1446 йил 21 жумадис сони | 2024 йил 23 декабрь, душанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Сиз юборган

Поклик – саодат калитидир

21:40 / 21.04.2017 3307 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Поклик – саодат калитидир 

Бисмиллаҳир роҳманир роҳийм! 

«Оламларнинг Робби – Аллоҳ покдир!» 

Намл сураси, 8-оят

 

Ўзи пок, Сўзи пок, дини пок Роббимиз Аллоҳ ҳақ субҳанаҳу ва таолога ҳамду санолар бўлсин!

Пок диннинг пок Пайғамбари ҳазрати Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламга покиза дуруду салавотлар бўлсин!

Биз ғоятда бахтли инсонлармиз. Зеро, бизни Аллоҳ таоло Ўзига банда бўлишга лойиқ кўрди, Ўзининг сўнгги ва мукаммал каломи нозил қилинган сўнгги Пайғамбарига уммат қилди, мусулмон диёрда, мусулмон оилада мусулмон қилиб дунёга келтирди. Дунёга келиб, ақлимизни танигач, оқ-қорани ажратадиган бўлгачгина бу неъматларнинг нақадар улуғлигини, шукрини адо қилиб бўлмас даражада бениҳоялигини англаб етдик. Бу дунёда ширк, куфр, нифоқ, ҳасад, ёлғон, хиёнат каби улкан гуноҳлар борлигини, бидъат-хурофот, шубҳа-гумон, ирим-сирим каби маъсиятлар, жаҳолатлар борлигини кўргачгина, Аллоҳ таоло бизни ҳали дунёга келмасимиздан бу каби иллатлардан поклаб қўйганини тушундик. Ана поклик туфайли ўзимизни дунёдаги энг бахтли инсонлармиз деб баралла айта оламиз. Хўш, поклик нима ўзи? Келинг, бугун ана шу гўзал тушунча ҳақида суҳбат қилайлик.

Поклик, тозалик деган сўзларнинг луғавий маъноси барчамизга маълум. Улар ҳеч қандай кир, зарар ва шу каби салбий таъсирлар аралашмаган ҳолат ёки нарсани англатади. Тоза сув деганда ранги, ҳиди, таъми ўзгармаган сув тушунилса, покиза либос деганда тоза ювилган, доғ тегмаган кийим тушунилади ва ҳоказо. Буларнинг барчаси моддий тозаликдир. Аммо маънавий поклик ҳам борки, бу поклик инсоннинг ички дунёсида, қалбида, руҳида бўлади. Инсоннинг асли, жавҳари, унинг жисмини, ҳатти-ҳаракатларини бошқариб турувчи масдар эса руҳдир. Демак, унинг моддий поклиги ҳам маънавий покликдан келиб чиқади. Шунинг учун поклик деганда фақат моддий ёки фақат маънавий покликни кескин ажратиб бўлмайди.

Ҳақиқий поклик, ҳам моддий, ҳам маънавий покликнинг қандай бўлишини эса бизга муқаддас Ислом динимиз ўргатади. Зеро, Исломнинг ўзи поклик асосида бунёд бўлгандир. Шунинг учун биз покликни бу диннинг икки масдари – пок Парвардигоримизнинг Каломи ҳамда Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг суннатларидан ўрганамиз.

Ислом дини инсондан ҳам маънавий, ҳам моддий покликни талаб қилувчи илоҳий таълимотдир. Масалан, бир буюмга, махлуққа эмас, ўзига ўхшаган бир гуноҳкор бандага эмас, балки ўзини ҳам, бутун борлиқни ҳам яратган Роббига ибодат қилиш маънавий поклик бўлса, бу ибодатни нажосат теккан аҳволда, нопок кийимда, ифлос жойда эмас, покиза жисм билан, топ-тоза либос билан, покиза жойда адо этиш моддий покликдир.

Худди шунингдек, ҳалол йўл билан топилган пулга ҳалол луқма ейиш, жисмоний эҳтиёжларни ҳалол йўл билан қондириш, бир одамга ғараз ёки бошқа нопок мақсадлар билан эмас, холис, пок ният билан яхшилик қилиш, хайр-эҳсон қилиш, бу ибодатларни миннат, риё каби иллатлардан пок сақлаш ҳам покликдир.

Исломнинг беш устунидан ҳар бири чинакам поклик рамзидир. Иймон – қалбни ширк ва куфрдан, шубҳадан поклашдир. Таҳорат, ғусл ва таяммум жисмни кирдан, чанг-ғубордан, нажосатдан поклашдир. Намоз – ўз-ўзини фаҳшу мункар ишлардан поклашдир. Рўза – қалбни маъсиятлардан, жисмни исрофдан поклашдир. Закот – мол-мулкни муҳтожларнинг ҳаққидан поклашдир. Ҳаж ва умра – инсоннинг борлиғини бу дунёнинг ўткинчи ташвишларидан поклашдир.

Аллоҳ таоло Ўзининг бениҳоя ҳикмати билан бандаларини покланишга чақирган экан, бу покликка ҳар қандай замонда, ҳар қандай маконда риоя қилиш лозим ва лобуддир. Баданни пок тутиш ҳам, уйни тоза тутиш ҳам, табиатни, атроф-муҳитни тоза сақлаш ҳам поклик бўлганидек, ёлғон, ҳасад, ғийбат каби маънавий иллатларни, ўғрилик, рибохўрлик, порахўрлик, ичкилибозлик, гиёҳвандлик, одам савдоси, қотиллик, фитна-фасод каби гуноҳларни тарк қилиш ҳам покликдир.

Катта бўлсин, кичик бўлсин, ҳар қандай миқёсдаги поклик мисли кўрилмаган хайр-барака сабаб бўлганидек, нопоклик ҳам умумбашарий қирғинларга, офатларга, ўлатларга сабаб бўлади.

Жисмини, либосини, уйини пок тутган инсон соғлом бўлади, нияти пок, меҳнати ҳалол кишининг топган-тутганига барака киради, эл-юрт ичида ҳурмати баланд бўлади, турмуши осуда, ҳаёти мазмунли ўтади.

Аҳвол аксинча бўлса, бунинг оқибати қанчалик оғир бўлиши барчага маълум. Замонавий илм-фан ривожи туфайли маълум бўлдики, касалликларнинг деярли барчаси нопоклик туфайли тарқалар экан. Ёмон ниятли одам эса ахийри ўзининг бошини ер экан. Бугунги кунда аср вабоси деб номланган даҳшатли касаллик – ОИТС маънавий нопокликдан келиб чиқани фикримизнинг ёрқин далилидир. Аслида бундай касаллик пайдо бўлишининг ўзи инсон зоти учун шармандаликдир. Чунки коинотга парвоз қилаётган, симсиз алоқани кашф қилиб, бутун дунёни улкан ахборот омборига, мулоқот майдонига айлантираётган инсон ўзининг тийиқсиз нафсини жиловлай олмай, ўзининг аслиятига зид бўлган разолат ботқоғига ботиб, оқибатда ота-боболарининг етти ухлаб тушига кирмаган бедаво дардга чалиниб ўтирибди. Ваҳоланки, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам маънавий покликнинг ҳаё, ибо, иффат каби кўринишларидан узоқлашишнинг ана шундай оқибатларга олиб келиши ҳақида ўн тўрт аср муқаддам огоҳлантирган эдилар.

Дунёдаги биринчи қотилликка ҳам айнан маънавий нопоклик – ҳасад сабаб бўлган. Минг афсуски, бу нопоклик ҳамон инсониятнинг умрига эгов бўлиб келмоқда. Бугунги кунга келиб, Ойга, Марсга сунъий йўлдош учираётган, инсон аъзоларини кўчириб ўтказаётган инсон ўз қўли билан мисли кўрилмаган қудратга эга оммавий қирғин қуролини ясаб қўйиб, энди уни йўқота олмай ўтирибди.

Ўзи ўтирган шохни арралаётган жоҳил инсон табиатни пайҳон қилиб, нафақат ўзи яшаётган тупроқни, ўзи ичаётган сувни, ҳатто ўзи нафас олаётган ҳавони ҳам ифлослантириб, атроф-муҳитни экологик ҳалокат ёқасига келтириб қўйди. Ваҳоланки динимизда исроф тақиқланган, ҳатто дарёнинг ёқасида ўтирган одамга ҳам таҳорат қилишда сувни исроф қилмаслик буюрилган. Бўлмаса, таҳорат олишга қанча сув кетар эди? Шу озгина сув билан бутун бошли дарёнинг сув камайиб қолармиди? Демак, бу илоҳий кўрсатмани рамзий маънода англашимиз керак экан. Аллоҳ таоло «Шукр қилинглар, зиёда қиламан» деб марҳамат қилган. Неъматнинг шукри қандай бўлади? Фақат тилда шукр айтиш, бу неъматни бизга ким берганини эътироф қилиш биланми? Йўқ, албатта. Ҳақиқий шукрона «Енглар, ичинглар, лекин исроф қилманглар» деган оятга амал қилиш билан камолига етади. Йўқолиб бораётган ҳайвонот, наботот дунёси, ичимлик суви танқислиги дунё миқёсидаги бир неча асрлик исрофнинг оқибатидир.

Бугунги кунда турли сиёсий, миллий ва ҳатто диний сабаблар рўкач қилинаётган қонли урушларнинг асл сабаби ҳам мисли кўрилмаган исрофгарчилик туфайли камайиб бораётган қувват ва ёқилғи заҳираларидир. Аллоҳ таоло бу ҳад-ҳисобсиз ер усти ва ер ости бойликларини инсон бир-бирининг кўзини ўйиб, талашиб-тортиши, талон-тарож қилиши учун бермаган эди, балки уни тежамкорлик билан, оқилона тасарруф қилиш, тинчлик, бунёдкорлик мақсадларида фойдаланиш учун ато этган эди. Буни қарангки, моддий ва маънавий покликка риоя қилмаслик бевосита ва билвосита ана шундай хатарли, аянчли оқибатларга олиб келар экан. Бир сўз билан айтганда, буларнинг барчаси сизу бизга бу ажиб дунёни яратиб берган пок Роббимиз Аллоҳ таолонинг биргина амрига – покликка риоя қилмаганимизнинг оқибатидир. Поклик ана шундай оламшумул аҳамиятга молик масаладир.

Албатта, бир муаммонинг сабабларини аниқлаш, унинг оқибатларини кўрсатиб бериш яхши. Аммо энг муҳими бу муаммонинг ечимларини топиш ва уни бевосита амалга оширишдир. Шундай экан, бу борада биз мусулмонлар, буюк алломалар юрти бўлмиш жаннатмакон Ватанимиз фуқаролари нима қилишимиз керак? Бизнинг вазифамиз – бу борадаги ислоҳни аввало ўзимиздан, ўз оиламиз, маҳалламиздан бошлашдир. Бунинг учун оилада фарзандларни маънавий ва моддий тозаликка, покликка ўргатишимиз, аввало қалбни, ниятни, мақсадни пок қилиш, қолаверса, жисмини, либосини, уй-жойини, маҳалласини, юртини покиза, кўркам, озода тутиш, табиатдан, атроф-муҳитдан тежамли, оқилона фойдаланиш ва уни келажак авлодлар учун авайлаб-асраш руҳида тарбиялашимиз лозим. Бунинг учун халқимизнинг минг йиллик миллий-маънавий қадриятларидан, урф-одатларидан унумли фойдаланишимиз, ўғил-қизларимизни дину диёнатли, инсофли, мустақил фикрли, ғайратли, шижоатли ва бунёдкор инсонлар қилиб тарбиялашимиз керак.

Аллоҳ таоло барчамизни ҳам маънавий, ҳам моддий покласин, неъматларининг шукрини адо этишимизни, ҳузурига соғлом қалб, покиза виждон билан боришимизни насиб айласин, омин!


Раҳматуллоҳ САЙФУДДИНОВ

Юнусобод тумани бош имом-хатиби,

Тошкент Ислом Институти ўқитувчиси,

«Мирза Юсуф» жоме масжиди имом-хатиби

 

Муаллиф
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
...Бу mdash ақл, қалб, кўз, қулоқни ҳидоят йўлида ишлатмаган жоҳиллар ҳақидаги оятлар эди. Аллоҳ умрида ҳидоят таъмини татимаган жоҳилларни чорва ҳайвонларига давоми...

4359 17:46 / 17.03.2017
Аллоҳ Таоло қудсий ҳадисда бундай марҳамат қилган Мени бандам қандай гумон қилса, Мен шундайман. Мени зикр қилганида, у билан биргаман. Агар ёлғиз ўзи зикр қилса, давоми...

2721 11:48 / 27.03.2017
Аллоҳ таъолога беадад ҳамду саноларимиз ва Пайғамбаримиз Муҳаммад саллоллоҳу алайҳи васалламга эса беҳисоб саловоту дурудларимиз бўлсин.Ҳақлар икки турга давоми...

3046 20:28 / 21.04.2017
Инсон дунёга келар экан кимнингдир меҳрига, эътиборига муҳтож бўлиб яшайди. Ҳақиқий инсон кимдандир меҳр кўриб тасалли топса, кимгадир меҳр бериб хушнуд бўлади. давоми...

2798 16:44 / 27.03.2017