: «Бирор кун мен ҳам ошхона навбатчи бўлай» - дедилар. Устозимиз кулиб: «Ахир сен бормасанг, план нима бўлади» - дея ҳазиллашдилар.


Аҳмадалихон домла ўрта мактабни аъло баҳоларга тамомлаб, ҳарбий хизматга йигитлик бурчини адо этгани Россиянинг Свердловская области Ивдил шаҳрига жўнайди. Ҳазрат домла хизматда юрган вақтларида ҳам ибодат ва тақвода мустаҳкам бўлдилар. Тунги навбатчиликда турганларида ҳам Қуръони Каримдан кунлик вазифаларини такрор қилардилар. Бир куни навбатчиликда ҳар доимгидек Калому шарифдан такрор қилиб турсалар, навбатчи командир ортларидан келиб, у кишининг жарангдор қироатларини эшитиб қолибди ва диққат билан бир оз тинглаб «Ўртоқ Убайдуллаев ёқимли куйлар экансан, давом этавер» - дея, елкаларига уриб қўйибди. Аҳмадалихон домла хизматдан қайтгандан сўнг оила қуриб, фарзандли бўладилар. Ва шу орада шаҳарга кўчиб келиб ўрнашадилар.


Илм олишдан тўхтамаган Аҳмадалихон домла кейинчалик таҳсилни шаҳримизнинг кўзга кўринган илм аҳлларидан бўлмиш мулла Олимхон домлада давом эттиради. У устозидан Қуръон, тафсир, фиқҳ ва ақоид каби илмларни ўзлаштиради. Мулла Аҳмадалихон домла устозининг насиҳатларига амал қилиб 1996 йили имом Бухорий номидаги Ислом олий маъҳадининг сиртқи таълим йўналишига ўқишга кирадилар. У ерда ўзларининг билим ва салоҳиятларини янада ошириб қайтадилар.


Кунларнинг бирида Аҳмадалихон домла сабоқдан сўнг ташқарига чиқиб, устози Олимхон домла учун мазали таом тайёрлаб, ҳузурларига олиб кирибди. Ҳазрат ҳайрон бўлиб, «тақсир нима қилдингиз? Ҳозиргина шу ерда ўтирган эдингиз» - дебдилар. Аҳмадалихон домла: «Устоз сиз учун таом ҳозирладим. Қани марҳамат» - дебдилар. Бир пайт икковлон маза қилиб таомни тановул қилишибди. Овқатдан сўнг ҳазрат домла шогирдлари ҳаққига дуо қилибдилар. Дарҳақиқат, устоз-шогирд бир-бирларига ўта муҳаббатли бўлганларидан ака-укадек бўлиб қолишганди. Ҳазрат Олимхон домла уйларида худойи  ёки биронбир тадбир қилсалар, албатта, Аҳмадалихон домла хизматда шай турардилар. Тадбирга келганлар устоздан: «Аҳмадалихон қанилар?» - дея сўрашарди. Ҳазрат, Аҳмадалихон домлага ҳазил қилиб: «Худойи қилган мен-ку одамлар сизни сўрашади-я» - дея кулиб қўяр эканлар. 


Мулла Аҳмадалихон домла араб тилидан ташқари рус тилини ҳам жуда яхши билар эдилар. Бир куни устозни ҳузурларига келсалар, ҳазрат бир кишига сим қоқган эканлар. Бир пайт, гудок кетди, қулоқчинни бир рус қизи олиб, русчалаб «эшитаман» деди. Устоз ҳайрон бўлиб, қулоқчинни қўйиб қўйдилар. Бир оздан сўнг устоз яна қайта уланишга ҳаракат қилдилар. Яна ўша ҳолат такрорланди. Устоз менга трубкани бериб, «тақсир ўзингиз гаплашинг-чи» - дедилар. Мен рус тилида мулоқот қилиб, керакли кишини ҳазрат билан боғлаб бердим. Устоз гаплашиб бўлгандан кейин: «Тақсир ичингизга бирорта рус кириб олмаганми?» - дея ҳазиллашдилар.


Ҳазрат Аҳмадалихон домла илк диний соҳадаги фаолиятларини 1990 йилдан 1998 йилгача «Ҳазрати лангар», 1998 йилдан то вафотларигача «Шодибек» масжидларида имом бўлиб, дин хизматида ҳаракатда бўлдилар. Маҳалладаги қўн-қўшни, қариндош-уруғлару тенгқурларига илм зиёсини тарқатдилар. 
Ҳозирда «Шодибек» жомеъ масжидида бош имом бўлиб хизмат қилаётган Муҳаммадхон домла ҳазрат устозни шундай эслайдилар:
«Аҳмадалихон домла Наманган шаҳар Бобуршоҳ кўчасида жойлашган марказий туғруқхона шифохонаси олдидан ҳар сафар ўтганларида, шу ерда даволанаётганларга Аллоҳдан нусрат сўраб: «Аллоҳим бизга соғлиқ, офият, ҳаёли фарзанд ва мўл ризқ бериб дуоларимизни қабул айла» - деб, дуо қилиб ўтар эдилар.
Шогирдларидан Абдураҳим ака: «Раҳматли устозим Аҳмадалихон домла билан танишганимизга йигирма йил бўлди. Шу вақт мобайнида менга Қуръондан таълим бериш билан чекланмай, ҳаётий дарсларни ҳам ўргатдилар. Дарҳақиқат, у зот ота-онани ҳурмат-иззат қилиш борасида жуда катта ибрат бўлганлар. Биз ўзимиз яқин масофада туриб ота онамиздан вақтида хабар ололмасдик, лекин домла халқ, масжид хизматидан ортиб, узоқ (Янгиқўрғон)да истиқомат қиладиган ота-оналаридан кунда кун ора хабар олардилар». 


Заифалари Инобатхон ая: «Қайнонам раҳматли шаҳардаги хонадонимизга тез-тез келиб, бизлардан ҳам хабардор бўлиб турардилар. Бир куни ойижоним одатдагидек келдилар. Мен дарров чиройли кутиб олиб, дастурхон ёздим. Бироз ўтгандан кейин хўжайиним келдилар. Учовимиз мириқиб суҳбатлашдик. Бир пайт бегим: «Онажон, оёқларингизни узатиб ўтиринг ўзим босиб қўяман» - дедилар. Қўярда қўймас волидаларини кўндирдилар. Оналарининг муборак оёқларини боса туриб, унинг остини ўпиб-ўпиб олдилар. Шу пайт онаизорлари ўғлим нима қиляпсиз? - дедилар. Бегим: «жаннатни ахтаряпман. Ахир жаннат оналар оёғи остида-ку, онажон мендан рози бўлиб, ҳақимга дуо қилинг», - дедилар. Шу орада барчамизни қалбимиз жўмбушга келди. Тарбият қилган оналари кўзларига ёш олиб, барчаларимизни ҳақимизга хайрли дуолар қилдилар», - дея эслайдилар.


Хуллас, мулла Аҳмадалихон домла 2021 йилнинг 7 ноябрь санасида 56 ёшларида боқий дунёга риҳлат қилдилар. Наманган вилояти бош имом хатиби Абдулҳай домла дафнга ҳозир бўлганларга домлани шундай хотирладилар. «Аллоҳ раҳматига олсин ҳазрат Аҳмадалихон домламиз доим ҳизматга шай турардилар. Беморлик чоғларида ҳам Ислом зиёсини ёйишдан тўхтамадилар. Ўзлари жуда кичик қўнгил, барча билан самимий, дилдан суҳбатлашардилар. Аллоҳ у зотни охиратларини обод, ортларида қолганларга сабру жамил берсин», - дея сўзларини якунлаб, жаноза намозини адо этдилар. Шу тариқа Аҳмадалихон домланинг муборак жасадлари шаҳарнинг эски қабристони «Мавлавий» мозорига қўйилди. Ҳазрат домланинг турмуш ўртоқлари Инобатхон ая (1968) Боймирза қизларидан Абдулҳодий (1990) исмли ўғил ва уч қиз зурриёд бўлиб қолди. Ўғиллари Абдулҳодий ҳам аҳли илм, аҳли Қуръон бўлиб, юртимиз ва динимиз ривожи йўлида баҳоли қудрат изланишдалар. Аллоҳ ўтган устозларимизни раҳмати илоҳийси ила сийласин. Омин!


Мустақил тадқиқотчи Акрам Шарипов

Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Оиша розияллоҳу анҳо айтади.Набий соллаллоҳу алайҳи васалламдан .Одамларнинг қай бири яхши, деб сўрашди. Шунда у зот .Менинг замондошларим. Сўнг кейингилар, сўнг давоми...

2529 10:01 / 23.02.2022
Агар биз Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг муҳаббатларидан бир қадаҳ тотганимизда эди, у зотнинг суннатларини ва кўп салавот йўллашни тарк қилмаган давоми...

1560 17:00 / 29.07.2022
Имом, пешво, фақиҳ, муҳаддис, шайхулислом Абу Бакр Аҳмад ибн Муҳаммад ибн Ҳажжож Маррузий. Бағдодда истиқомат қилганлар. Имом Аҳмад ибн Ҳанбалнинг шогирдлари. давоми...

753 09:02 / 14 январь
БисмиллаҳирРоҳманирРоҳиймПорлайпорлай тафти билан қалбларни иситган Қуёшим, қанисиз Наҳот ботган бўлсангизТўлишгандан тўлишиб камолга етган Тўлин Ойим, давоми...

5025 22:22 / 27.04.2017
Аудиолар

137608 11:58 / 10.10.2018
Фотолар

7543 09:50 / 18.04.2018
«Ҳилол» журнали
Китоблар

57675 14:35 / 11.08.2021