1446 йил 20 жумадул аввал | 2024 йил 22 ноябрь, жума
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Ақийда

Аллоҳнинг гўзал исмлари. Ал-Басит (22)

16:26 / 09.11.2017 13321 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Ал-Басит – руҳларни кенгликка қўйиб юборувчи, хоҳлаганига ризқни кенг қилиб қўювчи, қалбларни кенг қилувчи Зот демакдир..

«(Ҳобил деди) «Қасамки, сен мени ўлдириш учун қўл чўзсанг ҳам, мен сени ўлдириш учун қўл чўзгувчи эмасман» (Моида сураси, 28‑оят).

Ушбу оятдаги «баст», яъни қўлни чўзмоқ, қўл узатмоқ феъли ояти карималарда қуйидаги маъноларда келган:

1. Талаб маъносида: 

«Ҳақ даъвати У Зотникидир. Ундан ўзгага дуо қилаётганларга эса ҳеч бир нарсада ижобат этмаслар. Улар икки кафтини сувга узатиб, оғзига сув етишини кутган одамга ўхшарлар» (Раъд сураси, 14‑оят).

 

2. Бир нарсани олиш ва суғуриш маъносида:

«Золимларнинг ўлим талвасаси пайтларини, фаришталарнинг уларга қўл чўзиб, «Жонингизни чиқаринг! Бу кун Аллоҳга нисбатан ноҳақ гап айтганларингиз учун ва Унинг оятларидан мутакаббирлик қилиб юрганингиз учун хорлик азоби ила жазоланурсиз», дегандаги ҳолларини кўрсанг эди» (Анъом сураси, 93‑оят).

 

3. Ҳужум ва зарба маъносида:

«Улар сизлардан устун келса, сизга душман бўлурлар ва сизларга қўлларию тилларини ёмонликла чўзарлар, сизларнинг кофир бўлишингизни хоҳларлар» (Мумтаҳина сураси, 2-оят).

 

4. Инфоқ ва ҳадя маъносида:

«Йўқ! Аллоҳнинг қўли очиқ, У Зот хоҳлаганича нафақа қилур» (Моида сураси, 64‑оят).

 

«Ал‑Басит» исмининг қуйидаги маънолари бор:

1. Аллоҳ таоло бандаларининг ризқини Ўзининг саховати ва карами билан кенг қилади.

Агар биз Аллоҳ таолони ал‑Басит деб айтсак, У Зот бандаларининг ризқини Ўзи чексиз саховати ва бениҳоя раҳмати билан кенг қилиб қўяди.

Бир куни буғдой бошоғига эътибор бердим. Унинг асли битта дондан кўпайган эди. Шу битта дондан 35 та бошоқ чиққан. Бошоқлардан бирини олиб санасам, 50 та дон чиқди. Ўттиз бешни элликка кўпайтирсак 1750 чиқади. Демак, битта дондан 1750 та дон чиқибди. 

Ал‑Басит сифатли Зот Ўзининг саховати, раҳмати, карами ва ҳикмати билан сон-саноқсиз, ҳад-ҳисобсиз атолар қилади. 

Бир шифокор танишим бор эди. Аллоҳ раҳмат қилсин. У Дамашқ шаҳридаги сув омбори қўмитасининг аъзоларидан бири эди. У: «Дамашқ сув омборидаги сув пасайиб боряпти. Бу нарса шаҳар учун жуда катта муаммо бўлади. Эҳтимол, яқин келажакда Дамашқ аҳли сувсизликдан бошқа шаҳарларга кўчиб кетиши мумкин» деб, жуда ваҳимали гапларни айтди. Бу сўзларни эшитган одам даҳшатга тушиши аниқ эди. Аммо кейин билсак, ўша йили сув камайган экан. Кейинги йиллари шунақанги булоқлар отилиб чиқдики, баъзи қишлоқлардан Дамашққа жуда кўп сув оқиб кирди. Агар Аллоҳ ато қилса, ана шунақа даҳшатга солиб қўяди. 

Аллоҳ хоҳласа, бандасининг ризқини кенг қилади, хоҳласа танг аҳволда қилиб қўяди. У Зот ал‑Босит ва ал‑Қобиз сифатига эгадир. 

Билишимиз шарт бўлган нарса шуки, агар У Зот ризқни тўхтатса ёки чеклаб қўйса, бу бандаларга одоб бериш учундир, ожиз қолдириш учун эмас. Агар У Зот ризқни ушлаб қолса, Ўзининг ҳикматига биноан тўсади, бундан бошқа нарса учун эмас. Чунки У Зотнинг хазинасидаги мулк йўқ бўлмайди.

Умра сафарида бир илмий журнални ўқиб қолдим. Унда ажойиб тадқиқот зикр қилинибди: биз билган фазодан ташқарида шундай булутлар мавжуд эканки, бир кунда ердаги сув ҳавзаларини 60 марта чучук сув билан тўлдириб қўя олар экан.

«Ҳеч бир нарса йўқки, унинг хазиналари Бизнинг ҳузуримизда бўлмаса. Биз уни фақат маълум миқдор ила туширамиз, холос» (Ҳижр сураси, 21‑оят)

Дарҳақиқат, Аллоҳ ризқни тўхтатса ёки чеклаб қўйса, бу одоб бериш учундир, ожиз қолдириш учун эмасдир.

«Агар Аллоҳ барча бандаларининг ризқини кенг-мўл қилиб қўйсаулар ер юзида зулм-тажовузкорлик қилган бўлур эдиларЛекинУ Зот (бандаларинингризқ-рўзиниЎзи хоҳлаганичаўлчовбилантуширурАлбатта, У Зот бандаларидан огоҳдир, кўриб тургувчидир» (Шўро сураси, 27‑оят).

Шунинг учун айтиладики, Аллоҳ таоло бўлган нарсани ҳам, энди бўладиган нарсани ҳам, яқин келажакда бўлиши мумкин нарсани ҳам, бўлмайдиган нарсани ҳам, агар содир бўлса қандай бўлишини ҳам билувчи Зотдир.

 

2. У Зот ёмонлик содир қилганларга тавба қўлини чўзади.

Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васаллам: «Аллоҳ таоло кундузи ёмонлик қилганлар тавба қилиши учун тунда қўлини чўзади. Тунда ёмонлик қилганлар учун кундузи қўлини чўзади. Бу нарса то Қуёш мағрибдан чиққунча давом этади», дедилар.

Имом Муслим Абу Мусо ал‑Ашъарийдан ривоят қилган.

 

Биз Аллоҳ таолонинг ал‑Қобиз сифатини ишлатганда ал‑Басит сифатини ҳам ишлатишимиз керак. Шунингдек, аз‑Зорр (зарар берувчи) сифати билан бирга ан‑Нофеъ (манфаат берувчи) сифатини, ал‑Муътий (ато қилувчи) сифати билан бирга ал‑Монеъ (ман қилиб қўювчи) сифатини, ал‑Муъизз (азиз қилувчи) сифати билан бирга ал‑Музилл (хор қилувчи) сифатини ҳам ёнма‑ён ишлатишимиз лозим. Чунки бу дунё нотекис сўқмоқ қилиб яратилган, бир текис қилиб яратилмаган. Масалан, бир одамнинг оила қуришда омади келган бўлса, ишида омади келмаган. Ишида омади келган бўлса, оила қуришда омади келмаган. Оила қуришда ҳам, ишда ҳам омади келган бўлса, соғлиги жойида эмас. 

Бу дунё вақтинчалик дунё бўлиб, фаровон ҳаёт ўлим келиши билан тугайди, яъни куч‑қувват ҳам, бойлик ҳам, кўркамлик ҳам барҳам топади. Ким дунёни ҳақиқий маънода тушунса, ундаги фаровонликка ҳам шод бўлмайди, бебахтликка ҳам хафа бўлмайди. Аллоҳ таоло дунёни бало ва синов диёри қилди, охиратни эса охирги манзил қилди. Дунё балоларини охиратдаги мукофот учун сабабчи қилди. Охиратдаги мукофот дунёдаги балолар учун эваздир. У Зот охиратда бериш учун бу дунёда олади, охиратда мукофотлаш учун бу дунёда балога гирифтор қилади.

«Канзул уммол» китобида Ибн Умардан ривоят қилинади: «Аллоҳ таоло мўминни Ўзига яқинлаштириш учун ундан бир неъматни тортиб олади». 

Инсоннинг бу дунёдаги вазифаси – Аллоҳ таолони ҳақиқий таниб, У Зотнинг буйруқларига оғишмай амал қилишдир.

«Аллоҳ сенга берган нарса билан охиратни излагин» (Қасос сураси, 77‑оят).

Охират талабида бўлишинг учун Аллоҳ сенга мол ато қилган. Охиратни талаб қилишинг учун сенга илм ато қилган. Охират талабида бўлишинг учун Аллоҳ сенга обрў ато қилган. 

Сен Аллоҳни таниб, Унинг амрини амалда кўрсатиб, солиҳ амаллар қилишинг учун дунёга келгансан. 

Аллоҳ таолонинг Ал‑Басит исми сиз учун минглаб муаммолар ичида туриб, кичик бир кулбада ҳам намоён бўлаверади. Шунча муаммога қарамай, ўзингизни бахтиёр ҳис қилаверасиз. Бошқа кимса эса Аллоҳнинг зикридан йироқ бўлгани туфайли танг ҳолатда қолади. Бу кишига энди ал‑Қобиз исми намоён бўлади. Демак, Аллоҳнинг ал‑Қобиз ва ал‑Басит исмлари инсоннинг ички ҳолатига очиқ-ойдин далолат қилади. Мўмин одам ал‑Басит исми билан Аллоҳнинг амрида қоим бўлади, Аллоҳнинг тавҳиди билан қалби шод юради.

Инсондаги нозик ҳақиқатлардан бири шуки, инсон Роббига ибодат қилиш билан бахтиёр бўлади, гуноҳ қилиш билан бебахт бўлади.

Аллоҳ таоло Ўзидан юз ўгирганларнинг қалбини ал‑Қобиз сифати билан қабз қилади, Ўзи томон талпинганларнинг қалбини эса ал‑Басит сифати билан кенг қилади.

Коинотда битта ҳақиқат бор: ким Аллоҳга яқинлашса, қандай шароитда яшамасин, албатта бахтиёр бўлади. Ким Аллоҳдан узоқлашса, қандай шароитда яшамасин, бебахт бўлади. Гапнинг қисқа ва лўндаси ҳам шудир.

Мўмин киши яхшилик майли билан яшайди. У фаришталарга яқин бўлади, яхшиликка буюради, ҳаммани Роббининг ибодатига чорлайди. Унинг қалби мусаффо бўлади. Модомики еру осмон бор экан, унга фитна зарар бермайди.

Мана шу ҳақиқий ал‑баст – қалбларнинг кенг бўлишидир.

Муаллиф
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Замон ўтиши билан турли омиллар сабабли исломий тушунчаларга ҳар хил бузуқ фикрлар, бидъатхурофотлар аралашиб кетгани маълум.Ўша исломий тушунчалар ичида энг давоми...

12269 23:16 / 02.12.2016
Бу мавзу қазои қадар ва банданинг амали мавзуига узвий боғлиқдир. Қадария ва мўътазилаларга ўхшаб банда ўз амалини ўзи халқ қилади, Аллоҳ таолонинг бу ишга дахли давоми...

5542 23:19 / 02.12.2016
. ,. . Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади . . . . , . ,. . Абу Ҳурайра розияллоҳу давоми...

7108 15:00 / 17.05.2021
иккинчи мақола2. .Улар учун унда жаннатда хоҳлайдиган нарсалари бор. Бизнинг ҳузуримизда эса зиёдаси бор, Қоф сураси, 35оят.Али ибн Аби Толиб ва Анас ибн Молик давоми...

4383 13:00 / 01.06.2020
Аудиолар

135080 11:58 / 10.10.2018
«Ҳилол» журнали
Китоблар

55357 14:35 / 11.08.2021