Рўйхатни беркитиш
Дарслар рўйхати
1446 йил 24 жумадис сони | 2024 йил 26 декабрь, пайшанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Ақийда

Ақийда дарслари (111-дарс). Ғайбиёт олами ва фалсафий тортишувлар

15:00 / 23.11.2020 4952 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

(биринчи мақола)

Моддалар оламидаги даъволарни тажриба ва мушоҳада йўли билан исботлашни бошқалар мусулмонлардан ўрганган. Ўрта асрларда ғайбиёт олами ҳақида фалсафий тортишувлар авж олди. Бу тортишувларда ҳамма, жумладан, мусулмонлар ҳам иштирок этдилар.

Аммо айни мусулмонлар ичидан мазкур тортишувлардан одамларга ҳеч қандай наф йўқлигини англаб етганлар ҳам чиқди. Ўшалардан бири ҳужжатул Ислом Абу Ҳомид Ғаззолий раҳматуллоҳи алайҳи эдилар. Имом Ғаззолий фалсафани чуқур ўрганган зот эдилар. Ўзларининг ҳақиқатни излаш йўлида олиб борган изланишлари давомида «Ҳақиқат фалсафада бўлса, ажаб эмас», деган фикрга ҳам борган эдилар. Аммо фалсафа у киши ахтараётган ҳақиқатни бера олмаслигини тушундилар. Шу билан бирга, фалсафанинг заиф жойларини чуқур англаб етдилар.

Имом Ғаззолий фалсафанинг энг катта хатоларидан бири ғайб олами – метафизика ҳақидаги тортишувлар эканини очиқ-ойдин айтдилар. Бу фикрнинг тўғрилигини исботлаш учун файласуфларнинг метафизикага оид тортишувларидан бир нечасини олдилар. Мисол учун, оламнинг азалийлиги ёки кейин пайдо бўлганлиги ҳақидаги масала.

«Қадимдан файласуфлар бу масалада иккига бўлиниб олиб, тортишиб келганлар. Баъзилари «Олам азалий», деса, бошқалари «Олам ҳодис – кейин пайдо бўлган», деган.

Икки тараф ҳам ўзининг гапи тўғрилигига ақлий далил олиб келади. Иккисининг далили ҳам ўзига тўғри кўринади. Иккиси ҳам қарши тарафга бир хил муваффақият билан раддия қилади. Қадимдан шундай бўлиб келмоқда.

Бу тортишув бундан кейин қиёматгача ҳам давом этаверади, – дейдилар имом Ғаззолий. – Аммо ундан одамларга заррача фойда бўлмайди...»

Имом Ғаззолийнинг фикрларича, файласуфларнинг мазкур тортишувлари охирига етиши мумкин ҳам эмас. Чунки улар ўзларидан мутлақ ғайбдаги нарса ҳақида тортишмоқдалар. Ўзлари ичида турган оламнинг асли ҳақида тортишувни уларга ким қўйибди. Бирор нарса ҳақида баҳо бериш учун унинг ташқарисида бўлиш керак. Оламнинг ичида турган одам унинг азалий ёки янги пайдо бўлганини қаердан билсин?!

«Унинг ўрнига инсон қўл остида турган нарсаларни ўрганишга ҳаракат қилиши керак, – дейдилар имом Ғаззолий. – Мисол учун, нима учун темирни оловга тутса куймайди-ю, пахтани тутса куяди? Мана шу масалани ўйлаб кўриш керак. Пахта ўзида куйишга қобилияти борлиги учун куймоқдами ёки оловдаги куйдириш қобилияти ила куймоқдами?»

Имом Ғаззолий раҳматуллоҳи алайҳининг бу фикрлари мусулмонларда тажрибий илмларнинг келиб чиқишига сабаб бўлди. Ўрта асрларда Ислом оламида табиий илмлар кенг ривож топди. Улардан аста-секин европоликларга ўтди ва улар бу илмларни яна ҳам ривожлантириб, катта муваффақиятларга эришдилар.

Имом Ғаззолий ва бошқа мусулмонлар инсонга ўзидаги ақл ва заковатни ўзининг имкони даражасида, ўзига фойда берадиган тарзда ишлатишни таклиф қиладилар.

Инсоннинг ақл доирасидан ташқаридаги, минг тортишса ҳам фойда бермайдиган ғайбий олам – метафизикага оид маълумотларни эса тайёр ишончли манбадан, яъни Аллоҳ таолонинг Ўзи динлар орқали берган хабарлардан олишни таклиф қиладилар. Диний ақийдаларга оид маълумотлар айнан ғайбиёт олами – метафизикага оиддир.

Энди юқорида бошқалар томонидан муолажа қилинган икки масала: инсоннинг пайдо бўлиши ва динларнинг пайдо бўлиши ҳақидаги масалани мусулмонлар қандай муолажа қилганларини ўрганиб чиқайлик.

Мусулмонлар бунга ўхшаш масалаларни қандайдир хаёлпарастнинг хаёлидан олмайдилар. Улар бунга ўхшаш ақийдага асос бўладиган маъноларни Аллоҳ таолонинг ваҳийсидан, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга юборилган оятлар ва у зотдан келган ҳадиси шарифлардан оладилар.

Гапнинг чўзилиб кетишидан четланиш учун бу сафар бир-иккита оят билан кифояланамиз.

Гапни одамнинг пайдо бўлишидан бошлайлик.

Аллоҳ таоло Ҳижр сурасида:

 وَلَقَدْ خَلَقْنَا الإِنسَانَ مِن صَلْصَالٍ مِّنْ حَمَإٍ مَّسْنُونٍ۝

«Батаҳқиқ, инсонни қуруқ лойдан, ўзгартирилган қора балчиқдан яратдик», деган (26-оят).

 Яна ўша сурада:

 وَإِذْ قَالَ رَبُّكَ لِلْمَلاَئِكَةِ إِنِّي خَالِقٌ بَشَرًا مِّن صَلْصَالٍ مِّنْ حَمَإٍ مَّسْنُونٍ۝فَإِذَا سَوَّيْتُهُ وَنَفَخْتُ فِيهِ مِن رُّوحِي فَقَعُواْ لَهُ سَاجِدِينَ۝

 «Ўшанда Роббинг фаришталарга деди: «Албатта, Мен қуруқ лойдан, ўзгартирилган қора балчиқдан башар яратувчидирман. Бас, қачонки уни тўғрилаб бўлганимда ва ичига Ўз руҳимдан пуфлаганимда, унга сажда қилган ҳолингизда йиқилинг», деган. (28-29-оятлар).

Ушбу оятларда инсон аслида лойдан яратилганига далил келмоқда. Демак, Аллоҳ таоло инсоннинг асли бўлмиш Одам Атони яратишдан олдин фаришталарга ўша ниятини айтган. Шу билан бирга, уни яратиб, мукаммал қилиб бўлганидан кейин, ичига Ўз руҳидан пуфлаб, жон киритган.

Инсоннинг асли арзимаган қора балчиқ – лойдан иборат эди. Аммо уни Аллоҳ қудрат қўли ила инсон шаклига келтирди. Бироқ шунда ҳам лойлигича қолаверди. Аллоҳ таоло унинг ичига Ўз руҳидан пуфлаганидан кейингина инсонга айланди. Қадр-қиймат топди. Фаришталар унга Аллоҳнинг амри ила сажда қиладиган даражадаги олий мақомга эришди. Демак, инсоннинг қадр-қиймати руҳ билан боғлиқ. Инсон қанча руҳоний бўлса, шунча қиймати ортади.

(Давоми бор)

«Сунний ақийдалар» китобидан

Муаллиф
Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф
Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Мўминмусулмон киши қиёмат куни тарози бўлишига ва унда ҳар бир одамнинг бу дунёда қилган амаллари ўта аниқлик билан тортилишига жазм ила эътиқод қилмоғи лозим. давоми...

2577 19:00 / 24.07.2023
Лаа илаҳа иллалллоҳу ndash Ундан бошқа илоҳ ибодатга сазовор зот йўқ. Ушбу калима тавҳид калимаси бўлиб, барча пайғамбарлар шунга даъват қилганлар. Ушбу калима давоми...

3860 23:57 / 02.12.2016
учинчи мақола АрРоҳман сураси тафсиридан иқтибослар .Қуёш ва ой ҳисобдадир, 5оят. Яъни қуёш ва ой барча жиҳатдан ndash ҳажми, ҳаракати, жойлашиши, улардаги давоми...

4170 13:00 / 15.02.2021
Мусулмон одам қиёмат куни дунёдан ўтган ҳамма одамлар ўз жасадларига қайта эга бўлиб, қайта тирилишига жазм билан эътиқод қилмоғи керак. Зинҳор ва зинҳор, одам давоми...

2326 19:00 / 12.06.2023