1446 йил 21 жумадис сони | 2024 йил 23 декабрь, душанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Сиз юборган

“Кимки Аллоҳ нозил қилган нарса билан ҳукм қилмаса”

19:50 / 22.04.2017 5287 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Аллоҳ таъолога беадад ҳамду – саноларимиз ва Пайғамбаримиз Муҳаммад саллоллоҳу алайҳи васалламга эса беҳисоб саловоту дурудларимиз бўлсин.

Ҳозирги кунимизда “Ёмғирдан кейинги қўзиқориндай” кўпайиб кетаётган турли фирқалар, тоифалар, ҳизблар ва бемазҳаблар Аҳли сунна вал жамоа эътиқоди бўйича тан олинган тўрт фиқҳий мазҳабларнинг бирига хоссатан Ҳанафий мазҳабига амал қилган ҳолда ибодатларини адо этаётган мусулмонларни фитнага солиш ва тўғри йўлдан адаштириб ўзларининг нотўғри ғаразли ғояларининг қурбонига айлантириш учун турли услублардан фойдаланадилар. Энг жириканчлиси ўз ғояларини ҳаспўшлаш (исботлаш) йўлида Қуръони Карим оятларидан ҳам усталик билан фойдаланадилар. Одатда мусулмонлар хоссатан янги ибодатга кираётганлар ёки қизиқаётганлар жуда ҳам ишонувчан, талабчан ва эшитганини қаттиқ ушлаб оладиган бўлади. Бу ҳолат эса бемазҳабларга жуда қўл келади. Фурсатни қўлдан бой бермаслик учун хориждан туриб таълим бераётган устозлари ўргатган 3-4 оят ва ҳадиси шарифларни тезда ўзлаштириб олиб қолганларга ҳам шуни етказади. Аслида улар бошқа нарсаларни билмайдилар ҳам. Ўша оят ва ҳадиси шарифларни ҳам устозлари ўзларининг ғаразли йўлларида фойдаланиш учун қандай маъноларни бериб тушунтирган бўлсалар, булар ҳам ҳудди шундай тушунтирадилар. Зотан буларни ўша ояту ҳадиси шарифларни маъноларини бошқа аҳли илмлардан сўрашга ёки устозларимиз тарафидан чиқарилаётган тафсир ва ҳадис китобларидан фойдаланиб ўқиб олишликка фаросатлари ҳам етмайди. Ғишт қолибдан қўчгандан кейин эса ҳар қанча ҳаракат бўлса ҳам кўпинча бесамара бўлади. Лекин ноумид бўлмаслик керак, зотан бизнинг бурчимиз етказиб кўйишлик, ҳидоят эса Аллоҳдандир!

Келинглар сўзимиз қуруқ бўлмаслигиги учун хозирги кунимиздаги фитначи гуруҳлар ўзларининг ғояларини тарқатиш ва ёшларни ўзлари тарафга оғдириш ва ниҳоят ўз ғояларининг қурбонига айлантириб мусулмонларга умумий зарар етказишлик хоссатан, уламоларга қарши қўзғаш, уларга нисбатан ишончсизлик руҳида тарбиялаш учун фойдаланиб келаётган бир неча ояти карималардан бирини мисол қилиб олайлик.

وَمَنْ لَمْ يَحْكُمْ بِمَا أَنْزَلَ اللَّهُ فَأُولَئِكَ هُمُ الْكَافِرُونَ

“Ким Аллоҳ нозил қилган нарса ила ҳукм юритмаса, ўшалар кофирлардир” (Моида 44 оят).

Эмишки, ҳозирги замон уламолари, имомлари (албатта бу даъволарни қилаётган тоифадан ташқари) мазкур оятга амал қилишмаяпти. Агар амал қилганларида “Ўғирини қўли кесилиб, зинокор тошбўрон қилиниши керак эди” дейишади. Келинглар мазкур ояти кариманинг тафсирин яхшилаб ўрганиб чиқайликчи, ким ҳақ эканлигини балки билиб олармиз!

وَمَنْ لَمْ يَحْكُمْ بِمَا أَنْزَلَ اللَّهُ فَأُولَئِكَ هُمُ الظَّالِمُونَ 

“Ким Аллоҳ нозил қилган нарса ила ҳукм юритмаса, ўшалар золимлардир” (Моида 44 оят).

Буларнинг барчаси Кофирлар ҳақида нозил бўлган. Бу имом Муслимнинг саҳиҳларида Баро розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадис билан собит бўлган. Аммо мусулмон гуноҳи кабира қилишлиги билан кофир бўлмайди. Қолаверса мазкур ояти карима тахтида қуйдагича маъно бор: “Кимки, Қуръонни рад этган ҳолда, Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг сўзларини инкор этган ҳолда “Аллоҳ нозил қилган нарса билан ҳукм қилмаса” ана ўша кофирдир”.

Абдуллоҳ ибн Масъуд ва Ҳасан розияллоҳу анҳумолар айтадилар: “Мазкур ҳукм Мусулмонларга, Яҳудийларга ва Кофирларга ҳам умумийдир. Агар улар Аллоҳ нозил қилган нарса билан ҳукм қилмасалар эътиқод қилган ва уни ҳалол санаган ҳолларида. Аммо кимдир уни ҳаром эканлигини билган ҳолда қилса у фосиқдир. Унинг иши Аллоҳга ҳавола ҳоҳласа азоблайди, ҳоҳласа мағфират қилади”. Шаъбий роҳматуллоҳи алайҳи оятдаги ҳукм Яҳудийларга хос деганлар. Демек мазкур оятнинг маъноси тақдиран қуйдагича: “Аллоҳ нозил қилган нарса билан ҳукм қилмаган Яҳудийлар, ана ўшалар кофирдирлар” (Жомиъу аҳкомил Қуръон).

Ибн Касир роҳматуллоҳи алайҳ ўз тафсирларида мазкур оятларни сабаби нузулини қуйдагича келтирадилар: “Имом Аҳмад ибн Ҳанбал роҳматуллоҳи алайҳи ривоят қиладилар: “Ибни Аббос розияллоҳу анҳу айтадилар: “Аллоҳ таоло (Аллоҳ таоло нозил қилган нарса билан ҳукм қилмаса, ўшалар кофирдир) ва (ўшалар золимдир) ва (ўшалар фосиқдир) оятларини Яҳудийларнинг икки тоифаси ҳақида нозил қилгандир”. деганлар. Мазкур оятни нозил қилиниш сабабини ўрганишда давом этадиган бўлсак ҳақиқатдан ҳам Яҳудийларнинг ичида зино содир этилиб унинг иштирокчиларини жазолашликка келганда Тавротдаги Аллоҳнинг зинокорларга белгилаган ҳукмини тарк этиб ўзлари ўйлаб топган ҳукм билан жазоламоқчи бўладилар ва бу борада росулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи васалламни айбдор қилмоқлик учун гўёки жазолашлик ҳаққини Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга ҳавола қиладилар. Аммо уларнинг бу ҳийлалари иш бермайди. Балки Росулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи васаллам Тавротда зинокорларга белгиланган “тошбўрон қилиш” ҳукмини қўллайдилар.

Хулоса қилиб айтадиган бўлсак бемазҳабларнинг мазкур ояти карима маънолари тўғрисида қилаётган даъволари мутлақо натўғридир. Биз юқорида қисқача келтириб ўтган маълумотларимиздан ҳам мазкур оятнинг маънолари ва ундан кўзланилган мақсад ва нима сабабдан нозил бўлганлиги ҳаммаси маълум бўлиб турибди. Бемазҳабларнинг ояти карималарнинг маънолари билан чуқур танишмасликлари балки, кўр-кўрона кимлардандир эшитган маълумотларга ишониб кетаверишлиги энг ачинарлиси (кўр ушлаганини қўймас) деганларидек бошқа маълумотларни қабул қилмасликлари ажабланарлидир. Бу ҳолат эса мусулмонларнинг ўртасида кўплаб фитналарга, қон тўкилишларга сабаб бўлишлигини наҳотки улар тушунмасалар. Мазкур тоифаларнинг уюштираётган фитналарининг бошланиши Ҳазрати Али розияллоҳу анҳунинг даврларидаги Хаворижларнинг бошлаган фитналарини давомидир. Шу ўринда Ҳазрати Али розияллоҳу анҳу Хаворижларга қарши жангга киришишларидан аввал Ибн Аббос розияллоҳу анҳуни улар билан илмий баҳс қилиб ҳидоятга чақирига юборганликлари тўғрисидаги ривоятни келтириб ўтайлик.

Ибни Аббос розияллоҳу анҳу қуйдагича ривоят қиладилар: “Мен уларни олдига етиб борганимда, эй ибни Аббос нима учун келдинг дедилар. Мен Росуллоҳ соллоллоҳу алайҳи васаллам асҳоблари амакисининг ўғли ва киёвининг хузуридан келдим дедим. Шунда улардан бир гуруҳи менга яқинлашишди. Мен уларга Росулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи васалламнинг асҳоблари ва амакисининг ўғлига қандай интиқом ва даъволаринг бор?” дедим. Улар учта нарсада дейишди. Мен: “Улар қайсилар?” дедим. Улар қуйидагилар:

Биринчидан: Аллоҳнинг динида кишиларни ҳакам қилдилар. Ваҳоланки Аллоҳ таоло: 

إِنِ الْحُكْمُ إِلَّا لِلَّهِ

“Ҳукм фақат Аллоҳнинг ўзига хосдир” (Анъом 57), деган. 

Ҳазрати Али эса ўзлари билан ҳазрати Муовиянинг ўртасидаги келишмовчиликларга Абу Мусо Ашъарийни ҳакам қилган;

Иккинчидан: Ҳазрати Али ўзига қарши тоифалар билан жанг қилди. Лекин улардан ғолиб келган ҳолатида уларни асирликка ҳам олмади ва молу дунёларини ўлжа ҳам қилмади. Ваҳоланки рақиблар кофир бўлганларида биз учун уларнинг қонлари ва моллари ҳалол эди. Агар улар мусулмон бўлсалар уларнинг қонлари биз учун харом қилинган;

Учинчидан: Али ўзини номини Амирал мўъмининликдан ўчирди. Агар у Амирал мўъминин бўлмаса, Амирул Кофирийн бўладику дедилар.

Мен уларнинг даъволарига қуйдагича жавоб бердим:

“Сизларни пайғамбарнинг суннатларидан айтган гапларингга Аллоҳнинг китоби билан раддия берсам айтган гапларингдан қайтасизларми? Улар – албатта қайтамиз дейишди. Шунда мен уларга Аллоҳ таоло Қуръони каримда дирҳамнинг тўртдан бир қийматига тўғри келадиган қуённинг баҳосини чиқармоқлик ҳукмини кишиларга ҳавола қилган.

يَا أَيُّهَا الَّذِينَ آمَنُوا لَا تَقْتُلُوا الصَّيْدَ وَأَنْتُمْ حُرُمٌ وَمَنْ قَتَلَهُ مِنْكُمْ مُتَعَمِّدًا فَجَزَاءٌ مِثْلُ مَا قَتَلَ مِنَ النَّعَمِ يَحْكُمُ بِهِ ذَوَا عَدْلٍ 

“Эй иймон келтирганлар! Эҳромдалик ҳолингизда овни ўлдирманг. Сиздан ким уни қасддан ўлдирса, жазоси сиздан икки одил киши ҳукмига мувофиқ” (Моида 95 оят).

Ва бошқа бир ояти каримасида аёллар ҳақида қуйдагича марҳамат қилади:

وَإِنْ خِفْتُمْ شِقَاقَ بَيْنِهِمَا فَابْعَثُوا حَكَمًا مِنْ أَهْلِهِ وَحَكَمًا مِنْ أَهْلِهَا.

“Агар икковларининг оралари бузилишидан қўрқсангиз, эрнинг аҳлидан бир ҳакам ва хотиннинг аҳлидан бир ҳакам ажратинг” (Нисо 35 оят).

Аллоҳнинг номи билан сизлардан сўрайман кишиларнинг ҳукми уларнинг қонлари ва моллари ҳақида ва ўзаро ўрталарини ислоҳ қилишлик борасида ҳақлими ёки қуённинг тўғрисидаги ҳукм ҳақлими? Улар - кишиларнинг қонлари тўғрисидаги ҳақлироқдир дедилар. Бу даъволаринга жавоб бердимми?”- дедим.

Улар ҳа деб тасдиқ этдилар. Кейин иккинчи даъволарига жавоб беришликка ўтдим. “Ҳазрати Али Куфада Оиша розияллоҳу анҳо ва у кишининг тарафдорлари билан жанг қилганлар холос. Энди ўйлаб кўринглар ўзларингни оналаринг бўлмиш Оиша розияллоҳу анҳони асир қилмоқчимисизлар ва бошқалардан ўлжа олганларинг каби улардан ҳам ўлжа олмоқчимисизлар.

Ваҳоланки Аллоҳ таоло:

النَّبِيُّ أَوْلَى بِالْمُؤْمِنِينَ مِنْ أَنْفُسِهِمْ وَأَزْوَاجُهُ أُمَّهَاتُهُمْ 

“Набий мўминлар учун ўзларидан кўра ҳақлидир. Унинг аёллари эса, уларнинг оналаридир.” (Аҳзоб 6 оят), деб марҳамат қилган.

Ушбу оятга мувофиқ 

Оиша розияллоҳу анҳо сизларнинг оналарингиз-ку. Агар ўзларинг даъво қилганларингдек иш қилсаларинг албатта кофир бўласизлар. Бу даъволарингга ҳам жавоб бердимми?”-дедим. Улар: “Ҳа” дедилар.

Энди учинчи даъволарингизга келадиган бўлсак “Росуллоҳ соллоллоҳу алайҳи васаллам Худайбия кунида қурайшликларни ўзлари билан уларни ўртасида сулҳ ёзмоқликка чақирдилар. Росуллоҳ соллоллоҳу алайҳи васаллам сулҳнинг котиби ҳазрати Алига қарата: “Муҳаммадур росулуллоҳдан деб ёз” дедилар. Шунда қурайшликлар Агар биз сени Росулуллоҳ деб эътироф этганимизда байтуллоҳни зиёратидан тўсмаган бўлур эдик. Шуниг учун: “Муҳаммад ибн Абдуллоҳдан” деб ёз дедилар. Росуллоҳ соллоллоҳу алайҳи васаллам котибга у айтгандек ёз дедилар.( Яъни Росулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи васаллам ушбу мактубда “Росулуллоҳ” эмас балки Муҳаммад Ибн Абдуллоҳ деб ёзилишига рози бўлдилар. Лекин бу қилган ишлари билан ўзларидаги нубувватни кетказдирганлари йўқ дедим. Сўнгра: “Бу саволларингизга ҳам жавоб бердимми?” дедим. Улар: “Ҳа” дедилар. Сўнгра улардан икки мингтаси қайтишди. Қолганлари эса залолатларида боқий қолдилар (имом Насаий ўзларининг Сунанул кубро китобларининг ҳазрати Али розияллоҳу анҳунинг хусусиятлари бобларида келтирган). 

Абдуллоҳ ибни Аббос розияллоҳу анҳу билан хаворижлар ўртасида бўлиб ўтган баҳсдан қуйдаги хулосаларни олишимиз мумкин: Қуръони карим оятларини ҳар бир гуруҳ ёки шахслар ўзларининг манфаатлари йўлидагина ёки ғояларини қувватлашлик учунгина фойдаланишлари мутлақо нотўғри. Қолаверса, бир ёки икки ояти крима билан бирданига бирор ҳукмни чиқариш ҳам хатарлидир. Балки бир мавзу ёки ҳукмга тегишли бўлган барча ояти карима ва ҳадиси шарифларни ўрганиб чиқишлик керак. Бунга эса ҳамманинг ҳам илми, маърифати етавермайди. “Менинг илмим етарли” деб даъво қилаётганлар эса одатда илм денгизидан бир қултим ҳам сув ичмаган саводсизлар бўлиб чиқади. Демак бу борада улуғларимиз, мужтаҳидларимиз, фақиҳларимиз тузиб тайёр қилиб кетган қоидаларга, ҳукмларга саркашлик қилмасдан амал қиладиган бўлсак тарихда бўлиб ўтган кўпгина фитна фасодлардан омонда бўламиз. 

Ўзингиз гувоҳи бўлганингиздек бир ояти кариманинг тафсирин ўзларининг ғаразли мақсадларини амалга оширишликда фойдаланганликлари туфайли чиққан фитна қанчадан-қанча улуғларни шу фитнанинг қурбонига айланишларига сабаб бўлди. Мазкур қурбонларнинг рўйҳатини бошларида албатта Ҳазрати Али ибн Абу толиб розияллоҳу анҳу турадилар. Энг ачинарлиси мазкур фитна алангаси ҳалигача сўнгани йўқ. Балки ҳар замон ва макон одатига мувофиқ Ҳазрати Али розияллоҳу анҳуга ўхшаб фитнани бостираман деган улуғларни ҳаётини ёндиришликда давом этаяпти. Зотан хозирги кунимизда ҳам ичларимизда тарихдаги Хаворижларнинг меросхўрлари бўлмиш турли-туман гуруҳлар ояти карималардан ўзларининг қуроллари сифатида фойдаланаяптилар. Аллоҳга ҳамду саноларимиз бўлсинки Ҳазрати Али розияллоҳу анҳуга меросхўр бўлиб фитналарга қарши курашаётган устозларимиз, аҳли илмларимиз ҳам кам эмас. Аллоҳ таолодан Мусулмонларнинг бирлиги, дин ривожи йўлида ҳар қандай машаққатларга қарамасдан фитна-фасодларга қарши курашаётган барча иштирокчиларга мувофақиятлар тилаб қоламиз. Омин! 


Тўхтабой жомеъ масжиди имом хатиби

Бегматов Исоқжон домла



Муаллиф
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Шоми шарифнинг Дамашқ шаҳрида истиқомат қилиб ўтган аллома фазилатли шайх Адийб Каллос айтадилар Жума куни жума намозидан олдин кўзи ожиз бир киши келиб, жума давоми...

2669 17:18 / 27.03.2017
Ислом дини илмга ундайди. Бу ҳаммага маълум, ойдек равшан, исбот талаб қилинмайдиган ҳақиқатдир. quotДин илмга қаршиquot дейилган уйдирма гап эса асоссиздир. Беҳаё ва давоми...

3319 09:12 / 17.03.2017
Илоҳи, қаламимға ҳамдинг рақамиға машғуллук берВа рақамимға халойиқ кўнглиға мақбуллуқ бер.Алишер НавоийИнсонга сўз неъматини иноят этган, Ўзининг Сўзи ила давоми...

2855 21:31 / 21.04.2017
Эй Аллоҳнинг қуллари, ўзаро биродар бўлинглар, барчангиз Одамнинг фарзандларисиз, Одам эса тупроқдандир. Арабнинг ажамдан устунлиги фақат тақводадир. Ҳазрати давоми...

3042 16:46 / 27.03.2017