1446 йил 2 рабиъус сони | 2024 йил 05 октябрь, шанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Саҳобалар ҳаёти

Ҳазрати Абу Бакр (4-қисм)

16:36 / 21.04.2017 5231 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

СОЛИҲ САЛАФЛАР ИБРАТИ

САҲОБАЛАР САЙЙИДИ
Абу Бакр Сиддиқ розияллоҳу анҳу ҳаётларидан лавҳалар

Таҳликали кунларда

(4-қисм) 

 
      Маккада мусулмонлар учун қора кунлар, азоб-уқубатга тўла дамлар бошланди. Аллоҳнинг ҳақ динини қабул қилган, Унинг расули даъватларига қулоқ тутган оз сонли мусулмонлар ни Макканинг баобрў мушриклари, бутпараст ашрофлари хўрлашар, озор беришар, камситишар, зулм-қийноқларга солишар эди. Айниқса, яқиндагина Ислом неъматига мушарраф бўлгач, ҳурлик ва иймон лаззатини тотиб кўрган Ҳаббоб, Билол, Аммор, Ёсир каби ҳеч кими йўқ қул ва жориялар мисли кўрилмаган зулм, азоб-хўрликлар исканжасида қолишди. Ҳаббобни лахча чўғ бўлиб ёниб турган кўмир устида зўрлик билан ушлаб туришди. Унинг эти куйиб, қоп-қора кўмирга айланди. Амморнинг отаси Ёсирнинг бир оёғини бир туяга, иккинчисини бошқа туяга боғлаб икки томонга тезлаб ҳайдашди ва ваҳшийларча парча-парча қилиб ташладилар. Амморнинг онаси Сумаййа ҳам ваҳшатли ўлим топди: Исломнинг энг катта душмани Абу Жаҳл аёлнинг маҳрам жойига ўқ отиб, найза зарби билан ўлдирди.

Умаййа ибн Халафнинг ҳабаш қули Билолнинг аҳволи уларникидан ҳам аянчлироқ эди. Умаййа инсон кўзи кўриб, қулоғи эшитмаган қийноқларни ўйлаб топарди. Мусулмонликдан қайтариш учун ҳар куни қоқ туш пайтида қули Билолни қизиган қум устига ётқизиб, кўкрагига зил-замбил тошларни бостириб қўяр эди. Бечора қул ҳар куни минг бора ўлиб, минг бора тириларди. Бир куни хожаси унинг қўлларини арқонга маҳкам боғлаб, бир учини кўчадаги болаларга тутқазди. Улар худди дайди итни хўрлагани каби Билолни Макка кўчаларида тортқилаб-турткилаб роса адабини беришди. Аммо у иймонида собит қолди. Ҳар қандай қийноқ-хўрлашга жавобан тилидан «Аҳад! Аҳад!..» («Аллоҳ бир! Аллоҳ бир!..») калимаси тушмади.

Бу бедодликларга, мусулмонларнинг қийноқ-қистовлар гирдобида ғарқ бўлаётганига гувоҳ бўлган Абу Бакр розияллоҳу анҳу охири чидаб туролмадилар. Уларни фақат эгаларидан сотиб олибгина даҳшатли азоблардан қутқариб қолишни англадилар. Сармояларининг бир улушини ана шу хайрли ишга ажратдилар. Хожаларига пул тўлаб етти қул ва жорияни озод қилдилар. Улар орасида кейинчалик Ислом оламининг биринчи муаззини бўлган улуғ саҳобий Билол Ҳабаший, Омир, жориялардан Лабина, Зунайра, Наҳдия кабилар бор эди.

Ҳазрат Билол озод этилган кунлари Абу Бакр Сиддиққа: «Агар мени ўзингиз учун сотиб олган бўлсангиз, озод қилмай олиб қолаверинг. Агар Аллоҳ учун сотиб олган бўлсангиз, у ҳолда озод қилинг», дедилар. Абу Бакр розияллоҳу анҳу ҳабаш дўстларининг бу гапларидан таъсирланиб, елкаларидан маҳкам қучдилар ва: «Сизни Аллоҳ таоло йўлида озод қилдим», дедилар. Кейинчалик ҳазрат Умар розияллоҳу анҳу: «Абу Бакр – бизнинг саййидимиз бўлиб, саййидимизни (яъни, ҳазрат Билолни) озод қилганлар», деб гапириб юрдилар.

Макка мушриклари ҳошимийлардан ҳадиксираб аввалига Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга очиқ-ойдин тазйиқ қилиша олмаган бўлса-да, кейинчалик таниқли кишиларнинг Исломга кираётганларидан ғазабланиб, у зотга қарши хуружни авж олдириб юборишди. Аллоҳнинг элчисини «мажнун», «сеҳргар», «фолчи», «шоир», «ёлғончи», деган сўзлар билан масхаралашарди. Шундай қилиб, турли йўллар билан озор беришга ўтишди. Йўлларига тикан, ахлат ташлашди. Устларига ифлос, мурдор нарсаларни отишди. Эшикларига қон суркаб кетишди. Айниқса, Абу Лаҳаб ва унинг хотини Умму Жамил ҳаддан ошишди, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг уйлари олдига ахлат- ифлосликларни тўкиб кетишди, у кишига мурдор нарсаларни отишди, ҳақоратлашди. Абу Бакр розияллоҳу анҳу азиз биродарларига нисбатан бўлаётган бу хўрлик- камситишларга чидай олмасдилар. У зотнинг ҳамма хуружларга индамай сабр қилаётганларидан ҳайрат-таажжублари ошарди.

Бир куни Расули акрам соллаллоҳу алайҳи васаллам Ҳарами Шарифда намоз ўқиётган эдилар. Анчадан буён у зотдан ўч олишга шайланиб юрган мушриклардан Уқба ибн Абу Муъийт масжидга бостириб кириб, намоз ўқиётган Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламни бўғиб ўлдирмоққа чоғланди. У зотнинг устларига ташланиб, ридосини бўйинларига ўраб қаттиқ бўға бошлади. Яхшиямки, Абу Бакр тезда етиб келиб ҳазрат Пайғамбар ни мушрикнинг ифлос чангалидан қутқариб қолдилар ва Уқбага қараб:

—   Менинг Раббим Аллоҳдир, мен сизларга Раббимдан аниқ кўрсатмалар олиб келдим, деб айтувчи кишини ҳам ўлдирасизларми? – дедилар.

Уқба «лол-мим» демади. Ёвуз нияти амалга ошмай қолганидан Абу Бакрга тишларини ғижирлатиб бир ўқрайиб қаради-ю, масжидни тарк этди.

Муаллиф
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
. . Жобир розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади.Саъд ибн Абу Ваққос келди. Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам.Мана бу менинг тоғам. Бас, ким менга ўз давоми...

1551 11:30 / 11.11.2023
Аллоҳ таоло Қуръони Каримда шундай деб марҳамат қилган .Мўминлар ичида Аллоҳга берган аҳдларига содиқ қолган эранлар бор. Бас, уларнинг аҳдига вафо давоми...

1986 19:30 / 24.05.2021
Уҳуд кунида Қатода ибн Нуъмон розияллоҳу анҳу битта кўзини қўлида кўтариб Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларига келди. Расулуллоҳ соллаллоҳу давоми...

1281 11:00 / 19.05.2023
Масруқ ибн Абдураҳмон тобеиннинг улуғларидан бўлиб, Ҳамадон шаҳрида дунёга келганлар, кунияси ndash Абу Оиша. Амирул мўминин Умар розияллоҳу анҳу Масруқ ибн давоми...

1153 09:00 / 23.03.2023
Аудиолар

131125 11:58 / 10.10.2018
«Ҳилол» журнали
Китоблар

51640 14:35 / 11.08.2021