1447 йил 3 Рамазон | 2026 йил 21 февраль, шанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Саҳобалар ҳаёти

Ҳазрати Абу Бакр (3-қисм)

16:37 / 21.04.2017 6598 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

СОЛИҲ САЛАФЛАР ИБРАТИ

САҲОБАЛАР САЙЙИДИ
Абу Бакр Сиддиқ розияллоҳу анҳу ҳаётларидан лавҳалар

Энг яқин дўст

(3-қисм) 

 

Неча кунки, Макка ажиб воқеаларни бошидан кечирмоқда. Ҳазрат Пайғамбаримиз Муҳаммад алайҳиссаломга Аллоҳ томонидан сўнгги ҳақ дин – Исломга инсонларни даъват қилиш вазифаси ила ваҳий нозил бўла бошлади. Биринчи бўлиб Расули акрамнинг покиза завжалари ва содиқ йўлдошлари Хадича бинти Хувайлид розийаллоҳу анҳо иймон келтирдилар. Унинг ортидан озод қилинган қуллари Зайд ҳам Исломга кирди. Болалардан эса беш ёшли Али ибн Абу Толиб каррамаллоҳу важҳаҳу мусулмон бўлдилар.

Аллоҳнинг сўнгги пайғамбари Муҳаммад алайҳиссаломнинг Маккада жонажон ва яқин дўстларининг исми Абдуллоҳ ибн Абу Куҳофа эди. Абдуллоҳ исмини у кишига Расули акрамнинг ўзлари танлаб бергандилар. Абдуллоҳ ақл-заковатлари билан бутга сиғинишнинг бемаъни ва ёмон иш эканини англаган, ҳеч қачон бутга топинмаган, оғзига ичкилик олмаган, ҳамма ёқда фаҳш урчиб ётганига қарамай, зинога асло яқинлашмаган, покиза, ҳаниф, ишончли инсон эдилар. Маккада эътибори ва шарафи улуғ, бадавлат тижоратчи бу зотнинг келажакда Абу Бакр куняси, Сиддиқ лақаби билан Ислом тарихида маълум ва машҳур бўлиб кетишларини Аллоҳ ирода этганди.

Икки дўст шунчалик иноқ ва самимий биродарлик ришталари билан боғланган эдиларки, бунга ҳеч нарса раҳна сололмасди. Ҳазрат Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламни кўрмоқ истаганлар у зотни Абу Бакрнинг дўконларидан топишар эди. Абу Бакр розияллоҳу анҳу эса азиз ва амин дўстининг гапларини икки қилмас, у зот билан фахрланардилар. Шунинг учун ҳам Аллоҳнинг расули оилаларидагилардан ташқари биринчи бўлиб Абу Бакрни Исломга даъват қилдилар. Абу Бакр ўйлаб ҳам ўтирмадилар, тараддудланмадилар, иккиланмадилар, мулоҳазалар дарёсида сузмадилар. Қутлуғ даъватга лаббай, деб жавоб бердилар. «Ла илаҳа иллаллоҳ, анна Муҳаммадан расулуллоҳ», дея шаҳодат келтирдилар. Ана шунинг учун ва Расули акрам соллаллоҳу алайҳи васалламнинг меърожга чиққанларини эшитган заҳотилари тасдиқ этганлари учун Сиддиқ лақаби билан шарафландилар.

Абу Бакрнинг мусулмон бўлишлари Пайғамбар Муҳаммад алайҳиссаломга катта ёрдам, далда, рағбат, дастак бўлди. Бу зотнинг ҳимматлари, далолатлари туфайли баобрў кишилардан беш нафари Исломият ила шарафланди. Чунки улар Абу Бакрнинг бирон янглиш йўлга бошламасликларига, ҳеч кимни алдамасликларига амин бўлган эдилар. Булар – Усмон ибн Аффон, Абдураҳмон ибн Авф, Талҳа ибн Убайдуллоҳ, Саъд ибн Абу Ваққос, Зубайр ибн Аввом эдилар. Не бахтки, Исломга биринчилардан бўлиб кирган маккалик ана шу саккиз киши, яъни Зайд, Али, Абу Бакр Сиддиқ ва юқоридаги бешовлон «Собиқуни Ислом» номи ила тарих саҳифаларига муҳрландилар.

Муаллиф
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
...Бу сафарги қаҳрамонимиз бошқалардан фарқ қилади. Ўзи араблардан. Насаби Мудрика номли узоқ бобосида Пайғамбар алайҳиссалом билан бирлашади. Аммо қурайшлик давоми...

15641 20:20 / 21.04.2017
иккинчи қисм Ишлар уч хил бўлади тўғрилиги очиқойдин бўлган иш, унга эргаш. Зарари очиқойдин бўлган иш, ундан четлан. Сенга бутунлай номаълум бўлган иш, уни давоми...

1601 13:33 / 16.04.2025
СОЛИҲ САЛАФЛАР ИБРАТИСАҲОБАЛАР САЙЙИДИАбу Бакр Сиддиқ розияллоҳу анҳу ҳаётларидан лавҳалар.Аллоҳ биз билан,6қисм Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам давоми...

5662 16:34 / 21.04.2017
Усмон розияллоҳу анҳу томонидан қилинган диққатга сазовор ишлардан бири Масжидул Ҳаромнинг яхшилаб таъмирланиши бўлди. Ўша йили турли жабҳалардаги фатҳ ишлари давоми...

973 15:23 / 29.12.2025
Аудиолар

232319 11:58 / 10.10.2018
«Ҳилол» журнали
Китоблар

150783 14:35 / 11.08.2021