1446 йил 20 жумадис сони | 2024 йил 22 декабрь, якшанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Саҳобалар ҳаёти

Ҳазрат Абу Маҳзура розияллоҳу анҳунинг муфассал воқеалари

09:00 / 11.03.2023 2738 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Ҳазрат Абу Маҳзура розияллоҳу анҳуга Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг азон ўргатишлари воқеаси ҳижрий 8 санада бўлган. Бу воқеа Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Ҳунайн ғазотидан қайтиб келаётганларида содир бўлган. Бу воқеанинг тафсилоти турли ривоятларни жамлашлик билан ҳосил бўлади. Бу ҳолат дилни ўзига тортувчи, иймонни қўзгатувчи воқеа. Шунинг учун ҳам бу воқеани муфассал тарзда зикр қилишни муносиб кўрдик.


Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Макка фатҳидек улуғ ишдан фориғ бўлгач, Ҳунайнда бир неча мушрик қавмлар жам бўлиб, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга қарши жанг қилишга тайёр турганликлари ҳақида хабар берилди.


У киши лашкар билан бирга Ҳунайн тарафга юрдилар. У ерда жанг бўлди. Аллоҳ таоло мусулмонларга нусрат бериб, фатҳ килишди. Жангдан фориғ бўлгач, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам лашкар билан қайтаётиб, йўлда бир манзилда тўхтадилар.


Ҳазрат Абу Маҳзура розияллоҳу анҳу ўша вақтда ёш йигит эдилар. Ҳали мусулмон бўлмагандилар. Ўзларининг тўққизта дўстлари билан Ҳунайн тарафга бордилар.


Абу Маҳзура розияллоҳу анҳу айтадилар:
«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Ҳунайндан қайтаётган эдилар. Йўлда у киши билан учрашдик. Намоз вақти бўлди ва Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам муаззинга азон айтишга амр қилдилар. Биз ҳаммамиз азондан ва муаззиндан нафратланар эдик. Шунинг учун, биз дўстларим билан азонни масхара тарзида тақлид қилиб айтишни бошладик. Мен бор овозим билан муаззинга ўхшаб азон айтишни бошладим. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бизнинг овозимизни эшитдилар ва ҳаммамизни чақиртирдилар. Барчамизни ушлаб, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг олдиларига олиб боришди. У Зот: «Сизлардан қайсингизни овозингиз энг баланд?» деб сўрадилар. Ҳамма дўстларим мен тарафга ишора қилдилар. Уларнинг гаплари тўғри эди, ҳаммаларидан менинг овозим энг баланд эди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бошқаларга индамадилар-да, менга: «Тур ва азон айт», дедилар.


Абу Маҳзура розияллоҳу анҳу айтадилар:
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам мени азон айтишга буюрганларида, мени ҳолим шундай эдики, азон айтиш мен учун жудаям ёқимсиз юмуш эди. Лекин мен мажбур эдим, ночор ҳолимда буйруқни бажардим. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ўзлари менга азон калималарини ўргатиб турдилар.
Айтдиларки: «Аллоҳу акбар, Аллоҳу акбар» дегин.


Мен бу калималарни баланд овоз билан айтдим. Вақтики, менга тавхид ва рисолатни, шаҳодат калималарини ўргатганларида, уларни айтишга мажбур эдим, шунинг учун пастроқ овоз билан айтдим. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам менга тавҳид ва рисолатни, шаҳодат калималарини иккинчи маротаба айттирдилар. Шу пайтда дилимнинг дунёси ўзгариб кетди. Шунда баланд овоз билан ўша калималарни айтдим, кейин охиригача Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам менга калималарни талқин қилиб турдилар ва мен айтишда давом этдим.


Азон тугаганда, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам менга бир халта бердилар, унда бир қанча кумушлар бор эди. Кейин бошимнинг олд томонига муборак қўлларини қўйиб қалбимга, кўксимга, чеҳрамга, жигаримга, ҳатто киндигимгача қўлларини айлантирдилар. Кейин: «Аллоҳ таоло сени зоҳирий ва ботиний баракотлар билан тўлдирсин», деб дуо қилдилар. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бу дуони мен учун уч маротаба қайтардилар. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг дуолари баракотидан ва муборак қўлларининг баракотидан менинг дилимдан куфр ва нафратнинг лаънати даф бўлди. Иймон ва муҳаббатнинг давлати насиб бўлди ва мен Исломни қабул қилдим. Ҳазрат Расулулоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Мен билан бирга кетсанг сени Маккага муаззин қиламан», дедилар. Улар билан бирга кетдим ва Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам мени Масжидул Ҳаромга муаззин этиб тайинладилар».


Воқеанинг тафсилотидан шуни тушунса бўладики, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг Ҳазрат Абу Маҳзура розияллоҳу анҳуга шаҳодат калималарини такроран айттиришлари, унинг дилида иймонга бўлган нафрати тугасин, иймонга нисбатан муҳаббат уйғотиш учун бўлган. Аслида шундай ҳам бўлди. Ул зотнинг такрорлашлари Абу Маҳзура розияллоҳу анҳунинг иймон келтиришларига сабаб бўлди. Саҳобалар ўзларининг иймонларига сабаб бўлган воқеани ҳамиша ёдларида сақлар эдилар. Абу Маҳзура розияллоҳу анҳу Маккада азон айтишни бошлаган вақтларида, таржеъ қилар эдилар. Саҳобаи киромлар «таржеъ» у кишига хос бўлгани учун қарши чиқмас эдилар. Сўнг, у кишининг авлодлари ҳам оталарининг суннатларини давомий қилиб, доим «таржеъ» қилиб юрдилар.


Бу воқеанинг тафсилотида шу ҳам келганки, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам Абу Маҳзура розияллоҳу анҳунинг бошларининг олд қисмига қўлларини қўйган эдилар. Бу нарса ҳам Абу Маҳзура розияллоҳу анҳунинг иймонларига сабаб бўлгани учун, у киши ўша жойдаги сочларини ҳечам олдирмадилар.


Хулоса шуки, «таржеъ» Абу Маҳзура розияллоҳу анҳунинг ўзларига хос эди. Агар «таржеъ» азондан бўлганида эди, Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам Абу Маҳзура розияллоҳу анҳуга «таржеъ»ни ўргатганларидан кейин, ўзларининг муаззинлари Билол розияллоҳу анҳуни ҳам «таржеъ» қилиб азон айтишга амр қилган бўлар эдилар. Лекин бирорта ривоятда ҳазрат Билол розияллоҳу анҳунинг «таржеъ» қилиб азон айтганликлари собит бўлмаган. Ҳазрат Билол розияллоҳу анҳу Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳаётлари охиригача «таржеъ»сиз азон айтар эдилар. Демак, «таржеъ» азоннинг мақсадларидан эмас экан.

Изоҳ: «Таржеъ»нинг маъноси «қайтаришдир».


«Азон одоблари ва аҳкомлари» китоби асосида тайёрланди


Ушбу китоб Ўзбекистон Республикаси Дин ишлари бўйича қўмитанинг 2022 йил 17 июндаги 03-07/4936-рақамли хулосаси асосида чоп этилган.

 

Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳу ташаббускор ва масъулиятни чуқур ҳис қиладиган инсон бўлганликлари туфайли ҳеч кимга билдирмай, кечалари одамларнинг ҳолларидан давоми...

660 09:04 / 22 июль
СОЛИҲ САЛАФЛАР ИБРАТИСАҲОБАЛАР САЙЙИДИАбу Бакр Сиддиқ розияллоҳу анҳу ҳаётларидан лавҳалар АБУ БАКР ndash ДОИМО ҒОЛИБ10қисмБир куни жаноб Расулуллоҳ соллаллоҳу давоми...

4896 16:28 / 21.04.2017
Бароо розияллоҳу анҳу айтдилар.Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам.Сен биродармиз ва мавломизсан,, дедилар,. Бухорий ривоят қилган.Шарҳ Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи давоми...

8531 19:51 / 21.04.2017
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг севикли икки набиралари, ҳазрати Али ва Фотимаи Заҳронинг жигаргўшалари Имом Ҳасан ва Имом Ҳусайннинг сиймолари бутун давоми...

10392 19:39 / 21.04.2017