Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.
Фарзанд тарбияси ва жамият равнақида ҳалол касбнинг тутган ўрни
Инсон ўзидан яхши из қолдириб, дунёдан ўтганидан кейин ҳам яхши амаллари савоби тўхтамасдан етиб турадиган бўлиши учун фарзандларини солиҳ, яхши инсонлар қилиб тарбиялаши керак. Зеро, Расули акрам (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) банданинг амаллари ўлганидан кейин ҳам узилмаслиги шартлари орасида «... у (киши)нинг ҳаққига дуо қилувчи солиҳ фарзанд» ни ҳам санаганлар.
Абу Ҳурайрадан (розияллоҳу анҳу) ривоят қилинади: «Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) марҳамат қилиб, дедилар:
“إذا مات ابن آدم انقطع عمله إلا من ثلاث : صدقة جارية أو علم ينتفع به أو ولد صالح يدعو له”
«Одам боласи вафот этса, унинг амаллари тўхтайди, фақат уч нарса бундан мустасно: садақаи жория ёки фойдаланиладиган илм ёхуд ҳаққига хайрли дуо қилувчи солиҳ фарзанд» (Имом Муслим ва бошқалар).
Агар фарзанд чиройли тарбия билан дину диёнатли қилиб ўстирилса, инсон вафот этганидан кейин ҳам фарзанди орқали ажр-савобларга эга бўлиб туради, фарзандининг қилган ҳар бир яхши иши учун одамлар: «Отасига раҳмат!», «Аллоҳ тарбия берган ота-онасидан рози бўлсин!» каби дуолар қилишганида бешак унинг ота-онаси ҳам бу дуолар самарасидан баҳраманд бўлишади. Айниқса, фарзанднинг марҳум ота-онаси учун қилган хайрли дуолари, истиғфорлари, тиловати Қуръонлари баракотидан ота-онанинг гуноҳлари кечирилиб, даражалари юксалади, иншааллоҳ.
Фарзандларнинг солиҳ ва яхши инсон бўлишлари, ота-она тарбиясининг унумли ва фойдали бўлиши учун эса уларга едирилаётган луқманинг ҳалол-пок бўлиши асосий шартдир.
Оилада фарзандлар тарбиясида луқманинг ҳалол ёки ҳаромдан бўлиши жуда муҳим масаладирки, унинг сири тажрибали кишилар кўз ўнгида кундек равшандир. Гарчи фарзандларга едириладиган ҳар қандай луқма уларнинг қорнини тўйдирса ҳам, бироқ унинг яхши ёки ёмон таъсири аста-секин кўринади. Ризқ ҳалол йўлдан топилган бўлса, фарзандлар тарбияни қабул қилувчи, яхши хулқли, ота-онанинг ҳақларини танийдиган бўлиб улғаядилар. Ҳалол ризқ билан улғайган фарзандлар фавқулодда истеъдод, хотиранинг ўткирлиги ва заковат билан ажралиб турадилар.
Агар фарзандларга едирилган луқма ҳаром, шубҳали йўллар билан топилган бўлса, уларнинг тарбиясига ҳар қанча кўп куч, маблағ сарфланмасин, ҳар қанча катта эътибор берилмасин, бу саъй-ҳаракатлар кутилган натижани бермайди.
Имом Ғаззолий бундай дейди: «Болалар ота-оналарига берилган бир омонатдир. Боланинг қалби ҳар қандай нақшу тасвирдан холи бир қимматбаҳо гавҳардир. У қандай нақш солинса, қабул қилади, қаёққа букилса, эгилади. Агар яхшиликка ўргатилса, шу билан ўсади ва дунёю охиратда саодатга эришади. Унинг савобига ота-онаси ҳам, ҳар бир муаллиму устозлари ҳам шерик бўладилар. Агар ёмонликка одатлантирилса, ҳайвонлардек ўз ҳолига ташлаб қўйилса, охир-оқибат ҳалок бўлади. Гуноҳи эса унинг тарбияси учун жавобгар бўлганларнинг гарданига тушади... Болани чақалоқлигиданоқ луқмаси ҳалол она эмизиши лозим, агар луқма ҳаром бўлса, унда барака бўлмайди».
Улуғлардан бири бундай дейди: «Ким ҳалол луқма еса, ўз-ўзидан Аллоҳга итоат этаверади. Ким ҳаром луқма еса, истасин, хоҳ истамасин, Аллоҳга осий бўлади».
Ҳикоя қилишларича, валий зотлардан Иброҳим ибн Адҳамнинг отаси бир куни Бухоро шаҳридаги бир боғ ёнидан ўтиб кетаётиб, боғни кесиб ўтувчи бир анҳордан таҳорат олибди. Қараса, анҳордан бир олма оқиб келаётган экан. Уни олиб, ўзича «бунинг ҳеч ёмонлиги йўқ» деб ўйлаб, ебди. Кейин кўнглига васваса тушиб, боғ эгасидан олманинг ҳақини ҳалоллаб олишга қарор қилибди. Боғ эшигини тақиллатибди. Унинг олдига бир жория чиқибди. Жорияга «менга хожангизни чақириб берсангиз», дебди. Жориядан: «Хўжайинимиз аёл киши», деган жавобни эшитиб, ундан «олдига киришим учун менга рухсат олиб беринг» дебди. Жория у айтгандек қилибди. Адҳам аёлга олма воқеасини айтиб берибди. Аёл унга: «Бу боғнинг ярми менга тегишли, ярми эса султонга. Султон ҳозир Балхда. У Бухородан ўн беш кунлик масофа узоқда», деб, ўзининг ҳақига рози бўлибди. Адҳам олманинг иккинчи ярмини ҳалоллаш учун Балхга бориб, отлиқлар ўртасида кетаётган султоннинг йўлидан чиқиб, унга масалани англатибди. Султон унга эртага келишини буюрибди.
Султоннинг шаҳзодалардан совчилар келаётган гўзалликда тенги йўқ бир қизи бўлиб, у ҳаммасини рад этиб, ибодатга берилган, солиҳларга кўнгил қўйган, дунёдан юз ўгирган зоҳид бир кишига турмушга чиқишни истар экан. Подшоҳ саройига қайтиб келгач, қизига зоҳид Адҳам ҳақида гапириб берибди ва унга: «Мен бу йигитдан парҳезкорроқ одамни кўрмаганман, Бухородан Балхга яримта олма учун келибди!» дебди. Шунда қизи унга турмушга чиқишга рағбат билдирибди. Эртасига Адҳам олдига келгач, унга: «То менинг қизимга уйланмагунингча, ҳақимни ҳалол қилмайман», дебди. Адҳам бунга узоқ қаршилик ва норозиликдан сўнг ноилож кўнибди ва ўша қизга уйланибди. Келиннинг олдига кирганда уни безанган, уйни ҳам турли зийнатлар билан безатилганини кўриб, бир бурчакка бориб, тонггача намозга машғул бўлибди. Бу ҳол етти кун давом этибди. Султон эса ҳали ўз ҳақини ҳалол қилмаган экан. Унга ҳалол қилиш учун одам юбориб: «То қизим билан бирга бўлмагунингча ҳалол қилмайман», деб айтибди. Тун бўлгач, Адҳам қизга қўшилибди, кейин ғусл қилиб, намозга туриб, бир марта қаттиқ қичқирган ҳолда, сажда қилибди ва жойнамози устида жонсиз ҳолда топилибди. Аёл ундан ҳомиладор бўлиб, Иброҳим ибн Адҳам дунёга келибди. Иброҳим ибн Адҳам кейинчалик машҳур зоҳидлардан бири бўлиб, ҳозирга қадар эҳтиром билан тилга олинадиган зотга айланди. Бунда эса, шубҳасиз отасининг парҳезкорлиги, луқманинг ҳалоллигига берган эътибори сабаб бўлган. Худди шунга ўхшаш воқеа мазҳаббошимиз Имом Абу Ҳанифанинг (раҳматуллоҳи алайҳ) оталари билан ҳам содир бўлгани ривоят қилинади.
Демак, жамиятга фойдали, дунё ва охират саодатига эришадиган баркамол фарзандларнинг тарбияси ҳалол луқма билан чамбарчас боғлиқ экан.
Луқманинг ҳалол бўлиши, аввало, шахс тарбияси, оила муҳитининг мусаффо бўлиши, қолаверса, бутун бошли жамият равнақи, мамлакат ободлиги ҳамда давлат барқарорлигидек буюк мақсадларга олиб борувчи олижаноб фазилат экан. Чунки юқорида зикр этилганидек, маънавий тарбия, ахлоқий камолот ҳалол луқмасиз асло ҳосил бўлмайди.
«Қуш уясида кўрганини қилади» дейдилар. Парҳезкор, ҳалол луқмали хонадонда тарбияланган фарзанд, шубҳасиз оиладан ташқарида ҳам, ишда, ўқишда, бошқалар билан муомалада ўзининг ҳалоллик, инсоф ва диёнат эгаси эканини намойиш қилади. Бундай фарзандлари бор жамият эса ҳартомонлама тараққий этади, маънан ва моддиян бой бўлади.
Муҳтарам Юртбошимиз ҳам «Баркамол авлод орзуси» асарида комил инсонни вояга етказиш, жамиятда ҳалол-пок шахсларни шакллантириш ҳақида сўз юритиб, бундай деганлар: «Маънавий ва ахлоқий покланиш, имон, инсоф, диёнат, ор-номус, меҳр-оқибат ва шу каби чинакам инсоний фазилатлар ўз-ўзидан келмайди, ҳаммасининг замирида тарбия ётади». Тарбиянинг яхши таъсири эса, шубҳасиз ҳалол касб ва покиза луқма билан бўлади.
Раҳматуллоҳ САЙФУДДИНОВ
Юнусобод тумани бош имом-хатиби,
Тошкент Ислом Институти ўқитувчиси,
«Мирза Юсуф» жоме масжиди имом-хатиби