1446 йил 21 жумадис сони | 2024 йил 23 декабрь, душанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Сиз юборган

Вақт ҳақида

15:21 / 22.04.2017 10396 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

ЁҚУТЛАР ТОПИЛАР ВАҚТЛАР БИЛАН,

ВАҚТЛАР ТОПИЛМАС ЁҚУТЛАР БИЛАН

Инсон ҳар тонг янги кунни қарши олар экан  унинг ихтиёрига 24 соат вақт берилади. Бу унга ҳар куни бериладиган 1440 дақиқа ёки 86400 сониялик фурсатдир. Ўтаётган вақтимиз ҳақида тафаккур қилиб кўрадиган бўлсак, соат милларининг "чиқ-чиқ"лари, аслида азиз умримизнинг тўхтовсиз парчаланиб кетаётган онлари эканини ҳис этамиз. Ушбу онлар бизнинг яхши ё ёмон амалларимизга гувоҳ бўлиб ўтиб бормоқда. 

Вақтга эътибор ўта муҳим бўлганидан, динимизда кўплаб тоат-ибодатлар аниқ вақтга белгилаб қўйилган. Бир кунда адо этиш лозим бўлган беш вақт намозга алоҳида-алоҳида вақт таъйин қилинган. Уларни жамлаб бир вақтнинг ўзида адо этиш мумкин эмас. Чунки уларни белгиланган вақтда адо этиш фарздир. Бу эса вақтнинг аҳамиятли эканини билдиради.

Рўза тутиш ҳам аниқ вақтга, Рамазон ойига белгилаб қўйилган. Шу ойдан бошқа йилнинг ҳамма ойларида рўза тутилса ҳам, Рамазон рўзасининг ўрнига ўтмайди. Чунки Рамазон рўзаси бўлиши учун шариатда белгиланган аниқ вақтда рўза тутиш шарт. Бу ҳам вақтнинг аҳамиятли эканини билдиради.  

Ҳаж ибодатини адо этишда ҳам аниқ вақт, яъни, арафа куни Арофатда туриш белгилаб қўйилган. Шу вақтдан бошқа йилнинг бошқа ҳамма кунида Арофат тоғида турилса ҳам, ҳаж ҳисобланмайди. Чунки ҳаж бўлиши учун шариатда белгиланган аниқ вақтда Арофат тоғида туриш шарт. Бу ҳам вақтнинг аҳамиятли эканидандир.  

Қурбонлик қилишнинг ҳам аниқ вақти белгилаб қўйилган. Уч кун ичида сўйилмаса, кейин сўйгани қурбонликка ўтмайди. Чунки қурбонлик бўлиши учун шариатда белгиланган аниқ вақтда қурбонлик қилиш шарт. Бу ҳам вақтнинг аҳамиятли эканидандир.  

Бу рўйхатни яна узоқ давом этказиш мумкин. Динимизда ибодатларнинг аниқ вақтлари таъйин қилиб қўйилгани мусулмон кишини вақтга риоя қилишга ҳамда қатъий тартиб ва интизом билан яшашга ўргатади. Шунинг учун ҳам доно халқимиз вақтга эътиборли бўлишни таъкидлаб шундай деганлар:

Ҳар бир ишнинг вақти бор,

 вақт билганнинг бахти ёр.

Қуръони каримнинг кўплаб оятларида вақтнинг қийматини ва аҳамиятини билдириб тун, кундуз, тонг, субҳидам, шафақ, чошгоҳ ва аср вақтлари билан қасамёд этилган. 

Агар вақтнинг аҳамияти ҳақида тафаккур қиладиган бўлсак, уларнинг нақадар ғанимат лаҳзалар эканлиги кўз ўнгимизда намоён бўлади:

Ўтиб кетган вақт ҳеч қачон қайтмайди ва унинг ўрнини ҳам тўлдириб бўлмайди

Ўтаётган ҳар бир вақт инсон ҳаётининг бир қисмидир. У қиёмат куни инсоннинг фойдасига ё зарарига гувоҳлик беради. Шунинг учун мусулмон киши ўтказаётган вақтини зийрак тижоратчи каби сарҳисоб қилиб бориши лозим. Ҳар кун, ҳафта, ой ва йилда мусулмон киши ўтаётган вақтида нимадан фойда кўргани, нимадан зарар кўргани, фойда қанча бўлгани, зарар қанча бўлгани, фойда нима сабабли бўлгани, нима сабабли зарар кўрганини сарҳисоб қилиб, фойдани ошириб, зарарни йўқотишга уриниб бориши лозим. Чунки тижоратчи йўқотган молини яна ортиғи билан қўлга киритиши мумкин. Аммо вақтини йўқотган инсон эса уни  қайта қўлга киритиши асло мумкин эмас. 

 Уламолар ўтаётган вақт ҳақида шундай деганлар: "вақт бетараф бўлмайди, ё сенга қадрдон дўст ёки ашаддий рақиб бўлади". Яъни ўтган вақт инсоннинг ё фойдасига ёки зарарига ҳужжат бўлади. 

Ҳасан Басрий роҳматуллоҳи алайҳ шундай деганлар: Бошланаётган ҳар бир кун шундай нидо қилади: “ Эй одам боласи, мен янги кунман, сенинг амалинга гувоҳман, мендан фойдаланиб қол, агар ўтиб кетсам қиёмат кунигача қайтмайман”. 

Кунлар жуда тез ўтиб кетади

Кунларнинг жуда тез ўтиб кетаётгани инсоннинг дақиқа сайин ўткинчи дунёдан тезлик билан ўтиб кетаётганини англатади. Ғам ташвишли пайтларда кунлар секин ўтаётгандек туюлсада, аслида жуда тез ўтаётган бўлади. Унинг жуда тез ўтиб кетаётгани касаллик ва ғам ташвишлардан холи бўлган, шоду хуррам пайтларда аниқ билиниб қолади. Бу ҳақда ҳикматли шеърда шундай дейилган:  

Ғамгин пайтда қисқа кун ҳам ўтмайди

Шодлик вақтда  узун кунлар етмайди.

Умар ибн Абдулазиз роҳматуллоҳи алайҳ кеча ва кундузнинг инсон танасига лаҳзама-лаҳза таъсирини ўтказиб бораётганини баён қилиб шундай деганлар:"кеча ва кундуз сенда ўз ишини бажаряпди, сен ҳам уларда ишингни бажариб олгин!". 

 Умар ибн Абдулазиз роҳматуллоҳи алайҳ ишнинг кўплигидан сал ҳорғин кўринганларида яқинлари у зотга ачинганларидан: " бу ишингизни эртага қолдира қолинг", дейишибди. Шунда у зот: "бир куннинг иши оғир келмоқдаку, икки куннинг иши тўпланиб қолса, қандай бажараман" деб жавоб берган эканлар.

Бугунги кунимизда зарур  нарса билан машғул бўлиш ўрнига бошқа бекорчи нарсаларга ўралашиб қолиш кўзга ташланиб қолди. Аслида қанчадан-қанча қулайликлар вужудга келган ҳозирги замонда олдингиларга қараганда кўпроқ нарсаларга эришиш мумкин. Лекин вақтдан аёвсиз нотўғри фойдаланиш сабабли кўпгина зарур нарсаларга "вақт етмай қоляпти". Яхши ишларни бажаришга "вақт топа олмаётганлар" аслида вақтга беэтибор кимсалардир. Чунки ишларини режали равишда бажариб, "вақт топа олаётганлар" йўқ эмас. Доно хақимизнинг ҳикматли сўзи бор:

Зарурмас ўринга молин сарфлаган,

Энг зарур ўринга мол топа олмас.

Худди шу сингари кераксиз нарсаларга вақт сарфлаганлар керакли ўринларга вақт топа олмасликлари аниқдир. Чунки вақт ҳаммага бир хил тақсимлаб берилган. Киши уни ўз ихтиёри билан "лозим топган" жойига сарфлайди. 

Инсон ўтказаётган вақти ҳисоб китобли эканини унутмаслиги лозим.  Қуръони каримда бу ҳақида шундай хабар берилган:

وَمَنْ نُعَمِّرْهُ نُنَكِّسْهُ فِي الْخَلْقِ أَفَلَا يَعْقِلُونَ 

Биз кимгa узoқ умр бeрсaк, унинг вужудини xaм (эгик, зaиф) қилиб қўюрмиз. Axир, aқл юргизмaйдилaрми?!

Демак, умр ўтказаётган одам ақл юргизиши, амалдан ожиз қоладиган кун келмасдан олдин хайрли амалларни қилиб олишга шошилиш лозим. Зеро динимизда буюрилган амаллар қариб, қартайиб ибодат қилишга ёки гуноҳ қилишга қуввати қолмагандан кейин бажариладиган амаллар эмас.

Кекса олимлардан бири ёшларга шундай насиҳат қилган экан:"иш қобилиятингни йўқотмасдан олдин ишлаб қол, чунки мен бугун ишлашни хоҳлайман, лекин унга қодир эмасман".

Умр маълум вақтгача белгилаб берилган

 Дунёга келган ҳар бир инсоннинг умри вақт кўринишида тўхтовсиз ўтиб боради. Бу дунёдан кетиш муддати етганда унга бўйсиниб дунёни ташлаб кетишдан ўзга чора қолмайди. Кетиш вақтнинг эса бугунми эртами қачон келиши инсонга номаълум. Деярли ҳар куни "фалончи вафот этибди" деган хабарни эшитамиз. Бир кун келиб биз ҳақимизда ҳам "фалончи вафот этибди" дейилади. Ўша кунда одамлар: "фалончи нима қолдирибди?" дейишса, фаришталар: "фалончи нима олиб келибди?" дейишади. Ўша вақтда эса дунё биздан бўшаб қолган, бизнинг эса охиратимиз бошланган бўлади.

Ҳа, ўтаётган ҳар бир соат, ҳар бир дақиқа ажал келиши мумкин бўлган вақтдир. Ўтиб кетган кунлар эса унинг яқин қолганидан даракдир. Шунинг учун  ўтаётган ҳар бир кун амал қилиб қолишга ва умрни ғанимат билишга ундаб, гўё шундай нидо қилади: “ Эй одам боласи сен кунлардан иборатсан ҳар бир кун ўтганда сенинг ҳам бир қисминг кетган бўлади. Ўзинг билмаган ҳолатда сенинг бир қисмининг ўтиб кетибдими, демак бутунлай кетишинга ҳам фурсат оз қолибди. Билгинки “бугун амал бор ҳисоб йўқ, эртага ҳисоб бор амал йўқдир” . 

 Дунё ҳаёти бир кундек бўлиб ўтиб боради. Чунки кечаги кун ўтиб кетган кун, эртанги кун эса ҳали келмаган. Инсон амал қиладиган асосий кун эса бугунидир. Ҳикматли шеърда бу ҳақида шундай дейилган:

Ўтмиш ўтиб кетди келажак орзу

Ўзинг турган соатга қилавер ружу.  

Ҳасан Басрий роҳматуллоҳи алайҳ бугунги кундан фойдаланиб қолишга ундаб шундай деганлар: "Эй одам боласи, ибодатни ортга суриш қачонгача давом этади. Сен бугунги кунинг учунсан, эртанги кун учун эмассан (шунинг учун бугун ибодат қилиб ол). Агар сенга эртанги кун ҳам насиб қилса, бугун ибодат қилганинг каби яна ибодат қилиб ол. Агар сенга эртанги кун насиб қилмаса, ўтказиб юборган бугунинг учун пушаймон емагин. Мен шундай қавмларни учратганманки, улар динору-дирҳамидан кўра вақтларини кўпроқ қизғанар эдилар". 

Фузайл ибн Иёз роҳматуллоҳи алайҳ ёшу-қари дўстлари билан бирга ўтириб, уларга насиҳат қилиб, шундай деган эканлар: эй, ёшлар жамоаси, қанчадан-қанча экинларга ҳали пишмасдан офат етган, эй, қарилар жамоаси, экинлар пишганидан кейин эса йиғиб олинади. Сизлар нимани кутмоқдасизлар? Қайси узрни баҳона қиласизлар? Агар амалларингиздан хабардор Роббингиз: “Axир, биз сизлaргa эслaтмa oлaдигaн киши эслaтмa oлгудeк узун умр бeрмaгaнмидик?! сизлaргa oгoҳлaнтирувчи (пaйғaмбaр) ҳaм кeлгaн эди-ку!”, деб сизларни сўроққа тутса, ёшу-қариларингиз нима деб жавоб берасиз?

Вақт бу инсон эга бўлган энг нафис, энг бебаҳо неъматдир

Бу “Вақт олтиндек қимматлидир” дегани эмас, балки “Вақт олтиндан қимматлидир” деганидир. Чунки вақт бу ҳаётдир, ҳаётнинг эса олтиндан қимматли экани ҳеч кимга сир эмас. Қолаверса  йўқотилган олтину бойликларни яна қайта қўлга киритиш мумкин, йўқотилган вақтни эса  асло қайта қўлга киритиб бўлмайди.  Бу ҳақида ҳикматли шеърда шундай дейилган:

اَلْيَوَاقِيتُ تُوجَدُ بِالْمَوَاقِيتِ         وَ الْمَوَاقِيتُ لاَ تُوجَدُ بِالْيَوَاقِيتِ 

Ёқутлар топилар вақтлар билан 

Вақтлар топилмас ёқутлар билан.  

Ҳа, вақт сотиб олса бўладиган мато эмас, балки инсонга фақат бир марта бериладиган имкониятдир.

Али Тантовий айтадилар: бир куни шайх Жамол Қосимий кераксиз нарсалар билан вақтларини зое қилаётган йигитларнинг ёнларидан ўтаётиб афсус билан: "Эҳ, қани энди вақт сотилганида албатта шуларнинг вақтларини сотиб олган бўлардим", деб айтган эканлар. 

Инсон ҳаётида лаҳзаларнинг ҳам нақадар аҳамиятли эканини бир, ҳатто ярим сония сабабли ғолибликдан маҳрум бўлган мусобақачилар яққол ҳис этадилар. 

Ҳадиси шарифларда ушбу бебаҳо неъматнинг қадрига етишга ундаб эрта туришга тарғиб қилинган. Чунки эрталаб барвақт ишга киришиш, вақтни муҳофаза қилишга ва куннинг қолган қисмидаги ишлар ҳам баракали бўлишига сабаб бўлади. Абу Зарр Ғифорий розияллоҳу анҳу бу ҳақида шундай деганлар: "кунинг туя кабидир, бошини ушлаб олсанг, орқаси эргашиб келаверади". Яъни, бу сўзлари билан кун яхши ишлар билан бошланса, қолган қисми ҳам яхши ишлар билан давом этишига ишора қилганлар.  

Энг бебаҳо неъматнинг қадрига етмайдиганлар кўпчиликни ташкил этадилар

 Вақт шунчалик қиммат ва бебаҳо бўлишига қарамасдан кўпчилик инсонлар унинг бу қийматини ҳис этмайдилар, натижада ундан фойдаланиб қолиш учун эмас балки уни зое қилиб йўқотиш учун мусобақалашадилар. Бундай “мусобақачилар” унинг бебаҳо улушидан маҳрум инсонлардир. Бу ҳақда ҳадиси шарифда қуйдагича баён қилинган:  

عَنْ ابْنِ عَبَّاسٍ رَضِيَ اللَّهُ عَنْهُمَا قَالَ قَالَ النَّبِيُّ  نِعْمَتَانِ مَغْبُونٌ فِيهِمَا كَثِيرٌ مِنْ النَّاسِ الصِّحَّةُ وَالْفَرَاغُ     رَوَاهُ الْبُخَارِىُّ 

 Ибн Аббос розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинади: Набий соллаллоҳу алайҳи  васаллам дедилар: Икки неъмат борки кўп инсонлар улардан маҳрумдирлар, (Улар): Соғломлик ва бўш вақтдир.  Бухорий ривояти.

 Инсон гоҳида соғлом бўлсада, оғир меҳнат билан банд бўлганлиги сабабли фазилатли амалларни ўзлаштириш учун фурсат топа олмайди. Баъзида эса оғир меҳнатлардан қутулган бўлса ҳам, унинг соғлиги йўқ бўлади. Агар бир инсоннинг соғлиги ҳам, бўш вақти ҳам бўлса-ю, фазилатларга эришиб қолишга ҳаракат қилмаса, унинг ана шу дангасалиги  улардаги улушдан маҳрумликдир. Зеро, ҳар хил тўсиқларга тўла ва  қисқагина умрдан имкон қадар фойдаланиб қолмасдан беҳуда ўтказиб юбориш энг қимматли  улушдан бенасиб қолишдир.

Бугунги кунда вақтни беҳуда нарсаларга сарфлаш оддий ҳол бўлиб қолгани ҳеч кимга сир эмас. “Фалон жойда янги ошхона очилибди”, дейилса, вақтини исроф қилаётганига парво ҳам қилмай янги ошхонани зиёрат қилишга отланадиганлар, ҳатто овқатланиб келиш учун шаҳар ташқарисига ёки бошқа шаҳарларга ҳам бориб келадиганлар борлиги ҳақиқатдир. Аслида инсон ейиш учун яшаши билан эмас, яшаш учун ейиши билан бошқа жониворлардан фарқланиб турмасмиди?

“Бир марта келадиган дунёда ўйнаб, кулиб юриб қолиш”ни айтиб, шу "ташвиш" билан яшаётганларга уламолар қуйидагича насиҳат қилганлар:

 "Аслида бир марта келадиган бўлганимиз учун амал қилиб қолишимиз лозим. Чунки бизга абадий роҳат-фароғатни қўлга киритиш учун фақат бир марта дунёда туриш муддатигина имконият қилиб берилган. Ушбу бир марталик имкониятни вақтинчалик нарсаларга чалғиб қўлдан бой бериш ақлли инсонларнинг иши эмас". 

Қуръони каримда ҳар бир киши эртанги кун учун қандай амал қилганига қараш буюрилган:

يَا أَيُّهَا الَّذِينَ آمَنُوا اتَّقُوا اللَّهَ وَلْتَنْظُرْ نَفْسٌ مَا قَدَّمَتْ لِغَدٍ وَاتَّقُوا اللَّهَ إِنَّ اللَّهَ خَبِيرٌ بِمَا تَعْمَلُونَ 

 “Эй, имoн кeлтиргaнлaр, Aллoҳдaн қўрқинглaр вa (ҳaр бир) жoн (эгaси) эртaнги кун (қиёмaт) учун нимaни (қaндaй aмaлни) тaқдим этгaнигa қaрaсин! Aллoҳдaн қўрқинглaр! Aлбaттa, Aллoҳ қилaётгaн aмaллaрингиздaн xaбaрдoрдир. 

Ушбу оятда қиёмат куни эртанги кун, деб хабар берилган. Эътибор бериладиган бўлса, ҳамманинг ўтказган умри кечагидек кўз олдида туради.   Қиёмат ҳам оятда хабар берилгани сингари эртадек келиб қолади.

Уламолар мусулмон кишининг вақти доимо уч амалдан бирига сарфланишини баён қилганлар:

1. Фарз амалларга. Беш вақт намоз, Рамазон рўзаси, оила нафақаси учун касб-кор қилиш ва ҳаром ишлардан тийилиш каби шариатдаги барча буюруқ ва қайтариқларни бажаришга сарфланади. 

2. Суннат ва мустаҳаблар амалларга. Қуръон тиловатини кўпайтириш, Аллоҳни кўп зикр қилиш, қариндошлар ва қўни-қўшнилар билан борди-келди қилиш, беморлар ва етим-есирларнинг ҳолидан хабар олиш сингари шариатда тавсия қилинган барча амалларни адо этишга сарфланади. 

3. Мубоҳ амалларга. Овқатланиш, дам олиш, шариатда рухсат берилган ўйинларни ўйнаш каби амалларга сарфланади. 

Ушбу мубоҳ амалларни бажаришда  фарз ва суннат амалларга куч-қувват йиғиб олиш ният қилинса, мубоҳ амал туфайли ҳам савобга эга бўлинади.  Абдуллоҳ ибн Умар розияллоҳу анҳу шундай деганлар: "тунни қоим қилиб савоб умид қилганим сингари, ухлашимдан ҳам савоб умид қиламан".

Мусулмон киши учун вақтнинг тўртинчи бўлаги бўлмайди. Тўртинчиси ҳаддан ошишдир. Ким ҳаддан ошса, ўзига зулм қилган бўлади.

Вақтга эътиборли бўлиш муҳимлиги баён этилар экан, ўртача етмиш беш йиллик умр таҳлил қилиб кўриладиган бўлса, асосий вақт нималарга сарфланиши яққол намоён бўлади:

1.    Ўн беш йил атрофидаги вақт болалик ва ўсмирлик билан ўтади.

2.    Агар бир суткада саккиз соатдан ухланса, йигирма беш йил умр уйқу билан ўтади. 

3.    Агар бир суткада саккиз соат касб-кор билан машғул бўлса, йигирма беш йил умр ишлашга сарфланган бўлади. 

4.      Агар бир суткада уч маҳал овқатланса, ҳар овқатланишига ярим соатдан вақт сарфласа, тўрт ярим йилдан ортиқ умр овқатланишга кетади. 

5.    Қолган беш йилдан ортиқ умр ҳамманинг ўзи яхши кўрган севимли машғулотларига сарфланади.  

Мазкур ишларнинг барчаси ният билан адо этиш туфайли ибодатга айланиши мумкин. Бу эса, мусулмон кишида етмиш беш йиллик умрни дақиқа-ю сонияларигача тўлиқ ибодатга айлантириб олиш имкони бор, деганидир. Шунинг учун ҳар бир мусулмон киши доимо  ўтаётган кунида қанча фарз ва вожиб, суннату-мустаҳаб амалларни, ота-она, қариндошлар, қўни-қўшни, юрт-ватан ҳақларини ва ҳакозо шариат талаб қилган амаларни ният билан бажарганини сарҳисоб қилиб бориши лозим. Ўтаётган  ҳар бир вақт ҳисоб-китоблидир.

Аллоҳ таолодан ўтказаётган кунларимизни хайр-баракали қилишини, бугунимизни кечамиздан, эртамизни эса бугунимиздан афзал қилишини сўраймиз.

Оламлар Роббисига ҳамду санолар, Пайғамбаримиз Муҳаммад мустафога салавот ва саломлар бўлсин! 


Қудратуллоҳ Сидиқметов

Абдулқодир Пардаев



Муаллиф
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Бутун инсониятни яратиб, уларга қандай яшашни таълим берган Аллоҳ таолога ҳамду санолар ва ўз хулқи билан бутун инсониятга намуна бўлган Расулуллоҳ соллаллоҳу давоми...

5594 19:54 / 22.04.2017
Ҳалқимизда маййит чиққан хонадон эгаларининг зиёфат уюштириб дастурҳон ёзиш одати, марҳумлар хотирасига бағишланган маърака ва маросимлар ўтказиш анаъанаси давоми...

3573 15:42 / 22.04.2017
Салаф солиҳларнинг ҳаётига назар ташлайдиган бўлсак, улар суннатга амал қилиш борасида бизга гўзал намуна бўлишган. Аҳмад ибн Ҳанбал раҳматуллоҳи алайҳ quotҚайси давоми...

2440 11:45 / 27.03.2017
Аллоҳ таоло жаноб пайғамбаримиз Муҳаммад Мустафо сав воситалари орқали сиз билан бизга жорий қилган шариати исломия таълимоти бўйича бизлар Ҳақ таолога барча давоми...

3146 15:36 / 24.03.2017