1446 йил 20 жумадис сони | 2024 йил 22 декабрь, якшанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Ислом

Дин насиҳатдир

20:12 / 09.11.2017 5764 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Тамим Дорий розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Дин насиҳатдир», дедилар.

«Ким учун?» дедик.

«Аллоҳ учун, У Зотнинг Китоби учун, У Зотнинг Расули учун ва мусулмонларнинг имомлари ҳамда оммалари учун», дедилар».

Бухорий, Муслим, Абу Довуд, Термизий ва Насоий ривоят қилишган.

Имом Муслим ушбу ҳадиси шарифни биз келтирган санаддан бошқа санадлари билан ҳам келтирган. Имом Термизий ҳам ушбу тариқа ривоят қилган. Уламолардан бу ҳадисни икки тарафлама саҳиҳ деганлари ҳам мавжуд. Уни Ибн Умар, Савбон, Ибн Аббос ва улардан бошқалардан ривоят қилган муҳаддислар ҳам бор.

Имом Абу Довуд ушбу ҳадисни «фиқҳ илмининг айланадиган ўқи» дея таърифлаган.

Ҳофиз Абу Нуъайм: «Бу ҳадиснинг шаъни буюкдир», деган.

Муҳаммад ибн Аслам Тусий: «Бу ҳадис диннинг тўртдан биридир», деган.

Имом Нававий «Саҳиҳи Муслим»га ёзган шарҳида мазкур ҳадис ҳақида сўз юритар экан, «Аммо уламолар жамоасининг «Ушбу ҳадис Ислом ишларини жамловчи тўрт ҳадиснинг биридир», дейишлари тўғри эмас. Ислом мадорининг барчаси мана шу ҳадисдир», деган.


«Насиҳат» сўзининг маъноси ва таърифи


Ушбу ҳадисда комил иймон учун зарур бўлган нарсалар ҳақида сўз кетмоқда. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам саҳобалар ҳузурида сўзлаб: «Дин насиҳатдир», дедилар.

«Насиҳат» сўзининг луғавий маъноси.

«Насиҳат» сўзи луғатда «холис», «покиза», «содиқ» ва «ихлос» деган маъноларни билдиради. Аслида «насаҳа» феълининг ўзаги икки нарсанинг орасини тўлдириш ва ислоҳ қилиш – тузатиш маъносини ифода қилади.

«Мавсуъатул ахлоқи ваз-зуҳди вар-рақоиқи» номли китобда «насиҳат» сўзининг луғатдаги маънолари ҳақида жумладан қуйидагилар келтирилган: «Тавбаси насуҳ бўлди» дегани гуноҳдан қайтишга қилган азму қарори нуқсондан халос бўлди деганидир. «Қалби насуҳ бўлди» дегани алдамчиликдан холи бўлди деганидир. «Фалончининг дўстлиги ёки маслаҳати насуҳ бўлди» дегани ихлосли, холис бўлди, деганидир. «Фалончига насиҳат қилди» ёки «Фалончи учун насиҳат қилди», дегани уни ўзига фойдаси бор нарсага йўллади, деганидир. Насҳ – ихлос билан, самимий, холисона маслаҳат беришдир. Насиҳат – яхшилиги бор нарсага чақириш ва ёмонлиги бор нарсадан қайтаришдир».

Урфда эса насиҳат деб бир кишининг бошқасига холис ният, содиқлик билан турли яхшиликларни ирода қилиши, яхши йўл-йўриқларни айтиши, унинг ҳаққини яхши йўл билан адо этишга уринишига айтилади.

«Насиҳат» сўзининг асл маъноси ҳақида икки хил қавл бор:

Биринчиси – «кийим тикиш» дегани. Бундан насиҳат қилувчи насиҳат қилинувчига ўз насиҳати ила маънавий кийим тикиб бергандек, кийимида йиртиғи бўлса, уни ямаб бергандек бўлади, деган маъно келиб чиқади. Кийим эса ўз эгасини иссиқдан, совуқдан сақлайди, айбини беркитади, зийнатлаб кўрсатади, чанг юқтирмайди ва шунга ўхшаш кўплаб фойдалар келтиради. Насиҳат ҳам маънавий жиҳатдан шу каби фойдалар келтиради.

«Насиҳат» сўзининг иккинчи маъноси «асални мумдан тозалаш» маъносидир. Насиҳат қилувчи ҳар хил алдов, хиралик ва кин-кудуратдан холи гапни айтгани учун шундай дейилади. У тоза ва мусаффо асалдек гапни айтган, ишни қилган, холислик билан, покиза қалб билан самимий иш юритган бўлади. Бу эса насиҳат қилинувчи учун ўта фойдали нарса бўлади.

Шунингдек, «насиҳат» сўзида ихлос, садоқат, машварат ва амал маънолари ҳам бор.

«Насиҳат» уламолар истилоҳида.

Ибн Асир: «Насиҳат жамловчи сўз бўлиб, насиҳат қилинувчига яхшиликни ирода қилишдан иборатдир», деган.

Журжоний: «Насиҳат яхшилиги бор нарсага чақириш ва ёмонлиги бор нарсадан қайтаришдан иборатдир», деган.

Кафавий: «Насиҳат жамловчи калимадир. Маъноси – насиҳат қилинувчига яхши насибани тилашдир», деган.

Мозаний шундай дейди: «Насиҳат» сўзи «асални насҳ қилдим»дан олинган бўлиб, «уни мусаффо қилдим» деган маънони англатади. Бир нарса насуҳ бўлди, дегани холис бўлди, деганидир. Сўзни насуҳ қилди, дегани унга ихлос билан сўзлади, деганидир. «Насуҳа»нинг иккинчи маъноси игна билан тикишдир. Араблар игнани «мансаҳа» деб ҳам атайдилар. Бунда худди игна билан тикиб, кийимнинг камчилиги тузатилгани каби, биродарининг камчилигини насиҳат билан тузатди, деган маъно бор. Шу маънода «насуҳ тавба» дегани гуноҳ динни йиртади, тавба эса уни тикиб, ямайди, деган маънони билдиради».

Амр ибн Салоҳ: «Насиҳат жамловчи калима бўлиб, насиҳатчининг насиҳат қилинувчига барча яхшиликларни ирода қилишини ва бунинг учун амал ҳам қилишини ифода этади», деган.

«Насиҳат» лафзининг маъносини, унинг аҳамиятини яхшироқ англаб олиш учун у ҳақда келган баъзи ояти карималар ва ҳадиси шарифлар билан танишиб олсак, яхши бўлади.


Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф

  (Дин насиҳатдир китобидан)



Муаллиф
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Диннинг маъномоҳиятини англамоқ керак .Диннинг ҳақиқати, ndash кўринишдан икки сўздан таркиб топган бўлсада, шарҳи узун бир маърузага айланиб кетади. Лекин мен давоми...

17356 17:00 / 24.07.2022
Баъзи .шарқшунослар, мусулмонларнинг фатҳлари ва Исломнинг ёйилишини бирбирига боғлашадида, бу дин қилич воситасида тарқалган деган хато фикрни олға суриб, ушбу давоми...

2680 19:50 / 22 апрель
Олмония шарқшунос олималаридан бўлмиш Сигрид Ҳунке ўзининг Аллоҳ таолонинг ғарбга порлаган қуёшиrdquo асарида арабларнинг фазилати борасида шундай дейди давоми...

5616 14:15 / 12.10.2020
иккинчи мақола Ҳавозин жанги кунида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам хачирларида келар эканлар, .Анан Набиййу ла казиб,Ана ибн Абдилмутталиб,.Мен давоми...

1178 14:15 / 05.09.2023